1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳ ўта мағфиратлидир

11:40 / 16.10.2019 2792 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ

Албатта, иймон келтирганлар, ҳижрат қилганлар ва Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилганлар – ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматини умид қиладилар. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. (Бақара сураси, 218-оят).

Ҳукм умумий: ким бўлишидан қатъи назар, иймон келтирса, мўминлик сифатига эришса, динию диёнатини сақлаб қолиш ниятида ҳижрат қилса, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилса, улар Аллоҳнинг раҳматидан умид қиладилар. Аллоҳнинг раҳмати уларга бўлмаса, кимга бўлар эди!

Келгуси ояти каримада янги саволлар: хамр, қимор ва нимани нафақа қилиш ҳамда уларга бериладиган жавоблар ҳақида сўз кетади.

ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ

Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Айт: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир». Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Айт: «Ортиқчасини». Аллоҳ шундай қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, тафаккур қилсангиз. (Бақара сураси,    Бақара 219-оят).

Оятдаги «хамр» сўзини «ичкилик», «ароқ» ёки «вино» деб таржима қилмадик. Чунки «хамр» сўзи умумий бўлиб, истеъмол қилган кишининг ақлини тўсувчи, яъни бир оз бўлса-да, таъсир ўтказувчи барча нарсага нисбатан ишлатилади. Бунинг ичига барча спиртли ичимликлар ҳамда наша, қорадори, кўкнори ва бошқалар ҳам киради.

«Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар».

Демак, Набий алайҳиссаломдан хамр ва қимор ҳақида сўрашган. Исломга тўлиғича кириш жараёнида бундай савол бўлиши, албатта, зарур эди. Ислом инсон ҳаётининг ҳамма тарафларидан қамраб олган, мусулмонлар тасаввурига янгича фикрлаш ҳиссини солган эди. Одамлар жоҳилият қоидаларидан, одатларидан тез қутулиб, исломий қонунларга тезроқ амал қилишга шошилишарди. Ислом жиҳод, намоз каби нарсаларгагина эмас, ундан бошқа ишларга ҳам, масалан, озиқ-овқатнинг ҳалол-пок бўлишига, касбнинг поклигига, мол-дунёни ҳалол йўл билан топишга ва уни жойини топиб нафақа қилишга ҳам эътибор беради. Чунки булар инсоният ҳаётидаги энг муҳим ҳолатлар ҳисобланади.

Дунёда адолат ўрнатиш, ер юзида Аллоҳнинг халифаси бўлиш вазифаси юклатилган шахс ароқхўр ёки қиморбоз ва молини ноўрин сарфлайдиган бўлиши мумкинми? Албатта, йўқ. Ҳолбуки, хамр ичиш, қимор ўйнаш ва ноўрин нафақа қилиш ҳоллари жоҳилият вақтида кишилар ҳаётига сингиб кетган эди. Улар хамрсиз ҳаётни тасаввур қила олмас эдилар. Шунингдек, қимор ва нотўғри мол сарфлаш ҳам кенг тарқалган эди. Мусулмонлардан баъзилари ўзларидаги пок ҳис-туйғу таъсирида бу ишларнинг ўнгланиши лозимлигини ҳам ҳис қилар эдилар.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳим, бизга хамр ҳақида шифо бўлувчи баён бергин», – деб дуо қилиб юрар эдилар.

Аллоҳ таоло кишилар ҳаётига сингиб кетган ароқхўрлик иллатини аста-секин муолажа қилишни ирода қилди.

Аввал, «Хурмо ва узумларнинг мевасидан маст қилувчи нарса ҳамда яхши ризқ оласизлар», деб Наҳл сурасида маст қилувчи нарсани яхши ризққа қарама-қарши қўйди. Кўпчилик «Хамр яхши нарса эмас экан», – деб ичишни ташлади.

Кейин ҳазрати Умар бошлиқ бир гуруҳ мусулмонлар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, хамр ҳақида бизга фатво беринг, бу ақлни кетказувчи, молни тортиб олувчи нарса», – дедилар. Шунда Аллоҳ таоло Бақара сурасидаги биз ўрганаётган ушбу оятни нозил қилди.

Кейинроқ Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу уйларида меҳмондорчилик уюштирдилар, у ерда ичиб, маст бўлишди. Намозда имомлари Кафируун сурасини хато қилиб ўқиди. Шунда Аллоҳ таоло «Маст ҳолингизда намозга яқинлашманг», деган оятни нозил қилди. Яна кўпчилик ичмай қўйди.

