1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Бахту саодат қаерда?

05:00 / 01.03.2017 4078 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бахту саодат  маънавий нарса бўлиб, уни кўз билан кўриб бўлмайди. Қанчалик билан қиёслаб бўлмайди. Хазиналарга сиғмайди. Олтинга ёки фунтга, рублга ёки  долларга сотилмайди.

Доктор Ю. Қаразовий

Бахт ва содат ­ файласуфидан тортиб авомигача, подшосидан тортиб оддий камбағалигача ҳар бир инсон ахтариб юрадиган орзу­ умидлар боғидир. Ҳеч бир одамни у ўзи учун бахтсизликни излаб юрибди ёки бахтсиз бўлишга рози деб айта олмаймиз. Бироқ қадимдан одамларни ҳайратга солиб келадиган бир савол бор: ўша бахту саодат қаерда? Дарҳақиқат кўплар уни ўз ўрни бўлмаган жойлардан изладилар ва саҳрода гавҳар излаб қайтган кимсага ўхшаб қуруқ қўл, толиққан жисм, синган нафс билан   умидлари сўнган ҳолларида ортга қайтдилар...

 Тўғри. Одамлар ҳар хил асрларда алвон ­алвон моддий матоларни ва турли хил ҳиссий шаҳватларни тажриба қилиб кўрдилар. Бироқ ­ёлғиз унинг ўзи билан­ умуман бахту саодатга эришиб бўлмаслигини англаб етдилар. Баъзида ­ана шуларнинг барчасига қарамасдан ­ янги­ янги ғам ва қайғулар орттириб олдилар.

Бахту саодат  моддий роҳатдами?

Баъзи бир қавмлар шундай деб гумон қилдилар. Яъни бахт ва саодат бадавлатликда, фаровон яшашда, тўқчиликда ва қулай ҳаёт кечиришда деб ҳисобладилар. Лекин ҳаёт тарзи юқори даражада бўлган, фуқаролари учун моддиюнча ҳаётнинг  емак ва ичмак, кийим­ кечак,  уй ­жой ва машина каби  талаблари осон қилиб қўйилган мамлакатлар шунча кўп мукаммалликлар бор бўлишига қарамасдан ҳали ҳануз бахтсиз ҳаётдан шикоят қилиб келмоқдалар. Ўзини дунёга сиғмаётгандек, нафаси қисилиб, бахт ва саодатнинг бошқа бир йўлини излаб юрибдилар.

Маънавият масалалари ҳамда диний қадриятларга аҳамият қаратмайдиган «Rose al-Yūsuf» журналининг бош муҳаррири бундан бир неча йил муқаддам «Жаннат аҳли бахтли эмаслар» деб номланган бир мақолани нашр қилган эди. Жаннат аҳли деганда тушларга ўхшаб кетадиган иқтисодий савияда яшайдиган, ҳаётларида қашшоқлик ё қариликнинг, ишсизлик ё бирор бир бахтсиз тасодифнинг хавфи учрай демайдиган швецияликларни назарда тутганди. Зотан ҳукумат ана шу ҳолатлардан бирортаси бошига тушган ҳар қайси фуқаросига каттагина моддий кўмакларни кафолатлаб қўйибди. Шу даражадаки,  ҳеч бир фуқаро муҳтожликдан ёки иқтисодий етишмовчиликдан шикоят қилишга ҳеч вақт сабаб топа олмайди. 

Миллий даромаддан Швециядаги битта шахсга ажратиладиган йиллик улуш 521 Миср фунтига, бир ойда тахминан 43 фунтга тенг келади.

Швециядаги социалистик ҳукуматнинг низоми ўсиб борувчи солиқларни солиш, бошқа ҳеч бир мамлакатда учрамайдиган тиббий ва ижтимоий суғурталарни йўлга қўйишлик билан табақалар орасидаги тафовутларни тамоман ўчириб ташлашга яқин турибди. 

«Ҳар бир Швеция фуқароси маош олишга ва касаллик нафақаси, ишга яроқли эмаслик ва тирикчилик қилиш қийинлашгани сабаб бериладиган ёрдам пули, турар жой учун ёрдам пули, кўрлиги учун нафақа олишга ҳақлидир. Нафақа  нақд пулда берилади. Шифохоналарда бепул даволанади».

«Ҳар бир аёлга оналик нафақаси берилади. Бу нафақа туғиш ва шифохонада тиббий кўрикдан ўтишлар учун кетадиган сарф харажатларни ҳам ўз ичига олади. Шунингдек, ҳар бир чақалоқ учун қўшимча нафақа олади».

