1446 йил 4 жумадул аввал | 2024 йил 06 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Муробата

05:00 / 28.02.2017 4008 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Руҳий тарбия машойихлари нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш ишида энг муҳим воситаларидан бири муробата эканини алоҳида таъкидлайдилар. Уларнинг истилоҳида нафсни Аллоҳ таолонинг тоатида боғлаш ва яхшиликни лозим тутиб, унда бардавом бўлишга муробата дейилади.

Бошқачасига айтганда, нафсни жиловлаш ва уни тергаб туришни тартибли ва давомли равишда йўлга қўйишдир. Бунга мушората, муроқаба, муҳосаба, муоқаба, мужоҳада ва муотаба мақомлари орқали эришилади. Энди мазкур олти мақом билан Бирма-бир танишиб чиқайлик.


БИРИНЧИ МАҚОМ    
МУШОРАТА


«Мушората» луғатда «кки тарафлама шартлашиш» маъносини англатади. Бу сўз аслида фиқҳ илмига оид истилоҳ бўлиб, унда мол эгаси бўлмиш тижоратчи ўзига шерик танлаб, унга шерикчилиги асосини баён қилувчи шартлар қўйишига айтилади. Бундай шартлашишдан асосий мақсад фойданинг саломатлигини таъминлаш бўлади.

Руҳий тарбия устозлари наздида, ақл охират йўлидаги тижоратчи, унинг бу тижоратдан кўзлаган фойдаси нафсни поклашдир. Чунки нафс покланмагунича ютуққа эришиб бўлмайди. Ушбу тижоратда ақл ўзига нафсни шерик қилиб олади. Худди савдодаги тожир ўз шеригини ва хизматчисини ҳисобга тутиб, тергаб турганидек, ақл ҳам нафсни ҳисобга тутиб, тергаб туради, ўзаро шартномани бажаришни талаб қилади.

Ҳар бир мўмин банда Бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин, худди эрталаб сотувчисига савдо молини топшираётган тожирга ўхшаб, нафси билан мушората – шартлашишни янгилаб туриши лозим. 

Банда ўз нафсига: «Эй нафс, билиб қўй, менинг умримдан бошқа савдо молим йўқ. Бугун ундан бир бўлагини савдога қўймоқдаман. Унинг фойдасидан умидворман, буни зинҳор унутмагин ва шунга қараб ҳаракат қилгин», демоғи лозим бўлади.  


ИККИНЧИ МАҚОМ
МУРОҚАБА


Муроқаба зийраклик билан қаттиқ кузатиб боришдир. Нафси билан шартлашган банда уни муроқаба қилиб туриши керак. Нафсни зинҳор муроқабасиз ўз ҳолига ташлаб бўлмайди. Нафс муроқабасиз қолиши билан йўлдан тояди ва туғёнга кетади. Муроқабани тушуниб етишда ва уни йўлга қўйишда Қуръони  карим оятлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари бош омил бўлади.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:  «Албатта, Аллоҳ устингиздан рақобат этувчи зотдир», деган (1-оят).

Инсонларни яратган, ҳар бир нарсани билувчи ва кўрувчи Зотнинг Ўзи рақобат қилиб туриши нақадар таъсирчан, нақадар масъулиятли ҳолдир.

Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида: «Ҳар бир жоннинг қилган касби устида турувчи зот ким?» деган (33-оят).

Яъни, ҳар бир жоннинг нима қилаётганини, билиб, кўриб, кузатиб, ҳисобга олиб турувчи ким? Албатта, Аллоҳ. Бу ҳақиқатни идрок қилган ҳар бир жон ўзини ўнглаб олиши керак.


Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эҳсон ҳақида сўралганида: «Аллоҳга худди Уни кўриб турганидек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар».

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар ривоят қилганлар.

Шундан келиб чиқиб, мусулмон одам ҳар лаҳзада Аллоҳ таоло уни кўриб тургандек ихлос билан яшамоғи, У зотнинг розилигини олишга ҳаракат қилмоғи керак. Агар бу олий мақомга эришишга ожизлик қилса, ҳар лаҳзасини Аллоҳ таоло мени кўриб турибди, деган эътиқод билан ўтказиб, ўшанга яраша ҳаракатда бўлмоғи лозим. Ана ўшандагина эҳсоннинг қуйи даражасига эришади.

