1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ал Ҳикам ул Атоиййа шарҳи (1)

05:00 / 01.03.2017 3786 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

الحكمة الاولى

"من علامة الاعتماد على العمل نقصان الرجاء عند وجود الزلل"

1-Ҳикмат
“Хато содир бўлганда умиднинг камайиб қолиши амалга суяниб қолинганининг аломатидир”
Шариатда амалга суяниш мақталган ишми ёки айб саналганми?



          Юқоридаги ҳикматда Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ бизни огоҳлантириб: “Аллоҳ таъолонинг розилигини топиш, У зот сенга ваъда қилган мукофотга эришиш йўлида намоз, рўза, садақот ва бошқа турли хил сенга тавфиқи берилган, ўзинг бажарган яхши амалларингга суяниб қолмагин, балки бунда Аллоҳ таъолонинг лутфи, карами ва фазлига суянгин ” демоқдалар.

(Савол туғилиши мумкин:) Бу гапга бирор далил борми?. (Жавоб қуйидагича) Ҳа , албатта бор. У имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилишган ҳадис бўлиб, У зот: “Сизларнинг ҳеч бирингизни амали жаннатга олиб кира олмайди ” дедилар. Шунда саҳобалар: “Сизни ҳамми ё Расулуллоҳ”, дедилар. У зот: “Мени ҳам, лекин Аллоҳ таъоло мени ўз раҳмати билан ўраб олсагина кира оламан” дедилар.

          Демак, амал жаннатга кириш учун белгиланган қиймат эмас экан. Шунинг учун ҳам тоатларни бажаришга муваффақ  бўлганингизда сизга тавфиқи берилган амалга мукофот талаб қилиб эмас, балки Аллоҳ таъолонинг фазли, карами ва афвини орзу қилиб,  У зотнинг розилиги ва савобини умид қилишингиз лозим.  

          Бу ердаги ҳикматда: “Аллоҳ таъолонинг фазлига эмас, ўз амалингга суяниб қолганингга ёрқин далиллардан бири сенинг ҳалокатга олиб борувчи гуноҳлар содир этиб, хатоларга ўралашиб қолганингда Аллоҳ таъолонинг афвига бўлган умидингни камайишидир” дейилмоқда. Бунинг маъноси, сен Аллоҳ таъолонинг карами ва атосини умид қилишингда ўз амалингга суянасан шунинг учун амал озайиб, гуноҳ кўпайганда умид йўққа чиқади. Мана шу Ибни Атоуллоҳ раҳимаҳуллоҳ ҳикматларининг қисқача маъноси бўлиб, Аллоҳ таъолонинг фазлу карамига эмас, ўз амалингга суяниб қолганингга далолат қилувчи ўлчовдир.

          Сўнг бу ҳикматнинг ақидада, саййидимиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида ўзининг муҳим ўрни бор, ундан ташқари ахлоқий, тарбиявий жиҳати ҳам бор. Инша Аллоҳ буларнинг барчасини қуйида баён қиламиз.


*       *       *       *       *       *       *       *       *      *


          Мана шу муносабат билан билишимиз лозимки Ибни Атоуллоҳнинг ҳикматлари уч қисмга бўлинади. Улар:

1-    Тавҳидга доир (бўлиб, унда мусулмоннинг тавҳид ҳақидаги эътиқоди-тушунчаси қандай бўлиши кераклиги ва ширкнинг махфий кўринишларидан сақланиш йўллари ўрганилади).

2-    Ахлоққа доир (бўлиб, мусулмоннинг ахлоқи қандай бўлиши керак деган саволга жавоб олинади).

3-    Руҳий тарбия ва нафсни кирликлардан поклашга таъаллуқли (бўлиб, инсон қалбида ўрнашиб олиб, уни ҳалок қилувчи маънавий касалликлардан қутилиш йўллари ўрганилади).

         Биз сўзни биринчи ҳикматнинг эътиқоддаги ўрнини баён қилиш ва таҳлил қилишдан бошлаймиз.

Жавҳаратут тавҳид китобининг соҳиби айтадилар:

Агар бизга савоб берса бу фақат ўз фазлидандир

Агар бизни азобласа бу адлининг ўзидандир

Айнан мана шу, ҳар бир мусулмон инсон безанмоғи лозим бўлган, салафи солиҳларнинг йўли бўлган ақидадир. 

         Гоҳида баъзилар: “Бизнинг савобга ҳақли бўлишимиз, ўзимиз бажарган солиҳ амал эвазига эканлиги маълумку” дейиши мумкин. Лекин агар биз Робби билан банда ўртасидаги алоқага чуқурроқ эътибор бериб, фикр юрутсак иш умуман ўзгача эканини билиб оламиз.

         Сиз: “Аллоҳ таъоло мени қилган амалим эвазига мукофот беради, ўз амалим билан жаннатга киритади” деган сўзингизни маъноси нима эканини биласизми?

Бу гапнинг маъноси: “Аллоҳ таъоло жаннатга эришиш учун маълум қиймат-нархни таъйин қилиб қўйган, лекин у дирҳам ёки қиммат баҳо қоғозлар билан эмас, балки ибодатлар, тоатлар ва харом ишлардан четланиш билан белгиланган. Агар сен тоатларни бажариб, гуноҳлардан узоқда бўлсанг, демак ўша таъйин қилинган нархни тўлаб, ўзинг сотиб олган матоҳга ҳақли бўлибсан”, деганидир.

         Сизнинг:”Ўзим тақдим қилган амалим эвазига савоб оламан” деган гапингизнинг маъноси айнан шундайдир. Ҳақиқатда эса иш шундайми?

Яъни Аллоҳ таъоло сендан талаб қилган ишларни бажариб, ҳудди маълум қиймат эвазига ер сотиб олган киши ҳақли бўлганидек сен ҳам ўз пешона теринг билан жаннатга ҳақдор бўласанми? 

