1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ал Ҳикам ул Атоиййа шарҳи (10)

05:00 / 01.03.2017 3389 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

الحكمة العاشرة

الاعمال صور قائمة و ارواحها وجود سر الاخلاص فيها



Ўнинчи ҳикмат


“Амаллар суратлардир ва уларнинг руҳи эса, унда ихлос сирининг борлигидир”


Келинг! Ўнинчи ҳикмат шарҳини бошлашдан олдин, ўтган тўққизинчи ҳикматга таъаллуқли бир саволга жавоб бериб ўтайлик. Бир йигит қуйидагича савол берди:

“Мен университетга ўқишга кирдим. Бу ерда яхшилаб ўқиб, кейин олган билимим билан исломга, мусулмонларга хизмат қилиш мақсадим бор. Аммо, мана шундай вазиятда Ислом фиқҳини мукаммал тарзда ўрганиш ва Қуръон ёдлашга имкониятим бўлмайди, лекин бақадри ҳол диний саводим бор, ибодатларни ўз вақтида бажариб бораман. Мени шу ҳолатим аввалги ҳикматдаги: “Ҳолатларнинг турли-туман бўлиб келиши туфайли амалларнинг жинси турли-хил бўлади” деган қоидага тўғри келадими ёки аввало шаръий илмларни ўрганиш менга асосий фарз амалми?”

Жавоб шуки, ўтган дарсларда жуда кўп такрорлаб, батафсил баён қилганимиздек Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ва У зотга яқинлашиш мақсадида қилинадиган ибодат ва солиҳ амаллар асосий фарз ибодатлар намоз, рўза, ҳаж ва бошқалар  билан чекланиб қолмаган. Балки уларнинг тури жуда ҳам кўп ва Аллоҳ таоло уларни бандалари ўртасида уларга берган иқтидорига қараб тақсимлаб қўйган. Демак, Аллоҳ таоло: “Айтгин: “Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир” (Анъом сураси 162-оят) деб марҳамат қилганидек, мусулмон инсоннинг ҳаёти бошидан охиригача Аллоҳ таолога ибодат қилишдан иборатдир. Савдогар дўконида савдо қиларкан, деҳқон даласида меҳнат қиларкан, табиб шифохонада касалларни даволар экан, ҳоким ўз идорасида халқ риоясини қилиб ўлтирар экан, ўқитувчи ёшлар тарбияси билан машғул бўларкан, шунингдек жамиятга манфаати бор илмни ўрганиш билан банд талаба буларнинг барчаси Аллоҳ таоло қўйиб қўйган ўз ҳолатида У зотга ибодат қилаётган бўлади. Лекин бунинг учун ҳозирда биз ўрганмоқчи бўлиб турган ҳикматда айтилганидек холис ният бўлиши шарт ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Албатта, Аллоҳ таоло бандаси бир иш қилганида уни пухта қилиб бажаришини яхши кўради” деган насиҳатларига амал қилиб уларнинг ҳар-бири ўз вазифасини пухта ва мукаммал бажариши керак. Саволнинг иккинчи қисмига келсак, ҳар-бир мусулмонга у оддий ишчими ёки ҳокимми, савдогарми ёки табибми, ёшми ёки қарими ваҳоказо ким бўлишидан қатъий назар асосий ибодатларга таъаллуқли бўлган илмларни ўрганиши фарзи аъйн ҳисобланади. Сизнинг ҳолатингизда Ислом фиқҳида мутахассис бўлиш талаб қилинмайди чунки у фарзи кифоя, лекин сиз кифояли даражада таҳорат, намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа зарурий илмларни ўрганишингиз фарзи аъйн. Худди шу каби, сиздан ўттиз пора Қуръонни ҳаммасини ёдлашингиз ҳам талаб қилинмайди чунки у ҳам фарзи кифоя, лекин намозга кифоя қиладиган миқдорда бир неча сураларни ёдлаш ва Қуръонга қараб тажвидга мувофиқ ўқишни ҳам билишингиз фарзи аъйндир. 


Мана энди, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб, ўнинчи ҳикматни шарҳини бошлаймиз. Ушбу ҳикмат ҳам ўзидан олдинги ҳикматнинг тўлдирувчи иловасидир. 

