1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ал Ҳикам ул Атоиййа шарҳи (2)

05:00 / 01.03.2017 3746 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Аллоҳ таъоло сени сабаблар оламида турғазиб қўйган пайтда сенинг тажридни ихтиёр қилишинг, бу нафснинг махфий истакларидандир. Аллоҳ таъоло сени тажрид ҳолатида турғазиб қўйганда эса, сабабларни ихтиёр қилишинг олий ҳимматликдан пастга тушишингдир”


Бу ҳикмат икки асосий масалага доир бўлиб, бири тажрид, иккинчиси сабаблар деб, номланади. Аввало бу икки сўзнинг маъноси  қандай? Инсон хаётида икки ҳолатнинг бирига рўпара бўлади.

Биринчиси: Қаерда бўлмасин сабаблар оламидаги сабаблардан бири билан машғул бўлади, иложсиз улардан бири билан биргаликда иш олиб боради. Мана шуни сабаблар оламидаги ҳолат дейилади. 

Иккинчиси: Бунда, киши сабаблар оламидан ажралган ҳолда бўлади. Унинг учун улар томонга йўл бўлмайди, чунки улар уни етиб олишидан ва Аллоҳ таъоло уни турғазиб қўйган муҳитдан узоқда бўлади. Бу ҳолат тажарруд(халос бўлиш, озод бўлиш, ажралиб чиқиш) ёки тажрид(халос қилиш, озод қилиш, ажратиб олиш)  деб, номланади. Шунинг учун Аллоҳ таъолонинг буйруқларини бажариб юрган муъминга лозим нарса Аллоҳ таъоло уни турғазиб қўйган ҳолатга назар солиши ва ана шу ҳолатга мувофиқ муомалада бўлишидир. Яъни, ўзини табиатидан келиб чиқиб, шошқалоқлик билан гоҳ сабаблар билан алоқада бўлиб, гоҳ улардан юз ўгириши мумкин эмас. Балки Аллоҳ таъоло уни турғазиб қўйган ҳолат ва муҳитни аниқлаб олмай туриб, ўз билганича ҳаракат қиладиган бўлса, гарчи ташқи кўринишидан Аллоҳ таъолони буйруқ ва аҳкомларини бажараётгандек кўринса ҳам, у ўзининг ҳавойи нафси ва табиати билан биргалашиб иш олиб бораётган бўлади. Мана шу, юқоридаги ҳикматнинг хулосасидир. Лекин уни ҳар биримизнинг ҳаётимизда содир бўладиган воқеалар билан батафсил шарҳлаймиз. Сўзни ҳикматнинг бир қисмини шарҳлашдан бошлаймиз:

 “Аллоҳ таъоло сени сабаблар оламида турғазиб қўйган пайтда сенинг тажридни ихтиёр қилишинг, бу нафснинг махфий истакларидандир”.

Бир киши, Аллоҳ таъоло унга бир оиланинг масьулиятини юклаб қўйди. Унга жуфти ҳалол, у орқали фарзандлар бериш билан икром қилди. Демак, у киши ризқни қидириб топиш, унинг йўлида ҳаракат қилишга чорловчи сабаблар қуршовидадир. Энди тасаввур қилинг, агар ана шу (солиҳлик, тақводорлик, тавҳид ва Аллоҳ таьлога таваккул қилиш даражасига чиқмоқчи бўлиб юрган) инсон ўзига ўзи айтса: “Ризқ топиш учун бозорга бориб, у ерда ҳаракат қилишни менга кераги йўқ! Чунки мен Аллоҳ таьлонинг: “Ризқни Аллоҳнинг ҳузуридан изланглар” (Анкабут сураси 17-оят) деган, сўзига ишонаман ва аниқ биламанки, бу моддий сабаблар ҳаммаси Аллоҳнинг тасарруфидаги аскарлар холос. Шунинг учун мен дунёнинг ғам-ташвишларию бозорларидан воз кечиб, Аллоҳ азза ва жалланинг ибодатига ажралиб чиқайин”, деб ўзининг тавҳид денгизида Аллоҳ таьло билан бирга сузиб юрганлиги ва фақат сабабларни яратувчи Зотни ўзига ишонишини даъво қилиб, мен сабаблар билан ишим йўқ деб, бозордан, ризқнинг сабабларидан ва унга ҳаракат қилишдан воз кечса унга Ибни Атоуллоҳ  раҳматуллоҳи алайҳи ҳикматларининг биринчи қисми тўғри келади. Унга ана шу ҳикматни эслатиб қўйишимиз керак: “Аллоҳ  таъоло сени сабаблар оламида турғазиб қўйган пайтда сен тажридни ихтиёр қилишинг нафснинг махфий хоҳиш истакларидандир”. 

Барчасидан аввал, унга : Аллоҳ таъоло сени турғазиб қўйган ҳолат ва муҳитга қара, деймиз. Дарҳақиқат Аллоҳ таъоло сени бир оиланинг бошлиғи, фарзандларнинг отаси қилиб, уларнинг масьулиятини сени зиммангга юклаб қўйганда сени сабаблар оламида турғазиб қўйган бўлади. Энди сен Аллоҳ таъоло турғазиб қўйган бу ҳолатдан юз ўгириб, ана бу (тажрид) ҳолатини ихтиёр қилсанг билгинки, ташқи кўринишидан сен тавҳидни амалга ошираётган бўлсанг ҳам ботинда нафснинг ошкора бўлмаган махфий хоҳиш истакларини рўёбга чиқаришинг билан, ҳамда ўзингни одамлар орасида дунёдан воз кечиб, Аллоҳ таъолога юзланган, сабаблар билан эмас, сабабларни яратувчи Зотни ўзи билан муомала қилаётган қилиб кўрсатиб фахрланишга интилишинг билан ҳавойи нафсингга риоя қилаётган бўласан. Бу Ислом дини ўлчови ва шариатида жуда катта хатарли хатодир. Аллоҳ таъолонинг буйруқ ва аҳкомларидаги тўғри йўл эса, Аллоҳ таъоло сени бир оиланинг бошлиғи қилиб қўйган пайтда уларни едириб-ичириш, боқиш вазифасини сени зиммангга юклаб қўйганини билишинг керак. Энди сен бундай ҳолатда Аллоҳ таъоло билан фақат ўзинг учун эмас балки у Зотга бўлган ўзинг ҳақингдаги ишончга кўра оиланг, аёлинг ва болаларинг учун ҳам муомала қилишинг керак. Агар дунёдан юз ўгиртириб, ибодатга ажратиб қўядиган даражада Аллоҳ таъолога ишончим бор деб ўйласанг бундай ишончга, ўзинг учун танлаганинг бундай зоҳидликка аёлинг ва фарзандларингни қандай қилиб тортасан?!

