1447 йил 20 жумадис сони | 2025 йил 11 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

75-боб. Ота-онаси вафот этган етимни қарамоғига олишнинг фазли

16:17 / 25.01.2020 2476 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умму Саъид бинт Мурра Феҳрий отасидан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мен ва етимнинг кафили жаннатда худди ушбу иккиси кабидир. Ёки бу билан бу кабидир», дедилар».

Суфён ўрта ва бошмалдоқдан кейинги бармоқ ҳақида шак қилди.

Шарҳ: Демак, ота-онасиз қолган етим болани ўз қарамоғига олиб, уни кийдириб, едириб-ичириб, тарбиялаб, вояга етказган одам жаннатда бўлар экан, жаннатда бўлганда ҳам, жаннатнинг энг олий мақомида – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бирга туришга мушарраф бўлар экан.

Шунинг учун мўмин-мусулмонлар етимларнинг ҳолидан хабар олишга, уларга ёрдам бериш ва тарбиялашга катта аҳамият беришлари керак.

Мана шундай буюк шараф ваъда қилинган ҳадисларга амал қилган ҳолда бу масала мусулмон умматида қадимдан ниҳоятда яхши йўлга қўйилган эди. Жумладан, етимлар учун вақфлар қилинган, уларни қарамоғига олиб, таълим-тарбия берилган ва ҳоказо.

Ҳозирги кунда ҳам мўмин-мусулмонлар ўз динини маҳкам тутган жойларда бу нарсага алоҳида аҳамият берилади. Айниқса араб ўлкаларидаги хайрия жамиятлари ўзларидаги етимларнинг аҳволи яхши бўлганидан, бошқа ўлкалардаги етимларга ҳам ёрдам беришни яхши йўлга қўйишади.

Масалан, истаган давлатлар билан ҳамкорликда етимларни аниқлаб, уларни суратларга олиб, ҳужжатларини тўғрилаб, қайтиб бориб, «Мана бу бола етим, исми фалон, отасининг исми фалон, мана сурати, унинг йиллик сарфиёти мана шунча, ким уни ўз қарамоғига олмоқчи бўлса, бизга боғлансин», деб эълон қилишади.

Шунда бой, имконияти бор одамлар «Мен бешта, мен учта, мен ўнта, мен юзта етимни ўз қарамоғимга оламан», деб ўзлари рағбат билдиришади, сўнг ўша йиллик сарфиётни хайрия жамиятининг ҳисобига ўтказади.

Хайрия жамияти бу маблағларни ўша етимларнинг эҳтиёжларига сарфлаб боради, доимий егулик билан, ҳар мавсумда кийим-кечак билан, ўқув қуроллари билан таъминлаб туради, таълим-тарбиясини йўлга қўяди.

134. Ҳасандан ривоят қилинади:

«Ибн Умарнинг таомига ҳар доим бир етим ҳозир бўларди. Бир куни Ибн Умар таом келтиришни буюрди. Етимни қидириб, топа олмади. Ибн Умар еб бўлгач, у келди.

Ибн Умар унга ҳам таом келтиришни буюрди. Овқат қолмаган эди. Толқон билан асал келтиришди. Шунда у (Ибн Умар розияллоҳу анҳу):

«Мана булардан ол, Аллоҳга қасамки, кам бўлмадинг», деди.

Ҳасан: «Аллоҳга қасамки, Ибн Умар ҳам кам бўлмади», деди».

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу етим болаларга шунчалик яхшилик қилганларки, у кишининг ҳузурларида ҳеч бир етим камчиликка учрамаган. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умарнинг ана шундай катта фазилатлари бор эди. Саҳобаларнинг бундай амаллари ҳозирги кунда мўъжизага ўхшаб кўринади.

Ибн Умар ҳеч қачон ўзлари ёлғиз овқат емаганлар. Ёнларига ё етим, ё фақир-мискинлардан бирор киши келмаса, таомга қўл узатмас эдилар. Ҳатто таомга кеч қолган етимга ҳам борини тақдим қилганлар ва унинг кўнглини кўтарадиган гапларни айтганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан барчамиз ўрнак олишимиз лозим.

135. Саҳл ибн Саъддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз»,  дедилар ва кўрсаткич ҳамда ўрта бармоқларини бирлаштирдилар».

Шарҳ: Албатта, бу жуда улуғ ваъда ҳисобланади. Етимга кафил бўлиб, уни боқиб, тарбиялаб, вояга етказиш жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиш бахтига сабаб бўлар экан.

136.Абу Бакр ибн Ҳафсдан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳ дастурхонида етим бўлмаса, таом емас эди».

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу уни тўйдириб, савобини олишдан умид қилар эканлар. Бу жуда ажойиб фазилатдир. Буни фақат ихлосли мусулмон бандагина амалга ошириши мумкин.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. , . . Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим .Яхшиликларнинг энг давоми...

3271 09:00 / 30.06.2022
. ,. Саъид ибн Жубайрдан ривоят қилинади .У зот азза ва жалланинг .Аллоҳ ичингиздаги нарсани билувчи. Агар солиҳ бўлсангиз,, ndash деган қавли давоми...

3384 09:25 / 29 январь
. Ибн Авндан ривоят қилинади .Муҳаммад ибн Сирийннинг олдига бир одам кирди. У онасининг олдида турган эди. Ҳалиги киши .Муҳаммадга нима бўлган, давоми...

1587 11:25 / 20.10.2024
Умму Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Абу Дардо кечаси туриб, намоз ўқиди. Сўнг йиғлаб .Аллоҳим Менинг халқимни гўзал қилдинг, хулқимни ҳам гўзал қилгин,, давоми...

2164 11:00 / 08.05.2023
Видеолар

506 14:42 / 08 декабрь
Аудиолар

212451 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

131674 14:35 / 11.08.2021