Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Исломда инсон соғлиғини сақлаш мақсадида, ўзига керакли нарсаларни ҳам меъёридан оз еб ўзини-ўзи хасталикка мубтало қилмаслик учун қизғанчиқ бўлиш ҳаром қилинган.
«Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» деб айт.
Ушбу оятда эгниларига кийим киймай тавоф қилишни, ҳаж мавсумида яхши таом истеъмол этмасликни ўзларига русум қилиб олиб, бу Аллоҳ амри, деб юрган араб мушрикларининг қилмишлари нотўғри эканини билдириш учун тушган ва бу орқали ҳамма замон кофирларига хитоб қилинган.
Модомики, Аллоҳ таоло ўша кийимларни бандаларга ҳалол қилиб қўйибдими, демак, ҳеч ким уни ҳаром қила олмайди. Шунингдек, Аллоҳ покиза таомларни бандаларига ризқ қилиб бериб қўйибдими, уларни ҳам ҳеч ким ҳаром қила олмайди. Зийнат кийимлари ва покиза таомлар иймонлилар учун бўлмай ким учун бўлсин! Бу ризқу рўзига моддий дунёда бошқалар ҳам шерик бўлиши мумкин, аммо охиратда, ушбу ояти каримада таъкидланганидек зийнат либослари ва покиза ризқлар фақат мўминларга хос бўлади.
Аллоҳ таоло Ўз зотига иймон келтирган бандаларига ҳеч қачон хушрўй кийим-бошларни ва покиза таомларни ҳаром қилмайди.
Ким шу таълимотга қарши иш кўриб ҳалол таомларни ҳам емай соғлиғига зарар етказса, гуноҳкор бўлади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманг. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас. Ва Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг» (Моида сурасида 87-88 оят).
Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарса пок ва фойдали бўлиши аниқ. Бу оятларда ўша покиза ва ҳалол нарсаларни ҳаром деб ҳукм чиқариш мумкин эмаслиги таъкидланмоқда. Чунки ҳукм чиқариш, жумладан, нима ҳалолу нима ҳаромлигининг ҳукмини чиқариш ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Аллоҳ ҳалол деган нарсани ким ҳаром деса ёки Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ким ҳалол деса, кофир бўлади. Ундай одам Аллоҳнинг илоҳлик сифатига — шариат ҳукмларини чиқариш сифатига шерик бўлишга уринган бўлади. Шунингдек, бир киши ўзи учун ҳам бундай ҳукмни чиқариб, қандайдир диндорлик сифатини зиёда қилишга уриниш, деб ўйлаши ҳам нотўғридир. Бундай иш диндаги ғулув — ҳаддан ошиш ҳисобланади. Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби буни таъкидлайди.
Имом ибн Жарир Табарий қуйидагиларни ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ўтириб одамларга ваъз-насиҳат қилдилар, аммо ортиқча қўрқитмадилар. Сўнгра туриб кетдилар. Шунда у зотнинг саҳобаларидан баъзилари: «Агар янги бир иш қилмасак, нима деган одам бўламиз. Насоролар ўзларига бир қанча нарсаларни ҳаром қилишган, биз ҳам ҳаром қилайлик», дейишди. Баъзилари ўзига гўшт ейишни ҳаром қилди, баъзилари соннинг юқори қисмини емоқни ҳаром қилди. Бошқалари кундузи овқат емоқни, яна бошқалари аёлларни ўзларига ҳаром қилди. Бу гап Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганда: «Аёлларни, таомни ва уйқуни ўзига ҳаром қилганларга нима бўлди?! Огоҳ бўлинглар, мен ухлайман ҳам, бедор ҳам бўламан, рўза ҳам тутаман, оғзим ҳам очиқ бўлади. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким мендан ўзини тортса, у мендан эмас», дедилар. Шунда Аллоҳ: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилмангиз. Ҳаддингиздан ошманг», оятини нозил қилди. Аллоҳ таоло Ўзи белгилаб берганидан кам ишни қилиш нуқсон ва гуноҳ бўлганидек, Унинг белгилаб берганидан ортиқча қилишга уриниш ҳам тажовузкорлик ва гуноҳ ҳисобланади.
Шу қоидага кўра, Аллоҳ таоло ҳалол қилиб қўйган нарсани ўзига ҳаром қилиб, ўзини ўша нарсадан тийиш билан гўё Аллоҳга қурбат ҳосил қилишга уриниш ҳам гуноҳдир. Чунки ҳалол ва ҳаром қилишликнинг ягона соҳиби Аллоҳ таолодир, бошқа эмас. Шу билан бирга Исломда соғлиқка зарарлигини эътиборидан ортиқча кўп тановул қилиш ҳам ҳаром қилинган. Аллоҳ таоло
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят).
Баъзи бузуқ табиатли одамлар яхши таом истеъмол қилмасликни тақводорликнинг чўққиси сифатида кўрсатишга уринадилар. Аллоҳ таоло фақат емиш ғамида, доимо унинг лаззатлисини ахтарувчи қорин бандаси бўлишни қоралаганидек, лазиз таомлардан ўзини тийиб, сифатсиз таомнигина ихтиёр қилишни ҳам қаттиқ қоралайди. Араб мушрикларида ҳаж мавсумида яхши таомларни емай қўйиш одати бор экан. Ояти карима ўша одатни ҳам танқид қилади.
«Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас». Еб-ичиш гуноҳ эмас, исроф қилиш гуноҳдир.
Имом Бухорий келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Сени икки хислат — фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар.
Афсуски, баъзи кишилар еб-ичишнинг хилма-хил ва кўп бўлишини ҳаётнинг асосий мезони деб биладилар.
Бизда одамлар озиқ-овқатни исроф қилиш деганда, уни емай ташлаб юборишни тушунадилар. Бу, аслида, тўғри. Аммо керагидан ортиқ емоқ ҳам исрофдир. Еб-ичиш керак экан, деб қорин бандаси бўлиш ҳам мусулмон инсонга муносиб эмас.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Термизийлар Миқдом ибн Маъдийкараб ал-Киндий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тургизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир», деганлар.
Бугунги кунда озиқ-овқатни исроф даражада зиёда истеъмол қилишнинг соғлиқка асорати яққол намоён бўлди. Ҳозирги даврнинг кўпгина хасталикларига ушбу исрофгарчилик сабаб бўлмоқда. Бу ҳақиқатни Қуръони Мажийддан узоқ бўлган ғайридинлар ҳам тушуниб етдилар. Қадимда яҳудийлардан бири мусулмонлардан бирига: «Сизларнинг Қуръонингизнинг ярим оятига бутун тиб илми жойлашган», деб ушбу ояти каримани ўқиган экан.
Минг афсуски, Қуръон аҳлиман, деб юрганлардан аксариятимиз бу ҳақиқатни тушуниб етмаймиз. Ислом ҳар бир соҳада мўътадиллик йўлини тутганидек, озиқ-овқат ва кийим-бош масаласида ҳам мўътадил бўлишни талаб қилади.
Islom.uz портали таҳририяти