1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1441

Ручка воқеаси

09:05 / 24.09.2019 3787 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дарс тугади. Кейингисигача ўн дақиқа бор. Ҳамма дарсхонани тарк этиб, кейинги дарс ўтиладиган хонага йўл олди. У ҳам дарс анжомларини йиғиштириб, хонадан чиқиб кетаётган эди, биродари уни тўхтатиб: «Ручканг қолиб кетяпти» деб, бир дона шарикли ручкани унга узатди. У эса: «Бу меники эмас. Келганимда стол устида турган экан. Биздан олдин кимдир қолдириб кетибди» дея жавоб берди. Шунда биродари ручка билан бир нималарни ёзиб кўриб: «Ёзаркан, увол кетмасин», деди ва уни ўзига олиб қолди.

У: «Бундай қилмаслигимиз керак, ахир ручка бизники эмас» деди.

Биродари эса, шундай қолиб кетса, йўқолиб кетади. Ундан кўра кимдир ишлатгани яхши эмасми?, деди ўз ишини маъқуллаб.

У: «Нима бўлганда ҳам бизники эмас. Агар ҳаммамиз ўзимизники бўлмаган бирор нарсани топиб олганимизда «Бу меники эмас» деб, унга тегмасдан жойида қолдириб кетаверганимизда эди, токи унинг эгаси келиб ўзи олмагунича ўша ерда турар эди. Бироқ биз бундай қилмаймиз. Агар олсанг ҳам бу сенга омонат. Эгасини суриштирасан, қачон топсанг рози қиласан. Мутлақ ўзингники қилиб олишинг тўғри бўлмайди», деб жавоб қилди ва баъзилар бошқаларнинг ручкасини қайтариб бериш шарти ила олиб, қасддан қайтариб бермай юришларини ҳам қоралаб ўтди.

Бундан ташқари ушбу ҳикматли ривоятни ҳам гапириб берди. Абдуллоҳ ибн Муборак ҳақида бундай ривоят бор:

«У киши Шом шаҳрида ҳадис ёзаётган эди. Ёзаётган қаламлари синиб қолиб, бир кишидан қайтариб бериш шарти билан қаламини олди. Ёзиб бўлгач, қайтариш ёдидан кўтарилиб, уни қаламдонга солиб қўйди. Сўнг Марв шаҳрига келгач, қаламни кўриб қолди ва уни қайтаришни унутгани ёдига тушди. Сўнг қаламни эгасига етказиш учун яна Шом сафарига отланди».

Кейинги дарс бошланди. Ҳамма ўз ўрнини эгаллаган. Ундан бир биродари ортиқча ручкаси бўлса, беришини сўради. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули! Мени бир амалга далолат қилингки, уни қилсам, мени Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам яхши кўрсин” деганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Дунёдан зуҳд қил, шунда Аллоҳ сени яхши кўради. Одамларнинг қўлидаги нарсадан зуҳд қил, шунда улар ҳам сени яхши кўради” деганларини билганидан дарс давомида ручкасининг сиёҳи тугаб қолса, қолганлардан сўрамаслик учун ўзи билан ортиқча ручка олиб юрар эди. У ортиқча ручкаси борлигини, аммо унга бермаслигини айтди. Биродари эса: “Нега?” дея бунинг сабабини сўради. У: “Сенга берганим билан у билан ёзмайсан. Ўқитувчини алдаб ўзингни ёзаётган қилиб кўрсатиб ўтирасан. Ёзсанг ҳам ўйин қиласан” деди. Ҳақиқатда ҳам шундай эди. Ручка сўраган биродари дарсда кўзбўямачиликка қатнашадиганлардан эди. Одатда дарсга ўқув анжомларисиз келар, кимдандир вароқ, кимдандир ручка сўраб, улар билан ўқитувчига унинг айтаётганларини ёзаётгандек кўриниб ўтирарди. Шунинг учун ҳам бунга ручкасини бермади. Ундан бошқа ҳамма бу биродари бирор нима сўраганда ман қилишмас эди. Лекин улар ҳам берилган нарсалар билан ўйин қилиб ўтиришини билишар эди. Улар буни биродарига ёрдам деб билишарди.

У яхшиликка бўлганда ҳеч нарсасини ман қилмайдиганлардан эди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бизни алдаса, бизданмас!» деган огоҳлантиришларини билар ва ўзи алдамас ҳамда Аллоҳ таоло Ўз Каломида «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг» деб айтгани учун бошқаларнинг хатокорликларига, жумладан алдовларига ҳам аралашмас, ёрдам бермас, ўрни келганда «Ким Аллоҳ учун муҳаббат қилса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса, Аллоҳ учун ман қилса, батаҳқиқ, иймонни мукаммал қилган бўлади» ҳадисига кўра ўзидаги нарсани бермас, ман қилар эди. У биродарлари билан муносабатларида очиқ юзли, хушмуомала бўлар, яхши ишларида ёрдамлашар, беҳудагарчиликларига эса аралашмас, уларни асло ёмон кўрмас, динига амал қилмасликда айблаб, пастга урмас, ўрни келганда насиҳат қилар эди. Лекин динига амал қилиш билан биродарларининг кўнглига қараб иш қилиш терс келиб қолса ва уларни ўша ҳолатда тенг бажариб бўлмайди деб ҳисобласа, динига амал қилар, биродарларига қилаётган ишининг сабабини тушунтирар эди. Улар ҳам уни анчайин тушуниб қолишган эди.

Унинг битта ручкани бермаслиги шулар учун эди. Қолганлар ручкани ёрдам деб беришаётганда нимани асос қилиб олишар эди, буни ўзлари билишади, лекин у ман қилганда юқоридагиларни асос қилиб олган эди. У ҳаётда учрайдиган ҳар бир ҳолат учун динининг кўрсатмаси борлигини билар, уларни ўрганиб қодир бўлганича амал қилар эди. Агар унинг бу қилганлари сизга ғалати туюлаётган бўлса, Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Агар саҳобалар тирилиб келсалар, сизлар уларнинг динга амал қилишларини кўриб мажнун деб ўйлар эдинглар. Улар эса сизларни кўриб «Булар мусулмон бўлмасалар керак», деб ўйлашар эди» деган гаплари сизга бу ҳолатни тушунишга ёрдам берса керак. Албатта, у саҳоба розияллоҳу анҳумлардан эмас, лекин уларга қодир бўлганича эргашадиганлардан эди.

Мен уни – Абдуллоҳни анчадан буён кўрмадим.

Реал воқеалар асосида Охунжон Охунов тайёрлади.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
418Укоз номлик бозордаги, эшитган сўз мафтун қилди,Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўйлантириб, ҳаётдан кўп маҳзун қилди,Одамлардан узоқ кетиб, ёлғизликда давоми...

3457 10:05 / 30.10.2019
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак Каломи ўлароқ қадри баланд, тиловати ибодат бўлган энг улуғ каломдир. Шунга кўра, Аллоҳнинг каломи ёзилган мусҳафларимиз давоми...

2272 09:10 / 05.09.2019
Аллоҳ таолонинг бандаларига берган неъматлари беҳисобдир. Аллоҳ таоло мўминларни бу дунёни ўзида ҳам энг улуғ неъматлардан бўлган Ислом неъмати ҳамда Қуръони давоми...

3647 11:00 / 27.06.2020
.Коронавирус, бу Аллоҳдан келган балодир, лекин дуо қилиб бирлашсак, орқасида гўзал ҳикматни кўрамиз.Мен бунинг орқасида қандай ҳикматлар бор экан деб роса ўйлаб давоми...

4163 13:30 / 30.03.2020