1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Кимнинг учта қизи бўлса жаннатга ҳақдордир

05:55 / 27.12.2019 5246 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَن أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ الله ُعَنْهَا ، عَن النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: مَنْ كَانَ لَهُ ثَلَاثُ بَنَاتٍ فَصَبَرَ عَلَى لَأْوَائِهِنَّ وَضَرَّائِهِنَّ وَسَرَّائِهِنَّ أَدْخَلَهُ اللَّهُ الْجَنَّةَ بِفَضْلِ رَحْمَتِهِ إِيَّاهُنَّ، فَقَالَ رَجُلٌ: أَوْ ثِنْتَانِ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: أَوْ ثِنْتَانِ. فَقَالَ رَجُلٌ: أَوْ وَاحِدَةٌ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: أَوْ وَاحِدَةٌ. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимнинг учта қизи бўлса, уларнинг хархашалари, оғирликлари ва енгилликларига сабр қилса, Аллоҳ уларга кўрсатган раҳмати туфайли уни жаннатга киритур», – дедилар. Бир киши:

«Иккита бўлса-чи, ё Расулаллоҳ?» – деди.

«Иккита бўлса ҳам», – дедилар. Бир киши:

«Битта бўлса-чи, ё Расулаллоҳ?» – деди.

«Битта бўлса ҳам», – дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Шундай қилиб, биттами, иккитами ёки учтами, қизни туғиш, уларни боқиб, тарбиялаб, катта қилиш ота‑она учун жаннатга ҳақдор бўлиш омилларидан бирига айлантирилди. Мусулмонлар қадимдан қизларга фақат яхши назар билан қараб келдилар ва келмоқдалар.

Аммо, минг афсуслар бўлсинким, кейинги пайтларда диний таълимотлардан бехабар айрим кишилар бу масалада хатога йўл қўйиб, бошқалар томонидан динимизга таъна тошлари отилишига сабаб бўлмоқдалар. Баъзи «мусулмонман» деб юрганларнинг аёлларга бўлган салбий муносабатларини тушунмаганлар бу нохушликни Исломнинг айби, дея жар солмоқдалар.

Бу борада ҳам гапни чўзмасдан, биргина мисол келтириш, яъни шахсан ўзим, радиода эшитган гапни айтиш билан кифояланмоқчиман. Вилоятлардан бирида бир аёл тўртта қиз кўрибди. Ҳар сафар фарзанд туғилганда оилада жанжал бўлибди. Келинга: «Нега ўғил туғмай, қиз туғасан?!» деган дашномлар берилибди. Охири «Сен қиз халтаси экансан, яна қиз туғсанг, туғруқхонадан отангникига кетаверасан», деган таҳдид бўлибди. Аёл яна ҳомиладор бўлибди. Ўзига айтилган таҳдидлар ёдига тушибди. Беш қиз билан отасиникига қайтиб бориш кўзига кўринибди. Шайтоннинг васвасасига учиб, ҳомиласини олдирибди. Қараса, олинган ҳомила ўғил экан. Буни эшитиб, эр ўзини осибди. Уни эшитиб, хотин ўзига ўт қўйибди...

Боланинг ўғил ёки қиз бўлишига аёлнинг нима алоқаси бор? Аввало, мутлақо алоқаси йўқ. Агар фараз қилиб, алоқаси бор десак, эркакнинг алоқасичалик бўлиши мумкин. Лекин нима учун эркакка эмас, фақат аёлга қиз туққанлиги учун дашном берилади. Ахир бундай қилиш Аллоҳнинг иродасига қарши туриш эмасми?

Ушбу ҳақиқатларни ҳар ким англаб етиши керак. Қиз туққан келинларни ва қизларни барака рамзи деб билиш, уларнинг эъзозини қилиш лозим.

Оиласида фарзанд кутаётган ва кўрган ҳар бир шахс бир оз чўзилган ушбу муқаддимада айтилган маъноларни ўзидан ўтказиши, шу билан бирга, уларга ихлос билан амал қилиши зарур.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
islom.uz middot 68 ndash Фарзанд доимо отаонага ширин сўзларни айтиши вожибдир24. Фарзанднинг отаонага яхшилик қилиши турларидан бири уларга тавозуъ кўрсатиб, меҳрибонлик давоми...

2782 06:14 / 11.07.2020
Оила қуриш ниятидаги эркак тараф ўзи учун никоҳи ҳаром ва совчилик қилиб бўлмайдиган шахсларни ажратиб олганидан кейин энг аввал муносиб келин ахтаришга давоми...

7939 04:32 / 06.12.2024
Эр ҳайз, нифос ва истиҳозага ўхшаш нарсаларнинг шаръий ҳукмларини ва бошқа диний илмларни ўзи ўрганиб, аёлига ҳам ўргатиши керак.Аллоҳ таоло шундай марҳамат давоми...

5384 11:00 / 26.07.2019
Оила қуришда фақат куёв тараф келин танлаш ҳуқуқига эга эмас, балки келин ҳам куёв танлаш ҳуқуқига эгадир. Чунки юқорида айтиб ўтганимиздек, оила, аввало, давоми...

8554 04:05 / 10.12.2024
Аудиолар

232034 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150546 09:35 / 11.08.2021