1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийрати мусобақа савол-жавоблари

18:40 / 29.04.2017 8073 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратларининг сийрати шарифларини ўрганиш ҳар бир мўмини комил учун вожибдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг ҳаётларини, суннати мутаҳҳараларини ўрганмасдан туриб Ислом динининг моҳияти-жавҳарини, Қуръони каримнинг маъноларини тушуниб етиш муҳол, яъни, мумкин эмасдир. Айниқса, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сийратларини саҳиҳ манбалар асосида ўрганиш жуда ҳам аҳамиятли, зарур ва долзарб масала.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Иннал ҳамда лиллаҳ, наҳмадуҳу ва настаъийнуҳу ва настағфируҳ. Ва наъузу биллаҳи мин шурури анфусина, ва мин саййиати аъмалина. Май-яҳдиҳиллаҳу фала музилла лаҳ, ва май-юзлил фала ҳадия лаҳ. Ва ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ.
Я айюҳаллазийна аманут-тақуллоҳа ҳаққо туқотиҳ, ва ла тамутунна илла ва антум-муслимун.
Я айюҳаннасут-тақу роббакумуллазий холақокум-мин-нафсив-ваҳидаҳ, ва холақо минҳа завжаҳа, ва басса минҳума рижалан касийров-ва ниса-а, ват-тақуллоҳал-лазий таса-алуна биҳи вал-арҳам, инналлоҳа кана ъалайкум роқийба.
Я айюҳаллазийна аманут-тақуллоҳа ва қулу қовлан садийда, юслиҳ лакум аъмалакум ва яғфир лакум зунубакум, ва май-ютиъиллаҳа ва росулаҳу фақод фаза фавзан ъазийма.
Аммо баъд:
Албатта ҳамду санолар Аллоҳникидир! Биз У зотни мақтаймиз. У зотдан мадад ва мағфират сўраймиз. Аллоҳдан ўз нафсимиз ва амалимиз ёмонликларидан паноҳ тилаймиз. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, уни залолатга кетказувчи йўқ ва кимни залолатга кетказса, уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, ёлғиз ва шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ. Яна гувоҳлик бераманки, албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг қули ва расулидир.
Эй иймон келтирган зотлар, Аллоҳга ҳаққини бажо этиб тақво қилинг ва фақатгина мусулмон ҳолингизда дунёдан ўтинг!” (Оли Имрон, 102).
Эй инсонлар, сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковидан кўплаб эркагу аёлларни таратган Раббингиздан тақво қилинг! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан ва қариндош-уруғларингиз (билан алоқаларни узиб қўйиш)дан тақво қилинг! Албатта, Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган Зотдир” (Нисо, 1).
Эй иймон келтирган зотлар, Аллоҳдан тақво қилинг ва тўғри сўзни сўзланг! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни кечирар. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, батаҳқиқ, буюк саодатга эришибди” (Аҳзоб, 70 – 71).

Тақриз
(Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф)

