1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Бурилиб кетсангиз кетаверинг, ўзингизга қийин!

17:05 / 11.09.2019 3217 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинган:

ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪﭫ

«У сизни оналарингиз қорнида уч зулмат ичида бир яратишдан кейин яна бошқа яратишга ўтказиб, аста яратади» (Зумар сураси, 6-оят).

Мана шу оят ҳам Қуръони Каримдаги илмий мўъжизалардан яна биридир. Ҳозир кашф қилинишича, она қорнидаги болани уч қават юмшоқ парда ўраб турар экан.

Шуниси қизиқки, унинг уч қават эканлигини оддий кўз билан кўриб бўлмас, балки махсус асбоблар билан қаралсагина, аниқ билинар экан.

Эй одамлар, ўзингиз ҳақингизда ўйлаб кўринг. Қачон ва қаердан пайдо бўлдингиз? Сизни ким яратди? Қандай қилиб? Ҳозир эркак билан аёлнинг қўшилишидан дунёга келиб, насли давом этиб келаётган одамзоднинг бошланиш нуқтаси қачон ва қаерда, қандай бўлган? Билмасангиз, билиб қўйинг!

«У Зот сизларни бир жондан яратди».

Аввал бир жонни – Одам алайҳиссаломнинг жонини яратди.

«Сўнгра ундан жуфтини қилди...»

Одамдан унинг жуфти – Ҳавони пайдо қилди. Бу ҳам, албатта, Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига ёрқин далилдир.

«...ва сизларга чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтни туширди».

Чорва ҳайвонларидан тўрт жуфти – туя, мол, қўй ва эчкидан бир жуфт-бир жуфт экани бошқа оятларда айтилган.

Бу чорва ҳайвонлари ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолгани йўқ. Ҳозиргача бошқа ҳеч ким, уларни мен яратдим, деб даъво ҳам қилгани йўқ. Қила олмайди ҳам. Уларни ягона Аллоҳ таолонинг Ўзигина яратган ва бу ҳақда Ўзи хабар қилмоқда. Бу иш ҳам Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига ёрқин далилдир.

«У сизни оналарингиз қорнида уч зулмат ичида бир яратишдан кейин яна бошқа яратишга ўтказиб, аста яратадир».

Инсон ўзини ўзи ярата олмайди. Яратиш у ёқда турсин, боласи ҳомила шаклида қачон пайдо бўла бошлаганини ҳам билмайди. Ҳомила аломатлари пайдо бўлганидагина, уни аниқлашга тушади.

Инсонни она қорнида яратадиган Зот Аллоҳдир. Ҳозиргача бирор кимса, инсонни она қорнида мен яратаман, деб даъво қилгани йўқ, қила олмайди ҳам. Фақат яккаю ягона Аллоҳ таологина яратади. Бу иш ҳам У Зотнинг ваҳдониятига ёрқин далилдир.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсонни она қорнида уч зулмат ичида яратганининг хабарини бермоқда. Уч зулмат нима? Тафсирчи уламоларимиз бу саволга «Уч зулматнинг бири ҳомилани ўраб турувчи парда, иккинчиси бачадон, учинчиси қорин», деб жавоб берганлар. Илмий тараққиёт бу жавобни яна ҳам аниқлаштирди. Мутахассис олимлар ўтказган текширишлардан ҳомилани ўраб турувчи парда уч қават экани маълум бўлди. Аллоҳ таолонинг

«…оналарингиз қорнида уч зулмат ичида…» дегани бежиз эмас экан. Қориннинг ичида уч зулмат – уч қават пардани яратган ким? Нима учун бир эмас, икки эмас ёки тўрт эмас, айнан уч қават? Шунинг ўзи Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига далил эмасми?

Инсонни она қорнида

«…бир яратишдан кейин яна бошқа яратишга ўтказиб, аста яратадир» деганда эса босқичма-босқич, аста-секин мукаммал инсон ҳолига келтириш тушунилади. Аввал бошда нутфа бўлди. Ўша нутфани ҳам Аллоҳ яратди. Бошқа ҳеч ким эмас. Бошқа яратувчи бўлса, мен яратаман, деб айтсин. Бир томчи сувдан иборат нутфага инсонлик хусусиятларини жойлаган ҳам Аллоҳ таолодир. Бошқа ҳеч ким жойлаган эмас. Кейин ўша сув тухумга таъсир қилиб, урчиб, зулук шаклига кириб, бачадонга ёпишади. Бунга араб тилида «алақа» дейилади. Ўша алақани ҳам Аллоҳ таоло пайдо қилади. Унга ҳам инсонлик хусусиятларини Аллоҳ таоло жойлайди. Унинг бачадонга ёпишиши ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Сўнгра ўша зулуксифат алақа тишланган гўштга ўхшаш нарсага айланади, ундан инсон шакллана бошлайди, суяк пайдо бўлади ва ҳоказо. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Ҳеч ким ва ҳеч нима бу жараёнга аралаша олмайди. Ҳатто ҳомиладор аёл ҳам қўлидан бирор иш келмай, эсон-омон туғиб олишини тилаб юраверади. Бу ишлар Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига ёрқин далилдир.

«Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир».

Мана шу ишларни қилган Холиқ ва Моҳиру Мудаббир Аллоҳ сизнинг Роббингиздир. Тарбиячингиз, яратувчингиз, ризқ берувчингиздир, бутун тадбирларингизни қилиб турадиган Зотдир.

«Барча мулк Уникидир».

Аллоҳ борлиқдаги барча мулкка эгалик қилади. У Зот хоҳлаганича тасарруф этади. Хоҳлаганини яратади. У Зот хоҳлаганини йўқотади. Бу ишлар эса, ўз навбатида, Аллоҳнинг ваҳдониятига далолат қилади.

«Ундан ўзга илоҳ йўқ».

Ундан бошқа ҳеч бир яратувчи бўлмагач, Ундан бошқа ибодатга сазовор ҳеч бир зот ҳам йўқ. Шунинг учун, эй одамлар, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишингиз лозим.

«Бас, қаён бурилиб кетмоқдасиз?!»

Аллоҳга ибодат қилмай, қаён кетмоқдасиз?! Кўра-била туриб, Аллоҳнинг йўлидан қаён бурилиб кетмоқдасиз?! Бурилиб кетсангиз, кетаверинг. Ўзингизга қийин!

«Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» ва «Тафсири Ҳилол»китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангизнинг идишига пашша тушиб қолса, унинг ҳаммасини ботириб, кейин давоми...

6757 19:40 / 14.01.2019
Берлин техника университетининг бир гуруҳ шифокор ва психолог мутахассислари ўлимдан сўнг ҳаёт мавжуд эканини исботлашди.Тўрт йил давомида олиб борилган клиник давоми...

18260 17:30 / 24.12.2018
Инсон ҳужайрасининг ҳозиргача олинган энг сўнгги тасвири. Расм манбаси Гарвард университети 2020 йил, декабрьРасмда битта ҳужайранинг ички тузилиши акс этган. давоми...

1974 10:00 / 25.02.2022
Кундан кунга Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарадаги илмий мўъжизалар, ҳақиқатлар илмий томондан ҳам аниқланмоқда. Ушбу мақолада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи давоми...

1557 20:37 / 04 март