1446 йил 5 жумадул аввал | 2024 йил 07 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳеч ким ўзганинг юкини олмас

11:05 / 07.03.2020 2779 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг Қуръонда баён этган «Ҳеч бир юкли жон ўзга жоннинг юкини кўтармас» қоидасига кўра ҳар бир банда қилган амали сабабли ё жазо, ё мукофот олади, ҳеч ким бировнинг хатоси ва гуноҳи учун жавоб бермайди. Бу Аллоҳ таолонинг мукаммал адолат ва ҳикмат соҳиби эканининг яна бир ёрқин далилидир. Ушбу қуръоний қоида Аллоҳнинг китобида беш ўринда такрор келган.

Бу қоида бизнинг мусулмон умматигагина хос эмас, балки биздан аввалги умматлар ва шариатларда ҳам таъкидланган. Аллоҳ азза ва жалла марҳамат қилади: «Юз ўгириб кетганни кўрдингми?! (У) озгина берди ва тўхтади. Унинг ҳузурида ғайб илми бору у кўриб турибдими? Ёки Мусонинг саҳифаларидаги нарсалар хабари унга берилмадими? Ва вафо қилган Иброҳимнинг? Албатта, ҳеч бир гуноҳкор бошқанинг гуноҳини кўтармас. Инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ. Ва албатта, унинг қилмиши тезда кўринур. Сўнгра жазо ёки мукофоти тўлиқ берилур» (Нажм сураси, 33 – 41-оятлар).«Нажм» 

Аллоҳ таоло Ўзининг тоатидан юз ўгириб кетган киши ҳақида сўз юритиб, у Мусо алайҳиссаломга ва ундан олдин Иброҳим алайҳиссаломга ато этилган саҳифалардаги маънодан бехабарми, ахир уларда ҳеч бир жон бошқанинг юкини кўтармаслиги, ҳар бир инсон ўзининг қилмиши учун жавоб бериши таъкидланган демоқда. Ушбу қоиданинг маъносини тушуниб етган ўқувчида қўйидаги савол туғилиши мумкин: «Бу қоидага кўра, ҳеч ким бировнинг гуноҳига жавоб бермайди, ҳар бир инсон ўзининг қилмишигагина масъул бўлса, Қуръоннинг бир неча ўринларида баъзи қавмлар ўзларининг гуноҳлари билан бошқаларнинг ҳам гуноҳларини зиммаларига олишлари ҳақида айтилган-ку. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам ҳадисларида ким бирор ёмон одатни жорий қилса, ўзидан ташқари ўша ёмон одатга амал қилганларнинг ҳам гуноҳини олиши, маййитнинг аҳли йиғласа, у қабрида азобланиши айтилган. Бу далиллар бир-бирига қарама-қарши эмасми? Буларни қандай мувофиқлаштирамиз?»

Жавоб шуки, бу маънодаги оят ва ҳадислар ўртасида асло қарама-қаршилик йўқ. Саволда назарда тутилган оятлар Аллоҳ азза ва жалланинг «Ва куфр келтирганлар иймон келтирганларга: «Йўлимизга эргашинглар, хатоларингизни биз кўтарайлик», дерлар. Ҳолбуки, улар аларнинг хатоларидан ҳеч бир нарсани кўтаргувчи эмаслар. Албатта, улар ёлғончилардир. Албатта, улар ўз юкларини ҳам, у юклар билан бирга бошқа юкларни ҳам кўтарурлар. Албатта, қиёмат кунида уйдириб юрган нарсалари ҳақида сўралурлар» (Анкабут сураси, 12-13-оятлар), «Қиёмат куни ўз гуноҳларини тўлалигича ва жаҳолат ила йўлдан адаштирганларининг гуноҳларидан кўтаришлари учундир. Огоҳ бўлинг! Улар кўтарган нарса қандоқ ҳам ёмон!» (Наҳл сураси, 25-оят) деган оятлари бўлиб, уларда инсон ўзининг қилмиши гуноҳини зиммасига олиши билан бирга сўзи ёки ҳаракати билан йўлдан урган кимсаларининг ҳам гуноҳларини олиши таъкидланмоқда. Одамларни ҳидоятга, яхшиликка чақирган киши ушбу хайрли иши учунгина савоб олмай, балки ўша ҳидоят ва яхшиликдан қанча кўп кишилар фойда олса, шунча кўп ажр савоб олаверганидек, одамларни йўлдан урган кимса ҳам нафақат ўзининг гуноҳлари, балки йўлдан ургани учун адаштирган кишиларининг ҳам гуноҳларидан олади. Кофирлар одамларни куфрда қолдириш ёки мўмин бўлганларни куфрга қайтариш учун бор имкониятларини ишга солиб, «Бизга эргашинглар, хатоларингизни зиммамизга оламиз», дейишди. Аллоҳ азза ва жалла уларни бу қилмишлари учун ҳам, йўлдан урган кишилари учун ҳам жазолайди.