Ривоят қилиниша, машойихлардан бирининг ёш шогирди бор эди. Шайх уни эҳтиром қилар ва бошқалардан устун қўяр эди. Шогирдларидан бири: «Бу ёш болани шунчалар ҳам ҳурмат қиласизми, ахир биз машойихлармиз-ку?!» деди. Шайх уларни тўплаб, қўлларига биттадан қуш ва пичоқ бериб, ҳар ким уни ҳеч ким кўрмайдиган жойда сўйиб келишини буюрди.

Бир оздан кейин ҳамма ўзига берилган қушни сўйиб келди. Фақат ёш шогирдгина қўлида тирик қуш билан турарди. Шайх ундан: «Сен қушни нимага сўймадинг?» деб сўради.

«Мен ҳеч ким кўрмайдиган жойни топа олмадим. Қаерга борсам, Аллоҳнинг назар солиб турганини билдим», деди.

Шунда катта ёшли шогирдлар, бу боланинг ҳақиқатан ҳам ҳурматга сазовор эканини тан олишди.

Банда ўзининг ҳар бир ҳолатида Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис этиб, яхши амалларни қилса ва ўзини одоб доирасида тутса, муроқабага амал қилган бўлади. Мисол учун, ўтирганда, ухлаганда ёки қазои ҳожатга борганда ният билан исломий одобларга риоя қилса, муроқабага амал қилган бўлади.

Банданинг тоатда тургандаги муроқабаси ихлос қилиш, тоатни мукаммал ва гўзал тарзда адо этиш ила бўлади.

Маъсиятда тургандаги муроқабаси тавба, надомат чекиш, маъсиятдан ажраб чиқиш, уялиш ва мазкур маъсиятга қайтмасликка азму қарор қилиш юззага келади.

Банданинг мубоҳ нарсалардаги муроқабаси одобга риоя қилиш, неъмат берувчининг фазлини тан олиш ва неъматга шукр қилиш илша пайдо бўлади.

Киши ўзининг барча ҳолатларида ҳам сабр қилиш лозим бўлган синовдан ёки шукр қилиш лозим бўлган неъматдан холи бўлмайди. Булар ҳам муроқаба ҳисобланади. Балки банда ўзининг барча ҳолатида унга фарз қилгану адо этиш лозим бўлган ёки ман қилингану тарк этиш лозим бўлган ёхуд мандуб қилгану Аллоҳнинг мағфиратига тезроқ етишга ва бошқа бандалар билан мусобақалашишга қизиқтирган ёки мубоҳ бўлгану унда банданинг жисмига ва қалбига фойда, тоатига ёрдам бор  нарсалардан ажрамаган ҳолда бўлади.

Бу нарсаларнинг барчасининг ўз чегараси бор. Давомли муроқаба ила уларнинг риоясини қилиб туриш керак.

Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида: Ва ким Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилса, батаҳқиқ, ўзига зулм қилибди», деган (1-оят).

Банда ушбу нарсаларда доимий равишда ўзини ўзи кузатиб туриши лозим. Агар фарзларни адо қилиб бўлса ва фазилатли ишларга қудрати етса, энг афзал амални танлаб адо этсин. 

Ким имкони бўлиб туриб ортиқча фойдани ўтказиб юборса, ғурурга кетган бўлади. Фойдалар эса фазилатларни жамлаш ила кўпаяди.


УЧИНЧИ МАҚОМ
МУҲОСАБА


(Амалдан сўнг нафсни ҳисоб-китоб қилиш)

Нафсни тергаб туриш ўта фазилатли ишдир. Бу ишга Аллоҳ таоло амр қилган.

Аллоҳ таоло «Ҳашр» сурасида:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик кун учун нима қилганига назар солсин», деган (18 -оят).  

«Эрталик кун»дан мурод-қиёмат. Қиёмат нисбатан жуда яқин вақт, шунинг учун ҳам у «эрта» дейилади. Демак, ҳар бир инсон қиёмат куни учун нима иш қилганини ўйлаб қўйиши керак. 

Албатта, қиёмат куни мол-дунё, мансаб, насаб, ёр-дўст ёрдам бера олмайди, балки иймон, Ислом ва қилинган яхши амаллари ёрдам беради. Шунинг учун ҳар бир одам қиёматга тайёргарлигини кўриб қўйиши керак.

