1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг гўзал исмлари. «Ал – Муъизз» ва «Ал–Музилл». (25-26)

15:58 / 28.02.2020 5452 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ал-Муъизз (азиз қилувчи) ва ал-Музилл (хор қилувчи) Аллоҳ таолонинг исмларидан бўлиб, бу иккиси феълининг сифатларидан ҳамдир. Биз исми зот, исми сифат ва исми афъолларни ўргандик. Аллоҳ таолонинг зоти, сифатлари ва афъоллари бордир. Демак, Аллоҳ таолонинг исми зот, исми сифат ва исми афъоли бор. Аксар уламолар Аллоҳ таолонинг Ал-Муъизз ва ал-Музилл исмларини афъол исмларидан, деб айтишган. Бу иккиси Аллоҳ таолонинг исмларидан ва феълининг сифатларидан деб айтишди. Банданинг азизлиги икки дунёда ҳам бўлади. Лекин дунёда азизлик сабаб ғурурга кетишдан ҳазир бўл. Эҳтимол дунёдаги азизлик истидрож (азобга йўлиқтириш учун арқонни узун ташлаш) бўлиши мумкин.

Азиз қилувчи. Кимни хоҳласа тўғри йўлга солиб азиз қилади.  

«Эй мулку давлат эгаси бўлган Аллоҳим, сен ўзинг истаган кишингга мулк ато қилурсан. Ва истаган кишингдан бу мулкни тортиб олурсан, истаган кишингни азиз қилурсан ва истаган кишини хор қилурсан. Бор яхшилик ёлғиз сенинг қўлингдадир. Албатта сен барча нарсага қодирсан» (Оли имрон сураси, 26-оят).

Аввало инсонни асос устидаги фитратда яратгандир. Ана шу асослардан бири, унда қорни очиши туйғусини яратганидир. Мана шу туйғу унинг ҳаётда яшаб қолиши учун сабабдир. Ушбу туйғу бўлмаганда, инсон ейиш ва ичишни ташлаб қўйган, оқибатда эса жисми барбод бўлар эди. Инсондаги ейиш ва ичишга бўлган эҳтиёж доим ана шу нарсаларни заҳира қилиб, жамғаришга ва ўз ҳаётини сақлаб қолишга ундайди.

 Энди жамиятни ва инсон жинсини сақлаб қолиш учун инсонда яна бошқа бир туйғу бўлиб, уни жинс туйғуси дейилади. Аллоҳ таоло эркак ва аёлда бу туйғуни мужассам қилган бўлиб, ҳар иккиси ҳам шаръий никоҳ орқали уни амалга оширади. Мана шу туйғу инсон наслининг давомий бўлишини таъминлайди. Демак, ейиш ва ичишга эҳтиёж туйғуси якка шахснинг ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган бўлса, жинс туйғуси инсон наслининг сақлаб қолиниши учун яратилган туйғудир.

Нафс илми мутахассислари (психологлар) инсонда яна бир кучли туйғу борлигини аниқлашди. У ейиш ва ичишга бўлган эҳтиёждан ҳам, жинс туйғусидан ҳам кам эмаслигини айтишди. Ўша туйғу ўзига эътибор ёки ўзлигини, ўз зотини аён қилиш, аниқлаш, яъни ўзини иззатда ва азизликда тутиб туриш ҳиссидир.

Биз ушбу дарсни "иззат" ва "азизлик" дарси деб номлашимиз мумкин. Ҳар бир инсон егулик ва ичимлиги етарли, тўлиқ бўлса, жуфти ҳам бўлса, энди у шахс ҳаётда муҳим эканини ҳис қилиб, жисми, моли, насаби, тажрибаси, касби ва қийинчиликлар олдидаги жасорати билан иззатда қолишни истайди. Инсон табиатига қўшиб яратилган шундай туйғу борки, уни иззат-нафс деб номланади. Яъни, бошқалар бу кишини жасоратли ва ўз касбининг билимдони деб қарашларини истайди.

Нима учун Аллоҳ инсонда ейиш ва ичишни хоҳлашга ундовчи туйғуни яратган, деган савол туғилса, жавоби осон!

-Ўша кишининг ҳаётини сақлаб қолиш учун.

