1446 йил 12 ражаб | 2025 йил 12 январь, якшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Охират уламолари - охиратни бу дунёдан устун қўядилар

12:30 / 07.11.2019 2693 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қадимдан охират уламолари қандай бўлишлари кераклиги ҳақида баҳслар бўлиб келган. Улардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Олим қоидага мувофиқ иш тутиб, амр ва наҳйиларни адо этиб туриши лозим.

Олим зоҳид бўлиши ҳам, мубоҳ нарсалардан юз ўгириши ҳам шарт эмас. Аммо у иложи борича дунёга уринмаслиги керак. Ҳар бир жисм ҳам оғирликни кўтаравермайди.

Одамларнинг табиати турлидир. Ривоят қилинишича, Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳи яхши таомларни тановул қилар ва: «Уловнинг озуқаси яхши бўлмаса, хизматга ярамайди», дер эди.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи қашшоқликнинг оғирлигига сабр қилишга одатланган эди.

Охират уламолари охиратни бу дунёдан устун қўядилар. Уларнинг амаллари гапларига хилоф бўлмайди. Улар охиратда фойда берувчи илмга мойил бўладилар.

Шақиқ Балхийдан ривоят қилинишича, у киши Ҳотимга: «Бир муддат менинг суҳбатимда бўлдинг. Айт-чи, нимани ўргандинг?» деганида, у саккизта нарсани санаб ўтган экан:

«Биринчи: мен халойиққа назар солсам, ҳар бир шахснинг муҳаббат қўйган нарсаси бор экан. Унинг ўзи қабрга кирса, муҳаббат қўйган нарсаси ундан ажраб қолар экан. Мен қабримда бирга бўлиши учун савобли ишларимга муҳаббат қўйдим.

Иккинчиси: Аллоҳ таолонинг «…нафсни ҳавойи хоҳишдан қайтарган бўлса», деган сўзига назар солдим. Бас, ҳавони даф қилиш борасида нафсни қийнадим ва охири Аллоҳ таолонинг тоатида барқарор бўлдим.

Учинчиси: Ким қийматли нарсага эга бўлса, ўшани қаттиқ муҳофаза қилишини кўрдим. Сўнгра Аллоҳ таолонинг «Ҳузурингиздаги нарса тугайдир. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса боқийдир», деган сўзига назар солдим. Бас, қиймати бор нарса қўлимга тушса, ҳузуримда боқий бўлиши учун У Зотнинг ҳузурига юбордим.

Тўртинчиси: Одамларнинг насабга, молга ва шарафга интилишларига гувоҳ бўлдим. Ҳолбуки, улар арзимаган нарсалардир. Бас, Аллоҳ таолонинг «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлийингиз энг тақводорингиздир», деган сўзига эргашдим ва У Зотнинг ҳузурида ҳурматли бўлиш учун тақвога амал қилдим.

Бешинчиси: Одамларнинг бир-бирларига ҳасад қилишларини кўрдим. Ва Аллоҳнинг «Дунё ҳаётида уларнинг ораларида маишатларини тақсимладик», деган сўзига мувофиқ, ҳасадни тарк қилдим.

Олтинчиси: Инсонлар ўзаро душманлик қилишларини кузатдим. Бас, Аллоҳнинг «Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг», деган сўзига амал қилган ҳолда одамларга нисбатан душманликни тарк қилиб, ёлғиз шайтонни душман тутдим.

Еттинчиси: Инсонлар ризқ талабида ўзларини ўзлари хорлашларининг гувоҳи бўлдим. Бас, Аллоҳнинг «Ер юзидаги жонзот борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир», деган сўзига амал қилиб, зиммамдаги нарсаларга машғул бўлиб, мен учун Унинг зиммасида бўлган нарсаларни тарк қилдим.

Саккизинчиси: Одамларнинг ўз тижоратларига, саноатларига ва танининг сиҳҳатига суянишларини кўрдим. Мен эса Аллоҳ таолога суяндим».

Охират уламолари ўта ишончли бўлмагунича, фатво беришга шошилмайдилар. Улар амалларни бузувчи, қалбларни кирлантирувчи, васвасани қўзғатувчи омилларни чуқур ўрганадилар. Зотан, амалларнинг сурати осон, уларни поклаш қийин. Диннинг асли ёмонликдан сақланишдир. Ёмонликни билмагунча, ундан сақланиб бўлмайди.

Охират уламолари шаръий амалларнинг сирлари ҳақида баҳс ва уларнинг ҳикматлари ҳақида мулоҳаза юритадилар. Агар сирини билолмаса, шариатга таслим бўлиш билан кифояланадилар. Охират уламолари саҳобаларга ва тобеъинларнинг яхшиларига эргашадилар.

Абу Нуъайм ва Абдулбарр келтирган ривоятда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу фақиҳнинг таърифида қуйидагиларни айтади: «Сизларга ҳақиқий фақиҳнинг хабарини берайми? У одамларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмайдиган ва Аллоҳ таолога осий бўладиган ишларда уларга рухсат бермайдиган кишидир. Одамларни Аллоҳнинг азобидан бепарво қолдирмайдиган, бошқага рағбат қилиб, Қуръонни тарк қилмайдиган кишидир.

Фиқҳ бўлмаган ибодатда яхшилик йўқдир. Фаҳм бўлмаган фиқҳда ҳам яхшилик йўқдир. Тадаббурсиз қироатда ҳам яхшилик йўқдир».


«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Макка фатҳи куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асир тушган Қурайш жамоасидан .Эй Қурайш жамоаси, нима деб ўйлайсизлар, ҳозир сизларга қандай чора давоми...

3447 09:30 / 23.03.2022
Муомала илми хавф, ражо ndash умид, ризо, сидқ ва ихлос каби қалбнинг ҳолатларига оид илмдир. Бу илм ила Суфён Саврий, Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал давоми...

1914 16:00 / 11.07.2021
Бу гапнинг маъноси адолат мавжуддир, раҳмат мавжуддир, мағфират мавжуддир деганидир.Бу гапнинг маъноси У Зотни зикр қилиб қалб ором топади, руҳ хотиржам бўлади, давоми...

3272 15:00 / 14.01.2021
Расмга олган киши айтяпти Сувга чўкиб олиб, сўнг ўрнидан туриб, дарҳол бўталоғини эмизган туяни кузатиб турдим. Унинг ҳаракатидан ҳайрон бўлдим. Туянинг эгасидан давоми...

2121 17:00 / 30.08.2022