Бу одамга мана шундай денг: Аллоҳ таъоло сенга “Осмонни баланд кўтарди ва мезонни ўрнатди. Мезонда ҳаддингиздан ошмаслигингиз учун. Адолат ила ўлчанг ва мезондан уриб қолманг.”(Ар Роҳман.7-8-9-оят)деган пайт сени ўз шариатининг мезонидан иборат икки палла ўртасида турғaзиб қўйган. Шунинг учун сен ўзинг учун эмас, балки оиланг учун яшайсан. Сенинг диний ҳаёт тарзинг қандай бўлишини белгилаб берадиган бу айнан шариат мезонидир. Шариат сенга оиланг таьминотини кучинг етганича тўла қилиш вазифасини юклаб, фарзандларингни жисмоний, руҳий ва ақлий тарбиясини мукаммал қилишга буюради. Булар учун эса, Аллоҳ таъоло олдинга сабабларини тайёрлаб қўйган. Агар сен бу сабаблардан юз ўгириб, бепарво яшайдиган бўлсанг. Аллоҳ таъолонинг борлиқда ўрнатиб қўйган низомидан юз ўгиришинг билан Аллоҳга нисбатан беодоблик қилган бўласан. Аллоҳ таъоло сенга: “Аҳлингнинг барча ҳақларини риоясини қилишинг учун сени йўлинг, сабаблар эшигини қоқмоғингдир” демоқда. Сен эса, “Йўқ! Мен бошқа эшикларни эмас балки тўғридан-тўғри Ўзингнинг эшигингни қоқаман” десанг, Аллоҳ таъоло сенга: “Сен тўғридан-тўғри мени эшигимга сакрамасдан, унга мен сенга айтган йўлдан юриб бор: бозорга бор, ишла, ҳаракат қилгин, савдо қилгин, деҳқончилик қилгин. Мен сени олдингга очиб қўйган йўлларни тутгин. Мана шу, мен сенга буюрган йўл”, дейди.

Худди шу каби бир киши келиб: “Мен сабабларни яратувчи Зот билан бирга бўлсам, сабабларни менга нима кераги бор”? деса. Унга жавобан: “Сен Аллоҳ таъоло сени турғазиб қўйган бундай шароитда у Зотга беодоблик қилиб, нафсингнинг махфий истакларини рўёбга чиқаряпсан холос” деймиз. Мана шундай йўлдан озишнинг воқеьликда ҳам бир неча ҳаётий намуналари бор. Шундай мисоллардан бирини келтирамиз:

 Бир оилали, фарзандлари бор киши бозорда савдо билан шуғулланади лекин уйга келган пайт доимгидек салом аликдан кейин дарров ўнгу-сўлига қайрилиб қарамасдан, кун бўйи уни кутиб ўтирган аёлига ва атрофидаги ёш болаларига ҳушмуомалалик қилмасдан, ибодат учун тайёрлаб қўйган бурчакдаги холи уйга йўл олиб, Қурьон ўқиш, қиблага юзланиб нафл намозлар ўқиш билан банд бўлади. Мен хаёлдан олиб гапирмаяпман. Сизларга воқеьликдаги бор нарсани айтиб беряпман. Хўш, бундай амалнинг шариатдаги ҳукми қандай?

Унинг ҳукми, Ибни Атоуллоҳ айтганларидек. Шариат у кишига мана шундай дейди: Эй, сен! Агар ёлғиз бўлсанг, аёлинг, фарзандларинг ва қариндошларинг бўлмаса, уйингга кирганингда салом берадиган ҳеч ким  йўқ, ғорга ўхшаш бўлса, шундай қилсанг дуруст бўлади. Чунки Аллоҳ таъоло сенинг зиммангга ҳеч кимнинг масьулиятини юклаб қўймаган. Лекин сени бир оиланинг бошлиғи қилиб қўйганда эса сени сабаблар оламида турғазиб, уларнинг жавобгарлигини сенга юклаган бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таъоло сени зиммангга мажбурият қилиб юклаган ўлчов маьносига кирувчи шаръий буйруқларни бирин-кетин бажаришга буюради. Мана шу буйруқларга бўйсуниб, уларни бажаришинг айни ибодатдир, қироатинг, тасбиҳинг, ҳамд айтишинг ва таҳлилингдир. Уйингга юзингда илиқ  табассум билан кириб, атрофингдагиларга қалби тўла меҳр-муҳаббатли, оиласи ва фарзандларини соғинган инсон мисоли салом бериб, сўнгра улар билан бирга ўтириб, уларга ўз муҳаббатингни улашишинг, ҳа, айнан мана шу Аллоҳ таъоло сенга буюрган ибодатдир. Ташқи кўринишидан дунёвий муомаланг, сен амалга ошираётган нафснинг истаклари ва кўнгилхуши қилиш бўлиши мумкин. Лекин бу зоҳирий кўриниш ортида яширинган воқеьлик эса, Аллоҳ таъолога яқинлашиш воситаси бўлган ибодатдир. Чунки Аллоҳ таъоло сени ана шу муомаланг туфайли сабаблар оламида турғазиб, натижада сени унинг низомига бўйсундириб қўйди. Агар сен: “Балки, мен Аллоҳ таъолонинг салтанати ва қудрати олдида, ҳақиқати йўқ бўлган сабаблар устидан ошиб ўтаман ва сабабларни яратувчи Зотнинг ўзи билан бирга муомала қиламан”, десанг, бу сенинг Аллоҳ таъолога одобсизлигингдир.

