1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аёл ва замон: ахборот асрида шариат ва миллийлик

11:05 / 01.09.2019 2884 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кейинги йиллар ичида кишилар ҳаётига интернет шиддат билан кириб келди ва унинг таъсири кун сайин ортмоқда. Шу билан бирга, халқаро тармоқ хизматидан фойдаланиш ҳақидаги баҳс-мунозаралар ҳам тўхтамаётир. Илк телевидение кўрсатувлари жорий қилинганида ҳам мана шундай баҳс-мунозара, фикр-мулоҳаза ва фатволарнинг чиқишига сабаб бўлган.

Интернет ҳалолми? Интернетга бўлган эҳтиёж ҳаммада ҳам бир хил эмас. Минтақавий ва миллий жиҳатлардан келиб чиқиб, бу зарурат ҳар хил кўриниш олиши мумкин. Шунингдек, кишилар ундан турли мақсадда, масалан, илм, касб-ҳунар ривожи ва инсониятга хизмат учун фойдаланишади. Таассуфки, ундан ёмон мақсадда фойдаланувчилар ҳам бисёр.

Аллоҳ таоло инсонни яратиши билан бирга унга ақл, қобилият ва иқтидор берди. Ер юзидаги барча нарсаларни унинг хизмати, фойдаси учун яратиб қўйди. Дастуруламал бўлмиш Қуръони Каримни нозил қилди. Инсоният ҳидояти учун пайғамбарлар юборди. Инсонга ақл ҳамда имкониятини ишга солиб, ўзига манфаатли нарсаларни билиб олиш ва улардан фойдаланиш, зарарли нарсаларни аниқлаб, улардан четланиш қолди, холос.

Масала янада тушунарли бўлиши учун биргина мисол келтирамиз. Аслида емакларнинг барчаси ҳалол, аммо баъзи зарарлилари бундан мустасно қилинган. Масалан, ўлакса, қон, йиртқич ҳайвонлар, тўнғиз кабилар шулар жумласидан.

Шунингдек, интернет хизматидан фойдаланиш ҳам асли ҳалол, аммо унда ҳам ўзига яраша баъзи чеклов ва шартлар мавжуд:

- Интернетни кишининг динига, ақлига, ҳаётига, жонига, ахлоқига зарар келтирадиган мақсадларда ишлатмаслик;

- У орқали жамиятда фасод, турли ихтилоф ва фитналар тарқатмаслик;

- Интернетдан фойдаланишда ғулуга кетмаслик. Яъни ибодатдан, вазифадан, оила ва яқинлар олдидаги бурчдан ва бошқалардан узилиб қолиш мутлақо тўғри бўлмайди;

- Хавфли кишилар билан мулоқотдан четланиш. Шу билан бирга, номаҳрам эркак ва аёл орасидаги ношаръий мулоқотга йўл қўймаслик;

- Интернет воситасида тарқатилаётган турли хабарларга ишонавермаслик ва уларни тарқатмаслик. Чунки шариатимиз бундан қаттиқ қайтарган. Шунингдек, ақли етмаган, мутахассислиги бўлмаган маълумотларга ҳам бурун суқмаслик, айниқса, шаръий таълимотларни ўз эгаларига қўйиб бериш лозим.

Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Аммо биз энг муҳимларини келтириш билан кифояландик.

Интернет ҳақида баҳс кетганида, гап аёл кишининг бу масаладаги ҳуқуқига бориб тақалади. «Муслима интернетга кирса бўладими?» ёки «Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши ҳукми қандай?» каби саволлар кўп берилади. Бошқа масалалардаги каби борада ҳам бу икки чегара бор: ё мутлақ тақиқ ёки мутлақ эркинлик. Худди муслима илм олиши жоизми, дейилганида: «Муслималар уйдан чиқмасликлари керак, уларга уй ишлари кифоя» ёки «Муслималар бу борада эркаклардан ортда қолишлари керакмас» дейилгани каби.

Муслималар ҳам эркаклар баробарида ўзларига манфаат келтирадиган нарсаларни ишлатишга ҳақлилар. Аммо нозик фитрат эгаларига бу борада ҳам ўзига яраша мезонлар бор. Интернетдан фойдаланишни автомобиль бошқариш масаласига қиёслаш мумкин. Табиий эҳтиёжлардан келиб чиқиб аёл кишига улов миниши учун рухсат берилади, аммо у бу борада эркак каби мутлақ эркинликка эга эмас. Бу чекловлар қуйидаги шартлар билан белгиланади:

- Улов миниш учун ҳақиқатда жиддий эҳтиёж бўлиши;

- Валийнинг рухсат бериши;

- Ўзини сатрли тутиш, зийнатларини кўрсатмаслик;

- Бемаҳалда ва шубҳали ерларда юрмаслик.