Бунда ўтган ишларни ҳисоб-китоб қилиб туришга амр бор. Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Ҳисоб китоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ўзингиз ҳисоб китоб қилинг. Амалларингиз тортилишидан олдин ўзингиз тортинг», деган.

Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: «Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар», деган (31 - оят).

Тавба хато ва айб саналган амални қилиб бўлгандан кейин унга афсус-надоматдан иборат.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен ҳар куни Унга юз марта тавба қилурман», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилган.


Ағарр ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, қалбимни булут босади. Ва, албатта, мен бир кунда Аллоҳга юз марта истиғфор айтурман», дедилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.

Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: Тақво қилувчилар, агар уларга шайтондан бир шарпа етса, албатта, зикр қиларлар, бас, кўрибсанки, улар (тўғри йўлни) кўрувчи бўлиб турибдилар», деган (201 - оят).

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кеч кирса, ўз оёғига дарра билан ура туриб: «Бугун нима иш қилдинг?» дер экан.

Маймун ибн Меҳрон дейди: «Ўзини ўзи шеригидан кўра қаттиқроқ тергамаган одам тақводорлардан бўла олмайди. Ишни қилиб бўлгандан кейин шериклар бир-бирларини тергайдилар-ку!» 

Абдуллоҳ ибн Саломнинг бир кўтарим ўтин орқалаб кетаётганини кўрганлар: «Эй Абу Юсуф! Болаларинг ва ғуломларинг кўтарса ҳам бўларди!?» дедилар.

«Нафсимни текшириб кўришни ирода қилдим. Ёқтирармикан ёки йўқ?!» деди у.

Ҳасан Басрий: «Мўмин киши ўз нафсини Аллоҳ учун тергаб туради. Бу дунёда ўзларини тергаб турган қавмларнинг у дунёда ҳисоби осон бўлади. Бу дунёда ишни ҳисоб-китобсиз қилганларнинг ҳисоби Қиёмат куни машаққатли бўлади», деган.

 «Маломатчи нафс ила қасам» ояти тафсирида Ҳасан: «Мўминни фақат нафсини маломат қилиб турганини кўрасан: “Бу сўзим ила нимани ирода қилдим? Бу еганим ила нимани ирода қилдим. Бу ичганим ила нимани ирода қилдим?” Фожир эса, ўзини ўзи тергамай кетаверади», деган.

Амалдан кейин ҳисоб-китоб қилишнинг моҳияти

Банданинг куннинг аввалида нафси билан яхшилик қилишга шартлашиб оладиган вақти бўлганидек, куннинг охирида қилинган ишларни ҳисоблашиб оладиган вақти ҳам бўлиши керак. Бу худди савдогарларнинг шериклари билан ҳар йил, ой, ҳафта ёки кун охирида дунё ҳирсида қиладиган ҳисоб-китобига ўхшайди. Улар буни беш кунлик дунё учун бўладиган фойдани қўлдан чиқариб юбормаслик учун қиладилар. Бас, шундай экан, қайси оқил абадийлик учун бўладиган фойдани кўзлаб ўз нафсини тергамаслиги керак?!

Савдогар шериги билан ҳисоб-китоб қилганида сармоя, фойда ва зарарга назар солади. Агар фойда кўрган бўлса, шерикка раҳмат айтади. Зарар кўрса, тўлаб беришни ва бундан кейин бу ишга йўл қўймасликни таъкидлайди. 

Шунга ўхшаш банданинг динидаги сармояси фарзлардир. Фойдаси эса нафллар ва фазилатлардир. Зарари эса маъсиятлардир. Ушбу тижоратнинг мавсуми кундуз кунидир. 

Банда аввал нафсини фарзлар бўйича тергайди. Агар уларни яхшилаб адо этган бўлса, Аллоҳ таолога шукрлар қилади ва нафсини шунга ўхшаш ишлари кўп қилишга тарғиб қилади. Агар бирор фарзни ўтказиб юборган бўлса, қазосини бажаришга шошилади. Агар уни нуқсонли адо этган бўлса, кўпроқ нафл ибодатлари ила ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилади. Агар маъсият қилган бўлса, нафсни жазолайди, азоблайди ва бошқа чораларни кўради. Хулласи калом, банда ўзининг қилган каттаю кичик ҳар бир ишида нафсини тергаб туриши лозим.