Агар ўйлаб кўрсанг бунинг катта фарқи борлигини билиб олардинг. (Масалан:)Агар бир боғни сотувчи киши сўраган нархни нақд берсам, ўша заҳоти мен ҳеч қандай миннатсиз у боғнинг эгасига айланаман. Табиий тарзда қонун менга бу сенинг мулкинг, деб қарор чиқариб беради. Шунинг учун мен унга: “Энди мени еримдан чиқ! Чунки мен сенга унинг ҳаққини тўлалигича бердим”, дейишга ҳақли бўламан.

Мана шу, банда билан банда орасидаги (аслида ҳам шундай бўлиши керак бўлган) алоқанинг бир кўринишидир. Аммо  Аллоҳ таъоло сени тоатларга буюриб, ҳаром ишлардан қайтарганда сен унинг тавфиқи билан буйруқларини бажариб, ҳаром ишлардан четда бўлганингдаги ҳолат умуман бошқача бўлади. Чунки сен ўқиётган намозга сени қодир қилган ким? Сен тутаётган рўзага сени қодир қилиб қўйган зот ким? Сени қалбингни иймон учун очиб қўйган зот ким? У зот Аллоҳ азза ва жалла эмасми? Аллоҳ таъолонинг сўзи ростдир У зот: “Улар сизга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Сиз уларга: “Менга мусулмон бўлганингизни миннат қилманг. Балки Аллоҳ сизларни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур” деб, айтинг”. (Ҳужурот сураси 17-оят) деган. 

Шунинг учун ҳам юқоридаги икки ҳолат ўртасида катта фарқ бор. Ҳақиқатда ҳам сизга иймонни чиройли кўрсатиб, куфр, фосиқлик ва гуноҳларни ёмон кўрсатиб қўйган ким ўзи? Ким ўша? Шубҳасиз у Аллоҳ таъолодир! Аллоҳнинг уйларидан бирига бориб жамоат намозига қатнашиб сўнг сени Аллоҳга яқинлаштирувчи нарсаларга қулоқ солишинг учун қалбингни очиб, сени унга қодир қилиб қўйган зот ким? Айт. Ким у? Албатта Аллоҳ таъолодир. Шундай бўлгандан кейин боғни пулини бериб, сотиб олган одам унга эга бўлганига қиёслаб Аллоҳ таъолонинг жаннатига эга бўлишингни ўз маблағинг бўлган тоат эвазига сотиб олишни қандай қилиб хаёлингга келтирасан. Бунинг катта фарқи борку!

Демак Аллоҳ таъолонинг жаннати ва савобига амалинг эвазига ҳақдор бўлишни ҳатто тасаввур қилишинг ҳам мумкин эмас.  Чунки сен У зот талаб қилган нарсанигина бажардинг, вожиб қилган нарсанигина қилдинг ва У зот ҳаром қилган нарсадангина узоқлашдинг холос. Энди бундай эътиқод қилишинг мумкин эмас. Агар  ана шундай эътиқодда бўлсанг, аниқки бу ширкнинг энг хатарли турларидан бири бўлади.

Бунинг сабаби шуки, бундай эьтиқод қилишинг ўқиган намозинг ўз шахсий кучим билан бўлган, деб билиб, ўқиган намозинг билан гўё Аллоҳ таьолога яхшилик қилгандек бўляпсан. Бу эьтиқодинг билан Аллоҳ таьолонинг сенга буюрган тоатини ўз вужудингни ҳаракати билан бажаряпсан. Сенингча вужудинг ўз мулкинг, куч қувватинг ҳам шахсий мулкинг шунинг учун амалингнинг эгаси ҳам ўзингсан. Ўзингдаги куч қувватни йўқдан бор қилиб, пайдо қилувчи ҳам ўзинг, гўё унга яратувчи зотнинг алоқаси йўқдек. Демак сен ўз ҳаёлингча тоатларни ўзинг тўғридан-тўғри бажариб,мана сени буйруқларингни сен хоҳлаганингдек ўз кучим билан бажариб қўйдим, энди менга ваьда қилган жаннатингни бер демоқчисан. Шундай қилиб бу иш ҳудди: “Сен айтган нархни бердим, энди сендан матоҳни талаб қилишга ҳаққим бор”, деган каби олди-сотти муомаласига айланиб қоляпти. Мана шу банда билан роббиси ўртасидаги мантиққа тўғри келадими? Ундай бўлса воқеьликдаги Аллоҳ таьолога бўлган қуллигинг қаерда қолади? Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига ўргатган муқаддас калима: “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” (Аллоҳдан бошқа ҳеч кимда куч-қудрат йўқ) калимаси қаерда қолади? Бандаларнинг феьлларини яратувчи зот Аллоҳ таьоло экани ҳақидаги иймоний ишонч қаерда қолади? Биз банда бўлсак бизнинг феьлларимиз-иш-ҳаракатларимизни ким яратади? Салафи солиҳлар, Мотурудий ва Ашьарийлардан иборат аҳли сунна вал жамоьа мазҳаби бўйича ҳақиқий эьтиқодга кўра бандаларнинг иш-ҳаракатларини ҳам Аллоҳ таьоло яратади. Шунинг учун мен Аллоҳ таьолога тилим билан ҳамд айтганимда тилимни ҳамд айтишга ҳаракатлантириб қўйгани учун Аллоҳ таьолога шукр қилишим лозим. Кечаси намоз ўқиш учун турганимда, мени ўз ҳузурида турғизиб қўйгани учун Аллоҳ таьолога ҳамд айтишим лозим. Чунки агар у зот мени яхши кўрмаганида, менга у зотнинг инояти, лутфи бўлмаганида уйқуга ғарқ бўлиб ётаверардим, ўзининг ҳузурида бундай туриш билан мени икром қилмасди. Дарҳақиқат мен сизларга бир оилада хизмат қилиб юрадиган бир солиҳа аёлнинг қиссасини айтиб бергандим. Бир куни кечаси уйнинг егаси уйғониб туриб, уйнинг бир четида намоз ўқиётган хизматкор аёлни кўриб қолади. Унинг сажда қилган ҳолида қилаётган дуосини эшитиб қолади. У: “Эй Аллоҳ мени яхши кўришинг ҳаққи мени бахтли қилишингни, офиятинг билан икром қилишингни, ... сўрайман” дерди. Уйнинг эгаси унинг бу гапини га: “Эй Аллоҳ сени яхши кўришим ҳаққи сўрайман” дегин”,деди. Шунда аёл: “Эй ҳожам, агар У зот мени яхши кўрмаганида мени шу соатда турғизиб қўймас эди. Агар мени яхши кўрмаганида ўз ҳузурида турғизиб қўймас эди. Агар мени яхши кўрмаганида ана шу (сиз эшитган) муножотни гапиртирмас эди”, деб жавоб берди. Эй, биродарлар мулоҳаза қилинглар! Ҳар биримиз безанмоғимиз лозим бўлган эьтиқод мана шудир. Қандай қилиб намозикатталик қилиш деб ҳисоблаб, уни ўқиб бўлишини кутиб турди. Аёл салом бериб намозидан чиққанидан кейин унга: “Бу қанақанги эркаланиш бўлди Аллоҳ таьолога? Сен буни ўрнингизни Аллоҳга миннат қиласиз, ахир намозга сизни йўллаб қўйган У зотнинг ўзику. Айнан мана шу, ақида уламолари ва “жавҳарут тавҳид” соҳиблари назарда тутган тавҳиднинг асосидир.