Ушбу қуръоний қоиданинг татбиқига мисол тариқасида Юсуф алайҳиссаломнинг қиссасидаги бир ҳолатни айтишимиз мумкин. Юсуф алайҳиссалом укаси Беняминни олиб қолиш учун ҳийла қилиб, унинг юкига сув идишини солдириб қўйганда ака-укалари келиб, Юсуф «Эй Азиз, бунинг катта ёшли чол отаси бор. Бас, биримизни унинг ўрнига ол. Биз сенинг яхшилик қилувчилардан эканлигингни кўрмоқдамиз», дедилар» (Юсуф сураси, 78-оят). Шунда Юсуф алайҳиссалом уларга жавоб қилиб «Нарсамизни ҳузуридан топган одамдан бошқани олиб қолишимиздан Аллоҳ сақласин. Акс ҳолда, албатта, золимлардан бўлиб қоламиз», деди» (Юсуф сураси, 79-оят).

Юсуф алайҳиссаломнинг бу ҳикматли тасарруфи билан Фиръавннинг қуйидаги қилмишини солиштириб кўриш мумкин. Коҳинлари унга «Яқинда Бану Исроил қавмида бир бола туғилади, мулкингизнинг сўнгги ўша бола қўлида бўлади», дейишганда золим Фиръавн Бану Исроил қавмида туғилажак барча болаларни ўлдиришга амр қилди. Ҳолбуки, улар минглаб ё ундан ҳам ортиқ эди. Лекин «Мен Роббингизман» деб даъво қилган қабиҳ кишидан буни кутса бўлади. Воқеъликда ҳам Юсуф алайҳиссаломнинг йўлидан юриб, фақат хато қилганларни ё хатога сабабчи бўлганларнигина жазолайдиганларни ҳам, Фиръавннинг нотўғри йўлидан юриб, ҳўл-қуруқни баравар ёндирадиганларни ҳам учратамиз.

Шу ўринда яна бир савол туғилади. Аллоҳ азза ва жалла Қуръоннинг бир неча оятларида фаҳш, мункар ишлар, гуноҳ-маъсият кенг тарқалган юртлар, қавмларни оммавий жазолагани ёки жазолаши айтилган. Ҳолбуки, омманинг ичида ёмонлар билан бир қаторда, албатта, яхшилар ҳам бўлади-ку, уларнинг айби нима? Жавоб шуки, бирор юрт ёки қавм ичида фаҳш, мункар ишлар, гуноҳ-маъсият, фисқу фужур кенг тарқалса-ю, улардан биронтаси бу нохуш ҳолатни ўзгартиришга, ислоҳ қилишга, оммани тўғри йўлга бошлашга ҳаракат қилмаса, демак, уларнинг барчаси ана шу гуноҳ-маъсиятда шерик ҳисобланадилар. Шунинг учун уларнинг ичидаги фожирлар билан бир қаторда солиҳлари ҳам ана шу жазога мустаҳиқ бўлишади. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизлардан фақат золимларга етибгина қолмайдиган фитнадан сақланинг» (Анфол сураси, 25-оят). Яъни келажак фитна, азоб-уқубат фақат золимларгагина етиб қолмай, балки бошқаларни ҳам домига тортади. Чунки зулм, фисқу фужур, фасод уларнинг ораларида кенг тарқалган бўлади. Бундай фитна ё азобдан сақланишнинг бирдан-бир йўли эса, аввало гуноҳ-маъсиятдан, зулмдан тийилиш ва бошқаларни ҳам имкон қадар ундан қайтаришдир.

Имом Аҳмад ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам ушбу оятдаги маънони янада мустаҳкамлайди. Адий ибн Умайрадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: «Аллоҳ азза ва жалла хоснинг қилмиши сабабли оммани азобламайди. Лекин ораларида мункар тарқалиб, уни ўзгартиришга қодир бўлсалар-у, ўзгартирмасалар, Аллоҳ хосни ҳам, оммани ҳам азоблайди».

Шунинг учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Эй одамлар, сизлар «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни билинг. Агар ҳидоятда бўлсангиз, адашганлар сизга зарар қилмас» (Моида сураси, 105-оят) оятини нотўғри тушуняпсиз, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Одамлар агар ораларида мункар иш тарқалганини кўриб, уни инкор қилмасалар, Аллоҳ уларнинг ҳаммаларини азоблаши мумкин» деганларини эшитганман», деган.

Нодирбек Хидиров

«Ҳилол» журнали 3(12)-сонидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилмоқчи бўлсалар масжиддаги хурмонинг тўнкаси устига чиқиб хутба қилар эдилар. У зотга минбар қилиб беришгач ўша давоми...

1841 15:00 / 07.01.2021
Одам ҳаёти давомида бўлиб ўтган воқеаларга назар солса, унда ўзига яраша кўплаб мўъжиза ва ҳикматларни кўриши мумкин. Бир қанча кимсалар дунёдаги воқеаларни давоми...

5961 19:10 / 25.02.2019
Молик ибн Динорнинг куёви Муғийра ибн Ҳубайб Абу Солиҳ айтади .Молик ибн Динор вафот этганида у билан бир ҳовлида эдим. Хуфтон намозини у билан бирга ўқидим. Кейин давоми...

2005 08:00 / 10.02.2021
Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар .Қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла умматимдан бир кишини халойиқ олдига чиқаради. Унинг олдида гуноҳлар ёзилган тўқсон тўққиз давоми...

3609 08:00 / 31.08.2020
Аудиолар

133675 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54020 14:35 / 11.08.2021