1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Баҳрул улум, Мавлоно Неъматуллоҳ Аъзамий ҳафизаҳуллоҳ юртимизга ташриф буюрди

13:29 / 04.10.2019 5153 pdf Ўқиш режими + -

Улуғ муҳаддис, усулий фақиҳ, баҳрул улум, Мавлоно Неъматуллоҳ Аъзамий ҳафизаҳуллоҳ 1356-ҳижрий 1933-мелодий санада Ҳиндистон шаҳри Маунатҳ Бҳанжаннинг машҳур жойи «Пура Маъруф» да таваллуд топдилар. Аслида Пура Маъруф илм-фан аҳлининг маркази бўлган. Лекин Аллоҳ таоло Ҳазратнинг зуваласини бу ернинг тупроғига қўшиб ушбу тупроқни тиллага айлантирди. Ҳазрат бу юртнинг энг улуғ илмли шахси ҳисобланади. 

Баҳрул улум, Мавлоно Неъматуллоҳ Аъзамий ҳафизаҳуллоҳ бошланғич диний илм ва мактабнинг аксар китобларини ўзларининг машҳур ватанларида таълим олдилар. Бу ердаги устозлари ва тааллуқли кишиларида етарли мақбулият ҳосил қилиб, тинимсиз меҳнат ва жидду-жаҳдда ҳам машҳур бўлдилар. Қолаверса, араб тили бошланғич таълимини ҳам айнан шу ерда ўзлаштирдилар.

Олий таълимни Ҳинднинг азҳари, Дорул улум Девбандга ўқишга кирдилар. Ўқишнинг биринчи йили тафсирдан аллома Жалолиддин Суютийнинг машҳур тафсири «Жалолайн» ва ҳадис илмининг машҳур ва мустанад китоби «Мишкотул масобиҳ»дан таълим олдилар.

1372 ҳижрий санада Ҳазрат ўқишни тамомладилар. Айни шу йил Шаъбон ойида «Давраи Ҳадис»га имтиҳон топширдилар ва энг юқори балл билан муваффақият қозондилар.

Ҳазрати Ақдас Мавлоно Неъматуллоҳ Аъзамий даамат баракатуҳум Дорул улум Девбанднинг ҳадис устозидирлар. У киши кенг пешонали, кўзларида кўзойнак, жозибадор малларанг, табассумли лаб, баланд қоматли, суҳбатларида илм ва тавозеънинг гўзал жамланмаси, қўлда ҳасса ва бошқа хусусиятларга эга бўлган улуғ олимдир. Исми жисмига монанд.

Ҳазратнинг устозлари ичида бир неча исмлар зикр қилишга лойиқ зотлар ҳисобланади. Улар қуйидагилар:

— Шайхи араб ва ажам, шайхул ислом Ҳазрати мавлоно Ҳусайн Аҳмад Маданий.

— Жомеъи манқул ва маъқул, Ҳазрати аллома Муҳаммад Иброҳим Балявий.

— Шайхи адаб, Ҳазрати Мавлоно Эъзоз Али Амрўҳвий раҳматуллоҳи алайҳ.

Шунингдек, Ҳазрат буюк муҳаддис Абулмаосир Ҳазрати Мавлоно Ҳабибур Роҳман Аъзамий раҳматуллоҳи алайҳдан ҳам илмий истифода қилганлар.

Ўқишни тамомлагач ўзларининг устозлари Ҳазрати мавлоно Эъзоз Али Амрўҳвий раҳматуллоҳи алайҳнинг имо-ишоралари ила Мағрибий Юпининг машҳур мадрасаси «Мадрасаи Ҳусайния»да дарс бериш хизматига буюрилдилар. Кейинчалик мамлакатдаги бошқа араб тилига хосланган мадрасаларда ҳам Ҳазратнинг илмий файзлари жорий бўлди. Уларнинг ичида «Мифтоҳул улум Кўпа Ганж», «Жомиъатур Рошад Аъзам Гарҳ», «Мифтоҳул улум Митту» ва бошқалар зикр қилишга лойиқдир.

1402-ҳижрий санада бу гавҳарга тенг юртнинг турли мадрасаларини кезганларидан сўнг Дорул улум Девбандга келдилар ва шу ерда устозлик хизматига тайинландилар.

