1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Беминнат «табиб»

16:00 / 11.02.2020 7028 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир бемор ўзига энг фойдали, осон, ишончли ва имкон қадар камчиқим даволаш усулини танлаши ҳеч кимга сир эмас. Ана шундай даволаш усулларидан бири халқимиз орасида кенг тарқалган қортиқ ёки бошқа асбоблар воситасида қон олдириш, зулук қўйиш билан даволаш, яъни бузилган ортиқча қонни чиқариб ташлаш ҳисобланади.

Қадимдан инсонларни даволашда қон олдириш асосий шартлардан бири бўлиб хизмат қилган. «Ҳижама», яъни қон олдириш Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларидир. Ҳадисда: «Шифо уч нарсада: асалда, қон олдиришда ва оловда куйдиришда», – дейилган (Бухорий ривояти). Тўғри, кейинчалик у зот оловда куйдиришдан қайтарганлар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари доимо қон олдирганлари ва бунинг учун ҳақ тўлаганлари ҳақида ривоятлар ҳам бор:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Даволанадиган яхши нарсаларингиз ичида энг яхшиси қон олдиришдир», – деганлар.

Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа, Ҳоким, Байҳақий ривояти.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуйидаги нарсалар (усуллар) билан даволанишда сизларга фойда бор: қон олдириш, асал шарбати ва куйдириб даволаш. Лекин мен куйдириб даволаш усулини ёқтирмайман», – деганлар (Бухорий ривояти).

Қонни қайси вақтларда олдирган маъқулроқ? Бу борада ҳам ҳадиси шарифларга мурожаат қиламиз: «Қон олдириш учун энг яхши вақт ойнинг 17, 19, 21 кунларидир», – дейилган.

Термизий ривояти.

Албатта, бунда ҳижрий-қамарий сана ойлари назарда тутилган. Ибн Қайюм эса бундай дейди: «Хозиқ табиблар қон олдиришни ойнинг боши ёки охирига қараганда иккинчи ярмида ёхуд учинчи чорагида амалга ошириш фойдалироқ деб ҳисоблашади. Агар қон олдиришга зарурат бўлса, уни ойнинг қайси вақтида ўтказилишидан қатъи назар, вужудга фойда қилаверади. Масалан, атоқли олим Аҳмад ибн Ҳанбал ҳар гал қонлари қуюқлашганда вақтга қарамай қон олдираверганлар».

Олимлар яна қорин тўқ пайтида ҳам қон олдиришни тавсия этишмайди. Агар овқат кучли ёки сифати ёмон бўлса, ҳазми қийинлашиб, кучли оғриқ пайдо қилиши мумкин. Ҳофиз ибн Ҳажар бундай дейди: «Табибларга кўра энг фойдали қон олдириш сув муолажаси (ванна) қабул қилгандан кейинги иккинчи ёки учинчи соатдаги, қорин тўқ ҳам, оч ҳам бўлмаган ҳолатдаги қон олдиришдир».

Пайғамбар алайҳиссалом, асосан, душанба, сешанба, пайшанба кунлари қон олдиришга буюрганлари ҳақида ҳадис бор (Ибн Можа ривояти). Аммо бемор кишини даволашда уни алоҳида вақт билан чегаралаб бўлмайди. Шунинг учун унда қон олдиришга эҳтиёж туғилиши билан бу ишга киришилаверади.

Қон олдиришни бу муолажани яхши билган мутахассисга топширган маъқул. Қон олдиришнинг бир неча усуллари бўлиб, қортиқ қўйиш, наштар уриш, игна (шприц) ёрдамида олиш, зулук солиш ва бошқалар шулар жумласига киради. Зулук солиш ҳам қон олдиришнинг қулай ва фойдали усулларидандир.

Табиатдаги ҳар бир жонзот ёки ўсимлик бежизга яратилмаган. Уларга Аллоҳ таоло томонидан маълум бир вазифа юкланган. Кўринишидан назарга ҳам илинмайдиган оддий зулук қарийб уч минг йил давомида кўпгина халқлар орасида табиблар томонидан бир неча хил касалликларга даво сифатида қўлланилиб келинган.

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий бу ҳақида қуйидагиларни айтадилар: «Зулук қўйиб қон олдириш мустаҳаб амал саналади». Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир ҳадисларида: «Қон олдиришда шифо ва барака бор. У ақл ва хотирани кучайтиради», – дейилган. У зот бирор киши хасталигидан шикоят қилса, қон олдиришни буюрганлари ривоят қилинган.

Улуғ ҳакимлардан Жолинус (Гелен) ва атоқли табиб Абу Алий ибн Сино ҳам зулук билан даволашга катта эътибор беришган. Абу Алий ибн Сино «Тиб қонунлари» китобида зулук солдиришнинг афзалликлари, тартиб-қоидалари ҳақида батафсил маълумот берган. Бир қатор давлатлар, жумладан, Франция, Буюк Британия, Россия олимлари томонидан олиб борилган илмий-амалий тажрибалар зулукдан тиббиётда янада кенгроқ кўламда фойдаланиш имкониятини берди. Тиббиётда гирудотерапия (лотинчада гирудо – зулук, терапия – даволаш) номи билан аталган муолажа тури мавжуд.

