1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бир оят устида тадаббур

19:30 / 07.09.2019 9795 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Бу шундай китобки, Биз уни сенга оятларини тадаббур қилсинлар ва ақл эгалари эслатма олсинлар учун нозил қилганмиз» дейди. (Сод сураси, 29‑оят).

«Тадаббур» ‒ нарсанинг охири, кетини англатувчи «дубурун» ўзагидан олинган бўлиб, бирор нарса ҳақида обдон, охиригача ўйлаб, таҳлил қилишни англатади. Бу шунчаки тафаккур эмас, балки охирги нуқтагача фикрни етказиш, ўйлашни билдиради. Бу эса оятлар мазмунига амал қилишга олиб боради. Қуръон фақатгина табаррукан ўқиш учун ёки устида қанақадир тадқиқотлар ўтказиш учун эмас, балки энг аввало, тадаббур қилиш, керакли эслатма олиш, хулоса чиқариш ва амал қилиш учун нозил этилгандир.

Бугунги кундаги воқелик ва кўпчиликда кечаётган мулоҳазалардан келиб чиқиб, бир ояти карима ҳақида тадаббур юзага келди. Шуни сизлар билан баҳам кўрсам. Бу Нур сурасининг қуйидаги оятидир:

«Мўминаларга айт, кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар улардан (зийнатлардан) зоҳир бўлгани мустасно. Рўмолларини ёқа ёриғларига тўшасинлар». (Нур сураси, 31‑оят).

Ушбу оятни ўқиганда бир ҳақли савол туғилади:

Оятда нега «мўмина аёллар рўмол ўрасинлар», демасдан, «рўмолларини ёқа ёриғларига тўшасинлар», дейилмоқда?

Бу саволга «Рўмолни ёқа ёриғига тўшасинлар, деган гапдан ўзи рўмол ўрасин деган маъно келиб чиқади‑да, чунки бошда рўмол бўлмаса, қандай қилиб уни бўйин ва ёқа ёриғларига тўшайди?» деб жавоб бериш ҳам мумкин. Бу ҳам ўз йўлида ўринли, мантиқий жавоб. Бироқ, мазвуни яхшироқ ўрганилса, бу ерда ўша даврдаги воқелик тавсифи ҳам борлиги тушунилади.

Қуръони Карим воқелик китобидир. Уни тўғри тушуниш учун у нозил бўлган воқеликни ўрганиш керак. Оятнинг хитобини яхшилаб ҳис этилса, шу нарса маълум бўладики, ўша пайтдаги мўмина аёллар ўзи шундоқ ҳам рўмолда юрган бўлишган. Шунинг учун уларга «Рўмол ўрасинлар», деб эмас, «Рўмолларини ёқа ёриғларига тўшасинлар» деб амр қилинган. Бу билан ўмров, томоқ тўсилиши билан бирга, аёл кишининг энг катта жозибаси бўлган қоматидаги гўзаллиги ҳам парда ортига олиниши таъминланган.

Тарихий далиллар шуни кўрсатадики, у пайтда нафақат мўминалар, балки мушрикларнинг аёллари ҳам одатда бошга рўмол ташлаб юрган. Бироқ, уларда рўмол қулоқ, бўйин ва кўксини ёпиб турмаган. Бугунги кундан мисол қилсак, тахминан ҳинд аёллари ёки рўмол учларини орқага ташлаб юрадиган туркман аёллари каби рўмол ўрашган. Бу ҳолатни бир қатор халқларнинг миллий кийимларида ҳам кўриш мумкин.

Муфассирларнинг энг улуғ намояндаларидан, буюк ватандошларимиз имом Замахшарий, Абу Лайс Самарқандий, имом Насафий ва бошқа муфассирлар мазкур оят тафсирида қуйидаги ривоятни келдирадилар:

«Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Ушбу оят нозил бўлишидан олдин аёллар ўша пайтда Шом диёрларида яшаган араб халқларига ўхшаб рўмолларини орқага ташлаб юришар эди. Шу оят нозил бўлгач, рўмолларини кўксиларига ва томоққа ташлайдиган бўлишди».

Демак, Қуръон мўмина аёлларга ўзи шундоқ ҳам бошда рўмол билан бўлганлари учун ҳам уларга рўмолни қандай ўраш ҳақида кўрсатма берган, «рўмол ўранглар», деб ўтирмаган. Зотан, рўмол ўраб турган аёлларни рўмол ўрашга буюриш мантиқсизлик бўлади. Қуръон эса бундай хатодан йироқ ва имкон қадар сўзни қисқа қилиш унинг асосий услубиятидандир.