Агар бизга савоб берса бу фақат ўз фазлидандир

Агар бизни азобласа бу адлининг ўзидандир        

Ҳақиқатда иш шундай бўлса Аллоҳ таьоло: “Қилган амалларингиз сабабли жаннатга киринглар” (Наҳл сураси 32-оят) деган сўзининг маьноси нима? Аллоҳ таьоло бу сўзни ўз китобида жуда кўп такрорлаганку?  деган савол пайдо бўлиши мумкин. 

           Мен сизларга айтмоқчи бўлган жавобим сизларни Аллоҳ таьолога бўлган муҳаббатингизни зиёда қилиб, У зотга бўлган бандалик ҳис туйғуларига ғарқ қилиб юборади. Юқоридаги сўз икки битим тузувчилар томонидан эмас, балки бир томондан қилинган қарор бўлиб, У зот Аллоҳ таьолодир. Аллоҳ таьло сизни амалга муваффақ қилиб, тўғри йўлни сизга илҳом қилиб билдиради ва сиз У зотнинг эшиги олдида дуо қилиб, ёлбориб: “Эй Аллоҳ сендан бошқа ҳеч кимда куч-қудрат йўқдир. Менинг пешонам сенинг қўлингдадир. Уни ўзинг хоҳлаган томонга буриб қўюрсан. Уни саодат ва тўғри йўлга буриб қўйгин” дейсиз. Ана шунда Аллоҳ таьоло дуойингизни ижобат қилиб, кўксингизни яхшиликка ёзиб қўяди, солиҳ амал қилишга муваффақ қиларди. Сўнг қиёмат куни сизга: “Қилган амалларингиз сабабли жаннатга киринглар” (Наҳл сураси 32-оят) дейди. 

Mана шу сўз худди сотувчи билан сотиб олувчи ўртасидаги келишувга ўхшаб, сен билан У зот ўртасидаги розилик келишувини ижроси эканини билдирадими?! Йўқ! Аллоҳ асрасин.  Аллоҳ таъоло амалингни жаннатга киришингга сабаб қилиб қўйгани шубҳасиз бу У зотнинг сенга бўлган фазли ва эҳсонидан бошқа нарса эмас. 

Агар сен бу сўзларга унамасдан, Аллоҳ билан банда орасидаги масала, ўзаро ҳақни ҳақ билан алиштиришдир, деб Қиёмат кунига мана шу даъво билан бориб, Аллоҳ таъолога: «Мен бажариб қўйган амалларим сабабли жаннатда абадий қолишга ҳақлиман», дейдиган бўлсанг, Аллоҳ таъоло сени шундай бир нозик ҳисобга тортадики, ана шу пайт сенда даъво қилгани ҳеч қандай ҳақ қолмайди. Тезда анабу(тоат, ибодат)ларнинг барчаси Аллоҳ таъолога бўлган қуллигинг ва Унинг ёрдами ва тавфиқига муҳтожлигинг остида йўқ бўлиб кетади.

Бу айтаётганларимга энг яқин мисол ота  ўз ўғлига саҳоватли бўлиши ва яхши ишларга одатланиши  учун уни қизиқтириб, йўл тузиб бергани кабидир. Ота ўғлига: «Агар мана шу камбағалга маълум маблағни берсанг мен сени ҳадя билан мукофотлайман, деб болага билдирмай унинг чўнтагига пул солиб қўяди. Бола ҳам отаси ваъда қилган мукофотни умид қилиб, отаси солиб қўйган маблағни камбағалга беради. Отаси бундан хурсанд бўлиб, ўғлининг карамли хулқидан хурсандлигини: «Ҳақиқатда сен улкан бир инсоний  ишни бажардинг, энди сен шубҳасиз катта мукофот ва буюк савобга ҳақлисан», деб, ифодалайди. 

Маълумки, бу бир гўзал тарбиявий услуб бўлиб, ота боласини мана шундай ушлайди. Шубҳа йўқки, бола ундан кейин  чўнтагидаги у пул отасининг пули эканини, отасидан кўрган икром, мукофот олиши эса, қилган яхши амали эвазига бўлганини ҳам билади. 