«Иш вақтидаги бахтсиз ҳодисаларга қарши суғурта қилиш мажбурийдир».

«Ишсизлик ҳолатида бериладиган нафақаларнинг шартлари машҳур халқаро шартларнинг энг юқори даражадагисидир».

«Давлат ёш болалар учун берадиган ёрдам пуллари худди хом хаёлга ўхшаб кетади. Жумладан, бола 16 ёшга етгунига қадар ҳар йили 40 фунтдан иқтисодий нафақа олади. Бепул тиббий назоратда бўлади.  »

«Таълимнинг барча босқичлари бепулдир. Қодир бўлмаганларга тирикчилик ва кийим­ кечаклар учун ёрдам пуллари бериб борилади. Талабаларга тиришқоқ талабалар учун белгиланган 250 фунтга яқин ўқув кредитлари бериб борилади».

«Давлат ёш оилаларнинг ўз уй­ жойларини жиҳозлаб олишлари учун 5 йиллик муддатга кам фоизлик 300 фунт кредит беради».

«Швеция халқи тўлайдиган солиқларнинг учдан бир қисмини давлат ижтимоий суғурталарга ишлатади. Шулардан саксон фоизини давлат ёрдам учун бериладиган нақд пулга сарф қилади. Давлат бюджетининг энг катта қисми аввал ижтимоий масалалар вазирлиги, ундан сўнг таълим­ тарбия вазирлиги учун ажратилган».

Ҳеч бир каму­ кўстни қолдирмай тўлдириб борадиган ана шундай таъминотларга қарамасдан матбуот ходими у ердаги одамларни нотинч ва изтиробли ҳаётда, кескинлик ва тангликда, шикоят ва ғазаб билан, умидсизлик ва таҳлика билан яшайдилар деб айтмоқда. Бунинг оқибатида эса одамлар ана шу оғир машаққатли ҳаётдан қочишга тушмоқдалар. Яъни, ўзлари чекаётган аламли руҳий азоблардан қутулиш учун минглаб одамлар нажот йўли деб биладиган «суиқасд»ни қилмоқдалар. 

Мақоланинг муаллифи ана шу бахтсизликнинг ортида яшириниб ётган сир битта нарса у ҳам бўлса «иймон»нинг умуман йўқ эканлигидир деган хулосани беради.

Дунёдаги энг бадавлат мамлакат бўлган Америка ҳам фазога олиб чиқадиган кемалари, осмон ўпар иморатлари борлиги, фуқароларининг бошларию оёқлари остидан зарлар сочаётган бўлишига қарамай ўз фуқароларини бахтли қила олган эмас. Уларнинг мутафаккирлари орасида ҳам: «Нью Йорк бахтсизлик ва бечораликдаги ҳаёт тарзининг устидаги кўркам пардага ўхшайди», деб турганини кўрамиз.

Ана шу бахтсизлик ва бечораликни шарқу ғарбда яшайдиган тафаккур аҳлларининг ҳаммалари мулоҳаза қилганлар.

Ғарбликлар орасидан эса Француз адиба Франсуа Сюган бўлиб, у Нью Йоркда икки марта бўлган. Ана шундан сўнг бир китоб ёзиб унда: « Кишига оғирлик қиладиган Нью Йорк» ўз аҳолисининг тезлигидан кўра юраги тезроқ уриб турган шаҳардир, деб ёзади. Аслида ҳам Нью Йорк аҳолиси бошидан ўткараётган кескинлик ҳис туйғулар кескинлигидир. Ана ўша шошқалоқ ва кучдан қолиб толиққан америкаликларнинг мушакларида қайнаб тошаётган оқ оқади. Улар вақтни тежашни истайдилар ­у, аммо ана ўша вақтни қандай ишлатишни билмайдилар.

 Шунингдек профессор Коулин Вилсон ҳам Нъю Йоркнинг обод бўлаётгани ва моддий томонлама гуллаб яшнаётганини тавсифлаб туриб уни «бахтсизлик ва бечораликдаги ҳолатнинг чиройли пардаси»дир дейди. 

