1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Фарзандингизга чиройли исм қўйинг! (биринчи мақола)

18:08 / 03.11.2019 2561 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Боланинг ота‑онадаги ҳақларидан, ота‑онанинг фарзанд олдидаги вазифаларидан бири оиланинг янги аъзосига маънодор, чиройли исм қўйишдир. Бу ишнинг аҳамиятини англаб етишимиз учун биргина иқтибос келтиришга ижозат бергайсиз.

Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий «Китобул бирри вас-сила»да Абул Мўътамирдан келтирган ривоятда ёзади:

«Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурида масалаларни музокара қилишди. Шунда, бир киши айтди:

«Менга етиб келган хабарга кўра, туғилган болага исм қўймай туриб, ўлган бўлса, Қиёмат куни отасига: «Мени исмсиз тарк қилдинг-ку!» – дейди».

Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон ота‑она бу муҳим ишга алоҳида эътибор ила ёндашмоғи лозимдир. Ўзи билмаса, биладиганлардан сўраб, ўрганиб, ўғил бўлсин, қиз бўлсин, боласига гўзал исм қўйиши керак. Қўйган исмида орзу-умид, яхши ният, гўзаллик, хайр-барака ўз ифодасини топсин. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин. Балки исми унга зийнат бўлиб турсин.

Исломда ҳар бир нарсанинг гўзал бўлишига алоҳида аҳамият берилади. Бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифлари асос бўлади:

عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: إنَّ اللهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَمُسْلِمٌ .

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, Аллоҳ гўзалдир. Гўзалликни севадир».

Аҳмад ва Муслим ривоят қилганлар.

Бинобарин, мусулмон инсон барча нарсада гўзалликни кўзлаши керак. Жумладан, болаларга исм қўйишда ҳам.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларга исм қўйишга алоҳида эътибор берганлар. Бу ўта муҳим ишнинг Қиёмат кунига ҳам боғлиқ жойи борлигини ҳам айтганлар.

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: إِنَّكُمْ تُدْعَوْنَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِأَسْمَائِكُمْ وَأَسْمَاءِ آبَائِكُمْ، فَأَحْسِنُوا أَسْمَاءَكُمْ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ حِبَّانَ وَالطَّبَرَانِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, Қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингизниинг исми ила чақирилурсиз. Бас, исмларингизни гўзал қилинг».

Абу Довуд, Ибн Ҳиббон, Тобароний ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Исмнинг чиройли бўлиши Қиёмат куни ҳам керак бўлар экан. Чунки барча халойиқ йиғилган жойда бировнинг исми айтиб чақирилганда исми гўзал бўлса, хурсанд бўлиши, аксинча бўлса, хижолат бўлиши табиий. Бу ҳолат ушбу ёруғ дунёда ҳам бор. Исми ноқулайлигидан хижолат бўлиб юрадиганлар оз эмас, исмини ўзгартирганлар ҳам кўп. Аммо, ўша нарса аввал бошда, бола янги туғилган пайтда бир йўла яхшилаб йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Унинг мусулмон фарзанди эканини дунёю охиратда исми ҳам намоён қилиб туради.

Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борар эдилар. У зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, хурсанд бўлиб кетар эдилар. Янги туғилган болаларга гўзал исмларни қўйиб берар эдилар.

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: وُلِدَ لِي غُلَامٌ فَأَتَيْتُ بِهِ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم فَسَمَّاهُ إِبْرَاهِيمَ، فَحَنَّكَهُ بِتَمْرَةٍ وَدَعَا لَهُ بِالْبَرَكَةِ وَدَفَعَهُ إِلَيَّ، وَكَانَ أَكْبَرَ أَوَلَادِي. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Ўғил кўрдим. Уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. У зот уни Иброҳим деб номладилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб, дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди».

Икки Шайх ривоят қилганлар.

Мана, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ҳам ўз ҳаётларида ёрқин из қолдирган бу ҳодисани шавқу завқ ила ҳикоя қилиб бермоқдалар:

«Ўғил кўрдим. Уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим».

Ана шу ишга тақлид қилиб, янги туғилган фарзандни аҳли солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ичида доимий одатга айланган.

«У зот уни Иброҳим деб номладилар».

Демак, аҳли фазл, олим ва пешво кишилар томонидан янги туғилган фарзандларга исм танланиши ҳам яхши иш. Чунки ундай кишилар бунга ўхшаш ишларга боғлиқ масалаларни, шаръий ҳукмларни яхши биладилар ва тўғри иш кўрадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғилларига Иброҳим исмини қўйганлари ҳам бунинг бир мисолидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боласига нотўғри исм қўйган отага танбеҳ бериб, ундай исмни ўзгартирганлари ва яхши исмларни қўйиб берган ҳолатлари ҳам бор.

