1446 йил 30 рабиъус сони | 2024 йил 02 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Тилимизнинг мавқеини тиклайлик

14:20 / 06.05.2019 2229 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда инсониятга мурожаат қилиб, уларнинг Одам ато ва Момо Ҳавводан яратилганини айтиб, сўнг шундай марҳамат қилади:

«…сизларни ўзаро танишишингиз учун турли халқ ва қабилалар қилиб қўйдик» (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Ушбу оятда инсон зотини турли миллат, турли элат қилиб яратишдан кўзланган энг муҳим ҳикматлардан бири таъкидланган. Демак, бундан мақсад уларнинг ўзаро танишиши, маърифат ҳосил қилиши экан. Шу боис инсонларнинг турли халқ, миллат, элат, қабила ва уруғларга, турли фирқаларга бўлинишининг асосий сабаби ўзаро танишиш, фикр алмашиш, ҳамжиҳатлик, ўзаро манфаатни жалб қилиш, икки томонлама манфаатли ҳамкорлик қилиш эканини ҳеч қачон унутмаслик керак. Бундан мақсад эса тинч-тотув яшашдир. Демак, халқларнинг ватани, ирқ, тили турли-туманлигини мазкур илоҳий мақсаддан – танишувдан, маърифатдан бошқа мақсадга ишлатиш Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш билан баробар бўлар экан.

Ўзбек халқи ўзининг қадимий тарихи давомида кўп халқлар билан қўшничилик қилиб келмоқда. Бугунги кунда юртимизда юздан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилиб келмоқда. Бу миллат вакиллари Ўзбекистонни ўз ватани деб билади, уни севади, меҳмондўст, бағрикенг ўзбек халқини чуқур ҳурмат қилади. Зеро, дўст бошга иш тушганда билинади деганларидек, халқимиз қонли уруш даврида минглаб қочқинларни қучоқ очиб кутиб олган, уларга қалбининг тўридан жой берган, бир бурда нонини баҳам кўрган, уларнинг на миллатини, на тилини суриштирмаган. Шу боис бутун дунё пойтахтимизни «Тошкент – нон шаҳри» деб таниган.

Муҳаддис уламоларимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Илму ҳикмат – мўминнинг йўқотган моли, уни қаерда топса, ҳақлидир» деган маънодаги ҳадис ривоят қилинганини айтадилар. Шу боис мўмин-мусулмон одам ўзи яшаётган юртга қўшни бўлган халқлар, миллатлар билан танишиб, дўстлашиши керак экан­, илм-маърифат улашиши ёки ўрганиши лозим экан.

Азиз юртдошлар, барчамизга маълумки, шу кунларда бир гуруҳ ҳамюртларимизнинг Ўзбекистонда рус тилига ҳам расмий тил мақомини бериш ҳақидаги ташаббуси кўпчиликнинг норозилигига, ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Бундай эътирозларнинг кескин билдирилиши бежиз эмас. Зеро, бугунги кунда жамиятимизда рус тили бундай эътиборга, бундай ёрдамга мутлақо муҳтож эмас эди. Аксинча, айнан ўзбек тили тобора қашшоқлашиб, сунъийлашиб, муомаладан чиқиб кетаётган эди. Кўпчилик фарзандини ўзбек мактабига эмас, балки айнан рус боғчасига, русча мактабга беришни афзал кўрадиган бўлиб қолган эди. Шундай вазиятда рус тилига расмий мақом берилишини таклиф қилиш – давлат тили деган мақомга муносиб эътибор берилмаётган тилимизга нисбатан ҳурматсизлик, беписандлик бўлди десак, муболаға бўлмаса керак.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига чорак асрдан ошган бўлсада ҳамон иш юритиш, бухгалтерия каби энг муҳим соҳаларда рус тили сақланиб келяпти, исм-шарифлар ҳам, кўчадаги реклама ва эълонларнинг аксарияти рус ва инглиз тилларида ёзиляпти. Муҳим ҳужжатлар аввал бошқа тилда ёзилиб, кейин таржима қилиняпти. Таржиманинг савияси пастлигидан биз унинг таржима эканини билиб, сезиб турибмиз. Шундай экан, муқобил ўзбекча таржимаси топилмаган сўз ва жумлалар ҳатто лотин ёзувида ҳам рус тилида ёзилиб турган бир пайтда бу тилга расмий мақом берилишига қандай эҳтиёж бўлиши мумкин? Шу нарсаларни кўриб, эшитиб, ўқиб улғайиб келаётган ёш авлоднинг дунёқараши қандай бўлиши мумкин? Уларда ўз миллатидан фахрланиш ҳисси бўлиши мумкинми?

Афсуски, биз бу борада бошқа миллат вакилларини айблай олмаймиз. Чунки биз ўзимиз она тилимизни қадрламасак, шу тилда гаплашмасак, шу тилда ёзмасак, яъни ўзимизни ўзимиз ҳурмат қилмасак, бошқалар бизни ҳурмат қилмайди. Тилимизга кириб келаётган янги сўзларнинг муқобил таржимасини топмасак, бегона сўзни муомалага киритишга мажбур бўламиз. Шундай бўляпти ҳам. Аммо бунинг сабаби нимада?