Демак, молу давлат саодат эмас экан. Саодатли   бўлишнинг бирламчи унсури ҳам эмас экан. Аксинча  баъзида молу давлатнинг кўплиги охират олдидан дунёнинг ўзидаёқ эгасига бахтсизлик олиб келтириши мумкин. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мунофиқ қавмлар ҳақида: «Уларнинг моллари ва болалари сени ажаблантирмасин. Аслида, Аллоҳ ўша нарсалар сабабли уларни ҳаёти дунёда азоблашни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишни хоҳлайди, холос», (1) деб насиҳат қилади. Бу ердаги азоб машаққат ва қийинчилик, ғам ва алам ҳамда беморликдир. Зотан, «Сафар азобнинг бир бўлагидир» деган ҳадис услубида айтадиган бўлсак ҳозирги дунёнинг азобидир.  Энг катта ғами, илми ила эришгани, энг сўнги орзуси молу дунё бўлган ҳар қайси кимсада биз ана шу нарсани ўз кўзимиз билан кўриб турамиз. Бундай одамнинг жони ҳар доим азобда, қалби қийноқда, руҳи оғир бўлади. На озига қаноат қилади ва на кўпидан тўяди.

Анас розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда ана шу азобдаги жоннинг тасвири келган. Унда Пайғамбар алайҳиссалом: «Кимнинг ғами Охират бўлса, Аллоҳ унинг бойлигини қалбига солиб қўяди. Унинг кўнглини бир жойда қилиб қўяди. Дунё унинг олдига ўзи хоҳлаб келади. Кимнинг  ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг қашшоқлигини кўзининг устига қилиб қўяди. Кўнглини нотинч қилиб қўяди. Унга бу дунёдан фақат унинг учун тақдир қилиб қўйилгани келади, холос», дейдилар.(2)

Бу дунёдаги энг кучли азоб ­Ибнул Қоййим ўзининг «Иғосатул лаҳфон» номли китобида  айтганидек­ кўнглининг нотинч бўлиши, қалбининг хотиржамликни йўқотиши, қашшоқликнинг уни ҳеч тарк этмасдан ёнида юришидир. Агар дунё ошиқлари унинг муҳаббати билан маст бўлмаганларида эди албатта ушбу азоблардан паноҳ излаган бўлар эдилар. Ҳар ҳолда уларнинг кўплари дунёдан нолиб оҳ­ воҳ қилиб юрадилар. Азобнинг турларидан яна бири: дунё машаққатларига ва дунё аҳлининг унга қарши курашларига бардош беришлик, уларнинг адоватларига дучор бўлишлик билан қалб ва жисмнинг азоб чекишидир. Салафлардан бирлари: «Кимда ким дунёга муҳаббат қўйса, бас, мусибатларга сабр­ бардош қилишга ўзини тайёрласин», деган экан. Дунёнинг ошиғи уч нарсадан холи бўлмайди: доимий ғам, доимий меҳнат ва туганмас ҳасрат. Бунга сабаб дунёга муҳаббат қўйган инсон  унинг озгинасига эришар экан албатта унинг нафси ундан ҳам  кўпроғига талпиниб қолади. Бу ҳадисда келган: «Агар одам боласининг икки водий тиллоси бўлса, албатта бу иккисининг учинчиси ҳам бўлишини орзу қилади».  Ийсо ибн Марям алайҳиссалом дунёни севган кишини хамр ичгувчига ўхшатадилар. Қанча кўп ичса шунча чанқаб бораверади у.

Бахту саодат  фарзандлардами?

Фарзандлар бу ҳаётнинг гуллари ва дунёнинг зийнати экани ҳақиқат. Бироқ қанча­ қанча фарзандлар борки ўз оталарига азоб олиб келганлар ва оқпадар бўлганлар. Уларга яхшилик ва итоатда бўлиш ўрнига нонкўрлик қилганлар. Ҳатто қанча­ қанча фарзандлар ўз оталарининг бойликларига тезроқ эришиш  ёки оталари фарзандларининг шаҳватларининг олдини тўсганликлари учун ўз қўллари билан ўлдириб юборганлар.

Ўз фарзандига афсус надоматлар билан шундай деяётган оталар ҳам бор:


Чақалоқ эдинг боқдим то йигит бўлгунингча,

Иситманг чиққан оқшом ухламадим тушгунча,

Қачон мен умид қилиб юрган ёшинга етдинг,

Худди мени боққандек дағаллик жазо этдинг.



Биз бу ҳаётда оталарига оқ бўлган фарзандлар ва бахтсиз оталар ҳақида ғароиб сувратларнинг қанчасини кўрдик, энг ғароиб гапларнинг қанчасини эшитдик. Асрлар оша бу нарса  ўз фарзандларининг оқибатсизликларидан оталарнинг жонларини ҳалқумига келтирган эди.. Ҳатто қирол «Лир» ­Шекспирнинг тилида­ шундай деган эди: «Оқибатсиз ўғилдан бошқаси заҳарли илоннинг тишидан кўра азобли эмасдир».