Аллоҳ таъоло сенга оилангни бахтиёр қилиш йўлларини ўргатиб қўйди. Чунки У Зот азалда одамларнинг бир-бирларини сабаб қилиб, савоб беришни ҳукм қилди. Эр-хотин Аллоҳ таъоло уларнинг зиммаларига юклаган вазифани бажаришлари билан бир-бирларидан ором, сокинлик оладилар. Шунинг учун Аллоҳ таъоло улардан бирини иккинчиси туфайли мукофотлайди. Шу билан У Зотнинг: “Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик” (Фурқон сураси :20-оят) деган, қонуни амалга ошади. Агар Аллоҳ таъоло улар орасидаги бу алоқани бекор қилишни хоҳлаганда, эрни аёлга, аёлни эрга муҳтож қилмас эди. Чунки сабабларнинг барчаси У Зотнинг тасарруфида. Ота-она билан фарзандлар ва унинг акси бўлган ҳолатлар ҳам, инсонларнинг баъзиларидан баъзиларига ўтувчи хизматлар ҳам худди шу каби бўлади. Бу Аллоҳ таъоло инсонларни баъзиларини баъзилари билан имтиҳон қилиш учун жорий қилган қонунидир. Мана шу боғлиқлик унга риоя қилиб, эътибор берганларида уларнинг савоб олишларидаги масдар бўлиб ёки аксинча бу қонунга риоя қилмай, бепарво бўлганларида жазоланишларига масдар бўлиб, хизмат қилади.

Агар бир киши келиб: “Яхшиси мен, барча нарса Унинг тасарруфида бўлган Зотнинг ўзига бу риояни ҳавола қиламан. Ўзимни эса, вазифа, ибодатларимдан узоқлаштирадиган дунёвий ишларнинг машаққатларидан озод қиламан”, деса, шубҳасиз бу иши билан Аллоҳ таъолога беодоблик қилиш ва У Зот бандалари амал қилишларини ҳукм қилган низомини танқид қилиб ҳақоратлаши билан қўпол хатога йўл қўйган бўлади. Шу каби инсонлар шубҳасиз махфий дунёвий шаҳватлари билан Аллоҳ таъолодан тўсилгандир. У ўзича уни Аллоҳ таъолодан тўсиб қўювчи дунёдан узоқлашишга ҳаракат қиляпман деб ўйлайди. Бошқа оилали кишиларни ҳам шунга қиёс қилаверинг. 

Шунингдек Аллоҳ халқни риоя қилиш масъулиятини топшириб, сабаблар оламида туришларини ирода қилган турли даражадаги кишиларнинг ҳоли ҳам ёки ўз жамиятларидаги диний бошқарувни топшириб, таълим- тарбия ишлари ҳамда амру маъруф, наҳий мункар ишлари билан шуғулланишни топширган кишиларнинг ҳолатлари ҳам, Аллоҳ таъоло жамиятдаги иқтисод чамбарагини топшириб қўйган ёки ўзлаштирилмаган ерларни обод қилишни юклаган кишиларнинг ҳолати ҳам худди шундай бўлади. Ана шулар каби Аллоҳ таъоло сабаблар оламида турғизиб, уларни бир неча мақсадларни амалга ошириш учун восита қилиб қўйган кишиларнинг Аллоҳ таъоло  барча инсонларга хитоб қилиб буюрган асосий(беш вақт намоз, Рамазон рўзаси, закот, ҳаж ва бошқа) тоат-ибодатларни бажаргандан кейинги ибодатлари, Аллоҳ уларни турғазиб қўйган вазифа ва масъулиятларни бажариш билан амалга ошади. Кўплаб инсонларни тушунчасига айланиб қолган энг катта хатолардан бири уларнинг тасаввурича тоат-ибодатлар муайян, алоҳида амаллардан иборат, деб ўйлашлари кўр-кўрона, нотўғри қарашдир. 

Ҳақиқатда эса, солиҳ амалларнинг ҳаммаси ибодат, фақат ният тўғри бўлиб, Алллоҳ таъолонинг розилиги учун бўлса бўлди. Солиҳ амал Аллоҳ таъоло инсонни турғазиб қўйган вазифа ва ҳолатга қараб бўлади. Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ бошқа бир ҳикматларида мана шу ҳақиқатни баён қилиб: “Ҳолатларни турли-туман бўлиб келишига қараб, амаллар ҳам турли бўлади”, деганлар. Яъни солиҳ амалларнинг ҳаммаси ҳам барча одамларга нисбатан солиҳ бўлавермайди. Балки ўша амалларнинг солиҳ бўлиши ёки аксинча солиҳ бўлмаслиги ҳақидаги ҳукм  амални бажарувчи кишининг ҳолати ва Аллоҳ таъоло уни турғазиб қўйган вазифа ва мажбуриятларига боғлиқ бўлади. 

Масалан: Аллоҳ таъоло бир кишига жамиятдаги алоқалардан ажралиб, оилали бўлиш мажбуриятларидан узоқда бўлишни тақдир қилган бўлса, демак бу кишига нисбатан солиҳ амал фойдаси ўзигагина бўладиган ўзи бажарадиган тоат-ибодатларда намоён бўлади. Аммо, Аллоҳ таъоло  бир кишининг  зиммасига сиёсий ёки ижтимоий вазифалардан бирини юклаб олишни тақдир қилган бўлса, у киши қилиши лозим бўлган, солиҳ амали зиммасига юкланган вазифани садоқат билан бажариш орқали ўз халқига хизмат қилиш билан амалга ошади. Зиммасига Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш ва душман ҳужумини бартараф қилиш  юкланган кишилар ҳам, ўз бурчларини ихлос билан бажарсалар, солиҳ амал қилган бўладилар. Лекин, шу билан бирга барча тоифадаги инсонлар ҳолатлари ва зималаридаги вазифалари турли-хил бўлишидан қатъий назар бирдек бажаришлари зарур бўлган маълум фарз (беш вақт намоз, Рамазон рўзаси, закот, ҳаж ва бошқа)  ибодатлар борлигини эсдан чиқармасликлари лозим. Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ ҳикматларининг биринчи қисмининг маъноси шудир. 