Биз аввалги ҳикматда Аллоҳ таолога яқинлашиш мақсадида қилинадиган амаллар фақатгина Ислом арконлари мисолидаги асосий фарз амалларга чекланиб қолмагани, балки Аллоҳ таолонинг: “Ва солиҳ амал қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни билиб тургувчиман”(Муъминун сураси 51-оят) деган сўзи остига кирувчи, у амални бажарган шахсни ўзига ҳам, жамиятга ҳам манфаатли бўлган жуда кўп ва турли хил эканлигини билдик. Энди, Аллоҳ таоло ана шу турли хил кўринишдаги солиҳ амалларни мўъмин бандалари ўртасида уларнинг имкониятлари, иқтидорлари ва У зот ўзи қўйиб қўйган вазифаларга қараб тақсимлаб қўйганини билганимиздан кейин, Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ яна бир муҳим нарсани эсимизга солиб огоҳлантиряптилар. У ҳам бўлса ана шу турли хил кўринишдаги амаллар солиҳ бўлиши ва Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ва У зотдан савоб олишга лойиқ бўлиши учун у амални қилишга ундаган қалбдаги ният саломат бўлиши шарт эканидир. Ниятнинг саломат бўлиши эса, ҳар қандай манфаатлар ва нафснинг истакларидан соф бўлиши ва у билан фақатгина Аллоҳ таолога яқинлашишни ва У зотнинг розилигини топишни мақсад қилиш билан бўлади. Шариатда уни қисқа қилиб ихлос деб номланади. Қуръони карим оятларида ҳам Аллоҳ таоло холис ният шартлигини турли иборалар билан баён қилган. Масалан, бир ўринда “Аллоҳнинг юзини истаб” деса бошқа бир жойда “Аллоҳнинг розилигини истаб” дейди, яна бошқа  оятда эса “Охиратни истаб” деган. Қуйида ана шу оятлардан баъзиларини эслаб ўтамиз: 


“Молларини Аллоҳнинг розилигини истаб, ўзларидаги ишонч билан сарфлайдиганлар” (Бақара сураси 265-оят)

“Қилган нафақангиз фақат Аллоҳнинг юзини исташ учундир” (Бақара сураси 272-оят)

“Ким ана шуни Аллоҳнинг розилиги истаб қилса, албатта, унга улкан ажр берурмиз” (Нисо сураси 114-оят)

“Ким охиратни истаса ва унинг учун мўмин бўлган ҳолида керакли ҳаракатини қилса, бас, ана ўшаларнинг ҳаракатлари мақбулдир” (Исро сураси 19-оят)

“Ким охират ҳосилини истаса, биз унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз. Ким дунё ҳосилини истаса, биз унга ўшандан берурмиз ва унга охиратда бирон насиба бўлмас” (Шуро сураси 20-оят)

Ушбу ҳикматнинг маъносини тўла идрок қилишимиз учун ҳамда у билан олдинги ҳикматнинг ўртасидаги дақиқ боғлиқликни англашимиз учун қуйдагича баён қилишимиз лозим: 

Мусулмон банда Аллоҳ таолонинг розилигига эришишида восита ҳисобланган тоату-ибодатлар амал ва ниятдан иборат бўлиб, ҳар иккисининг ўз шарти бордир. Амалнинг солиҳ бўлиш шарти шариатга мувофиқ бўлиши, ниятнинг шарти ана шу амалда ихлос бўлиши яъни, фақат холис Аллоҳ таолонинг розилигини мақсад қилиниши лозим. Лекин амал, ташқи кўринишидан ҳар қанча мақбул ва манфаатли бўлиб кўринса ҳам, агар уни қилишга ундаган қалбдаги ният фақатгина Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ва савобга эришиш учун бўлмаса, ундай амалнинг ҳеч қандай қиймати йўқдир. Чунки, амал билан ихлос, инсон танаси билан руҳи каби бир-бирига боғлиқ бўлиб, амалнинг руҳи ихлосдир. Шунингдек ният ҳам аксар пайтларда ўша ният қилинган ишда намоён бўлмаса унинг ҳам қиймати бўлмайди.

Мана шу айтган гапларимизни мулоҳаза қилиб кўринг. Аллоҳ таолога ихлос қилиш деб тарифланадиган соф ниятдан холий бўлган амалнинг шариат мезонида ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳеч қандай қиймати йўқ, деб таъкидлаганимиз умумий ҳукм бўлиб, унда ҳеч қандай истисно йўқдир. 

