1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ислом динининг илоҳий асослари мавжуд

18:03 / 02.02.2020 3771 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир жамиятнинг эътиқод масалалари, амалий ҳаёти ва руҳий-маънавий жиҳатлари бўлади. Буларсиз инсон ва у мансуб бўлган жамиятнинг ҳаёти бўлиши мумкин эмас.

Ҳатто динни инкор қилувчиларнинг ҳам ўзига яраша эътиқоди бўлади. Зотан, «Динга ишонмайман», дейишнинг ўзи ҳам ўзига хос эътиқод ҳисобланади.

Шунингдек, ҳар бир инсон жамиятининг ҳам кундалик ҳаётда амал қилиши лозим бўлган шиорлари, ўзаро ва бошқалар билан бўладиган муомалаларини йўлга соладиган қоидалари, ҳаёт кечириш жараёнида пайдо бўладиган амалий муаммоларни ҳал қилиш йўллари бўлади.

Инсон жамияти борки, унинг ахлоқ-одоб қоидалари, инсоний сифатларни ҳосил қилиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари бўйича ўзига хос тушунча ва услублари мавжуд.

Албатта, инсониятни икки дунё саодати билан таъминлаши лозим бўлган Ислом динининг ҳам ушбу йўналишларда хизмат қиладиган илоҳий асослари мавжуд. Ҳозир ўрганишни қасд қилиб турганимиз «Жаброил ҳадиси» мазкур йўналишларни баён қилади.

عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: بَيْنَمَا نَحْنُ عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم ذَاتَ يَوْمٍ إِذْ طَلَعَ عَلَيْنَا رَجُلٌ شَدِيدُ بَيَاضِ الثِّيَابِ، شَدِيدُ سَوَادِ الشَّعَرِ، لَا يُرَى عَلَيْهِ أَثَرُ السَّفَرِ، وَلَا يَعْرِفُهُ مِنَّا أَحَدٌ، حَتَّى جَلَسَ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم ، فَأَسْنَدَ رُكْبَتَيْهِ إِلَى رُكْبَتَيْهِ، وَوَضَعَ كَفَّيْهِ عَلَى فَخِذَيْهِ، وَقَالَ: يَا مُحَمَّدُ، أَخْبِرْنِي عَنِ الْإِسْلَامِ. فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «الْإِسْلَامُ أَنْ تَشْهَدَ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَتُقِيمَ الصَّلَاةَ، وَتُؤْتِيَ الزَّكَاةَ، وَتَصُومَ رَمَضَانَ، وَتَحُجَّ الْبَيْتَ إِنِ اسْتَطَعْتَ إِلَيْهِ سَبِيلًا». قَالَ: صَدَقْتَ. قَالَ: فَعَجِبْنَا لَهُ يَسْأَلُهُ وَيُصَدِّقُهُ، قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنِ الْإِيمَانِ. قَالَ: «أَنْ تُؤْمِنَ بِاللهِ، وَمَلَائِكَتِهِ، وَكُتُبِهِ، وَرُسُلِهِ، وَالْيَوْمِ الْآخِرِ، وَتُؤْمِنَ بِالْقَدَرِ خَيْرِهِ وَشَرِّهِ». قَالَ: صَدَقْتَ، قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنِ الْإِحَسَانِ. قَالَ: «أَنْ تَعْبُدَ اللهَ كَأَنَّكَ تَرَاهُ، فَإِنْ لَمْ تَكُنْ تَرَاهُ فَإِنَّهُ يَرَاكَ». قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنِ السَّاعَةِ. قَالَ: «مَا الْمَسْئُولُ عَنْهَا بِأَعْلَمَ مِنَ السَّائِلِ». قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنْ أَمَارَاتِهَا. قَالَ: «أَنْ تَلِدَ الْأَمَةُ رَبَّتَهَا، وَأَنْ تَرَى الْحُفَاةَ الْعُرَاةَ الْعَالَةَ رِعَاءَ الشَّاءِ يَتَطَاوَلُونَ فِي الْبُنْيَانِ». قَالَ: ثُمَّ انْطَلَقَ فَلَبِثْتُ مَلِيًّا، ثُمَّ قَالَ لِي: «يَا عُمَرُ، أَتَدْرِي مَنِ السَّائِلُ؟» قُلْتُ: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ: «فَإِنَّهُ جِبْرِيلُ أَتَاكُمْ يُعَلِّمُكُمْ دِينَكُمْ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва:

«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер»,– деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ислом «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», – дедилар.

«Тўғри айтдинг», – деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.

«Менга иймон ҳақида хабар бер», – деди.

«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», – дедилар.

«Тўғри айтдинг», – деди.

«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», – деди у.

«Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур», – дедилар.

«Менга Соат(қиёмат)дан хабар бер», – деди.

«Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», – дедилар.

«Унинг аломатларидан хабар бер», – деди.

«Чўри ўз хожасини туғмоқлиги, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», – дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:

«Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» – дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», – дедим.

«Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди», – дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда Ислом, иймон, эҳсон нималиги ҳақида маълумот берилмоқда. Ҳадиснинг охирида эса ушбу нарсаларнинг жами «дин» деб аталмоқда. Демак, Ислом дини уч асосий тармоқдан иборат экан.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сўровчининг «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер» деган саволига «Ислом – «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», – деб жавоб бердилар.

Диннинг амалий қисми бўлган шаҳодат калимасини айтиш, намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш ва ҳаж қилиш каби ибодатларнинг Ислом деб аталишини шундан билиб оламиз.

Сўровчининг «Менга иймон ҳақида хабар бер», деган сўровига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», – деб жавоб қилдилар.

Бу иймоннинг шаръий маъноси ҳақидаги, яъни «Шариат бўйича иймон деб нимага айтилади?» деган саволдир.

Жавобда эса шариат бўйича иймоннинг бош масалалари бўлган рукнлар умумий кўринишда айтилмоқда.

Аллоҳнинг борлигига, қадимийлигига, азалийлигига, абадийлигига, исмларига, сифатларига ва ишларига тўғри равишда иймон келтириш лозим.

Фаришталарга бўлган иймон Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиши керак. Ҳар бир мўмин-мусулмон одам фаришталарнинг сифатларига, хизматларига ва хусусиятларига ҳам иймон келтириши лозим.

Шунингдек, Аллоҳнинг китобларига, пайғамбарларига иймон келтириш ҳам Қуръон ва Суннат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши даркор.

Охират кунига бўлган иймон ҳам, яхшию ёмон қадарга иймон ҳам шариат кўрсатмаси бўйича бўлиши лозим.

Иймон мазкур сифат ва даражада бўлгандагина ҳақиқий иймон бўлади.

Диннинг эътиқод қисмига оид таълимотларининг «иймон» деб аталишини шундан билиб оламиз.

Савол берувчининг учинчи саволи «Менга эҳсондан хабар бер», дейиш бўлди.

«Эҳсон» луғатда «яхшилик қилиш», «гўзал иш» деган маъноларни англатади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жавобда эҳсоннинг таърифини баён қилиб, «Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур», – дедилар.

Шундан келиб чиқиб, мусулмон одам ҳар лаҳзада Аллоҳ таолони кўриб тургандек ихлос билан яшамоғи, У Зотнинг розилигини олишга ҳаракат қилмоғи керак. Агар бу олий мақомга эришишга ожизлик қилса, ҳар лаҳзасини «Аллоҳ таоло мени кўриб турибди» деган эътиқод билан ўтказиб, ўшанга яраша ҳаракатда бўлиши лозим. Ана ўшандагина у эҳсоннинг қуйи даражасига эришган бўлади.

Бу ҳадисда зикр қилинган уч нарсанинг ҳаммаси қўшилиб, «дин» дейилади, чунки ушбу саволларни берган шахс ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди», – дедилар».

Яъни «Унинг берган саволлари одамларга динларини ўргатиш мақсадида берилган саволлар эди»,– дедилар. Демак, мазкур саволларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан берилган жавобларда зикр қилинган масалаларнинг мажмуаси «дин» экани тушунилади.

Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, иймон, Ислом ва эҳсоннинг бирикувидан дин ҳосил бўлар экан.

Иймон, яъни эътиқод масалаларига оид илоҳий таълимотлар тўплами одатда «ақийда» деб аталадиган бўлиб қолган. Бу қисмга оид илм «Ақоид илми» дейилади.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган диннинг «Ислом» деб аталган амалий қисми «шариат» ҳам дейилади. Бу қисмга оид масалалар билан фиқҳ илми шуғулланади.

«Эҳсон» диннинг қалб тарбиясига боғлиқ қисми бўлиб, у одатда «тариқат» ҳам дейилади. Бу қисмга оид диний таълимотларни ўргатадиган илм «тасаввуф илми» деб аталадиган бўлиб қолган.

Албатта, диннинг мазкур уч таркибий қисмига оид маълумотлар фақат юқорида зикр қилинган «Жаброил ҳадиси» билан чегараланиб қолмаган, балки Қуръони Карим, Суннат ва бошқа манбаларда келган маълумотлар билан мукаммал ҳолга келган.

«Мукаммал саодат йўли» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тирик жонзотлар ичида отаонасидан энг кеч мустақил бўладигани инсондир. Айрим ҳашаротлар дунёга келиши биланоқ мустақил ҳаётни бошлаб юборса, айримлари тухумдан давоми...

4323 15:03 / 10.01.2018
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлидан тутиб, Албатта, ҳар бир умматнинг амийни бўлади. Бу умматнинг амийни Абу Убайда ибн Жарроҳдирrdquo деганлар.Набий давоми...

2589 14:30 / 17.05.2019
Фирёбий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади .Суфshyён Саврийнинг шундай деганини эшитдим .Минода Абу Жаъфар Мансурнинг олдига кирдим ва унга .Аллоҳдан қўрқ Сен давоми...

1912 08:00 / 13.03.2020
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарсани сўрашдан наҳий қилинган эдик. Бизга бадавий аҳллардан давоми...

1965 09:30 / 04.05.2019