1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ёлғончи аттор

02:10 / 21.08.2019 4643 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳажга кетаётган бир киши Бағдодга келди. Унинг ёнида минг динорлик мунчоқ бор эди. Уни сотмоқчи эди, ҳеч ким олмади. Яхшилик билан ном чиқарган бир атторнинг олдига келиб, мунчоқни омонат қолдирди. Сўнг ҳаж қилиб, ҳадялар билан қайтди. Келиб, мунчоқни сўраган эди, аттор унга: «Сен кимсан? Нима ҳақида гапираяпсан ўзи?» деди. «Сенга омонат қолдирилган мунчоқнинг эгасиман», деди у. Аттор у билан гаплашиб ҳам ўтирмай, тепиб-тепиб кўчага ҳайдади. «Менга бундай ёлғон даъво қилишдан уялмайсанми?» деб бақирди. Одамлар тўпланиб, ҳожига: «Шўринг қурғур! Бу яхши одам. Даъво қилишга бошқа одам топмадингми?» дейишди. Ҳайратдан қотиб қолган ҳожи атторга инсофга чақирмоқчи бўлган эди, сўкиб, уриб ташлади. Ниҳоят, ҳожига: «Давлат хизматчисига борсанг, бу ишларни қойилмақом қилиб ҳал қилиб беради», дейишди. Ҳожи бўлган воқеани ёзиб, хизматчига юборди. Хизматчи уни чақириб, бўлган воқеаларни суриштирди. Кейин, «Атторнинг дўкони олдига бориб ўтир. Агар ҳайдаб юборса, йўлнинг нариги четида ўтир. Эрталабдан кечгача шундай қил. Лекин ҳеч нарса дема. Уч кун ўша ерда ўтир. Тўртинчи куни мен сенинг ёнингдан ўтаман. Яқинингга бориб, сенга салом бераман. Сен мени кўриб, ўрнингдан турма. Фақат саломимга алик олиб, саволимга жавоб берасан, бошқа нарса айтмайсан», деб тайинлади.

Ҳожи унинг айтганидек қилиб, уч кун дўконнинг рўпарасида ўтирди. Тўртинчи куни хизматчи келиб, ҳожининг ёнида тўхтаб, «Ассалому алайкум», деди. Ҳожи қимир этмай, саломга алик олди. Хизматчи: «Эй биродарим, Бағдодга келибсан-у, олдимга кирмабсан-да?» деди. Ҳожи «Шунақа бўлиб қолди-да» деб, гапни чўзиб ўтирмади. Хизматчи у билан савол-жавоб қилгунича унинг ортидан бир тўда аскарлар келиб, улар ҳам дўконнинг олдида тўхташди. Уларни кўрган аттор қўрққанидан ҳушидан кетиб қолди. Бироздан сўнг аскарлар жўнаб кетишди. Аттор югуриб чиқиб, ҳожига қараб, «Оғайни, менга мунчоқни қачон қолдириб кетувдинг? Нимага ўралган эди? Айтиб кўр-чи, балки эсларман?» деди. Ҳожи унга мунчоқни тасвирлаб берди. Аттор туриб, бир кўзачанинг оғзини очган эди, ичидан худди ўша мунчоқ ерга тушди. Аттор уни ҳожига узатиб, «Узр, унутибман. Дарров эслатмаганингда, унутиб қўярканман», деди.

«Солиҳлар гулшани» китобидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволБаъзида жаноза намозига борганимизда жаноза намози ўқилаётганда бош юқорига кўтарилиб, тепага қаралади. Баъзан эса бу ҳол бўлмайди. Савол шуки, жаноза давоми...

5646 11:05 / 18.02.2020
Миҳбардан ривоят қилинади .Биз бир маййит учун тобут ҳозирлаётган эдик, олдимиздан Рабиъ ибн Барра ўтиб қолиб, .Бу ғариб ким, деб сўради. .У ғариб эмас, қариб қариб давоми...

3372 03:00 / 06.03.2020
191. Атрофи тоғ жинслари ва қоятошлар билан ўралган бўлса ҳам гавҳар ялтираб, порлаб туради. Худди шунингдек, ботил ҳар қанча кўп бўлишига қарамай, ҳақ собит давоми...

4224 14:00 / 17.05.2017
Ваҳб ибн Мунаббаҳдан ривоят қилинади .Ўз замонасининг бир фозил олими одамларни мажбурлаб чўчқа гўшти едирадиган подшоҳнинг ҳузурига келди. Одамлар улуғ давоми...

3191 02:10 / 03.08.2019
Аудиолар

232064 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150576 09:35 / 11.08.2021