Лекин юқорида “Аксар пайтларда” деб қайд қилишимизнинг сабаби шундаки, баъзи пайтда мусулмон одам бирор амалга Аллоҳ таоло учун чин ихлос билан ният қилиб соф мақсад билан юзланса-ю, ўша ишни амалга ошира олмаса, ниятининг ёлғиз ўзи кифоя қилади. Масалан, бир муҳтож камбағал одамга моддий ёрдам беришни ёки ёрдамга муҳтож бир заифҳол инсонга кўмаклашишни ният қилса-ю, ана шунга ўзида имкон топа олмай қолса, ҳеч шубҳа йўқки, ана шу ниятнинг ўзи кифоя қилади. Бунга далил бўлгувчи Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўп.

Лекин амал билан соф ниятнинг бундай бир-биридан ажралиб қолиши амалда бўлса, ёлғиз амалнинг ўзи кифоя қилмайди. Чунки ҳар қандай бажарилган амал ихлосдан холий бўлган нотўғри ният билан амалга ошган бўлса, бас, у Аллоҳ таолонинг мезони ва ҳукмида ботил ва беҳуда амалдир. Бу ҳақдаги Аллоҳ таолонинг: “Ва қилган амалларига келиб, уларни сочилган тўзон каби қилиб юборурмиз” (Фурқон сураси 23-оят) деган қарори қайтарилмас қатъий ҳукмдир.

Агар сиз ушбу ҳақиқатни аниқлаб олган бўлсангиз, келинг! Ушбу ҳикматни балки қоидани воқеъликдаги мисолларга солиштириб кўрамиз:

Бир киши жуда кўп миқдордаги қарзга ботиб қолди. Ўша олган қарзини тўлаш вақти етиб келганида, қарз берган кишилардан бирини узоқдан у томонга келаётганини кўриб қолди. Қарздор шу пайт шошиб яқинидаги масжидга кирди-да, узундан узун нафл намоз ўқишни бошлади. Ҳеч шубҳа йўқки, бу киши ўқиган нафл намози билан Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган амални бажаряпман деб ўйлаши мумкин эмас. Албатта, Аллоҳ таоло ҳам бу намозига тоат-ибодат деб, баҳо бермайди. Чунки у кишининг нияти Аллоҳ таолога яқинлашиш эмас, балки унинг мақсади қарзни сўраб қолишидан хавфсираб қочиш эди холос.    

Иккинчи мисол: Бир заводда хизмат қиладиган ишчи. Пешин намозига азон айтилган фурсатни ғанимат билади-да, пешин намозига боришни ҳужжат қилиб, ишини ташлаб кетади. Аввало намозга таҳоратни узоқ вақт қилади, сўнг намозни ҳам хоҳлаганча узун ўқиб, яна қўшимча нафл намозлар ҳам ўқийди. Намоздан кейин бир соя салқин жойга ўтиб, яхшилаб суяниб олиб кўпгина зикрларни қайтариб ёки тиловати Қуръон қилиб ўтиради. Маълумки, бундай кўринишдаги намоз, зикр ва тиловатлар бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи солиҳ амаллар сирасига кирмайди. Чунки бу амаллари билан у фақатгина қилиши керак бўлган ишидан узоқроқ бўлишни ва ўз роҳатини кўзлаган эди.    

Бошқа бир мисол: Исломга хизмат қилувчи ва даъват ишлари билан машғул бўлувчи баъзи бир кишиларга назар солинса, улар қилаётган ҳаракатлари остида дунёвий фойда яъни бошлиқликка етишиш, мол-дунёни қўлга киритиш ёки бирор мансабни эгаллаш каби ниятлари ётади. Биров келиб, бу кишига ибодатларида камчиликка йўл қўяётгани, бомдод намозига қуёш чиқай деганда уйғониши, ўзига ҳар куни Қуръон тиловати ва зикру дуолардан вазифа қилиб олмаганини айтиб, танбеҳ берса, у бунга жавобан ўзини Аллоҳ таоло даъват ва Ислом хизмати учун масъул қилиб қўйгани, шунинг учун у киши кўп ибодат қилишга, Қуръон тиловат қилишга ҳамда зикрлар билан машғул бўлишга имконияти йўқлигини айтиб, ўзини оқламоқчи бўлади. Ҳеч шубҳа йўқки, унинг даъвоси ботилдир, чунки у юзланган амал Аллоҳ таолонинг юзи учун бўлган ихлос руҳияти билан бирга бўлмаган ишдир.