         Кўплаб хабарларда келишича, Қиёмат куни Аллоҳ таъолонинг бандаларидан бири: «Эй раббим! Мени адолатинг билан ва мен ҳақли бўлганимдек ҳисоб-китоб қилгин, чунки мен дунёдаги ҳаётимни барчасини ҳеч ҳам Сенга осийлик қилмасдан яшаб ўтдим», дейди. Ана шунда Аллоҳ таоло унга берган икки кўз неъматини эслатиб: «Бу икки кўзинг шукрини адо этдингми?» дейди ва икки кўздаги Аллоҳнинг фазлини тарозуни бир палласига, банданинг тоат ва ибодатларини тарозуни иккинчи палласига қўйилади. Шу пайт ана шу илоҳий фазл ( кўз неъмати) Аллоҳ таъоло бандага тақдир қилган тоат ва ибодатлардан оғир келади.

         Агар сен дунё ҳаётида яшаётганингда Аллоҳ таъолонинг неъматларига назар солсанг, бир лаҳза ушбу неъматлардан фойдаланишинг барча бажарган тоатларингдан кўпроқ ва каттароқдир. Сен эса Аллоҳ таъолонинг қулисан, Унинг қудрати билан итоат қиласан, Унинг раҳмати билан У томонга юрасан, сенга меҳрибонлиги туфайли Унга яқинлашасан. Мен ҳам  отам раҳматли баъзи дуоларида айтганларини айтаман. Эй Роббим сенга шукр қиламан лекин  сенга шукр қилишга мени илҳомлантирган сени ўзингсан шунинг учун қилган шукрим мени унга муваффақ қилганинг учун яна сенга шукр қилишимга муҳтож бўлади ва бу ҳол занжир мисоли давом этаверади. Бас ҳар бир нарсани яратувчиси ўзингсан ва ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзинг менга меҳрибонсан.

         Демак, Аллоҳ таъолонинг: “Қилган амалларингиз сабабли жаннатга киринглар” деган сўзи бир томондан бўлган қарордир. Аммо биз жаннатга фақатгина У зотнинг фазли билангина кира олишимиз мумкинлигини билишимиз лозим. Сиз Аллоҳ таъоло буюрган ишларни зиммангиздаги ҳақни адо этаётганингизни ҳис қилиб, бажарасиз. Ҳатто Аллоҳ таъолонинг буйруғини сиздан талаб қилган тарзда амалга оширганингизда Аллоҳ таъолонинг карами томонга ҳеч нарсага ҳақдор бўлмасдан юриб бораётганингизни билишингиз лозим ва сиз билан бирга фақатгина У зотнинг раҳмати ва кечиришининг умиди бўлиши керак. Солиҳлардан бирлари Раббоний зотлардан бир кишини оламдан ўтгандан кейин тушларида кўриб, Аллоҳ таъоло сизга қандай муомала қилди? деб сўраганларида, у киши: “У зот мени ҳузурида турғизиб қўйиб, мени олдимга нима олиб келдинг ”, деди. Шунда мен: “Эй роббим! Мен бир қулман, қулнинг эса хожаси олдига олиб келгани ҳеч нарсаси бўлмайди, мен ҳам сенинг афвингни умид қилиб, карамингни орзу қилиб келдим”, деб айтдим. 

Сен бу ердаги убудийят мантиғига назар солгин?! Эртага Аллоҳ таъоло ҳузурига бориш мана шундай бўлади. Ким бугун ана шу нарсани топмаган бўлса, албатта эртага топади.

Биз юқорида баён қилган маънони ифода қилишдаги Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларидаги нозик жиҳатини мулоҳаза қилинг. У зот: “Сизларнинг ҳеч бирингиз қилган амали сабабли жаннатга кирмайди” демадилар, чунки, ундай деганларида у зотнинг сўзлари Қуъондаги Аллоҳ таъолонинг солиҳ бандалари қилган амаллари сабабли жаннатга киришлари ҳақидаги: “Қилган амалларингиз сабабли жаннатга киринг” деган сўзига зид бўлиб қоларди. Шунинг учун ҳам у зот: “Сизларнинг ҳеч бирингизни амали жаннатга олиб кира олмайди” дедилар. Яъни сенинг Аллоҳ таъолонинг афви, кечириши, олийжаноблиги ва саховатидан холий ҳолда ўз амалинга суянишинг орзуларингни барчасини пучга чиқаради ва умидларингни асло рўёбга чиқара олмайди. Чунки сенинг арзимаган амалингни ўзининг мағфирати ва жаннатига етишиш йўли қилиб қўйган зот ҳам Аллоҳ таъолонинг ўзидир. Аллоҳ таъолонинг: “Қилган амалларингиз сабабли жаннатга киринглар” деган сўзидаги “сабабли” сўзини келтириб, уни амалга боғлаб қўйиши бу Аллоҳ таъолонинг раҳмати, карами ва афвининг кенглигидандир. Эй банда сенинг ким ва қандай даражада бўлишингдан қатъий назар бунга ўзинг ҳақли бўлганингдан эмас.