Аёл кишига бундай шартларни жорий қилиш унинг хилқатидан келиб чиққан. Мантиқан ўйлаб қараганда ҳам одамзоднинг эркак ва аёлга ажратиб яратилиши бежиз эмас. Чунки ҳар бирининг жинс нуқтаи назаридан ўзига яраша хусусиятлари бор ва мана шунга қараб унга ҳуқуқ берилади, вазифалар юкланади.

Аёл киши табиатан мафтункорлиги, эркакларни ўзига тез жалб қила олиши, ўз ўрнида эркаклар ҳам аёлнинг ҳусни, зийнатидан тез таъсирланишлари ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун фитнадан сақланиш мақсадида бу борада шаръий тақиқлар қўйилган.

Қисқаси, аёл интернетдан фойдаланганида юқорида санаб ўтилганлар билан бирга бошқа шартларга ҳам амал қилиши зарур. Дини, хулқи, шаъни, ҳаёсига путур етказадиган ҳолатларга йўл қўймаслиги керак. Шаръий одобларга амал қилган ҳолда, ўзини имкон қадар сатрли, жиддий тутиб, номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб этмаслиги, интернетни фақат зарурат бўлгандагина ишлатиши лозим. Шу билан бирга, интернет унинг хаётига, эр ва фарзандлари олдидаги бурчларини бажаришига тўсқинлик қилмаслиги керак.

Хуллас, юртимиздаги аёлларнинг интернетга нисбатан муносабатларини таҳлил қилиб кўрсак. Беш қўл баробар бўлмаганидек, бу борада ҳамма аёллар ҳам бир хил эмас. Юртимизнинг баъзи чекка ҳудудларида интернетнинг секин ишлаши ёки аёлларимизнинг ўта соддаликлари, интернет ҳақида тушунчалари камлиги сабабли тармоққа кириш жуда суст. Бошқа аёлларимиз эса бу масалада анча илғор. Аммо бундай илғор гуруҳ озчиликни ташкил этади. Аксар аёллар учун интернетга боғланиш имконияти бемалол бўлса-да, қизиқиш йўқлиги ёки уқувсизлик сабабли уни кўпроқ бефойда нарсаларга ишлатишади. Манфаатли илм олиш учун махсус гуруҳ ёки каналларга аъзо бўлишда «билмасвойлик» қилишади ёки қунт қилишмайди. Баъзилар эса билимини, касбий малакасини ошириш, хайрли ишларда иштирок этишдан кўра ҳиссиётли нарсаларга, моддиятга, ўткинчи ҳою ҳавасларга кўпроқ берилишади. Яна баъзи тоифа аёлларнинг интернетга ўзларини кўрсатиш учун киришади. Улар имкон қадар ўзини кўрсатиш ва васфларини изҳор қилиш (яъни ўзларини кўз-кўзлаш) пайида бўлишади. Баъзилар очиқ-ойдин, баъзилари эса сўз ва ишоралар орқали буни амалга оширишади. «Очиқча кўрсатиш» суратларини қўйиш, шахсий ҳаёти борасида очиқ гапиришда, махфийси эса турли ишоралар (афоризмлар, статуслар, тагмаъноли видео, сурат ва ҳоказолар) орқали намоён бўлади. Ҳар икки ҳолат ҳам шариатга тўғри келмайди. Бундай хатти-ҳаракатлар ҳам риё, ҳам номаҳрамлар эътиборини жалб қилиш билан белгиланади. Дуч келган одамнинг уларнинг кундаликларини ўқиши тўғри эмас.

Ахборот-технология тараққиёти авж олиб, маълумотлар оқими ортган сари тармоқдаги айрим фаол аёллар ҳар томонлама тубанликка юз тутиб, руҳиятлари бундай инқирозга дош бера олмайди. Улар ақлан, руҳан, илм жиҳатидан ҳам бундай оқимни қаршилашга қодир эмаслар. Минг афсуски, интернетдан фойдаланиш маданияти бизда анча суст.