Аммо ҳикматнинг иккинчи қисмига келсак у қўйидагича “ Жамиятда шундай кишилар борки, Аллоҳ таъоло уларни сабаблар билан бирга амал қилиш майдонидан ажратиб олган, ёки улардаги шаръий ҳолат ва воқелик уларни сабаблар билан бирга муомала қилишдан узоқлаштириб қўйган. Мисол учун: Зайд исмли инсон. Унинг зиммасида оила, фарзанд масъулияти ҳам бошқа қариндошлар жавобгарлиги ҳам йўқ. Лекин унда яшаш учун кифояли маблағ бор. Унинг ичида икки омил уни ўзига жалб қилиб тортишади. Бири айтади: “Мана, сенга яшашга етарли сабаблар бор, нега шу маблағга кифояланмайсан? Нима учун сенга кераги йўқ дунёни кўпайтириш ўрнига Аллоҳ таъолонинг шариати ҳақида билимингни кенгайтириб илм талаб қилмайсан? Нима учун ортиқча вақтингни, кучингни тоат-ибодатларга ва Аллоҳ таъолонинг динига хизмат қилишга сарфламайсан”? деса. 

Иккинчиси: “Тургинда, ризқни кўпайтириш эшигини қоқ. Касб-ҳунар, тижорат йўлларини изла, фаровонлик, бойликни зиёда қиладиган сабабларни қидир. Чунки Аллоҳ таъоло бекорчи бандасини ёқтирмайди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам, масжидга кириб олган бекорчи, ишёқмасларни дарралари билан ҳайдардилар” дейди.

Мана шу киши нима қилиши керак, деб ўйлайсиз. Бу ичидан келаётган нидони қайси бирини қабул қилсин? Бу саволга Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳикматларидаги иккинчи қисм жавоб бўлади:“Аллоҳ таъоло сени тажрид ҳолатида турғазиб қўйганда эса, сабабларни ихтиёр қилишинг, олий ҳимматликдан пастга тушишингдир”.

Бу сўзнинг маъноси: Агар сен ўзингдаги маълум миқдордаги маблағга ишонганинг учун дангасалик қилиб, ишламасдан то ўлгунингча борингни еб-ичиб, кўнгилхуши қилиб, ётиб-туриб яшашга мойил бўлсанг, билгинки, бу ҳайвонларнинг ҳаётидир. Аммо Аллоҳ таъоло сени сабаблардан ва уларнинг мажбуриятларидан озод қилиб қўйганидан кейин  Аллоҳ таъолонинг дийнини  ўрганиб, шариатга хизмат қилишга юзланишни қасд қилиб, ана шу сабабли дунёвий вазифалардан ва ризқни кенгайтириш йўлларидан беҳожат бўлган бўлсанг, мана шу энг тўғри ва яхши йўлдир. Бу буюк ирода ва олий ҳиммат эгаси бўлган кишиларга муносиб йўлдир. Чунки, Аллоҳ таоло сизни қариндошлар, оила ва унинг ғам-ташвишларидан узоқ қилиб қўйган бўлса, сизни сабаблар оламида эмас, тажрид майдонида турғазиб қўйган бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таъоло сиздан узоқлаштириб қўйган сабабларни кетидан қувмасдан, яхшиси У Зотнинг дийнига хизмат қилиш, шариат аҳкомларини ўрганиш орқали сизни чорлаётган ҳаққа эргашинг. Агар ана шу инсон : “Лекин дунёвий иш ҳам ибодатку! Аллоҳ таъоло мана бундай деганку, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганларку!” деса, билиб қўйсинки, унинг хаёлига келаётган бу нарса фақат шайтоннинг васвасаси холос. Унинг натижаси эса, Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтганларидек олий ҳимматликдан пастга тушишдан бошқа нарса эмас. Бундай хаёл тўғри ва раббоний бўлганда эди, ҳар йили бу (Шом) диёримизга унинг фазилати, баракаси ҳақида эшитганлари учун Исломни, дин аҳкомларини ўрганиш учун келган ўнлаб ёш, кучли йигитларнинг ишини ахмоқлик деб билишимиз керак бўларди. Уларни ўз ватанларини ташлаб бу ерда динларини ўрганишлари учун етаклаб келган нарса ана шу тирикчилик ташвишларидан халос бўлганликларику! Улар ҳам Аллоҳ таъоло турғазиб қўйган бу ҳолатга чидаб туролмасдан, молу-дунёни, фаровонликни зиёда қилиш воситаларини қидириш машаққатини зиммаларига юклаб олишлари мумкин эди. Лекин улар Аллоҳ таъоло турғазиб қўйган тажарруд ҳолатига амал қилиб, ҳаётларида кўпинча йўқ бўлиб, қайтиб келмайдиган ана шу фурсатни ғанимат билдилар. Ўз ватанларига ҳидоят ва илм-маърифат элчилари бўлиб қайтишлари учун Дамашқ маъҳадларига кириб, Аллоҳнинг дийнини ўрганишга қаттиқ киришдилар.

