1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 03 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Ҳақни билиш йўлида ҳаё қилмаслигимга ижозат беринг?

19:30 / 11.09.2019 2005 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо ўта зеҳнли, оқила ва илмга ўч бўлганларидан доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан турли масалаларни сўрашдан зерикмас эдилар. У кишининг саволлари ўринли ва муҳим бўлар эди. Айниқса, Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо кўпроқ саволларни аёллар нуқтаи назаридан берар эдилар. У кишининг берган саволлари шариатга бир қанча енгиллик ҳукмлари кириб қолишига ҳам сабаб бўлган. Ўша саволлардан ва уларга берилган жавоблардан баъзиларини эслаб ўтайлик.

Имом Абу Довуд ва Ҳоким Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: 

«Мен оёғимга тилла халхал тақар эдим. 

«Эй Аллоҳнинг Расули, у жамғармами?» дедим.

«Закоти адо қилинишга етган нарсанинг закоти берилса, жамғарма бўлмайди», дедилар у зот»

Бу ривоятдан уламоларимиз «Тақинчоқларнинг нисобга етганидан закот берилиши керак», деган ҳукмни олганлар.

Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар

«Умму Сулайм Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди. Аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?» деди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳа, вақтики сувни кўрса», дедилар. 

Бас, Умму Салама: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» деди. 

У зот:

«Қўлгинанг қурисин, бўлмаса, боласи унга нимадан ўхшар эди», дедилар». 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан савол сўраб келган саҳобия аёл Умму Сулайм Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оналари бўлади. У киши Умму Сулайм куняси билан машҳур бўлганлар. 

«Эҳтилом» дегани «уйқуда жинсий яқинликни кўрмоқ», «уйқуда булғанмоқ» деганидир.

Умму Сулайм розияллоҳу анҳо одатда аёл киши эркак кишидан сўрашга ҳаё қиладиган саволни сўрашдан олдин: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди», дедилар. Бу «Шунинг учун мен ҳам ҳаё қилмай, бир ҳақ нарсани сўрамоқчиман. Мен сўрайдиган савол аслида ҳаё қилиш лозим бўлган нарса. Лекин ҳақни билиш йўлида ҳаё қилмаслигимга ижозат беринг», деганларидир.

Мазкур муқаддимадан кейин Умму Сулайм розияллоҳу анҳо бевосита саволга ўтиб: 

«Аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?» деди.

Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг саволларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳа, вақтики сувни кўрса», деб жавоб бердилар. 

Яъни хотин киши тушида жинсий алоқани кўрса-ю, кейин манийни кўрса ёки сезса, унга ғусл вожиб бўлади. Аммо тушида жинсий алоқани кўрса-ю, кийимида, баданида маний кўрмаса, бошқа бир аломатни сезмаса, ғусл қилмайди. Бу ҳукм эркак кишига ҳам тегишли. Аксинча, тушида ҳеч нарсани кўрмаса ҳам манийни кўрса, ғусл қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг ораларида бўлиб ўтаётган бу савол-жавобни эшитиб турган Умму Салама онамиз ҳам уялдилар (бошқа ривоятда «Умму Салама юзини беркитиб олди», дейилган), ҳам ажабландилар. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга савол бериб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» дедилар. 

Умму Салама онамизнинг бу саволларидан баъзи аёлларнинг эҳтилом бўлмасликлари келиб чиқади. Бўлмаса, у киши бу саволни бермас эдилар. Умму Салама онамизнинг бу саволларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қўлгинанг қурисин, бўлмаса, боласи унга нимадан ўхшар эди», деб жавоб бердилар.

Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: 

«Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен сочимни мустаҳкам қилиб ўрадиган аёлман. Жунублик ғусли учун уни ёйишим керакми?» дедим.

«Йўқ, сен учун бошинг устидан уч ҳовуч сув қуймоғинг кифоя қилур. Сўнгра устингдан сув қуясан. Бас, пок бўлурсан», дедилар». 