ТЎРТИНЧИ МАҚОМ
МУОҚАБА

(НАФСНИ КАМЧИЛИГИ УЧУН ЖАЗОЛАШ)



Инсон нафсини қанчалик тергамасин, барибир баъзи маъсиятлардан ва камчиликлардан четланиб қола олмайди. 

Шунга қарамай, у нафсни ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги лозим. Акс ҳолда, нафси ўрганиб қолади ва кўз юммай гуноҳ қилишга одатланади. Кейин унинг оқибати ҳалокатга олиб келиши мумкин. 

Шунинг учун банда нафсни камчилиги учун жазолаб туриш керак. Агар шубҳали бир луқмани иштаҳа билан еб қўйса, қорнини очлик билан жазоласин. Агар номаҳрамга назар солиб қўйса, назарини қарашдан ман қилиш ила жазоласин. Шу тарзда ўзининг ҳар бир аъзосини унинг шаҳватига қарши жазолайди.

Ҳар бир киши ўз фарзандлари, аҳли аёли, ишчилари ёки қарамоғидагиларни йўл қўйган хатолари, камчилик ва нуқсонлари учун жазолашни дарҳол йўлга қўяди. 

Агар вақтида жазоламаса, ўзбошимча бўлиб гапига кирмай қўйишидан қўрқади.

Бас, шундай экан, нима учун дунё ва охират бахтсизлигига олиб бориши мумкин бўлган нафсимизни жазоламаслигимиз керак?  


БЕШИНЧИ МАҚОМ
МУЖОҲАДА


Бу мақомда ўз нафсини тергаган одам унинг маъсият қилганини кўрса, юқорида айтиб ўтилган азоблар билан жазолайди. 

Агар дангасалик туфайли баъзи фазилатли ишларни ёки вирдларни озроқ қилган бўлса, нафсига баъзи вирдларни кўпайтириш ёки турли оғир вазифаларни юклаш билан одоб беради. Аллоҳнинг розлигини кўзлаган обидлар шундай қилар эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир марта аср намозини жамоат билан ўқий олмай қолганда нархи икки юз минг дирҳам бўлган ерини садақа қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу қай бир намозни жамоат билан ўқий олмай қолса, ўша кечаси ухламай намоз ўқиб чиқар эди. Бир куни шом намозини кечикиб, иккита юлдуз чиққанида ўқиди ва шу камчилик учун иккита қулни озод қилди.

Нафси доимий равишда вазифаларни бажаришга чидамайдиган одамлар бу нуқсонни йўқотиш учун катта мужтаҳидларнинг ҳикояларини ўргансин, улардан ўрнак олсин. Яна солиҳ кишидан муносибини топиб, шогирд тушсин ва ўша кишидан маслаҳат ҳамда ўрнак олсин.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: «Агар уч нарса бўлмаганда бир кун ҳам яшашни истамасдим: кундузи Алллоҳ учун чанқаш, кечаси Аллоҳга сажда қилиш ва худди хурмонинг яхшиси танлаб олинганидек, сўзнинг яхшисини танлаб гапирадиган қавмларнинг суҳбати».

Робийъ ибн Хайсамнинг қизи: «Отажон! Нима учун одамларнинг ухлаганини кўраману, сизнинг ухлаганингизни кўрмайман», деганида, у: «Қизгинам! Отанг тунгги ҳужумдан қўрқади», деб жавоб берган экан. 

Обидлардан бири қуйидагиларни айтади: «Иброҳим ибн Адҳамнинг ҳузурига борсам, энди хуфтонни ўқиб бўлган экан. Мен уни кузатиб турдим. У ўзини бир ридога ўради. Кейин ёнбошлаб кечаси билан тонг отгунча бирор марта қимирлаб ҳам қўймади. Муаззин озон айтди. У таҳорат қилмади. Бу менда шубҳа туғдирди ва унга: «Аллоҳ сенга раҳм қилсин. Кечаси билан ёнбошлаб ухлаб чиқдинг. Аммо таҳоратингни янгиламадинг», дедим.

«Кечаси билан аҳёнда жаннат боғларини кезиб, аҳёнда дўзах водийларда юриб чиқдим. Бундай ҳолатда уйқу бўладими?» деди у.