Масалан: Бирортамизнинг бироз маблағни фақирга садақа қилишига қараб, ўйлаб кўринг ана шунда мазкур оятдаги “сабабли” сўзи илоҳий раҳмат ва раббоний мағфират туфайли келгани маълум бўлади. Аниқки мол Аллоҳ таъолонинг мулки. У зотдан бошқа ҳақиқий эгаси йўқ. Аҳир Аллоҳ таъолонинг ўзи: “ва Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга ҳам беринг” (Нур сураси 33-оят) демаганми?! Сўнг яна бизларга хитоб қилиб: “Ким Аллоҳга қарзи ҳасана берса унга бир неча баробар қилиб қайтарур” (Бақара сураси 245-оят) деди. Сизга ўз молидан бериб, сўнг сиз ҳақиқий мулк эгасию, У зот сиздан қарз сўраётгандек сиздан қарз сўраб: “Агар мана шу молингдан  менга бироз қарз берсанг, ваъда бераманки, мен сенга уни албатта бир неча баробар қилиб қайтараман!” демоқда. Энди мана шу ерда сен ҳақиқий мулкнинг эгасию, Аллоҳ таъоло сенга муҳтож, қарздор деса тўғри бўладими?! Нахотки (юқорида зикр қилинган) Раббоний фазл ва меҳрибонлик услубига маст бўлиб, ҳақиқатни эсдан чиқаришгача борсанг ва ўзингни ҳақиқий мулк эгаси, Аллоҳ таъолони эса қарздор деб билсанг. Сўнгра Аллоҳ таъолога берган қарзингни фойдаларини ҳам қўшиб талаб қилишга ҳаққим бор, деб ўйлашинг мумкин бўлса?! Агар мана шундай тасаввурда бўлиб, Илоҳий лутфни эсдан чиқарсанг сен ҳақиқатда ҳам телба, мажнунсан.

         Шундай қилиб, саййидимиз Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сизларнинг ҳеч бирингизни амали жаннатга олиб кира олмайди” деган сўзларининг маъносини яхшилаб тушуниб олдик. Лекин энди ўзаро савол берамиз: Аллоҳ таъолонинг сизни жаннатга раҳмати билан киришингизни ваъда қилиб, айни пайтда сизни ўзига ибодат қилишга буюриши ўртасида қарама-қаршилик йўқми?

(Жавоб қуйидагича) Ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Чунки ибодат Аллоҳ таъолонинг қули бўлганингиз учун У зотнинг сиздаги ҳаққидир. Жаннат эса, Аллоҳ таъолонинг сизга меҳрибон ва кечиримли бўлгани сабабидан У зотдан сизга туҳфа, ҳадядир. Ҳақиқатда У зот ўзининг азалий ҳукмида раҳматига банларининг  енг ҳақлиси У зотнинг ҳақларини энг кўп адо қиладигани эканини ҳукм қилган. Бу ҳақида: “ва раҳматим ҳамма нарсадан кенгдир, уни тақво қилганларга ёзурман” (Аъроф сураси 156-оят) деб, эълон қилган.

         Аммо, ҳеч ким: “Ўзим тақводор муъмин бўлганимдан кейин Аллоҳ таъолонинг раҳмати ва мағфиратига эҳтиёжим йўқ” демасин. Чунки иймон ҳам, тақво ҳам сизга берадиган У зотнинг атосининг қиймати эмас, балки зиммангиздаги Аллоҳ таъолонинг ҳаққидир. Агар зиммангиздаги ҳақни адо қилсангиз бунинг эвазига сиз У зотнинг ҳузурида ҳеч нарсага ҳақдор бўлмайсиз. Ундан сизга етадиган ҳамма нарса унинг фазли, раҳмати ва мағфиратидан холос.

         Мана энди Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларига қайтиб, у киши бизларни огоҳлантирмоқчи бўлган асосий нуқтага эътиборни қаратамиз: “Хато содир бўлганда умиднинг камайиб қолиши амалга суяниб қолинганининг аломатидир”. 

Яъни Аллоҳ таъолонинг савобига эришишда амалга суянишингнинг энг хатарли натижаларидан бири хато ва гуноҳлар содир этганингда У зотнинг кечиришини умид қилишинг камайиб қолишидир. Бу икки иш ўртасида боғлиқлик бор бўлиб, сендан камчилик содир бўлганда Аллоҳ таъолонинг раҳмати ва мағфиратини умид қилишинг камайиб қолмаслиги учун ягона йўл бу тавфиқда юрган пайтингда амалинга суяниб қолмаслигингдир. Ана шунда икки ҳолатда ҳам Аллоҳ таъолонинг ғазабидан қўрқишинг баробарида У зотнинг карами ва саховатини ҳис қилиб турасан.

Демак Аллоҳ таъолонинг раҳмати ва фазлини доим умид қилиш билан биргаликда У зотнинг ғазаби ва азобига дучор бўлиб қолишдан қўрқувда бўлиш лозим. Чунки инсон қандай даражада бўлишидан қатъий назар ҳар қандай ҳолатда ҳам Роббисининг ҳақларини адо қилишда камчилик ва сусткашликка йўл қўйишдан холий бўлмайди. Шунинг учун ҳам инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам умид ва қўрқув ўртасида бўлиши керак.

Балки шайтон сенга: “Бандага Аллоҳ таъолонинг фазли етишида бу тоату ибодатларнинг аҳамияти йўқ экан, банда ибодатга юзланса ҳам, ундан юз ўгирса ҳам фарқи йўқку!” деб васваса қилиши мумкин. Лекин билиб қўйинг бу васваса биз шарҳлаётган Ибни Атоуллоҳ нинг ва тавҳид уламоларининг бу ҳақдаги сўзларининг натижаси эмас. Ахир Аллоҳ таъоло: “ва раҳматим ҳамма нарсадан кенгдир” дегандан кейин, уни ҳамма инсонларга ёзурман дедими? Ёки: “уни тақво қилганларга ёзурман” (Аъроф сураси 156-оят) дедими?  У иккови бир-биридан ажралмайдиган инсоннинг Аллоҳ таъолога бўлган бандалик ҳолатидир: Биринчиси: Ҳидоят йўлини тутиб, Аллоҳ таъолонинг буйруқларини астойдил бажариб, қайтариқларидан четда бўлиш.