Юқоридаги фикрларни Аҳзоб сурасида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига хитобан тушган тафсирида келган айрим хабарлар ҳам қувватлайди. Оятда шундай дейилади:

«Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ бўлманг» (33‑оят).

Оятдаги «илгариги жоҳилиятнинг очиқ‑сочиқлиги» деганда нима назарда тутилгани ҳақида турли хил тафсирлар айтилган бўлиб, қадимги катта муфассирлардан Муқотил ибн Сулаймон уни шундай изоҳлайди: «Бу аёл кишининг бошига рўмол ташлаб, лекин уни боғламагани сабабли зираклари, маржонлари ва бўйинлари кўриниб туришидир».

Демак, ушбу тафсирга кўра, оятда «жоҳилиятнинг очиқ‑сочиқлиги» деб ялангбош, сийна ва сонларни очиб юриш эмас, балки рўмолни бошга ташлаб, лекин сочни тўлиқ тўсмаслик, қулоқ ва бўйинлар, улардаги тақинчоқлар очиқ қолиши айтилган экан.

Айтиш лозимки, ояти каримадаги рўмолни бўйин ва ўмровни ёпиб, учларини сийналарга ташлаб ўраш Аллоҳ таоло мўминаларга раво кўрган, буюрган кийиниш тарзидир. Бу сиймо Парвардигор наздида ниҳоятда маҳбуб бўлганидан мўминаларнинг У Зот билан роз айтишишлари ‒ намоз ўқишлари учун ҳам айнан шу кўриниш танланган. Аммо доим бундай юриш машаққат бўлганидан мўминалар ўз маҳрамлари олдида бироз очиқроқ, енгилроқ кийимда юришлари, жуфти ҳалол ҳузурида эса итсаганча кийимда бўлишларига рухсат этилган.

Хулоса қилиб айтганда, Қуръони Карим оятларини тушуниш, тафсир қилишда масалага атрофлича ёндашиш, чуқур билим билан назар солиш лозим. Зеро, Қуръон илоҳий калом бўлгани боис унинг содда кўринган оятларида ҳам чексиз маънолар, олмашумул ҳақиқатлар мужассамдир. Қуръонни ҳар ким ўз истаганича тафсир қилиши, яхши ўрганмай туриб изоҳлаши мутлақо мумкин эмас.

Мазкур ояти карималарнинг маънолари очиқ‑ойдин, далолатлари хусусида Ислом умматининг барча уламолари минг йиллар оша якдил фикрда бўлиб келганлар. Шунинг учун Ислом шариатида муслималар учун ҳижобланиш фарздир, дейилади. Бу ҳақиқатни инкор қилиш мутлақо мумкин эмас, ақлли инсон учун шармандалик, мўмин кишининг иймонига хатардир.

Аллоҳ таоло балоғатга етган мўминаларга бегоналар олдида қандай кийинишларини кўрсатар экан, уларнинг ўша пайтдаги уст‑бошларига кўра хитоб қилганини англашда кўп маънолар мужассамдир. Бундан айрим уқувсиз кимсалар, жумладан, ўзларини «қуръонийлар» деб номлаган нобакорларнинг «бу оятда рўмол ўрашга далил йўқ», деган сафсатаси қанчалар аҳмоқона, хиёнаткорона даъво экани ҳам равшан бўлади.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
quran.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳасан Басрий айтадилар .Бир куни Абдуллоҳ ибн Муборак билан бирга кетаётган эдик. Сув ичадиган жойга келсак, одамлар тўпланиб, сув ичишаётган экан. Абдуллоҳ ҳам давоми...

4248 07:00 / 26.01.2019
Амалга ошмайдиган режа тузиш бемаъни иш. Баъзи мамлакатларда аниқ ишлаб чиқилган узоқ муддатли режа ва долзарб муаммоларни ҳал этиш усуллари концепцияси давоми...

3071 15:00 / 29.12.2018
Эртага, 27 июнь сешанба куни зулҳижжа ойининг 9куни ndash арафа кунидир. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафа давоми...

7185 17:47 / 26.06.2023
Ибн Саммок раҳматуллоҳи алайҳ айтади .Ибодатгўй бир одам ҳақида эшитиб қолиб, уни зиёрат қилишга ошиқдим. У киши .Эй Ибн Саммок, сизни бу ерга қайси шамоллар учирди, давоми...

1748 07:00 / 16.07.2019
Аудиолар

135337 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55590 14:35 / 11.08.2021