Нима учун Аллоҳ инсонда жинсий қовушишга ундовчи туйғуни яратган, деган савол туғиладиган бўлса, унинг ҳам жавоби осон!

-Инсон наслининг ҳаётини сақлаб қолиш ва ер юзини обод қилиш учун.

Нима учун Аллоҳ инсонда иззат нафс ва бошқаларнинг эътиборини ўзига қаратишга ундовчи туйғуни яратган, деган савол туғилса, бунинг ҳам жавоби бор!

-Бу нарса инсониятни тубанликка тушиб кетиши, пасткашликка юз тутишидан сақлайди.

Инсон гоҳида обрўси, шарафи, мавқеи ва мартабаси пастлаб, одамлар назаридан тушиб кетишидан хавотирланади. Агар инсонда мана шу инстинкт, туйғу бўлмаганида, унга гуноҳ ишни қилиш осон бўлиб қолар эди.

 

Масалан, бир болакай мактабга чиққанида ўртоғининг сумкасида чиройли бир ручкани кўриб қолиб, уни ёқтириб қоладида, эгасига билдирмай ручкани чўнтагига солади. Ручка эгаси устозига шикоят қилади. Устози ручкани ким олди, деб сўраса ҳеч ким жавоб бермайди. Агар устоз ўқувчиларни тўхтатиб, ҳаммани бирма-бир текширса, охирида ручка у боланинг чўнтагидан топилса, бола ўғрилик қилгани учун ўзида шундай бир алам ва уятни ҳис қилиб шундай йиғлайдики, ўша чоғдаги ҳолатини  тасвирлаш қийин. Худди ана шу туйғу "иззати нафс", деб аталади. Ушбу туйғу гуноҳ ва маъсиятлардан йироқ бўлиб, иззат-нафсли бўлишга чорлайди.

Демак, инсоннинг табиатига мукаммал инсон бўлиш ва шармандаликлардан йироқ туриш туйғуси қўшиб яратилган.

Инсон то ростгўй, иффатли ва ишончли бўлмагунича иззатли ва шарафли бўлмайди. Мисол учун ўғлингизнинг ўртоқлари телефон қилиб уни сўрашса, сиз ўғлим йўқ эди, деб ёлғон гапирсангиз, ўзингизда заифликни ва тубанликни ҳис қиласиз. Унинг ўрнига ўғлим ҳозир дарс тайёрламоқда, сизлар билан кўришишга вақти йўқ, деб айтсангиз тўғри бўлади. Демак Аллоҳнинг амрига бўйсунилмагунча иззат ва шарафга эришилмайди.

Иффатли киши азиздир, ишончли иззатдадир, истиқоматдаги киши азиздир, ростгўй азиздир, ихлосли киши азиздир ва ошкора, тўғри иш тутадиган киши азиздир.

Азиз дўстим! Аллоҳ сизга бир дастуриламални юборди. Сиз уни ҳаётингизга татбиқ қилсангиз, азиз яшайсиз. Аллоҳни гувоҳ, мўмин киши руҳий хотиржамликда, нафсий роҳатда яшайди. Мўминдаги иззат-нафсни агар бир шаҳарга тақсимлаб берилса ҳам, уларга етарли бўлади.

Ҳақиқий мулкдор, бой ким? Ким кечаси мазза қилиб ухлайди? Ким шарманда бўлишдан қўрқмайди? Ким сўроқ-савол қилинишидан қўрқмайди? Ким маломатчининг маломатидан қўрқмайди? Албатта жавоб битта! Истиқоматда, яъни тўғри йўлда юрган киши буларнинг биронтасидан қўрқмайди.

Яна бир мисол. Дўстларимдан бири дўкон очди. Унга бир йигитни сотувчи қилиб ишга олди. Йигит янги уйланган, рўзғор харажатлари ва хотинининг талаблари кўпая бошлагач, нафси қаршисида заиф қолиб, хиёнат йўлини танлади. Дўкон эгасига билдирмай, чўнтагига пул солишни одат қилди. Дўкон эгаси пул камайиб бораётганини сезиб қолибди. Бир оғайнисини дўконга жўнатиб, 500 лирага бир буюм сотиб олишни тайинлади. Режа бўйича, оғайниси кечки пайт буюмда нуқсони бор экан дея қайтариб олиб келиши керак эди. Сўнгра кечки томон иш якунланишидан олдин, дўкон эгаси сотувчидан бугун қанча савдо қилганини сўради. Сотувчи йигит ҳеч қандай савдо бўлмаганини айтди. Бироз ўтиб ҳалиги оғайниси буюмни дўконга қайтариб олиб келди. Шу пайт дўкон эгаси ҳам дўконда эди. Бу ҳолга тушиб, сири фош бўлган сотувчи энди қалт-қалт титрар эди. Агар сиз ўша пайтда унинг юзига қарасангиз, хиёнат хорлиги қоплаган юзни кўрардингиз.