Зулук билан даволаш соҳасида тажрибалар олиб борган ва бу ҳақда алоҳида рисола муаллифи Жалолиддин Отамирзаев ва Нуруллоҳ Ҳожимаматовларнинг ёзишича, зулукнинг 270 та тиши бўлиб, ана шу тишлар остидаги гирудин моддасини инсон танасига юбориш орқали қонни суюлтиради, томирлардаги қонни кислород билан тўйинтириб, юракнинг кислородга бўлган эҳтиёжини қондиради ва бу билан инсон танасидаги лимфа безларининг қувватини ошириб, иммунитетни кучайтиради.

Зулук сўлагида юз хилдан ортиқ ферментатив модда бўлиб, инсон танасида қон айланишини яхшилаш билан бир қаторда танада тўпланиб қолган ёғларни тарқатиб, терини майин ва гўзал қилади, ортиқча вазнни йўқотади.

 Зулук инсоннинг майда қон томирчаларидан қонни сўриш пайтида сўлаги таркибидаги биологик фаол моддасини тўқималарга бериб, модда алмашинувини яхшилайди. Зулук сўлаги таъсирида инсон терисидаги ва ички аъзоларидаги майда қон томирчаларида қон айланиши яхшилана бориб, бош миянинг иш фаолиятини жонлантиришга ёрдам беради. Зулук сўлаги антисептик хусусиятга эга бўлгани учун ундан тери касалликларини даволашда кенг қўлланиб келиняпти.

Бундан ташқари, зулук ёрдамида инфаркт, стенокардия, қон босими ошиши, жарроҳлик, ортопедо-жарроҳлик, бавосил, урологик, гинекологик, бепуштлик, кўз, бурун, томоқ, қулоқ, тиш, милк касалликлари ҳамда ўпка, жигар, ўт пуфаги шамоллашида, неврология, нефрит, атериосклероз, сурункали простатит ва бошқа касалликларни даволашда кенг фойдаланилади.

Қадимда зулук фақат баҳор ва куз фаслларидагина қўйилган. Ҳозирги замон олимларининг олиб борган илмий-амалий тажрибалари шуни кўрсатадики, зулукдан йилнинг исталган пайтида фойдаланиш мумкин. Уни фақат беморларни даволашда эмас, балки ҳар бир соғлом кишининг йилига бир марта касалликнинг олдини олиш мақсадида муолажа олиб туриши мақсадга мувофиқ. Чунки зулук сўлаги таркибидаги биологик фаол ферментатив моддалар инсон организмини ҳар хил чиқитлардан тозалаш билан бир қаторда уни бақувват, соғлом қилади, тери рангини гўзаллаштириб-ёшартиради. Аллоҳ таолонинг инояти билан инсон умрига умр қўшилади.

Зулук қоннинг танага кераксиз қисмини сўриб олади. Муолажа натижаси жуда тез кўзга ташланади ва сезилади. Зулук ёрдамида ҳаттоки жарроҳлик амалиёти талаб этилган беморлар ҳам шифо топишмоқда. Кўплаб фойдали хусусиятларни ўзида жамлаган зулукнинг яна бир ҳайратланарли томони шундаки, рўзадор бемордан қон сўрмайди. Бемор ёки шифокор қаттиқ ҳаяжонланаётган бўлса ҳам у ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Зулук билан олиб бориладиган ҳар қандай муолажалар малакали мутахассис ҳаким ва ҳамширалар ёрдамида ўтказилса, мақсадга мувофиқдир. Кейинчалик уларнинг тавсия ва кўрсатмаларига амал қилган ҳолда даволашни ўзингиз давом эттиришингиз мумкин бўлади. Зулукни гемофилия (тўхтамасдан қон оқиши) ва камқонликнинг оғир ҳолатларида қўллаш тақиқланади.

«Барча давонинг боши» китобидан

«Ҳилол» журналининг 10-сонидан олинди

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло оловни Ўзига маъллум бўлган ҳикматга кўра яратган. Роббимиз оловни биз бандаларининг баъзи эҳтиёжлари учун ҳам ато қилган. Оловда таом пиширамиз, сув давоми...

5532 16:30 / 19.05.2021
Инсон ҳужайрасининг ҳозиргача олинган энг сўнгги тасвири. Расм манбаси Гарвард университети 2020 йил, декабрьРасмда битта ҳужайранинг ички тузилиши акс этган. давоми...

2223 10:00 / 25.02.2022
Ўрта асрларда францияликлар кўчага ҳожат чиқаришар ёки идишга ҳожат чиқариб, ўшани деразадан кўчага улоқтиришар эди. Париж шаҳри бадбўй ҳидга тўлиб давоми...

4158 11:30 / 19.02.2021
Саккизоёқ бошоёқли моллюскаларнинг умуртқасиз ҳайвонлар типи машҳур тури бўлиб, ўзига хос кўринишга эга. Саккизоёқнинг бошига саккизта оёқ уланган. Оёқларнинг давоми...

2924 11:30 / 11.06.2021