Ана шу йигитлар, модомики Аллоҳ таъоло уларга топширган оилавий, ижтимоий ёки сиёсий жавобгарликларидан ўз алоқаларини узмаган бўлсалар, бу диёрга Исломий илмларни ўрганиш талабида келган пайтларида уларга ҳурмат назари билан қараб, уларни бошқа инсонлардан ажралиб турувчи тоифа, деб ҳисоблаб, улар сабабли Аллоҳнинг раҳматини сўрашимиз керак. Лекин бир кишини Аллоҳ таъоло бир оиланинг жавобгарлиги қўйган бўлса ёки ўз миллати, халқининг сиёсий, ижтимоий бошқарувига жавобгар қилиб қўйган бўлсаю, энди у киши Аллоҳ таъоло ўзи қўйиб қўйган муҳим вазифани қўйиб, мана шу шаҳарга ўхшаш бирор жойга бориб, илм талаб қилмоқчи, Аллоҳнинг йўлида жидду-жаҳд билан хизмат қилувчилар сафига қўшилмоқчи бўлса билингки, бу иши билан Ислом ўрнатган низомга, унинг йўлига қарши чиққан бўлади. Аллоҳ таъоло ўзи турғазиб қўйиб, зиммасига юклаб қўйган вазифани тескарисини қилмоқчи бўлган ҳисобланади. Мана шу ердан инсоннинг қандай ҳолатдалигини билинадиган ўлчов, тарозу шариат эканини билсак бўлади. У сабабият оламидан озод бўлиб, халос бўлишми ёки сабабларга боғланиб, улар билан бирга иш олиб бориш ҳолатими? Буни фақат ана шу ўлчов орқали билиш мумкин. Кимда ким шариат ўлчовини эътиборга олмай ундан айланиб ўтиб, нафсига ёқадиган истакларига эргашса, иложсиз Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ: “нафснинг махфий истаклари” ёки “олий ҳимматликдан пастга тушиш” деб, номлаган нарса томонига бурилиб кетиши мумкин. 

Мана энди, сизга бу ўта нозик шаръий қонунни тушунтириб берадиган, унга қандай амал қилиш йўлларини ўргатадиган амалий мисоллардан бир нечасини келтирамиз:

Биринчи мисол: Бир гуруҳ одамлар Аллоҳ таъолонинг байти Масжидул Ҳаромга ҳаж қилиш учун йўл олишди. Уларнинг баъзилари ҳар қандай вазифа ва жавобгарликлардан озод, мана шу Ислом шиорини (ҳажни) бажариш учун ўзларини  бағишлаб, у ерда тоату-ибодатларни кўпроқ қилиб олишга юзланишган. Аммо, улардан баъзилари эса, масалан тиббиёт ходимларига эса ҳожиларни жисмонан соғликларини риоя қилиб бориш, ҳаж асносида касал бўлиб қолганларни даволаш масъулияти юкланган. Ёки ҳожиларнинг жавобгарлигини зиммасига олган ишчи гуруҳга ҳожиларни дам олишлари ва бошқа зарурий эҳтиёжларини тўла таъминлаш масъулияти юкланган. Уларнинг биринчи тоифадагилари Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ ҳикматда тажрид ҳолати деб номлаган сабабият оламидан халос бўлган ҳолатда бўлиб, улардан энди талаб қилинадиган нарса, уларни Аллоҳ таъоло фориғ қилиб қўйган нарса томонга юзланишлари яъни тоату-ибодатлар, зикрларни кўпайтириш ва нафлларни кўпроқ қилишга ҳаракат қилишлари керак. Аммо, иккинчи тоифа инсонлар эса Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ сабаблар оламида туриш, деб номлаган босқичдаги ҳолатда юришибди. Бу тоифадаги ҳар бир шахсдан талаб шуки, Аллоҳ таъоло уларни ўзи қўйиб қўйган ва зиммаларига вожиб қилган сабаблар билан машғул бўлиши керак. Масалан:  Табиб-дўхтир ўз гуруҳидаги ҳожиларни соғликларини текшириб туриш ва касалларини дааволашга масъул. Бошқа ишчи гуруҳлар ҳам ўз зиммаларидаги мажбуриятларини яхшилаб бажаришлари лозим Агар улардан Аллоҳ таъоло ҳожиларнинг кўплаб хизматларидан бирига сабаб қилиб қўйган, зиммасидаги жавобгарликка ўзини эсидан чиққанга солиб, бепарволик қилса ва у ерда вақтининг асосий қисмини Байтул Ҳаромда тавоф қилиб, кўпгина намоз ўқиб, тиловатлар қилиб ва кўпгина зикрларни такрорлаш билан ўтказиб  Аллоҳ таъоло уни зиммасига юклаган ҳожиларга хизмат қилиш ва касалларни даволашдаги сабабиятга эътиборсизлик қилса, у инсон Аллоҳнинг шариатига қарши чиқувчи ва унинг йўлидаги қонун-қоидани оёқ ости қилган кишидир. Бундай бўлишининг сабаби аслида Аллоҳ таъоло уни сабабият оламидаги у турган ҳолатга қўйиб қўйган эди. У эса, ўзича уни билмаганга олиб, ўзини эсдан чиқарганга солиб, ўзи учун тажарруд ҳолатини ўйлаб топди. Ваҳоланки, исломий шариат ҳукмига биноан у ундан узоқдир. 

Байтуллоҳга ҳажга йўл олган пайтда мана шундай хатоларга аралашиб қоладиганлар жуда кўп. Улар ўзларича исломий шиорларни, унинг зиёли лафзларини амалга оширяптилару, аслида эса унинг мазмун-моҳиятини, энг тўғри инсоний асосларини билмайдилар. 

Иккинчи мисол: Бир ёш йигитга отаси: “Ўғлим, мен сенга эҳтиёжинг учун керакли ҳамма ҳаётий сабабларни тўлалигича муҳайё қилиб бераман. Сени ҳеч қандай сарф-ҳаражат қилишга буюрмайман. Фақат шарти шуки, сен ўзингни Аллоҳ таъолонинг Китобини ўқиб ўрганишга ва шариат илмларини олишга бағишлайсан” деди. Демак шариат ўлчови ва ҳукмига кўра Аллоҳ таъоло бу йигитни тажрид майдонига қўйиб қўйган бўлади. Бу йигитдан энди Аллоҳ таъоло турғазиб қўйган муҳит билан бирга амал қилиши талаб қилинади. Шунинг учун у бор диққат-эътиборини Аллоҳ таъолонинг Китобини ўқиб ўрганишга, шаръий илмини ошириб, динда фақиҳ бўлишга қаратиши лозим. 