Иккинчиси: У савоб ва мукофотга ўз кучи ва амаллари билан эмас Аллоҳ таъолонинг раҳмати ва мағфирати сабабли етишини билишидир. Бу жамловчи маънони Аллоҳ таъолонинг: “Албатта, Мен тавба қилиб, иймон келтирган, солиҳ амал қилган, сўнгра тўғри йўлда юрганларни кўплаб мағфират қилувчиман” (Тоҳа сураси 82-оят) деган сўзи баён қилган. Яъни иймон, солиҳ амал булар вожиб, савоб эса ҳақдорлик ва ажр йўли орқали эмас, балки мағфират ва карам йўли орқали берилади. 

         (Аллоҳ таъолонинг буйруқларини бажар эканмиз эътиқодимиз қуйидагича бўлиши керак:) Албатта мен Аллоҳга қул бўлганим учун унинг буйруқларини бажаряпман, мана шу зиммамдаги бандалик ҳаққининг бир қисми холос деб, сўнгра дуога қўл очиб: Эй Роббим, мен сенинг қулингман, қулингнинг фарзандиман, чўрингнинг фарзандиман. Пешонам сенинг қўлингда, сенинг ҳукминг менинг устимда жорийдир, менга қилган қазойинг адолатлидир. Сендан раҳматингни сўрайман. Менга мен лойиқ бўлганимдек эмас балки ўзинг муносиб бўлганингдек муомала қил. Чунки ўзинг: “Айтинг:Ҳар ким ўз ҳолича амал қилур.” (Исро сураси 84-оят) дегансан, Сенинг ҳолинг раҳматдир менга раҳм қил. Сенинг ҳолинг мағфиратдир мени мағфират қил. Мана шундай дер эканман, худди тиламчи фақир эҳсон қилишидан умидвор бўлган кишилардан ўз эҳтиёжларини сўраб, ёрдам талаб қилгандек, У зотдан ўзимча унинг учун қилган амалимга ажр талаб қилиб эмас, балки заифлигим ва унга ўта муҳтожлигимдан  раҳм қилишини, атосини беришини сўрайман. Аллоҳ таъолога бўлган ҳақиқий қуллик мана шундай бўлади.

Яна сиз айтишингиз мумкин: “ Лекин Аллоҳ таъоло гуноҳкор осийларни ғазаби ва азобидан огоҳлантирганку! Қандай қилиб У зотнинг афви ва эҳсонини умид қилишим камаймасин, ваҳоланки ўзим ана шу умидни камайтирадиган ишни қилган бўлсам. Дарҳақиқат, Аллоҳ таъоло: “ва раҳматим ҳамма нарсадан кенгдир, уни тақво қилганларга ёзурман” (Аъроф сураси 156-оят) деб, раҳматига етиш учун иймон ва тақвони шарт қилиб қўйган бўлса қандоқ қилиб умидим камаймасин?”

Жавоб шуки Аллоҳ таъолонинг карами ва мағфиратини умид қилишда давом этиши талаб қилинаётган гуноҳкор инсон Аллоҳ таъолога умид билан юзланиши мумкин бўлиши учун У зотнинг даргоҳига тавба эшигидан кирган бўлиши керак. 

Айтингчи Аллоҳ таъолонинг мағфирати ва афвини орзу қилиб, У зотнинг эшигини қоқиб, келган гуноҳкор бу ишини ўз гуноҳларида бардавом бўлиб туриб, қилмишларидан ҳузурланиб туриб, қилиши ақлга тўғри келадими?! Йўқ , албатта! Аниқки Аллоҳ таъолога бўлган қуллик ҳиссиётларидан ташқари, оддий инсоний ахлоқ ва ҳиссиёт ўлчовларида ҳам шубҳасиз бу гуноҳкорнинг қалбида Аллоҳ таъолонинг карами ва мағфиратини орзуси кучайгани сари тавба, пушаймонлик ҳис туйғулари ва ўтмишидан бутунлай воз  кечиш азимати кучайиб боради. Агар мана шундай самимий тавба қилса, албатта ундаги Аллоҳ таъолонинг мағфиратига бўлган умиди кўпаяди, асло камаймайди. Чунки, аниқки у киши Аллоҳнинг китобини ўқиб, У зотнинг: “Улар, албатта Аллоҳ ўз  бандаларидан тавбаларини қабул қилиши, садақотларни олишини ва Албатта Аллоҳнинг ўзи тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи ва раҳмли зот эканини билмайдиларми” (Тавба сураси 104-оят) деган сўзида тўхталади. 

Демак тавба қилиш шарт. Гуноҳкор инсон қалбида умид гулшанининг яшнаб қолиши учун ҳам тавба ягона йўлдир. Аммо гуноҳ ишларида давом этиб, тавба қилиш хаёлига ҳам келмаётган инсон Аллоҳ таъолонинг мағфиратини ҳам хаёлига келтириши мумкин эмас. 

Мен сизга зикр қилиб, баён қилган нарсалардан шу нарса маълум бўладики, Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтган нарсани аксига ўралашиб қолиш амалга суянишнинг яна бир далилидир. Яъни кимнинг Аллоҳ таъолога солиҳ амаллар билан юзланиши кўпайгани сари У зотнинг фазли ва савобига бўлган умиди кучайиб борса. Бу унинг Аллоҳ таъолонинг мағфирати ва карамига эмас, ўзининг солиҳ амалларига суянишига далилдир. 

