1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Бугундан сўнг қилмиши унга зарар бермайди!

18:15 / 30.07.2024 2320 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Табук ғазоти мусулмонлар учун жуда катта синов бўлди. Тўғри, у ислом тарихидаги ҳал қилувчи жанг бўлмаган. Аммо буюк бир синов бўлган.

Ўша пайтдаги шароитлар барчаси ҳавои нафсга қарши ва Аллоҳ яратган фитратга зид эди. Ёз фасли эди. Ёзда саҳро ёнади. Қуёш куйдиради, қум ёндиради. Аксига олиб масофа ҳам узоқ. Набий алайҳис саломнинг қилган ғазотлари ичида энг масофаси узоғи Табук бўлган. Мадина билан Табукнинг ораси тахминан 650 км чиқади. Ўша пайтда ёмғир ёғмай қурғоқчилик бўлиб, байтул мол ҳам бўшаб қолган эди. Бу қўшинни жиҳозлаш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда мол йўқ эди. Шунинг учун бу қўшин «машаққат қўшини» деб номланган эди.

Табиийки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни қўшинни жиҳозлаш учун инфоққа даъват қилдилар. Кишилар имконияти даражасида саховат қилишди, бахиллик қилишмади.

Аммо бу ғазот том маънода Усмон розияллоҳу анҳунинг ғазотлари бўлди. Бадавлат бўлмиш Усмон розияллоҳу анҳу бу вақт ўзларининг вақтлари эканини англадилар. У зот ўзи ҳам, моли ҳам Аллоҳники эканига қаттиқ ишонган мўъмин ўлароқ бу қўшинни жиҳозлашга тўққиз юз элликта туя ва элликта от бердилар. Минг динор олиб масжидга бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда кишиларнинг берган улушини жамлаб ўтирган эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу динорларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўйниларига ташладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон розияллоҳу анҳунинг динорларини ағдариб туриб: «Бугундан сўнг Усмон нима қилса ҳам қилмиши унга зарар қилмайди», дедилар.

Ибодатларнинг энг афзали ўз жинсидан бўлганидир. Яъни, нафл намоз буюк ибодат. Аммо бой кишиларга бунданда буюк амал садақа қилиш, мискинларга ёрдам бериш, қарздорларнинг қарзини узиш ва етимларга ёрдам бериш ва ҳоказодир.

 Рўза тутиш буюк ибодат. Аммо буюк имомларимизга бундан ҳам буюк ибодат золимларга ҳақ сўзни айтишдир. Чунки инсонлар бошига фитна тушса дарров уламоларнинг фикрига қулоқ тутишади. Улар танлаган танлов буларнинг ҳам танлови бўлади.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг қуръон махлуқ ёки махлуқ эмас масаласида халифа Маъмун ва Муътасимнинг рўбарўсига чиққанлари минг кун нафл рўза тутгандан муҳим ва буюкроқ эди.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ўзларининг ҳақ сўзлари билан миллионлаб мусулмонларнинг дини ва ақидасини муҳофаза қилдилар.

Инсонларга йўллар қуриб бериш, иқтисодий аҳволини ўнглаш, бепул шифохоналар ва бепул таълимни таъминлаш ақлли ҳокимнинг иши . Аммо шариатни ҳимоя қилиш, уни жорий қилиш, мусулмонларни ва уларнинг диёрини қўриқлаш ҳоким учун бунданда зиёда ибодат ҳисобланади.

Қабристонларни тозалаш ҳақида гапириш, бечораларга ёрдам қилиш ҳақида мавъиза қилиш, турли оқимлардан қайтариш улуғ имомларимизнинг улуғ ишларидандир. Аммо инсонлар ақлини мунаввар қилиш, ақидасини ҳимоя қилиш, нурли асарлар битиб уларнинг ҳар томонлама фикрини очиш учун ҳаракат қилишлари унданда афзалдир. Бу йўлда сарф қилинган ҳар бир томчи сиёҳ шаҳидлар қони билан баробардир.

Ўзингга берилган неъматга назар солиб тааммул қилсанг ўзинг учун энг буюк ибодат нималигини англайсан.

Агар сенга бойлик берилган бўлса молингни беркитиб қўйма. Ўзингни нафл намозлар билан юпатма. Гоҳо фақирдан қабул қилинган нарса бойдан қабул қилинмайди.

Агар меҳроб ва минбар эгаси бўлсанг бир фикрни айтишдан қўрқма. Ортингдаги намозхонларнинг кўплиги билан ўзингни овутма. Имомлар инсонлар учун соябондай бир нарсадир. Соябонга фақатгина ёмғир ва тўфон вақтида муҳтож бўлинади.

Агар фикр ва қалам соҳиби бўлсанг ўқувчиларингни кўплиги ва сотган китобларингни бисёрлиги ила ўзингни алдама. Сен учун энг буюк ибодат, айтиш лозим бўлган гапни айтишинг, халқинг ғами билан ёнишингдир. Мусулмонлар устига бомбалар ёғдирилаётган бир пайтда масҳига масҳ тортишни гапираётган масхарабозга ўхшаб қолма!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақолаАллоҳ азза ва жалланинг муҳаббатига эришишга сабаб бўладиган амаллар кўп. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ .Мадорижус соликийн, китобларида қуйидаги давоми...

3496 11:00 / 21.01.2021
Аллоҳ таолонинг неъматларига қаранг ва ўйлаб кўринг. Сиз қанчалар неъмат ичидасиз Ҳар тарафингиздан неъматлар қамраб олган. Тананинг саломатлиги, ватаннинг давоми...

568 15:56 / 26 ноябрь
Қабилалардан бирининг шайхи вафот этди. Қабила вакиллари ўзларига янги шайх тайинламоқчи бўлдилар. Раҳбарнинг ўғли қабилага бош бўлишга ҳали кичиклик қилар эди. давоми...

2980 14:12 / 28.01.2024
Ажал тўғрисида Қуръони каримда шундай дейилган .Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Ёзилган ажал ўлароқ, Оли Имрон сураси, 145оят. давоми...

4888 14:00 / 06.09.2021