Бу йигитга ўхшаш кишиларга : “ Шариат сенга ризқни сабабларини амалга оширишга буюради, бекорчи бўлиб қолишдан қайтаради”, деб бўлмайди. Чунки ана бу ота ва унга ўхшаш ризқи ва бошқа эҳтиёжларини кафолатини оладиган кишиси бўлмаган кишига шариат бозорга бориб, ризқининг сабабларини қидиришга буюради. Аммо, бир кишига, ана бу йигитни отаси каби барча эҳтиёжларига кафил бўладиган бир кишини рўпара қилиб қўйган бўлса унга шариат томонидан бундай буйруқ билан хитоб қилинмайди. Шариат ризқнинг сабабларини қилишга буюришининг сабаби кишилар ишёқмас, бекорчи бўлиб қолмасликлари учундир. Бу йигит бекорчилик томонга ўтиб олгани йўқ. Балки отаси кафил бўлган тирикчилик йўлидан шариатни ўрганиш ва динда фақиҳ бўлиш йўлига ўтди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” деганлар. (Имом Бухорий ривояти) Мана шу мисол мени ўқишни бошлаган илк давримдаги ҳолатга  ўхшайди. Ўшанда, отам раҳматли мени бошқа тенгдошларим каби қилишим керак бўлган, тирикчилик қилиш, молу-дунё топиш ишларидан қайтишимга кўндириб, барча молиявий, дунёвий эҳтиёжларимни ўз зиммаларига олдилар. (Ўшанда ҳали ўн беш ёшдан ошмаган эдим.) Сўнгра менга: “Агар Аллоҳ таъолога олиб борувчи йўл кўчада ахлат супуришда эканлигини билганимда эди, албатта сени фаррош қилган бўлардим. Лекин қарасам, Аллоҳ таъолога олиб борувчи йўл унинг дийнини, шариатини ўрганишда экан. Шунинг учун сен мана шу йўлни тутгин” , дедилар. Шундай қилиб отамнинг қарорлари ва оғирликни ўз зиммаларига олишлари билан Аллоҳ таъоло мени шариат ҳукмига кўра тажрид ҳолатига солиб қўйди. Ўшанда олдимга бир гуруҳ дўстларим келиб, мени ҳам ўзлари билан сабаби тирикчилик ва молу-дунё топиш учун касб-ҳунар қилиш ва ишлашга даъват қилишган. Отам мени тарғиб қилган йўлда осилиб қоладиган бўлсам, мени жамиятга қарам қилиб, тиланчилик йўлига солиб қўйишидан огоҳлантиришарди. Лекин Аллоҳ таъоло ўзи сақлаб, меҳрибонлик қилди. Шунинг учун Отам мени киргизиб қўйган йўлда сабр қилдим. Тенгдошларимни кетма-кет огоҳлантиришию гиж-гижлашларидан юз ўгирдим.

Энди, мана шу ишим билан шариатдан четга чиқдимми ёки шариат ҳукмига мувофиқ иш қилдимми?

Ўша пайтда бу саволга нима деб, жавоб беришни билмас эдим. Лекин мен отамни буйруқларига бўйсуняпман, мана шу Аллоҳ таъоло буюрган иш деб билардим. Аммо бугунга келиб, мен отамнинг буйруқларини бажаришим билан бир қаторда Аллоҳ таъолонинг шариати ва ҳукмига мувофиқ тарзда амал қилганимга аниқ ишонч ҳосил қилдим. Агар ана шу мен танлаган, отам мени йўллаб қўйган йўл Аллоҳ таъолонинг шариатига хилоф бўлганида эди, отам унга мутлақо рози бўлмас эдилар.

Шубҳасиз, мен ўртоқларим огоҳлантирган хавф-хатарларга ҳеч ҳам дучор бўлмадим. Балки мен рўпара бўлиб, етиб борган ҳолат ана бу хавф-хатарларнинг акси бўлиб чиқди. Мен ўйламаган томондан илоҳий икромлар, Раббоний туҳфалар занжир мисоли кетма-кет келди. Аллоҳ таъоло мени беҳисоб инъоми, эҳсонларига кўмиб қўйди. 

Учинчи мисол: Бир кишини Аллоҳ таъоло дунёвий ишлардан бир дўконда ёки бир савдо фирмасида турғазиб қўйди. У ерда Аллоҳ таъоло уни масъул қилиб қўйган оиласини ризқи-рўзини топиш учун ҳаракат қилиб ишлайди. У биладики, агар ҳар куни эрталаб соат тўққиздан кечки еттигача дўконда бўлиб, ўз вазифасини бажарса, албатта Аллоҳ таъоло унга етарли ризқу-рўз ва кифояли неъмат билан икром кўрсатади. Шунинг учун шариат унга: “Ҳақиқатда Аллоҳ таъоло сени ҳар куни соат эрталаб тўққиздан кечки еттигача сабабият оламида турғазиб қўйди. Энди сенинг вазифанг ҳар куни мана шу муддат асносида сабабларни амалга ошириб, ишлашингдир. Аммо, эрталаб иш вақти бўлишидан олдин ва кечки иш вақти тугагандан кейин сени тажрид ҳолатига қўйиб қўйди. Ундаги сенинг ҳар кунлик вазифанг эса, Аллоҳ таъоло сени қўйиб қўйган тажрид ҳолатини тақозосига кўра иш олиб бориб, Исломий билимингни кучайтириб, унга эътибор беришинг ва тоат-ибодатларни кўпроқ қилишга ҳаракат қилишинг керак”, дейди. Демак, бу савдогар сабаблар оламига қайси вақтда боғлиқ бўлиши керак буни фақат шариат мезони белгилаб, чегаралаб беради. Шунинг учун у кишидан ана шу чегарани аниқлаб олиши, у икки вазият ёки вақтни риоясини қилишда иккинчисига эътиборсизлик қилмаслиги талаб қилинади. Мен ўтмишда мана шу шаҳарнинг бозорларида аксар савдогарлар савдо қиладиган замонни эслайман. Улар Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтаётган балки шариат, дин ўзи ҳукм қилган мана шу ҳикматни ўз ҳаётлари ўта диққат эътибор билан татбиқ қилардилар. Ўша пайтларда Дамашқнинг катта савдогарлари учрашадиган жой бўлган “Мидҳат Пошшо” бозорини мисол қилиб айтсам. Бу бозор эрталабки соат ўндан олдин савдо ишлари учун уйғонмас эди. Кечки пайт эса, шом намозига азон айтилишидан олдинроқ тўхтарди. Мана шу икки вақт оралиғидаги кундузги соатларда бозор олий даражадаги савдо-сотиқ ҳаракатларининг гувоҳи бўларди. Шом яқинлашгач дўконлар ёпилиб, ҳаракат тўхтаб, бозор бўм-бўш бўлиб, қоп-қоронғу бўлиб қоларди. Ана шу бозорнинг энг катта савдогарларию ишчилари ҳам шаръий илмларни ўрганувчи талабаларга айланиб, масжидларга ёки уламоларнинг уйларига тарқалиб кетардилар. Уларнинг ҳар бири фиқҳ ёки тафсир ёки ақидага доир ўз китобини қўлтиқлаб оларди. Савдо, мол- дунё ишларидан юз ўгириб, бутун диққат-эътиборларини Исломий илмларни кўпроқ ўқиб, ўрганишга қаратардилар. Эрталаб бўлганида, улар кунларини яна толиби илм бўлиб бошлардилар, ўша пайтдаги буюк уламоларнинг кетма-кет бўладиган бир неча дарсларида қатнашиб, сўнг ҳар бирлари ўз ўйига қайтиб бориб оиласи, фарзандлари билан хушмуомалик билан бирга суҳбатлашиб ўлтириб, нонушта қилиб, бироз дам олгандан кейин тахминан эрталабки ўнларда бозордаги савдо ишларига кетарди. Шундай қилиб, ана шу савдогарлар ҳаётида кеча-кундузги соатлар тажрид билан сабаблар олами ўртасида тўғри тақсимланган эди. Улар ҳар иккисини ҳам ўз ҳаққини тўлалигича, камайтирмаган ҳолда берардилар. Бирининг ҳаққи икинчисига ўтиб кетмас эди.