Яна бир мисол, бир гуруҳ дўстлар биргаликда Байтуллоҳни ҳаж қилишга бориб, у ердаги хизматларни ўрталарида ўзаро бўлишиб олишди. Сўнг, улардан бири зиммасидаги овқат тайёрлаш ва идишларни ювиш ёки хонани тозалаш каби ишини бажармасдан ҳарамга қочиб бориб қутулмоқчи бўлди-да, у ерга бориб, гоҳ тавоф қилиб, гоҳ намоз ўқиб ва яна Қуръон тиловати билан машғул бўлиб, ўзаро келишилган ишлардан қочиб, ҳаммасини биродарларига ташлаб қўйди. Шак-шубҳа йўқки, у ўз нафсига танлаб олган иши Ибн Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг аввалги ҳикматдаги:“Ҳолатларнинг турли-туман бўлиб келиши туфайли амалларнинг жинси турли-хил бўлади” деган қоидага кирмайди.

Бу киши биродарларига қараганда фиқҳда билимдонлиги, илми юқори савиядалиги ва арзигулик диндорлиги туфайли ўзини биродарларидан ортиқ деб билса ҳам, бу фазилати манзилдаги хизмати ўрнига ўз нафсига танлаб олган тавоф, намоз ва қироат билан машғул бўлишга ҳақли қилиб қўя олмайди.

Шунингдек, баъзи бадавлат кишилар жуда катта миқдорда маблағ сарфлаб, қайта-қайта нафл ҳаж ва умрага боришга ошиқишади. Лекин ана шу амалларида ихлоснинг йўқлиги яққол билиниб қолади. Чунки ҳаж ва умра орқали топиладиган Аллоҳ таолонинг розилиги бор бўлган, балки савоби у нафл ҳаждан ҳам бир неча баробар устун бўлган ва жамият учун жудаям зарур ва манфаатли бошқа бир солиҳ амалга даъват қилинганда оқсаб қолишади. Абу Наср Таммор раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилади: Бир киши ҳажга кетиш олдидан Бишрий Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳ билан хайрлашиш учун келди ва: “Ҳажга боришни мақсад қилдим, менга нимани буюрасиз” деди. Шунда у зот: “Ҳажга бориб келиш учун қанча пул ажратдинг” деди. У: “Икки минг дирҳам” деди. Бишри Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳ унга: “Агар сен уйингда туриб, икки минг дирҳамни инфоқ қилиб, аниқ ишонч билан Аллоҳ таолонинг розилигини топишинг мумкин бўлган, бошқа ишни айтсам қиласанми?” деди. У киши : “Ҳа, қиламан. Айтинг!” деди. У зот: “Ундай бўлса, боргин-да, уни ўн кишига тақсимлаб бер. Қарздор қарзидан қутилиб олади, камбағал ўзини ўнглаб олдади, серфарзанд одам оиласига рўзғор қилади, етимни парвариш қилувчи уни хурсанд қилади. Агар, борди-ю уни битта камбағалга беришга қалбинг кўпроқ мойил бўлса, бир одамга берсанг ҳам бўлади. Чунки, мусулмоннинг қалбига шодлик киритиш, қийналганга ёрдам бериш, унга етган зарарни кетказиш ва заиф инсонга кўмаклашиш Аллоҳнинг наздида фарз ҳаждан кейинги юзта нафл ҳаждан афзалроқдир. Ўрнингдан тургин-да, биз айтганимиздек қил, ёки бундай қила олмасанг қалбингдагини айт!” деди. Шунда у: “Эй Абу Наср, қалбимда ҳажга бориш истаги кучлироқ” деди. Бишри Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳ унинг бу гапидан табассум қилиб, унга қарата: “Қачонки мол-дунё тижоратнинг кирликлари ва шубҳалардан тўпланган бўлса, нафс ўз ишини қилиб олиш пайида бўлади ва фақат ташқи кўринишидан чиройли амалларни қилишга ундайди. Ваҳолангки Аллоҳ таоло ўз нафсига қасам ичиб, фақатгина тақводорларнинг амалини қабул қилишини эълон қилган” дедилар.

Яна бир мисол, кўпинча хусусий савдо дўкони бор, ёки ишлаб чиқариш корхонаси бор кишиларни ана шу тижорий ёки ишлаб чиқариш ишлари ортидан ҳаловатини йўқотиб қўядиган даражада тинимсиз шошилиб ҳаракат қилаётганини кўриб қоласиз. Ана шу сабабли, шоша-пиша бажариб қўядиган асосий фарз ибодатларни ҳисобга олмаганда, аксар диний вазифаларини ҳам эсдан чиқариб қўйишади. Қачонки, биров келиб, ҳаётидаги унитилиб кетган диний вазифа ва вожиботларини эслатса, унга жавобан: “Ахир, ўзингиз: “Ҳолатларнинг турли-туман бўлиб келиши туфайли амалларнинг жинси турли-хил бўлади” деб айтдингизку! Мана мени Аллоҳ таолонинг ўзи мана шу тижорат ишимда ўша амалларнинг жинсидан бўлган бир амал устида турғизиб қўйибдику! Мана, мен ҳам бир солиҳ амал билан бандман” дейди. 