Бу умиднинг кўпайиши билан солиҳ амални кўпайиши ўртасидаги хатарни қуйидагича аниқлаш мумкин. Тасаввур қилинг, бир инсон, унинг замон ўтгани сайин солиҳ амаллари, тоатлари кўпайгани сари, унда Аллоҳ таьолонинг савоби ва ваьдасига бўлган ишонч ҳам кўпайса ана шу хатар рўёбга чиқади. Чунки бу инсон охир етиб борадиган натижа шуки у ўзини муайян бир босқичга етиб борган, деб билиб, ўзини жаннат аҳлидан, Аллоҳ таьоло ваьда қилган неьматларга ноил бўлган деб, қатьий ҳукм қилади. Чунки унинг эьтиқодига кўра амал билан ажрни ўртасидаги боғлиқликнинг тақозоси мана шу эди. Шундай эьтиқодда бўлгани учун ҳам амалларим ҳаммаси мақбул, ҳаётим тоатларга тўла, демак мен жаннатиман, деб ўйлайди. Бундай эьтиқодда бўлиш Аллоҳ таьолога осилиб олишку. Ундан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда кўп қайтарганлар. Бу каби сирпанчиқ йўлдан узоқ бўлишнинг ягона йўли Аллоҳ таьолонинг бандалари зиммасидаги ҳақлар боқий қолиши, тоат ҳар қанча кўп ва катта бўлса ҳам, у ҳақларни тоат билан адо қилиб бўлмаслигини билиш керак. Агар Аллоҳ таьолонинг ҳақларини тоатлар билан адо қилиб бўлганда эди, Анбиё ва мурсаллар бунга одамларнинг энг ҳақлиси бўлар эдилар. Шу билан бирга улардан бирорталари Аллоҳ таьолонинг савобига бўлган умидини амалу ибодатларига боғлаб қўйишмаган. Балки барчалари доимо у зотнинг мағфирати ва раҳматига интилиб яшашган.

Саййидимиз Иброҳим алайҳис солату вас салом Раҳмоннинг халили бўла туриб ўзларини Аллоҳ таъолонинг солиҳ бандалари даражасида бўлишдан паст билиб, У зотдан солиҳлар билан бирга қилишини сўраб: “ Эй Роббим менга ҳикматни бергин ва мени солиҳларга қўшгин” (Шуаро сураси 83-оят) дер ва Аллоҳ таъолонинг мағфирати ва раҳматига интилиб: (Эй Роббимиз, мени, ота-онамни ва муъминларни ҳисоб қилинадиган кунда мағфират қил) (Иброҳим сураси 41-оят)деб, дуо қилардилар.

         Юсуф алайҳис солату вас салом ҳам ўзларини солиҳлар даражасига етишдан пастда деб, билар ва Аллоҳ таъолодан гарчи солиҳлардан бўлмасам ҳам уларларга қўшгин деб дуо қилардилар. У ҳақда  Қуръонда хабар бериб, айтади: “Эй Роббим, мени мусулмон ҳолимда вафот эттиргин ва солиҳларга қўшгин”. (Юсуф сураси 101-оят) 

         Аммо, Анбиё ва Расулларнинг саййиди эса, ўзингиз билганингиздек: “Сизларнинг ҳеч бирингизни амали жаннатга олиб кира олмайди ” дедилар. Шунда саҳобалар: “Сизни ҳамми ё Расулуллоҳ”, дедилар. У зот: “Мени ҳам, лекин Аллоҳ таъоло мени ўз раҳмати билан ўраб олсагина кира оламан” дедилар.

          Демак, инсон ким ва қандай даражада бўлишидан қатъий назар солиҳ амал қилишга муваффақ бўлганида Аллоҳ таъоло учун бўлган бандалик ҳақлари ва Аллоҳ таъоло унга дунёни тўлдириб берган неъматларининг ҳақларидан жудаям озгина қисмини адо қилади холос. Аллоҳ таъолонинг неъматлари эса жуда кўп, турли-туман ва беҳисобдир. Шунинг учун бу ҳақдаги сўзнинг энг яхшиси шуки инсон ўзини Аллоҳ таъолонинг бандаси ва мулки эканини билгандан кейин, Аллоҳ таъоло роббиси бўлгани учун, ўзи У зотнинг қули бўлгани учун ибодат қилиши вожиб бўлади. Яъни унга Аллоҳ таъоло савоб берса ҳам, бермаса ҳам барибир. Сўнгра У зотдан жаннатини фазл ва эҳсон қилиб беришини сўраши лозим. Дўзахи ва азобидан ҳам лутф ва марҳамат қилиб асрашини сўраши лозим. Айнан мана шу Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг дуо қилишдаги сийратлари бўлган. 

          Агар бирортамиз ўзича Аллоҳ таъолога фақатгина жаннатини умид қилиб ибодат қиляпман деб қарор қилса ва бордию, ибодати эвазига бу мукофотга эриша олмаслигини билса ибодатдан воз кечиб, шариатга ҳам, унинг аҳкомларига ҳам эътибор бермайдиган ҳолатда бўлса Аллоҳ таъолонинг мезони ва ҳукмида мусулмон ҳам, муъмин ҳам эмас. Чунки у анави эътиқоди билан Аллоҳга эмас, жаннатга қул эканлигини эълон қиляпти ва бирор йўлини қилиб бўлса ҳам унга етишга йўл қидиряпти.  