Ҳурматли ўқувчи менинг бу гапимдан ҳозирги аксар савдогар, тадбиркорларнинг воқеълигидан келиб чиқиб (солиштириб) ғалати бир тасаввурга эга бўлиши мумкин. Тўғри, бундай тасаввур пайдо бўлиши табиий. Чунки ана бу кишилардан кейин келганлар ўзларини дунё ботқоғига ғарқ қилиб, бутунлай ва доимий тарзда сабаблар оламига таслим бўлдилар. Кечаю кундуз елиб-югуришлари савдо-сотиқ, пул топиш ортидаги тўхтовсиз ҳаракатдан иборат. Уларнинг тунги суҳбатлари, меҳмондорчиликлари ҳам тижорат, бизнес мушкилотлари ва тўсиқларини қандай қилиб енгиб ўтиш ҳақидаги муҳокама, маслаҳатлар билан ўтади. Агар ана шулардан ҳам вақт ажрата олсалар, у вақтларини хам ҳар хил томошалар, меҳмондорчиликлар, тунги базмлар ва бефойда гап-гаштакларга сарфлашади. Аллоҳ таъолодан уларни ҳам яқин ўтмишдаги аждодларининг йўлига ўз тавфиқи билан буриб қўйишини умид қилиб, ёрдам сўраб қоламиз. Ана шунда улар ҳам юқоридаги мисолдаги каби ўз вақтларини тажрид билан сабаблар ўртасида тўғри тақсимлаб оладилар. Тўртинчи мисол. Бир киши илм олиш мақсадида Америкага борди. Ўқишни тамомлагач, кўп мол-дунё топиш ва фаровон яшашни умид қилиб, у ерда оиласи, фарзандлари билан бирга қолиб, яшашни танлади. У ердаги дунёвий ҳаёти бир неча йиллар саодатли, шоду хуррамлик билан ўтди. Яъни у атрофидаги турган сабабларнинг талабларини амалга оширди. 

Энди, ана шу киши шариат мезони ва ҳукмида тажрид оламида турган деб, ўйлайсизми? Ёки сабаблар оламида турибдими? Шубҳасиз у киши ва оиласи дучор бўлган воқеълик бизга тўғри жавобни белгилаб беради.

Агар у киши оиласи билан гирдобида ўралашиб юрган воқеъликни чуқур ўйлаб кўрадиган бўлсак, биламизки унинг фарзандлари у ерда тўлалигича америкачасига ўсиб, улғайяптилар. Ота-она ўзларида оз бўлсада сақлаб қолган Исломий ўтмишларига боғлиқ бўлишлари мумкин. Лекин жудаям аниқки, болалари ҳар қандай масъулиятдан холи бўлган америкача муҳитга боғланиб қолишган. Мен Америкага биринчи марта бориб, кўплаб Исломий оилалар билан учрашганимда шу нарсани мулоҳаза қилдим.

Шунинг учун шариат бу кишига мана шундай дейди: “Сенинг ҳолингга вой бўлсин! Сен у ерда амалга ошириб юрган сабаблар Аллоҳ таолонинг ҳукмида мақбул иш эмас. Сени у ерда юришинг тажрид оламидир. Сени ўзи билан бирга иш олиб боришга чорлаётган у шаръий сабабларингни у ерда эмас, балки сени кутиб турган юртингда, қилишинг лозим. Бундай бўлишининг аломати, ана, фарзандларинг сенинг йўлингдан, ўзингда сақлаб қолган диний қарашлардан секин-аста узоқлашиб, тезлик билан ғайри Исломий ҳаёт ва фикрларга берилиб, Америкача яшаш тарзига муҳаббат билан тақлид қилиб боряптилар”. 