Бир муддат ўтгандан кейин Атабон ибн Молик зиёфат бердилар. Ичиб ўтириб, маст бўлиб, жанжал чиқди, муштлашув бўлди. Шунда Аллоҳ таоло хамрни бутунлай ҳаром қилувчи оятни нозил қилди. Иншааллоҳ, буларнинг барчаси ўрни келганда ўрганилади.

Хамр ва қимор ҳақидаги саволга жавоб беришни Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга:

«Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», – деб айт», – деб ўргатмоқда.

Хамрнинг ҳам, қиморнинг ҳам катта гуноҳ экани аввалдан таъкидланмоқда. Шу билан бирга, ўша вақтдаги кишиларнинг эътиқоди бўйича, манфаатлари ҳам борлиги эслатиб ўтилмоқда. Улар хамр сотиб, пул топишни манфаат деб тушунишган. Шунингдек, қиморда пул ютишни, ундан одамларга чўтал беришни ҳам манфаат деб тушунишган. Лекин бунга ўхшаш манфаатлари уларнинг гуноҳи олдида ҳеч нарса эмаслиги ҳам уқтирилмоқда. Хамрнинг жамиятга, шахсга, давлатга ва инсониятга келтирадиган зарари ҳозиргидек кўзга яққол кўринмаган бўлса керак. Эслашимиз керакки, ақлни тўсувчи ҳар бир нарсага хамр дейилади. Унинг номи турлича бўлиши мумкин, пиводан тортиб морфи ва бошқалари ҳам, ҳаммаси ҳаром.

Қиморнинг ҳукми ҳам шундай: осонлик билан, меҳнат қилмай, ошиқ ёки карта ўйнабми ёки бошқача номланган ўйинлар ўйлаб чиқарибми, одамларнинг пулини олиш ҳаром. Ҳозирги пайтда қиморнинг ҳам худди хамрга ўхшаб, турлари кўпайиб кетди. Инсониятга катта зарар келтираётганлиги учун уларнинг барчаси ҳаромдир.

Учинчи сўралган нарса нафақа ҳақида, тўғрироғи, нафақанинг миқдори ҳақида бўлди. Топган молу дунёни ўз ўрнига, тўғри сарфлаш нақадар зарурлигини ҳозир ҳамма ҳам тушуниб қолди. Турли-туман, ҳаром-ҳариш сарф туфайли нафақат шахслар, балки давлатлар, халқлар мусибатга учрайди. Бу оятда хайр-эҳсон, нафақа, садақага ҳам ўзидан ортганини ишлатиш уқдириляпти:

«Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Айт: «Ортиқчасини».

Демак, инсон аввал ўзига, аҳлига керагини ишлатиб, ортиб қолганини нафақа қилиши керак экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтиладики, бир киши:

– Эй Аллоҳнинг Расули, менда бир динор бор, – деди. У зоти бобаракот:

– Ўзингга сарфла, – дедилар.

– Яна бошқаси бор, – деди. Набий алайҳиссалом:

– Оилангга сарфла, – дедилар. У:

– Яна бошқаси бор, – деди. Набий алайҳиссалом:

– Болангга сарфла, – дедилар. Ҳалиги одам:

– Яна бошқаси бор, – деган эди, Набий алайҳиссалом:

– Ўзинг биласан, – дедилар.

Ўзидан ортиб қолган мол-дунёни кўпчиликнинг манфаати учун ишлатиш орқали мусулмонлар жамиятида ижтимоий тенглик рўёбга чиқади: муҳтожларга ёрдам уюштирилади, жамиятнинг бошқа зарур эҳтиёжлари ҳам қопланади.

Ояти кариманинг охирида:

«Аллоҳ шундай қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, тафаккур қилсангиз», – дейилади.

Демак, керакли нарсаларнинг барчасини Аллоҳ баён қилиб берган. Тафаккур қилиб, ўша баёндан фойдаланиш банданинг иши.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Зумар сурасида шундай марҳамат қилади Менинг номимдан айт .Эй ўз жонларига жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг давоми...

4521 06:04 / 17.11.2018
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Намозларни ва ўрта намозни муҳофаза этинг. Ва Аллоҳ учун чин дилдан, қўрқув ила қоим бўлинг. Бақара сураси, давоми...

3378 12:00 / 08.03.2020
Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади .Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога давоми...

1365 19:00 / 12.12.2023
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади .Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу давоми...

2953 11:11 / 23.10.2018