Аббосийлар ҳукмронлиги даврида Ибн Муқаффаъ номли адиб бўлган. Уни "Калила ва Димна" номли китоби бўлиб, у китоб форс тилидан таржима қилинган. Унда ҳайвонлар тилидан баён қилинган қисса ва ҳикоятлар ўрин олган. Қуйидаги балиқ қиссаси ҳам ўша китобдан: «Ҳикоя қилинишича, бир кўл бўлиб, унда учта балиқ яшарди. Бири зийрак, иккинчиси зийракроқ, учинчиси эса заиф, қўрқоқ эди. Кўл баландда жойлашганидан, биров у ерга яқин келмаганди. Унинг ёнидан анҳор ҳам оқиб ўтарди. Иттифоқо, шу дарё ёнидан икки овчи ўтаётиб кўлни кўриб қолишди. Қармоқларини олиб келиб, ундаги балиқларни овлашни маслаҳат қилдилар. Балиқлар уларнинг сўзини эшитиб, уларнинг энг зийраги овчиларнинг гапини эшитган заҳотиёқ ҳеч нарсага қарамасдан, кўлга анҳордан кираётган сув орқали чиқиб кетди ва қутулиб қолди,. Зийраги эса, ўз ўрнида қолди ва  овчилар келгунга қадар ишига бемалол бўлди. Овчиларни кўргач, улар нима мақсадда келаётганларини билди ва сув кираётган жойдан сузиб чиқмоқчи бўлди, бироқ сув кираётган тешикни беркитиб улгурганларини кўрди. У: "Сусткашлик қилганимнинг оқибати бу. Қандай ҳийла қилиш мумкин? Шошқалоқнинг ҳийласи камдан-кам фойда беради. Лекин оқил умидсиз бўлмайди, ҳеч бир ҳолатда ҳам ноумидликка тушмайди, тиришқоқлик ва фикрлашни ташламайди", деди-да, ўзини ўликка солди. Сўнгра, сув юзасига гоҳ орқаси, гоҳ қорни билан айланиб чиқиб қолди. Овчилар уни ўлик балиқ деб ўйлаб, анҳор билан кўлнинг ўртасидаги ерга отдилар. Балиқ бир сакраб анҳорга тушди ва қутулиб қолди. Ожиз балиқ эса у ёқдан бу ёққа бориб келавериб охири қўлга тушди». Қисса тугади.

Бу рамзий қиссадир. Оқил бир иш содир бўлмасидан олдин эҳтиётини қилади. Аҳмоқ эса ўша иш содир бўлгандан кейингина эҳтиётини кўра бошлайди.

Дунёдаги азизлик мол-мулк, чирой, бойлик, қувват, хизматкорлар, фарзандлар, аёллар, мансаб, ҳовли-боғлар билан бўлади. Инсон дунё матоҳи билан азиз бўлар экан демак, унинг иззати кетиб қолувчи, завол топувчидир. Баъзилар йўқ бўлиб кетувчи бирон дунё матоҳи билан ҳам азиз бўлади. Кишининг қадри унинг мол-дунёси билан бўлиши қиёмат аломатларидандир.

Баъзи олимлар айтишган: Дунёнинг азизлиги мол-дунё билан, охиратнинг азизлиги ҳолат биландир. Ҳолат бу – поклик, истиқомат, шавқ, муҳаббат, Аллоҳга яқинликдир. Шулар охиратнинг азизлигидир. Мол-дунё эса, бу дунёнинг иззатидир. У тугаб йўқ бўлишга, заволга маҳкумдир.