Бундай кишиларда агар иймоннинг ўчмай қолган чўғларидан озгинаси бўлса ҳам, бўлса Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг : “Аллоҳ таъоло сени тажрид ҳолатида турғазиб қўйганда эса, сабабларни ихтиёр қилишинг олий ҳимматликдан пастга тушишингдир.”  деган ҳикматлари қулоғига кириб, сўнг қалбига сингиб таъсир қилиши лозим. У киши бу ҳикмат талаб қилган нарсани амалга оширирши учун ягона йўл, ўзи ўқиши учун кўчиб кетган Исломий юртига қайтиб, ана шу ерда уни кутиб турган сабабият оламида иш олиб бориши ва юқорида зикр қилганимиз шу ерда яшашга рози бўлиши керак. Агар ўша киши: “Лекин мен бу ерда менга имкони берилган сабабларни ҳеч бирини ўз шаҳримда тополмайманку. Улар туфайли мен турли хил рохат, фаровонликларга кўмилиб юрибман”, деса, унга жавобан: Аллоҳ таолонинг қарори сенга динингни саломат бўлиши учун ризқинг сабабларини қурбон қилишга буюради. Ризқингни сабабларини топиш йўлида динингни қурбон қилишга буюрмайди. Бундан ташқари агар сен дунёвий, молиявий насибаларингдан Аллоҳ таолонинг буйруқларини муҳофаза қилиш ва унинг шариатини маҳкам тутишни устун қўядиган бўлсанг, Аллоҳ таоло сени маҳрумлик гирдобига ташлаб қўймайдиган, карамли Зотку! У Зотнинг: “Ва ким Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилса бошпана ва кенгликни топур”. (Нисо. 100-оят) деган сўзини ўқимаганмисан. Баъзида У Зот сенинг саботингни, У Зотни барча нарсадан устун қўйишингни аниқлаб олиш учун имтиҳон қилиб туриши мумкин. Лекин охир оқибат сенга ёқадиган, сени бахтиёр қиладиган неъматлар билан сени мукаррам қилади.

Шу ерда мен сизга Дамашқдаги “Санжиқдор” масжидида мана шу “Ал Ҳикам ул Атоия” дарсларига доим қатнашиб юрадиган бир йигитнинг қиссасини айтиб берсам: Дунё сабаблари ундан юз ўгиргани учун қийин аҳволга тушиб қолган эди. Яъни, Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ: “тажрид ҳолати” деб номлаган ҳолатни бошидан ўтказарди. Булар билан қатор Аллоҳ таолонинг синовлари ҳам бўларди. Шариат мезонида номақбул бўлган лекин жуда катта фойда келтирадиган ишлар, қулай фурсатлар унга бирини қувиб, бири рўпара бўларди. У йигит эса ҳар сафар унга бир имкон бўлиб қолса дарров мени олдимга келиб, унинг шаръий ҳукмини сўрарди, шу ишни қилсам бўладими ёки йўқми? деб. У фатво сўраганда мен уни қийнаб турган оғир аҳволига қаттиқ раҳмим келиши билан, Аллоҳ таолонинг буйруқлари ва аҳкомларига бўлган омонатдорлик зарурлиги ўртасида тўхталиб қолардим. Лекин уни Аллоҳ таолога бўлган садоқати мени шижоатлантириб: “Сен мендан маслаҳат сўраяпсан. Ваҳоланки маслаҳат сўралган киши омонатдордир. Шунинг учун мен сенга хиёнат қилишим мумкин емас, чунки мен сенда кўриб турган жўшқин дийнингга хиёнат қилган бўламан. Бу сенга таклиф қилинган иш ношаръий иш”, дейишга ундар эди. У ҳам бу қулай фурсатдан юз ўгириб, камбағаллиги ва қийинчиликларига сабр қиларди. Яна бир фурсат пайдо бўлиб қолса, яна келиб, унинг ҳам шаръий ҳукми ҳақида сўрарди. Қараб кўриб, ҳаромлигини билиб яна аввалги жавобни қайтардим. У ҳам аввалгидек сабр қилиб, шариат мезонига кўра Аллоҳ таоло уни қўйиб қўйган тажрид ҳолатига рози бўлиб юраверарди.

Хўш, ана шу ҳолатга қилган чиройли сабрининг оқибати нима бўлди? 

Аллоҳ таоло у ўйламаган томондан мўл-кўл, карамли ризқу-рўз топиш учун унинг олдида соф, покиза бир эшикни очиб қўйди. Шу сабаб бўлиб Мадинаи мунавварага кўчиб кетди. У ерда уйланиб, оила қурди, Аллоҳ таоло унга фарзандлар берди. Кейин, қайтиб келиб, ўзи туғилиб ўсган Дамашқдан кенг бир ҳовлини сотиб олди. Сабабларни шариатга мувофиқ амалга оширишидан ҳозирга келиб ҳам Мадинадаги иш жойи билан Дамашқдаги оиласи ўртасида келиб-кетиб турадиган бўлди.

Аввалига Аллоҳ таоло уни имтиҳон қилган узоқ муддатли тажрид ҳолатига таслим бўлди. Кейин Аллоҳ таолонинг унга бўлган саховатини қабул қилиб олди. Келинглар! Бизлар ҳам ҳаёт тарзимиз Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолонинг каломи ва Набий солаллоҳу алайҳи ва саллламнинг ҳадисларидан чиқариб олган бу Раббоний ҳикматнинг қонунига мувофиқ бўлиши учун Аллоҳ таолога аҳд берайлик. “Аллоҳ таъоло сени сабаблар оламида турғазиб қўйган пайтда сен тажридни ихтиёр қилишинг, бу нафснинг махфий истакларидандир. Аллоҳ таъоло сени тажрид ҳолатида турғазиб қўйганда эса, сабабларни ихтиёр қилишинг олий ҳимматликдан пастга тушишингдир”


Баҳодир Раҳматуллоҳ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Эй, имон келтирганлар Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани қилдик ёки қиламиз деб айтурсиз Сизларнинг давоми...

4214 05:00 / 01.03.2017
Ўтган сатрлардан ахлоқда мўътадил бўлиш нафснинг соғломлиги, мўътадилликдан оғиш дард ва беморлик экани аён бўлади. Энди нафсни даволаш ҳам худди баданни даволаш давоми...

3120 05:00 / 28.02.2017
Ибн Қудома Мақдисий кибрнинг уч даражаси борлигини айтади 1. Кибр инсоннинг қалбида қарор топган бўлади. У ўзини бошқалардан афзал деб билади. Аммо у тиришиб, давоми...

5224 18:30 / 05.03.2022
Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири ғурурдир.Ғурур сўзининг зийракликдаги нуқсон ва ғафлат туфайли давоми...

8926 05:00 / 28.02.2017