Шоирлардан бири шавқ билан шундай ёзади: 


Кишининг ўз боласин ўзига зарар кўрдим,

Бепушт бўлиб ўтганлар бахтли эканин билдим.

Зеро болангни боқсанг душман бўлар бир куни,

Ёхуд етим қолдириб ташлаб кетарсан уни.




Кейин, фарзанд кўришдан маҳрум бўлганларнинг чораси қандай? Уларни абадий бахтсизлик ва доимий бечораликка маҳкум деймизми?

Бахту саодат  экспериментал фанлардами?

Қизиқ, инсониятнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилаётган моддий экспериментал фанлар уни бахтли қила олармикин?

  Доктор  Муҳаммад Ҳусейн Ҳайкал ўзининг «Иймон, маърифат ва фалсафа» китобида айтганидек илм ­ фан ҳаётда бизлар учун кўпгина нарсаларни кашф қилиб берди. Аввалгиларнинг хаёлларига ҳам келмаган қулайликлардан баҳраманд бўлиш имконини бергани ҳақиқат.

Шунингдек, илмга чанқоқлик инсон табиатининг бир бўлаги экани, шунинг учун ҳам ҳар доим бир нарсани ўрганиб, унинг ботинидан хабардор бўлар экан ана шу ботинларни ўзгартириб юборишни ёки ўз илмига бўйинсунадиган янгиликни излашни тўхтатмаслиги ҳам ҳақиқат. Лекин илм­ фаннинг бахту саодатга элтгувчи сабаб бўла олмаслиги ҳам ҳақиқат. Аксинча у кўпинча нотинчлик ва изтиробларнинг омили бўлиб чиқади. Бахту саодат ­ бу кўз ўнгимизда ўзининг нурли қанотлари билан учиб юрган чиройли қуш орзусидир. Биз ҳавода ана шу нарсанинг насимини ҳис қилишни истаймиз, кўксимизни тўлдириб ундан нафас олишни хоҳлаймиз. Аммо ўзимиз учун етарлисини топмаймиз. Бахту саодат­ бу инсон зоти  Одам атодан бугунга қадар ортидан қувиб юрган нарсадир.  Унинг ортидан қувиб энди тутиб оламан деганларида дарров ортиларидан бахтсизлик шайтони келиб ўзига қараб тортиб кетади ва йўлини тўсади. Ана шу саодат илмда эмас. Чунки илм шаҳватдир. Шаҳватнинг ортида саодат бўлмайди. Кўпинча илмга муккасидан кетиб умрларини унга бағишлаган олимлар ҳаётларининг сўнгида кўп нарсани билишлик билан ўзимизнинг ғамимизни зиёда қилдик дея ҳасрат чекиб қоладилар. Кейин эса ўз болаларини иймон билан ўсиб улғайишларини, бу ҳаётда туғма хусусиятлари билан яшашларини ва илм билан ғайбнинг тилсимларини талаб қилмасликларини васият қилиб кетадилар. Зеро биздаги илм қанчалик чегара билмас бўлса ҳам ниҳояси йўқ бўлган ушбу борлиқнинг чегараси олдида торлик қилиб қолади. Умрларининг аввалини илм­ фан ғайбнинг пардаларини йиртиши шубҳасиз дея ўткарган, қачонки ғайбнинг пардалари туганмас эканини кўриб ожиз қолишар ҳамда ўзларининг ҳақиқати йўқ бўлган саробнинг ортидан қувиб юрган эканликларини англаб етар эканлар Friedrich Nietzsche (олмониялик шоир ва файласуф. 1844­ 1900) ва ундан бошқалар ана шу нарсага васият қилиб кетганлар.

Британиялик ҳозирги замон файласуфи Bertrand Russell ­ўзининг моддиюнча назариясига қарамасдан ­ инсон илм­ фан ёрдамида табиат билан бўлган курашида ғалабага эришган эканлигини, аммо ўз нафси билан бўлган курашда ғалаба қила олмагани ва илм­ фаннинг қуроли наф бермаганини таъкидлайди. Ва дин ҳанузгача ана шу майдоннинг эгаси бўлиб келаётганини эътироф этади.