Ушбу ҳадиси шарифда аёл кишининг ғуслига тегишли муҳим бир масала муолажа қилинмоқда. У ҳам бўлса, ўрилган соч масаласи. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Умму Салама онамиз ораларида бўлиб ўтган савол-жавобдан сочи ўрилган аёл киши жунубликдан ғусл қилганда ўрилган сочларини ёймаса ҳам жоизлиги келиб чиқмоқда. Фақат у сочининг остига яхшилаб сув етказиб туриб, ғусл қилаверади. Сочни ҳар сафар ёйиб, яна ўриш машаққатидан аёлларга енгиллик бериш учун шариатимизда шундай қилишга рухсат этилган. Бошга яхшилаб сув етказиш билан ғуслдан кўзланган мурод ҳосил бўлади. Ўстирилган сочнинг ҳамма қисмига сув тегиши шарт эмас.

Термизий, Насаий ва Ибн Можалар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас», дедилар. 

Шунда Умму Салама:

«Аёллар этакларини қандай қиладилар?» деди.

«Бир қарич тушириб оладилар», дедилар у зот.

«Ундай бўлса, оёқлари очилиб қолади», деди у.

«Бир зироъ тушириб оладилар, ундан зиёда эмас», дедилар у зот».

«Зироъ» – ўртача икки қарич узунлигидаги ўлчов бирлиги.

Мусулмонлар манманлик ила кийимларини осилтириб, ерга судраб юришдан қайтарилган. Бу амр ҳам эркаклар, ҳам аёллар учун экан. Аммо аёлларга сатр (авратни тўсиш) иши қаттиқ таъкидлангани учун мазкур ҳукмда уларга хос чегара белгиланган. Ушбу аёллар учун хос ҳукмнинг шариатга киритилишига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларидан Умму Салама онамиз сабабчи бўлганлар.

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас», дедилар». 

Бу жумлада баён этилаётган жазо оғирдир. Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг назаридан бенасиб қолиш, деганидир. 

Умму Салама онамиз аёллик ҳислари билан аёлларнинг ғамини қилдилар. Улар этаклари узун кўйлак кийишлари шартлигини ўйлаб, «У ҳолда ҳозир айтилган гаплар нима бўлади?» деган хаёлга бориб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Аёллар этакларини қандай қиладилар?» деб савол бердилар. Уларнинг этаклари узун, шундай бўлиши керак ҳам. Агар манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмаса, аёллар ҳам этакларини болдирнинг ярмидан кесиб ташлашлари керакми? Ёки бошқа бирор ечим борми?

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга бошқа ечим борлигини билдириб:

«Бир қарич тушириб оладилар», дедилар у зот».

Бу ҳам аёлларнинг тўсиниб юришлари муҳимлиги учун қилинган истиснодир. 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбаримиздир. У зот бизга ҳаёт сирларини ўргатдилар. Биз ҳақиқий ўлчовларни у зотдан билиб олдик. Ўзимиз яшаётган дунё давоми...

2389 10:54 / 03.02.2022
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Етим қиздан ўзи ҳақида изн сўралади. Агар сукут сақласа, ўша унинг изнидир. Агар давоми...

2185 15:00 / 20.05.2020
Имом Абу Довуд қилган ривоятда қуйидагилар айтилади .Муаъйқийб ёзди, Абдуллоҳ ибн Арқам гувоҳ бўлди.Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу Аллоҳнинг бандаси Умар ndash давоми...

1951 18:05 / 13.04.2019
Савол Ассалому алайкум Атир сепиб кўчага чиқиш аёлларга ҳаром қилинганмиЖавобndash Ва алайкум ассаломАбдуллоҳнинг аёли Зайнаб розияллоҳу анҳодан ривоят давоми...

4794 07:49 / 04.01.2021
Аудиолар

133290 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53639 14:35 / 11.08.2021