Мана шу ерда Робиа Адавийя раҳматуллоҳи алайҳонинг Роббиларига қилган муножотларидаги тавҳиддан иборат ҳиссиётларини нақадар буюк бўлганини билиб оламиз. У зот: “Эй,  Аллоҳ мен сенга жаннатингни умид қилиб, ҳамда дўзахингдан қўрқиб ибодат қилаётганим йўқ лекин сен ибодатга ҳақли зотлигингни билганим учун ибодат қиляпман” дердилар. Аммо баъзи юзаки баҳо берадиганлар Робиа Адавийя раҳматуллоҳи алайҳога таъна маломат қилиб, у бу гапи билан Аллоҳ солиҳ бандаларига ваъда қилган жаннатига муҳтожмасман   демоқчи дейдилар. Бундай дейиш фаҳмламасдан шошқалоқлик билан бировга зулм билан ҳукм қилишдир. Аслида эса, Робиа Адавийя раҳматуллоҳи алайҳо Аллоҳ таъолодан жаннатини сўраб, дўзахдан паноҳ сўрардилар. Лекин қилган ибодатлари эвазига мукофот талаб қилиб эмас, ўқиган намозларию бошқа ибодатларини қиймати эвазига эмас балки уларни Аллоҳ таъоло карамли бой зот бўлгани ҳолда У зотга ўта муҳтожликларидан, У зотнинг саховатига рағбат қилиб, сўрардилар. Аммо Робиа Аллоҳ таъоло роббилари бўлгани учун, ўзлари эса У зотнинг чўриси бўлганликлари учун ибодат қилиб, У зот учун бўлган бандалик ҳаққи туфайли ўзларини қарздорман, деб билиб, ибодатлари билан Унга яқинлашар эдилар. Шунинг учун қуллик ҳисси у кишини Аллоҳ таъолога ибодат қилиб, У зотнинг рубубийяти султонига бўйин эгишга ундаб турарди. Бошқа бирор нарса учун эмас, балки фақат  Аллоҳ таъоло роббилари бўлгани учун, ўзлари эса У зотнинг чўриси бўлганлари учун. Бунинг эвазига жаннат неъматлари билан икром қиладими, ёки аламли азобига ташлайдими барибир, ана шу бандалик аҳдини бузмасдилар. Ҳар қандай ҳолатда ўзлари У зотнинг тасарруфида, мулкида эканликларини билиб, туриб қандай қилиб бузадилар. Робиа Адавийя раҳматуллоҳи алайҳонинг тутган йўллари мана шу. Энди мусулмонларнинг орасида: “Бу нотўғри йўл”, дейдиган киши борми? Агар бу нотўғри бўладиган бўлса, бунинг акси тўғри йўл бўлиши керак. Бунинг акси эса: “Эй Аллоҳ, мен сенга, сен ибодатга ҳақли бўлганинг учун эмас, балки жаннатингни умид қилиб, ибодат қилдим” дейишидир. Аллоҳга иймони бор инсонлар ичида ҳатто фосиқ бўлсалар ҳам, Аллоҳ таъолога мана шундай ҳуник хитоб қила оладигани бормикин? 

Биз ҳам ибодатдаги сусткашлигимизга қарамай, гарчи Робиа Адавийя раҳматуллоҳи алайҳога ўхшаш зотлар даражасидан узоқда бўлсак ҳам, Илоҳимиз, Яратувчимизга ҳудди ана шу зотлардек хитоб қилиб қоламиз:

*      *      *      *      *     *      *     *     *     *

Эй, Аллоҳ Сен роббимизсан биз эса қулларингмиз. Сенга ибодат қилиб, кучимиз етганича буйруқларингни бажарамиз, бу бошқа бирор нарса учун эмас фақат сен роббимиз бўлганинг, биз эса сенинг қулларинг бўлганимиз учунгина холос. Ҳарчанд сенинг йўлингда истиқоматда бўлсак ҳам сенинг ҳақларингни адо қила олмаймиз, бу сенинг амрингга такаббурлик қилганмиздан эмас, балки ўзинг бизларга заифликни тақдир қилгансан.

Яқинда бу дунёйимиздан сенинг ҳузурингга хатою гуноҳлардан иборат кўпгина йиртиқларимиз билан кўчиб борамиз. Ана шу йиртиқларимизни ҳақиқий, содиқ тавба билан ямаб қўйишингни умид қиламиз. Сенинг ҳузурингга яланғоч, мухтож ҳолимизда қуллик қилиб борамиз. Ана шунда: “Менинг ҳузуримга дунёдан нима олиб келдинг”, деб сўраганингда ҳар-биримизнинг жавобимиз: “Сенинг раҳматингга бўлган умидни, сенинг карамингга бўлган орзуйимни келтирдим. Сенга бўлган қуллигимдан ўзинга муҳтожлигим билан келдим. Мана шу сенинг ҳузурингга олиб келган сармоям. Энди жаннатингни ва карамли атойингни фазлинг ва саховатлигингни билганимдан ботиниб сўрайман ”. 

Мана шу ҳар-бир мусулмоннинг ҳиссиётларини қамраб олиши лозим бўлган тавҳиднинг мағзидир. Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳи ҳам: “Хато содир бўлганда умиднинг камайиб қолиши амалга суяниб қолинганининг аломатидир”, деганда айнан мана шу ҳақиқатни назарда тутганлар.


*      *      *      *      *      *      *     *     *     *

Биринчи ҳикматнинг шарҳини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган муборак дуо билан якунлаймиз:

"اللهمَّ مغفرتُك أوسَعُ من ذنوبي ورحمتُك أرجى عندي من عملي"

Яъни: “Эй, Аллоҳ сенинг мағфиратинг менинг гуноҳларимдан кенгроқдир ва раҳматинг қилган амалларимдан умидлироқдир”.



Доктор Муҳаммадсаъид Рамазон Бутий

Баҳодир Раҳматуллоҳ таржимаси



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Тақво, ва .вараъ, парҳезкорлик сўзларини биргаликда зикр қилиш одатга айланиб қолган. Иккиси бирбирининг ўрнига ишлатиладиган ҳолатлар ҳам бор. Баъзида давоми...

1487 19:00 / 15.10.2023
96. Бир киши Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга quotМен мунофиқ бўлиб қолишдан қўрқаманquot, деди. У киши ундан quotХоли қолганингда намоз ўқиб, гуноҳ қилганингда истиғфор давоми...

5116 10:35 / 27.03.2017
Ҳар бир солик билиб қўйиши лозим бўлган ҳақиқатлардан бири камолот сифатлари ила энг олий даражада сифатланган ва хулқланган банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3311 05:00 / 28.02.2017
Қалбни кир қиладиган, ташвишга ва хижолатга соладиган нарсаларни тарк қилиш. . ,. . Наввос ибн Самъон Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

1209 19:00 / 03 февраль
Аудиолар

135309 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55560 14:35 / 11.08.2021