Америкалик машҳур руҳшунос доктор «Генри Ланк» илм­ фанни ва фикрни ҳурмат қилиш номи билан ғайбга ишонишни инкор қиладиган кимсаларга қарши чиққан ва фақат илм­ фаннинг ўзи инсонни ҳақиқий бахтли қилишга қодир эмаслигини тушунтириб шундай дейди:

«Воқелик шуки, ҳозирда илм­ фаннинг барча майдонларида ана ўша залолатнинг шуълаларини аланга олдириб турадиган ҳодисалар мавжуд. Мен бу билан ақлнинг шаънини улуғлаш ва кўтаришни назарда тутмоқдаман. Руҳшунослар фақатгина ақлнинг ўзига эътимод қилишлик инсоннинг бахтини барбод қилиш учун етарлидир деган хулосага етиб келдилар. Бу ҳақиқат ўша уламоларнинг одамлар билан олиб борган тажрибалари ва минг­ минглаб кишилар устидан ўткарган илмий текширишлари воситасида аниқланган. Мен энди шуни айтишим қолдики:  таълим ­ тарбия ва дин, шахсият ва ҳаёт фалсафасига бутунлай тааллуқли эканига нисбатан ана шу кашфиётларга эришилиб бўлинди.

Шундай экан биз фақатгина илмий маърифат ва маълумотларнинг тараққий топиши орқали ҳаётнинг оғир муаммоларини етарли даражада ҳал қилишга ҳаргиз йўл топа олмаймиз ва бахту саодатнинг булоғидан асло сув ича олмаймиз. Зотан илмнинг юксалиши дегани мураккабликнинг ортиши демакдир. Модомики ана шу илмларнинг барчасини ҳаётнинг ҳар кунлик аниқ ҳақиқатлари байроғи остида бирлаштирилмас ва бўйинсундирилмас экан ана шу илмлар уларни ўйлаб топган ва ихтиро қилган ақлларни ҳаргиз озод қила олмайди. Аксинча ана шу ақлларнинг таназзулга юз тутиши ва пўпанак босишига етаклайди. Шунингдек ана шу бирлаштиришлик фақатгина илмнинг ёрдамида яъни иймоннинг ёрдамида бўлиши лозимдир».

Бахту саодат  инсоннинг ичидадир

 Демак саодат молу давлатнинг кўплигида ҳам, мартабанинг кучида ҳам, бола­ чақанинг кўплигида ҳам, манфаатдорликда ҳам ва моддий тарафдан юксакликда ҳам эмас экан.

Бахту саодат  маънавий нарса бўлиб, уни кўз билан кўриб бўлмайди. Қанчалик билан қиёслаб бўлмайди. Хазиналарга сиғмайди. Олтинга ёки фунтга, рублга ёки  долларга сотилмайди.

Бахту саодатни  инсон ўзининг ичида ҳис қилади... нафснинг поклиги, қалбнинг хотиржамлиги, дилнинг кенглиги ва виждоннинг таскини.

Бахту саодат  инсоннинг ичидан қайнаб чиқадиган ва ташқаридан келтириб бўлмайдиган нарсадир.

Ҳикоя қилишларича бир эр ўз хотинига қаҳру ғазаб билан: «Мен сени албатта бадбахт қиламан», деб дўқ қилибди. Шунда хотин хотиржамлик билан: «Сиз мени бахтиёр қилишга кучингиз етмаганидек бадбахт қилишга ҳам қурбингиз етмайди», деб жавоб берибди.

Шунда эр дарғазаб бўлиб: «Қандай қилиб қурбим етмайди?» дебди. 

Хотин ишонч билан жавоб қилибди: «Агар бахт ойлик маошда бўлса уни мендан кесиб қўярсиз. Ёки зеб зийнатда бўлса ундан мени маҳрум қиларсиз. Лекин бахт Сиз ҳам, одамларнинг ҳаммаси ҳам эгалик қила олмайдиган нарсадир!».

Шу пайт эр ҳайрат билан сўрабди: «  Нима экан у?»

Хотин кучли ишонч билан: «Мен бахтни ўз иймонимда топаман. Менинг иймоним қалбим ичида. Қалбимга эгалик қилишга эса Роббимдан бошқанинг кучи етмайди!», дебди.

Ана шу ҳақиқий саодат. Одам фарзанди эгалик қила олмайдиган, берилган кишисидан тортиб ололмайдиган саодат ана шудир. Бу саодатнинг сурурини солиҳ мўминлардан бири ҳис қилиб шундай деган: «Биз бахту саодатда яшаймиз. Агар буни подшолар билганларида эди уни деб бизларнинг устимизга қилич кўтарган бўлар эдилар!».