Лекин, унинг бу гапи мақбул эмас. Унинг иши ҳам турли кўринишдаги солиҳ амаллар туридан эмас. Бундай бўлишининг сабаби, чунки у, ана шу тижорат ишларига у айнан Аллоҳ таоло уни хослаб турғизиб қўйган бўлгани учун киришмайди. У ишни Аллоҳ таолонинг розилигини истаб ҳам қилмайди. Балки нафсининг чексиз орзу-ҳавасларига етиб олиш мақсадида кўплаб Аллоҳ таолонинг буйруқ ва ҳадларини қурбон қилиб, интилиб ҳаракат қилади. 

Биз билишимиз ва эсдан чиқармаслигимиз лозим бўлган энг яхши сўз шуки, Қуръони каримда Аллоҳ таоло буюрадиган солиҳ амаллар фақатгина Исломнинг рукнлари бўлган асосий фарз ибодатлар рўйхатига чекланиб қолмаган. Балки, ёлғиз шахсдан тортиб, бутун жамиятгача манфаати етадиган барча яхшиликларни қамраб олади. Лекин, ана шу турли кўринишдаги ишларда Аллоҳ таоло Қуръонда келтирган тартибга риоя қилишимиз вожибдир. У эса, дин манфаатини барча манфаатлардан энг биринчи ўринга қўйишимиз бўлиб, ана ундан кейинги ўринда ҳаёт манфаати, ақл, насл ва мол манфаатлари туради. Мана шу хизматларнинг барчаси Аллоҳ таоло буюрган ва савоб берадиган солиҳ амаллар маъносига энг биринчи бўлиб киради. Демак улар мусулмоннинг Аллоҳ таолога бўлган қуллик маъносини намоён қилувчи ибодатлардир. 

Аммо, ана шу амаллар ибодат бўлмай қолиши, унинг соҳиби ҳам Аллоҳ таоло учун бўлган қуллик вазифасини ихтиёрий тарзда бажарувчи банда бўлмай қолишидаги муаммо ана шу амалларнинг муқаддас мақсаддан ажралиб қолишидир. 

Муаммо, ана шу тижорат, зироат, табобат, синоат  ва бошқа касб ҳунарларни қилишга ундаган қалбдаги ҳис-туйғулари у ишлари билан Аллоҳ таолога яқин бўлишга эмас, балки нафсининг орзу-ҳавасларига тезроқ етиб олишга ва дунё ҳаётини зийнатига берилишга ундаганлигидир. Шунинг учун ҳам келажак авлодни тарбиялаб, миллат ҳақида кўпроқ қайғуриши керак бўлган баъзи мутахассислар ўз ишини ташлаб бозорларда дунё кетидан қувиб юрибди. Доктор ёки табибнинг олдига касал келиб қолса, уни ҳам касални тузалишидан кўра, кўпроқ қандай қилиб бўлса ҳам касални ўзига ишонтириб пулини олиш ёки дорисини ўтказиш қизиқтиради холос. Шунинг учун ундайлар оғир аҳволдаги ўлим соя солиб турган касални кўрганда ҳам, агар пули бўлмаса беписанд ўтиб кетаверади. Бу мисолларни бошқа касб эгалари ҳақида ҳам келтириш мумкин. Мана шундай бўла туриб ҳам улар ўзларини ибодат қилаётган деб, ҳисоблашлари мумкинми? Ахир ихлоснинг маъноси ана шундай пайтларда Аллоҳ таолонинг кўриб, билиб турганлигини ҳис қилиш эмасми?

Эр киши кечки пайт аёли ва фарзандлари билан бирга суҳбатлашиб ўтириб, уларнинг қалбидаги Аллоҳ ва Росулига бўлган муҳаббатларини кучайтириши ва уларнинг қалбига шодлик улашиб Аллоҳ таолога яқинлигини зиёда қилиши унинг вазифасидир. Муаммо шундаки у бунинг ўрнига, ўша пайтда улар билан турли чалғитувчи, беҳуда, молояъни ва ҳаром ишларга тўла жойларда вақт ўтказиб, ўзини мен оталик вазифамни бажаряпман деб ўйлашидир. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло: “Эй, иймoн келтирганлар! Ўзингизни вa aҳли оилaнгизни ёқилғиси oдaмлару тошдан бўлган ўтдан сақланг” (Таҳрим сураси 6-оят) деган.