Шу ўринда яна бир муҳим масала ҳақида тўхталмасак бўлмайди. Интернет ва турли телекўрсатувлар орқали шиддат билан кириб келаётган маълумотлар оқимини саралаш ёки уларга қарши дарчаю дарвозаларни бекитиб олиш имкониятимиз йўқ. Лекин шундай бўлса-да, танамиздаги «дарвоза» ва «дарча»ларни ёпиб, маънавий дунёмизни сақлаб қолиш имкониятимиз бор. Ҳеч бўлмаганда, мия аталмиш «фильтр»ни ишга солишга қодирмиз-ку! Диний ва миллий ўзига хослигимизни ҳисобга олмай, бўлган-бўлмаган нарсаларни парҳезсиз қабул қилавериш, онгсиз ҳолда уларга тақлид энг катта муаммомизга айланиб, жуда кўп нохушликларни келтириб чиқармоқда. Нафақат ёшлар, балки ёши анча улуғ аёлларимиз ҳам хорижий ҳаёт тарзидан таъсирланишмоқда. Ҳаёти, жуфтидан қониқмай, икки-уч фарзанди ҳам кўзига кўринмай, турмушини бузилиб кетаётганлар қанча.

Покиза ниятларда эр остонасига қадам қўйганига уч-тўрт ой тўлмай ота уйига қайтиб келаётган келинларга нима дейсиз?! Уларнинг онги дин, миллий урф-одат, ўзбекона одоб-ахлоқ билан эмас, енгил-елпи севги қиссаларию бемаза хаёллар, ўткинчи орзу-ҳаваслар билан тўлиб бормоқда. Бизга диндош бўлмаган ҳинд ёки корейс халқидан нимани ибрат олишимиз мумкин?! Шариатними? Одобними? Эркак-аёл муносабатиними?

Мусулмон бўлса-да, туркларнинг ҳам миллий тутимларимизга тўғри келмайдиган жиҳатлари бор. Уларнинг ҳаёт тарзи бизникига кўп ҳам ўхшамайди. Улар эркинликда, сўз айтиш, тасарруф қилиш, дил изҳори каби масалаларда бизга нисбатан анча дадил.

Шу ўринда яна бир масалани айтиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Ўзбекчиликка тўғри келмайдиган мавзуларни кўтариб чиқиб, ток-шоу қилиш ҳам бизга бегона. На динимизда, на урфимизда ҳамма нарсани кўчага олиб чиқиб, фош қилиш йўқ. Ўзгаларнинг, айниқса, оила сирини яшириш шариатимизда қаттиқ буюрилган.

Кўпинча бундай кўрсатувлардан кейин хулоса ҳам қилинмайди, ечим ҳам берилмайди, «хулоса ўзингизга ҳавола» дея гўёки кенгфеъллик (аслида калтабинлик) намоён этилади. Бу эса бебошликка йўл очишдан бошқа нарса эмас. Ахир, экранга, омма олдига бир масалани, воқеани олиб чиқишдан мақсад-муддао бўлиши керак-ку. «Шов-шув қилмоқчи эдик, холос» дея олмай, хулосани томошабинга ҳавола қилиш орқали ўз ғаразларини хаспўшлаш жуда уят, оқибати эса хатарлидир.

Мазкур мулоҳазалардан келиб чиқиб ҳар бир нарсага шариатимиз ва миллийлигимиз нуқтаи назаридан ёндашишни, ахборотни саралаб, ўйлаб қабул қилсак дунё ва охиратимиз учун фойдадан холи бўлмас эди.

 «Hilol» журнали, 1-сонидан олинди

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сафвон ибн Амрдан ривоят қилинади .Язид ибн Ҳусайн Сукуний Ҳимс шаҳрига волий бўлганда Язид ибн Майсарага шундай мактуб йўллади .Эй Абу Юсуф, бу султондан давоми...

1747 07:10 / 03.06.2019
Бу шундай имтиҳонки, мукофоти мутлақо жаннатдир.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ давоми...

2714 17:00 / 13.07.2019
Халқимизда .Бола азиз, одоби ундан азиз,, деган нақл бор. Дарақиқат, ҳозирги ахборот хуружлари, турли қараш ва тушунчалар авж олган замонда фарзандларимизга қандай давоми...

2649 09:00 / 09.07.2019
Абу Абдуллоҳ Зубайр ибн Аввом ибн Хувайлид Асадий Қурайший розияллоҳу анҳу жаннат башорати берилган машҳур саҳобийлардан. Ўн икки ёшида мусулмон бўлган, ҳазрати давоми...

3284 18:49 / 04.02.2020