 Бутун борлиғини қамраб олган ўша руҳий лаззатидан маст бўлган яна бир мўмин: «Ўтиб бораётган ҳар дақиқаларда мен шундай деб бораман: «Агар жаннат аҳли ҳозир мен бўлган ҳолатимда бўлар эканлар демак улар бахтиёр ҳаётда бўлар эканлар!».»

Ана шу неъматдан насибадор бўлганлар қанчалик ялтироқ ва янги бўлмасин, ҳодисалар устидан куладилар. Қанчалик ғазаб билан ириллаб боқмасин, улар  ҳаётга кулиб қарайдилар. Бошқаларнинг наздида дод­ вой солиш ва шикоят қилиш керак бўладиган мусибат бўлиб турган аламни фалсафа қиладилар учун ҳам у баногоҳ шукр қилиш керак бўладиган бир неъматга айланади. Ҳаётнинг  бахтсизликларини неъматга айлантириб турадиган муайян бир модда ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган ўзларига хос руҳий безлари борга ўхшайди уларнинг.

Бахту саодатни рўёбга чиқариш учун лозим бўладиган моддий миқдор

Бахту саодатни рўёбга чиқаришда моддий томоннинг ҳам ўз ўрни борлигини инкор қилмаймиз. Қандай ҳам инкор қиламиз? Ваҳоланки Исломнинг пайғамбари: «Солиҳа хотин, солиҳ маскан ва солиҳ маркаб­ одам боласининг саодатидандир», деб турган бўлсалар.(3)

Аммо у биринчи ва кенг маконда эмас. Гап унинг қанчалиги эмас қандайлигидадир. Зотан инсонга ёмон хотин, ёмон маскан ва ёмон маркаб сингари қалбини танг қиладиган моддий ғам­ ғуссалардан саломат бўлмоғи, омонлик ва офиятда бўлмоғи, ҳеч бир қийинчилик ва машаққатсиз ўзининг  ризқи рўзини териб юрмоғи кифоя қилади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Кимда ким қалби хотиржам, жисми жони саломат, бир кунлик ризқи рўзи бор ҳолда тонг оттирса гўёки дунёнинг ҳаммаси унга берилибди» деган ҳадислари нақадар тўғри ва нақадар ажоиб.(4)

Агар саодат бир дарахт бўладиган бўлса, унинг униб ўсадиган жойи кишининг нафси ва қалбидир. Унинг суви, озуқаси, ҳавоси ва ёруғлиги Аллоҳга ва Охират диёрига иймон келтиришликдир.

Дарҳақиқат иймон кишининг қалбида саодатнинг чашмаларини тўхтатиб бўлмайдиган даражада қайнаб чиқадиган қилиб  қўяди. Саодат бундан бошқаси билан амалга ошмаслиги аниқ. Бу­ ўша сукунат, омонлик, орзу­ умид, ризолик ва муҳаббатнинг манбаидир.  


 Алоуддин Ҳофий таржимаси


1)    Тавба сурасининг  55­ ояти

2)    Ушбу ҳадисни Термизий Анасдан ривоят қилган. Ибн можа ва бошқалар шунга яқин маънодагисини Зайд ибн Собитдан ривоят қилишган.

3)     Ушбу ҳадисни имом Аҳмад саҳиҳ иснод билан Саъд ибн Абу Ваққосдан ривоят қилган. 

4)    Ушбу ҳадисни имом Бухорий «ал Адаб ал Муфрад»да келтирган., Термизий ривоят қилиб «Ҳасан ғариб», деган. Шунингдек ушбу ҳадис Сунани Ибн Можада ҳам келган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. , . , . , . . ,. . Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизнингча давоми...

1888 19:00 / 28.10.2023
186. Иброҳим Фақий айтади Агар қадаминг ерда из қолдираётган бўлса, тилинг қалбда из қолдирадиrdquo.187. Баъзилар ҳаётингга неъмат каби кириб келади.Баъзилар ҳаётингга давоми...

5485 21:59 / 15.05.2017
. ,. . Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга .Илмнинг фазли ибодатнинг фазлидан яхшидир. давоми...

1532 19:00 / 30.12.2023
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашда намоз ва закотдан кейин рўза ибодати келади. Инсонни йўлдан урадиган нарсалар ичида қорин ва жинсий шаҳватлар энг давоми...

3660 15:32 / 11.04.2020