Бу илм даргоҳида ҳазрат дарс беришдан ташқари ҳадис илмига хос муҳаббат ва иштиёқлари сабабли «Саҳиҳи Муслим» ва «Сунани Абу Довуд» дан талабаларга таҳсил бера бошладилар. Бугунги кунда ҳазрат ҳадис илмини ўзларининг хос фанлари қилиб олдилар. Усули ҳадисда юқори чўққига эришдилар. Ҳадис китобларининг энг муҳимларини мутолаа қилдилар. Натижада «Дорул улум» ҳазратга «Баҳрул улум», яъни «Илмлар денгизи» лақабини берди. «Дорул улум» атрофида ҳар кимнинг тилига ҳазрат, мавлоно Неъматуллоҳ Аъзамий ҳафизаҳуллоҳ исмлари ўрнига «Баҳрул улум» лафзи келади ва айнан шу ҳазратнинг ҳақиқий таърифларини намоён қилади.

Ҳазрат нафақат исломий илмлардан бохабарлар, балки ҳар соҳани ҳам забт этганлар. Жумладан,тафсир, ҳадис, фиқҳ, фатво, балоғат, калом, тарих ва сийрат, хуллас ҳар бир фанни ҳазрат мукаммал эгаллаганлар. Катта аҳли илмлар бирор масалани ҳал қилишда ожиз бўлсалар, ҳазратга мурожаат қиладилар. Бирор қийин иборанинг ечимида ҳазратнинг ҳузурларига келганларида қисқа лаҳзаларда бу масалани ҳал бўлганини кўрадилар.

Ахлоқ ва сифатлари:

Аллоҳ таоло Ҳазратга илмий камолот билан бирга ахлоқ ва гўзал сифатларни ҳам ато қилган. У киши тавозе ва ҳокисорликда гўзал намунадирлар.

Барча мазкур ишлар қатори ҳазрат бир неча китобларнинг муаллифи ва мусаннифидирлар. Улар ичида ҳадис илмининг қуйидаги китоблари зикр қилинади:

1. «Неъматул мунъим». Бу саҳиҳи Муслимнинг урду тилидаги ўта мақбул ва машҳур шарҳидир.

2. «Тақрибу шарҳи маъонил осор». Бу ҳадис илмида Ҳазратнинг икки жилдлик иккинчи тасниф қилган китобларидир.

3. «Диросату татбиқил амсилати лианворил ҳадис».

4. «Диросатул ҳадисис саҳиҳи валҳасани».

5. «Ал-фавоидул муҳиммату».

6. «Ал-минҳажуд диросий».

7. «Ал-аҳодисул мухтароту лилҳифзи лиқисмит тахоссуси фил ҳадиси».

8. «Таълиқун ъала муқаддиматулисобати лил Ҳофиз ибни Ҳажар».

9. «Муҳозаротэ раддэ ийсоийят».

10. «Неъамул баён фий таржиматил Қуръон».

11. «Фуқаҳоус саҳоба»

12. «Тилка ъашаротун комила».

Аллоҳ таоло ҳазратнинг ҳаётларига баракалар ато қилсин ва илмий файзларини янада кенг қилсин!

Улуғ муҳаддис, усулий фақиҳ, баҳрул улум, Мавлоно Неъматуллоҳ Аъзамий ҳафизаҳуллоҳ юртимизда меҳмон бўлиб турибдилар. Олимнинг сафар тафсилотлари билан расмий саҳифаларимизда таништириб борамиз. Бизни кузатишда давом этинг!

Абдулқайюм Комил тайёрлади. 

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Дунёда 150 миллиондан ортиқ бола озиқовқат етишмовчилигидан азият чекмоқда, шунингдек семираётган кишиларнинг сони ҳам ортиб бормоқда. БМТнинг Жаҳон озиқовқат давоми...

2071 17:40 / 17.10.2018
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифининг асосий тадбирлари бошланди. Давлатимиз раҳбари, давоми...

2310 14:25 / 25.03.2019
Буюк Британияга ташриф қилган Ўзбекистон делегацияси Лондон шаҳридаги .Christies, ва .Sothebys, аукцион савдо уйларида бўлди. Ташриф давомида .Christies, аукцион савдо уйининг давоми...

368 11:58 / 30 ноябрь
Қайд этилишича, Ўзбекистон да ўтган 2023 йил давомида Ҳаж мавсуми ва Умра зиёрати юқори савияда ташкил этилган. Хусусан, 15 минг 150 нафар зиёратчи Ҳаж амалини, 43 мингдан ортиқ зиёратчи Умра амалини адо этган.

1123 18:27 / 10 январь
Видеолар
Аудиолар

137651 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57719 14:35 / 11.08.2021