Ана шундай муаммолардан яна бири шуки, дин ҳақида шижоат билан баланд парвоз гаплар гапирилади ва Исломни улуғлаш ҳақида бир-биридан ажойиб мақола ва баҳслар ёзилади. Ислом конференсияларини ўтказиш учун жуда кўплаб маблағлар сарфланади-ю, сўнгра, Исломни дунёвий мақсадлар ва бир-бирлари билан рақобатлашадиган орзу-ҳавасларига восита қилиб олганлари ва турли хил молиявий мукофот ва имтёзларга эга бўлиш ва ҳар-хил мансабларга чиқиб олиш учун нарвон қилиб олганлари очиқ ойдин маълум бўлиб қолади.

Гапни қисқа қилиб айтганда, муаммо, бугунги кунимиздаги турли хил кўринишдаги Исломий ҳаракат майдонидаги хизматлар бошқа турли хил сабаби тирикчилик қилинадиган касбларнинг бирига айланиб қолганидир. Агар қалблар соф бўлиб, ниятлар турли хил кирликлардан халос бўлса ва ҳар-хил кўринишдаги ва даражадаги хизмат қилувчиларнинг қалбларини Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлган ихлос эгаллаб олса, албатта, бугун ҳам барча мусулмонлар бир ёқадан бош чиқариб, бирдамлик билан ишларини ўз қўлларига олганларини кўрасиз ва албатта, уларнинг куч-қудратлари ва ҳайбатларидан душманларнинг қалби қўрқувга тўлганини кўрасиз. 

Қачонки, Исломий ҳаракат ва хизматлар ўзининг турли хил кўриниши билан молу дунёни кўпайтириб бой бўлишга хизмат қилувчи касб, тиркчилик манбаъи бўлиб қолган бўлса, бошқа дунёвий касб-ҳунарлардан нимани кутиш мумкин? Қандай қилиб анави дунёвий касб эгалари ўз ишларини бажариш орқали Аллоҳ таолонинг розилигини истаб қилинадиган солиҳ амаллар даражасига чиқиб олсинлар?! 

Лекин шу ўринда бир нарсани эслатиб, таькидлаб ўтишимиз лозимки, мусулмонлар орасида Аллоҳга берган аҳдида собит, содиқ ва мухлис бандалар ҳали ҳам бор. Уларга хилоф қилганлар уларга зарар еткиза олмас. Ана шундайларни ҳар-бир диёрда, шаҳар ва қишлоқларда кўришингиз мумкин. Ҳамиша рост сўзлагувчи Росулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг: “Умматимдан бўлган бир тоифа ғолиб бўлган ҳолларида ҳақда бўладилар. Аллоҳ азза ва жалланинг амри (қиёмат) келгунча уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайдилар” деган сўзлари ҳақ ростдир. 

Эй, Аллоҳим бизларни иймонида, аҳдида содиқ ва ҳақда собит бандаларингдан қилгин. Барча хатти-ҳаракатларимиз ўзингнинг розилигингга мувофиқ чин ихлос билан бўлишини насиб қилгин! Омин.


Доктор Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий

Баҳодир Раҳматуллоҳ таржимаси

Масъул муҳаррир Муҳаммад Аюб Усмон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн, вассолату вассаламу алан Набиййил амийн ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн. Аммо баъд. Албатта, қалб танадаги барча аъзоларнинг давоми...

4739 05:00 / 01.03.2017
Бизда .манманлик, деб аталадиган салбий сифат арабларда .ужуб, дейилади. Бунда киши ўзида бор нарсадан ўзи ажабланади ва мақтанади.Манманлик уламолар истилоҳида давоми...

4284 19:00 / 02.04.2022
Руҳий тарбия соҳасида бу икки сифат деярли доимо бирга зикр қилиб келинган. Баъзи ҳолатларда иккисини бир нарса деб тушунилгани ҳам мулоҳаза қилинади. Биз ўзимиз давоми...

1864 19:00 / 06.08.2023
Зикр нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг кучли омиллардан бири ҳисобланади.Қуръон тиловатидан кейин банданинг тили учун энг афзал ибодат Аллоҳ давоми...

3514 13:03 / 23.05.2020