ОЛТИНЧИ МАҚОМ
МУОТАБА


Нафсни қўрқитиб туриш

Нафс ёмонликка чорлаб, гуноҳга интилиб туриши бор ҳақиқат. Шунинг учун уни доимий равишда бундан ишлардан қўрқитиб туриш керак бўлади. Гуноҳларнинг оқибати бу дунё ва охиратда жуда оғир оқибатларга олиб келиши ҳақиқат эканини нафига эслатиб, уни қўрқитиб турган банда муробатани ўрнига қўйган бўлади.


НАФС ПОКЛИГИ МОҲИЯТИ



Нафсни поклаш уни ширкдан ва ундан ажраб чиқадиган ифлосликлардан поклаш демакдир. Бу ишни ҳақиқатга чиқариш эса тавҳид ва унинг шўъбалари ила бўлади. 

Нафснинг ахлоқланиши Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва У зотга нисбатан комил бандалик ила бўлади. Энг асосий омиллардан бири ишларнинг барчасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилишдир.

Бу масалани тўлиқроқ англаш учун қуйидаги ояти каримага тааммул ва тадаббур ила назари ташлайлик.

Аллоҳ таоло «Нур» сурасида:  «Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида абадул-абад ичингиздан бирор киши поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир», деган (21 - оят).

Бу ояти карима Оиша онамизга қарши уюштирилган «ифк» ҳодисасидан кейин ва мўминлар ичида фаҳш ишларни тарқатишдан, шайтоннинг изидан эргашишдан ман қилувчи оятлардан кейин ва:  «Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, авф этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?!» оятидан олдин нозил бўлган.  

Ушбу омиллар мажмуасидан қуйидагиларни мулоҳаза қилишимиз мумкин:

1. Нафсни поклаш йўлида Аллоҳ таолонинг фазли бўлмаса, енгиб бўлмайдиган тўсиқлар бор. Шунинг учун, аввало, қаттиқ ҳаракат қилиш ва энг муҳими, бу оғир ишда фақат Аллоҳ таолога суяниб, У зотдан ёрдам сўраб туриш лозим. 

Имом Муслим ва Насаийлар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:


«Эй Аллоҳим! Нафсимга тақвосини бергин ва уни поклагин! Сени уни энг яхши покловчисан! Сен унинг валийси ва хожасисан!» деганлар.

2. Нафсни поклашда авф қилиш ва ёмонлик қилганларга кечиримли бўлиш ҳам муҳим ўрин тутади. 

1.    Шайтоннинг изидан эргашмаслик ҳам нафсни поклашдандир. Чунки у доимо фаҳш ва мункар ишларга чақиради. 

Демак, қалбни поклаш фаҳш ва мункар ишлардан четта бўлиш ва шайтонга эргашмаслик билан ҳам ҳосил бўлади. Шайтонга эргашишниннг биринчи қадамлари ҳасад ва кибрдан иборат. 

Шайтон Одамга берилган мартабага ҳасад қилиб, унга сажда қилишдан кибрга кетиб, ўз осийлигини бошлаган.  

4. Мўминлар ичида бузуқликлар тарқатишни хуш кўрмаслик ва қилмаслик ҳам қалбни поклаш йўлида хизмат қилади.

5. Тилни бировларнинг обрўсини тўкишдан тийиш. Одамларга озор берадиган ҳар қандай гап-сўзларда иштирок этмаслик.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зикр нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг кучли омиллардан бири ҳисобланади.Қуръон тиловатидан кейин банданинг тили учун энг афзал ибодат Аллоҳ давоми...

3416 13:03 / 23.05.2020
Нафс ва қалб хасталиклари икки турга тақсимланади. Биринчиси ndash қалб мақомотларига зид бўлган куфр, ширк, нифоқ, риё ва бидъат каби хасталиклар. Иккинчиси ndash давоми...

3395 18:30 / 05.06.2021
658. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади,, дедилар,.Шарҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан давоми...

7750 05:00 / 06.03.2017
Биринчи офат ndash кераксиз сўз.Вақтнинг қадрига етган одам уни фойдасиз нарсага сарфламайди. Чунки Аллоҳ таолонинг зикрини қўйиб, кераксиз гапсўзлар билан машғул давоми...

3538 13:00 / 19.12.2020
Аудиолар

133589 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53940 14:35 / 11.08.2021