عَنْ سَبْرَةَ بْنِ أَبِي سَبْرَةَ: أَنَّ أَبَاهُ أَتَى النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: مَا وَلَدُكَ؟ قَالَ: عَبْدُ الْعُزَّى، وَسَبْرَةُ، وَالْحَارِثُ، فَقَالَ: لَا تُسَمِّ عَبْدَ الْعُزَّى، فَسَمَّاهُ عَبْدَ اللهِ، ثُمَّ قَالَ: إِنَّ خَيْرَ الْأَسْمَاءِ عَبْدُ اللّهِ، وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ، وَدَعَا لَهُ وَلِوَلَدِهِ، فَلَمْ يَزَالُوا فِي شَرَفٍ إِلَى الْيَوْمِ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.

Сабра ибн Абу Сабрадан ривоят қилинади:

«Унинг отаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганда:

«Болаларинг кимлар?», – дедилар.

«Абдул Уззо, Сабрата ва Ҳорис», – деди.

«Абдул Уззо деб исм қўйма», – дедилар ва уни Абдуллоҳ деб номладилар. Сўнгра:

Албатта, исмларнинг яхшиси Абдуллоҳдир, Абдурроҳмандир», – дедилар ъамда уни ва боласини дуо қилдилар. Бас, бугунгача шараф улар биландир».

Тобароний ривоят қилган.

Набий алайҳиссалом яхши исмлардан хушхабар кутганлар ва ёмон исмлардан шумланганлар.

عَنْ يَحْيَى بْنِ سَعِيدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ r قَالَ: لِلَقْحَةٍ تُحْلَبُ: مَنْ يَحْلُبُ هَذِهِ؟ فَقَامَ رَجُلٌ، فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: مَا اسْمُكَ؟ فَقَالَ لَهُ الرَّجُلُ: مُرَّةُ. فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: اجْلِسْ. ثُمَّ قَالَ: مَنْ يَحْلُبُ هَذِهِ؟ فَقَامَ رَجُلٌ، فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: مَا اسْمُكَ؟ فَقَالَ: حَرْبٌ. فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ: اجْلِسْ. ثُمَّ قَالَ: مَنْ يَحْلُبُ هَذِهِ؟ فَقَامَ رَجُلٌ، فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: مَا اسْمُكَ؟ فَقَالَ: يَعِيشُ. فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ r: احْلُبْ. رَوَاهُ مَالِكٌ.

Яҳя ибн Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соғиладиган туяни кўрсатиб:

«Ким буни соғади?» – дедилар.

Бир киши турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Исминг нима?» – дедилар.

«Мурра» (Аччиқ), – деди у.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Ўтир!» – дедилар. Сўнгра яна:

«Ким буни соғади?» – дедилар.

Бир киши турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Исминг нима?» – дедилар.

«Ҳарб» (Уруш), – деди у.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Ўтир!» – дедилар. Сўнгра яна:

«Ким буни соғади?» – дедилар.

Бир киши турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Исминг нима?» – дедилар.

«Яъийш» (Яшар), – деди у.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Соғ!» – дедилар».

Молик ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туяни соғишга ноқулай исмли кишиларни раво кўрмадилар, уларнинг исмларидан шумландилар. Учинчи саҳобийнинг исмларидан яхшилик, хушхабар умид қилиб туя соғишга ўша инсонни раво кўрдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилият одатига биноан қўйилган ноқулай исмларни ўзгартириб қўйганлари маълум ва машҳур.
(Давоми бор)

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир,, дедилар.Термизий ривоят давоми...

5853 11:05 / 21.12.2019
Уламоларимиз эрнинг хотини олдидаги бурчлари тўғрисида келган барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосага келганлар.Эрнинг хотини олдидаги давоми...

6910 18:26 / 19.06.2019
Биз умматларга намуна бўлиб, Набий алайҳиссаломнинг ўзлари аёлларига гўзал муносабатда, доимо хурсандликда, уларни эркалаган, лутф кўрсатган ва нафақаларини давоми...

2614 11:00 / 13.07.2019
Эр зиммасидаги хотин учун вожиб нафақалар қуйидагиларТаом.Бунга озиқовқат, ичимлик ва таомга қўшиб ейиладиган сирка, ёғ ва шунга ўхшаш нарсалар ҳамда таом давоми...

8473 12:00 / 24.06.2019