Бунинг сабаби – ўзлигимизни, тарихимизни билмаслигимиз, насл-насабимизни танимаслигимиздир. Бундан оғир даврларда ҳам ўзлигини, инсонийлигини йўқотмаган, ҳатто даҳрий тузум истибдоди остида ҳам дину диёнатини йўқотмаган аждодларимиздан узилиб қолдик. Шу сабабли ялтираб кўринган нарсанинг ортидан югурадиган, бировнинг нарсаси кўзимизга чўғдек кўринадиган бўлиб қолди. Ўз тилимиздан, ўз тарихимиздан, ўз маданиятимиздан кўнглимиз тўлмаслиги, ундан ор қилиб, ёт тилга, ёт маданиятга ялтоқланиш айнан эътиқодсизлик, маърифатсизликнинг оқибатидир. Миллий ғурурнинг йўқлиги туфайли шу миллат вакили бошқа тилга имтиёз беришни ўйлаб юрибди. Бу ўз она тилимизнинг келажаги йўқ деб ҳисоблаш эмасми? Бу таклифни киритаётганлар тили йўқолган халқнинг ўзи ҳам тарих саҳнасидан йўқолиб кетишини билмайдиларми? Ўша ўзлари яхши кўрган тилда ёзилган тарих китобларини бир ўқиб чиқсалар, ўз тилидан воз кечган, бугунги кунда тили ҳам, ўзи ҳам ўлик халқларнинг оқибати қандай бўлганини кўришлари мумкин.

Бу таклиф ҳаммамиз учун жиддий огоҳлантириш бўлди. Демак, тилимизнинг мавқеи шу аҳволга келиб қолибди. Бу аҳволни ўнглаш учун давлат миқёсида чора-тадбирлар кўриладиган, тилимизни жонлантириш, унинг мавқеини тиклаш учун бутун ўзбек халқи жон куйдирадиган фурсат келибди. Чунки юқорида келтирилган ҳадисда айтилганидек, ўзини бошқа қавмга ўхшатган, яъни ўша қавмнинг тилида гапиришни афзал кўрган одам аста-секин ўша қавмнинг маданиятига ҳам, дунёқарашига ҳам эргашиб кетиши мумкин. Бугунги глобаллашув даврида давлатлар қадимгидек бир-бирининг ҳудудини босиб олиши шарт бўлмай қолди. Бугунги кунда ҳудудлар эмас, онглар эгалланса, ақллар ишғол қилинса етарли бўлиб қолди. Бошқа тилга расмий мақом берилишини таклиф қилиш айнан ана шундай ҳаракатнинг дастлабки қадамларидир.

Ислом дини ҳар бир мусулмонга илм излашни фарз қилган. Ўз она тилидан бошқа тилни ўрганиш ҳам илмдир. Шундай экан, биз чет тилларни билишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Аммо чет тилини билиш дегани ўз она тилини унутиш, уни чеккага чиқариб қўйиш, ундан кўра бошқа тилни афзал кўриш дегани эмас. Биз ана шу нарсани эсдан чиқармаслигимиз керак.

Ҳар бир давлатнинг асосини туб миллат ташкил қилади. Миллатни миллат қилиб турган нарса эса унинг ўзига хослиги, ўз тили, ўз миллий хусусиятларидир. Шундай экан, давлат тилидан бошқа тилга ҳам расмий мақом бериш негизига таъсир қилувчи омилдир.

Аллоҳ таоло халқимизни Ўзининг розилигини топадиган халқлардан қилсин. Минг йиллардан буён ўзлигини, диний ва миллий қадриятларини йўқотмай, уни бизга мерос қолдирган аждодларимизга муносиб авлод бўлишимизни насиб этсин!

Озод Мунаввар
Islom.uz таҳририяти

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Муҳаммад Содиқнинг ташқи суврати қандай кўркам бўлса, ички олами янада гўзал эди. У киши юраги тоза, кўнгли кенг, хушхулқ, адолатпарвар, ҳақгўй, бағоят давоми...

1173 11:10 / 21.08.2020
Бир неча йилдирки, Рамазон ойи келганда ўзбек халқи шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳни ҳар доимгидан ҳам фарқли равишда эсга олиб, у киши давоми...

2093 20:00 / 09.05.2020
Дунёда шундай ишлар борки, оддий ақл улар ҳақида ўйлаб қолади. Аммо бу ақл соҳиби ақлдан юқорироқ нарсалар томон ўтганида бу ўйловидан тўхтайди.Шу ўринда солиҳ давоми...

3112 11:05 / 02.09.2020
СаволБиз тарафда бирон киши ўлса, майитни кўмишдан олдин жанозага келган кишиларга 500 сўм, 1000 сўм, 3000 сўмдан пул беришади. Кейин 34 кундан сўнг .етти, деб қишлоққа ош давоми...

4648 11:01 / 27.05.2020
Аудиолар

133197 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53543 14:35 / 11.08.2021