Ҳикоя қилинишича, бир шогирд устозига қотган нон олиб келди. Унда нонхуруш (нонга қўшиб ейиш учун қовоқ, зайтун ёғи, пишлоқ, қовун, тарвуз, ҳолва, асал, хурмо каби егуликлар) йўқ эди. Шогирд ичида: “Қанийди нонхуруш бўлсаю, устозимга берсам, деб ўйлади. Устоз шогирдни ҳаёлидан ўтганини ҳис қилдида, қўлидан тутиб, қамоқхона эшиги олдига олиб борди. У ерда маҳкумларни уриб, қийнашарди. Устоз шогирдига: "Бу маҳкумлар нонни ўзи билан қаноат қилмаганлари учун азобга дучор бўлишди. Улар бесабрлик қилишди, ўғирлик қилишди ва қамчи остида қолишди", деди.

Агар сен ҳам У Зотнинг кўрсатмаларини ҳаётингга татбиқ қилсанг ва Ундан бошқасидан беҳожат бўлсанг, Аллоҳ сени ҳам азиз қилади. Бордию аксини амалга оширсанг хор қилади.

Имом Табароний "Муъжам авсат"да Саҳл ибн Саъддан ривоят қиладилар. Жаброил алайҳиссалом Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: "Эй Муҳаммад, хоҳлаганингизча яшанг, барибир вафот топасиз. Хоҳлаган амалингизни бажаринг, барибир унга яраша (жазо ёки мукофот) оласиз. Истаган кишини яхши кўринг, барибир ундан ажраласиз. Билингки, мўминнинг шарафи тунда бедор бўлиши ва азиз бўлиши одамлардан беҳожатлигидадир", дедилар.

Азизлик мўминнинг хос энг муҳим сифатларидан биридир. Аллоҳ таоло Мунофиқун сурасининг 8-оятида: "Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта кучлилар кучсизларни ундан қувиб чиқарур", дерлар. Ҳолбуки, куч-қудрат ва азизлик Аллоҳники, Унинг Пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар", деб айтган.

 Агар ҳақиқий мўмин бўлсанг, демак сен азизсан. Чунки сен ал-Азиз исмли Зот билан биргасан, азиз шариат устидасан, ал-Азиз исмли Зотга муҳтожсан, ал-Азиз исмли Зотга суянасан, ал-Азиз исмли Зот умидингни зое  қилмайди.

Баъзилар: "Аллоҳ бандасининг қаноати сабаб азиз ва мукаррам қилади. Хорлик ва пасткашликнинг бари тамагирликдадир", деб айтишди.


Ушбу мавзунинг хулосаси шуки, азиз қилиш ва хор қилиш сифатлари Аллоҳнинг феълий сифатлари бўлиб, банданинг ушбу икки сифат хусусидаги вазифаси шулки, Аллоҳнинг буйруқларини ҳаётига татбиқ қилса азиз ва ҳаким бўлади.

Аллоҳ таоло агар У Зот сабабли иззат топсанг, Унга суянсанг, Унинг учун ихлосли бўлсанг, Унга тўла юзлансанг ва У Зотга бирор нарсани шерик қилмасанг, албатта Аллоҳ таквиний амри билан сени азиз қилади. Бунинг аксида эса хор қилади.


Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг

"Аллоҳнинг гўзал исмлари"

номли асари асосида Анвар Аҳмад таржимаси)

Манба
Анвар Аҳмад
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қиёмат қоим бўлиши ҳақидаги хабарни турли услублар ила баён қилган. Бу улкан ҳақиқатни сиз билан биз бандаларига англатиш учун ажойиб давоми...

2587 19:00 / 22.05.2023
Аллоҳ таоло ҳидоят қилган кишисининг қалбини тўғри йўлга очиб қўяди. Бундай киши ҳеч қачон бу йўлдан тойиб, залолатга тушмайди. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бу борада давоми...

3858 22:44 / 02.12.2016
Юқорида зикр қилинган далил ва ҳужжатлардан Ислом фақатгина илмга тарғиб қилиб қолмай, ўзи ҳам айнан илмий асосда эканини билиб оламиз. Исломнинг дин сифатида давоми...

7334 13:00 / 26.11.2018
Агар сен Аллоҳни дунёда ҳамма нарсадан кўпроқ яхши кўрсанг, синовларга тайёр тур. Бу маҳаббатнинг мукофоти жуда катта, лекин унга ўзини ҳақлигини исбот қила олган давоми...

4951 16:45 / 05.06.2018