Аллоҳ таолога У зотнинг улуғлигига муносиб ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбарларнинг афзали Муҳаммад Мустафога мукаммал ва тугал салавоту саломлар бўлсин!
Аста-секин, баъзи қийинчиликлар билан бўлса ҳам, диний адабиётимизга қайтишимиз давом этмоқда. Бу қайтишда турли йўналиш ва услублар ҳам кўзга ташланмоқда.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийрати шарифлари бўйича бир-икки китоб таълиф ва яна бир нечтаси таржима қилинди. Бу борада дастлабки қадамлар босилмоқда. Ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар анчагина. Ушбу сатрлар соҳибининг “Ҳадис ва Ҳаёт” силсиласига оид “Оламларга раҳмат Пайғамбар” деб аталмиш жузнинг ёзиб бўлинганига бир неча йил бўлса ҳам, навбат келмагани учун чоп этилмай турган эди. Алҳамду лиллаҳ бунга ҳам навбат келди.
Худди шу жараёнда муҳтарам Абдул Азим домла сийрат бобида илмий-маърифий мусобақа услубида бир китобга қўл урганлари ҳақида хабар етказиб қолди. Мен бу хабардан хурсанд бўлдим. У кишини қўлдан келганича бу ишга тарғиб қилиб турдим.
Китоб ёзишнинг чет элларда йўлга қўйилган ва муваффақият қозонган бу услуби бизнинг диний адабиётимизга ҳам кириб келаётганидан хурсанд бўлдим. Чунки кишиларга кўзланган маълумотлар хилма-хил услуб ила етказилганда самарали бўлишини тажриба кўрсатиб турибди. Мусобақа тарзида, савол-жавоб йўли билан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийрати шарифларига оид маълумотларни мўмин-мусулмонларга тақдим қилиш алоҳида эътиборга сазовордир.
Муҳтарам муаллифимиз Абдул Азим домла ўз ишларининг бориши жараёни ҳақида ахборот бера бориб, бир куни поёнига етган асарни олдимга қўйдилар. Бундан ғоятда хурсанд бўлдим. Сўнг муаллиф асарни бир кўриб чиқиб, фикр-мулоҳазаларимни ёзиб беришимни илтимос қилдилар. Бундан бир оз ташвишга тушдим. Чунки бу ишга одатланмаган ва уни қилмоқчи эмас ҳам эдим.
Бировнинг ёзган асарига бошқа кишиларнинг исми турли баҳоналар билан киритилиши яхши эмас, деган фикрим ўзгармаган. Баъзи бир муҳтарамлар ўзимдан сўраб-сўрамай номимни китобларига битиб қўйганларида ҳам хижолат, ҳам хафа бўлганимни таъкидлаб қўймоқчиман.
Аммо бу сафар рад қила олмадим. Нима учун эканини айтиш қийин. Эҳтимол, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийрати шарифларига бўлган қизиқишдир. Эҳтимол, муаллиф Абдул Азим домланинг қилган меҳнатларини тақдирлаш истагидир. Нима бўлса ҳам, ушбу сатрларни ожизона қоралашга жазм қилинди. Китоб икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисм маълумотлар аралаш саволлардан ташкил топган. Муаллиф савол бериш жараёнида аввал усталик билан дастлабки маълумотларни умумий тарзда айтиб ўтганидан кейин бир неча жавобларни тақдим қилади.
Бу ҳолат аввал сийрати шарифдан хабардор бўлган кишиларни ҳам ўйлантириб қўйиши турган гап. Чунки берилган саволга жавоблар шу даражада бир-бирига яқинки, уларни ажратиб олиш учун, албатта, аниқ илмий маълумот керак.
Агар ўқувчи сийрат илмига энди қадам қўяётган бўлса ҳам, яхши маълумот олиши турган гап. Чунки савол ва унинг эҳтимолий жавоблари ҳар бир кишини жиддий ва атрофлича ўйлашга ундайди. Ўйлай-ўйлай, ниҳоят, китобнинг жавоб қисмидан тўғри жавобни топган одам уни унутиши қийин бўлиб қолади. Бу ҳолат китобнинг қийматини ортдиради.
Муаллиф Абдул Азим домла ҳар бир маълумотни ипидан игнасигача эринмасдан сўраб-суриштириш ва излаб топиш қобилиятига эга шахс. У кишининг бу хислати таъмини мен ҳам татиб тураман. Абдул Азим домла тўла қониқмагунларича саволлар беришдан тўхтамайдилар.
Худди шу хислат ушбу китобда ҳам ўзини намойиш қилган. Муаллиф ўзлари тақдим қилаётган маълумотларни эринмай турли тарафдан текшириб, далил ва ҳужжатларни солиштириб бўлиб кейин тақдим қилганлар.
Муаллиф ўз асарини ёзишда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийрати шарифларига оид мўътабар манбалардан фойдаланганлар. У киши бу ишда китоб танлаш қобилиятлари ҳам юқори даражада эканини намойиш қилганлар десам, муболаға бўлмаса керак.
Муҳаммад Мустафо алайҳиссаломнинг ҳижратларигача бўлган сийратларини ичига олган биринчи китоб бир юз етмиш икки савол ва бир юз етмиш икки жавобни ўз ичига олган.
Умид қиламизки, муҳтарам муаллифимиз Абдул Азим домла яна бир ғайрат қилиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳижратларидан кейинги сийратларини ҳам худди аввалги жузга ўхшатиб ўқувчиларига тақдим қиладилар. Бунда Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдамчи бўлсин.

Тақриз
(Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов)

Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн. Вассолату вассаламу ъала ашрафил мурсалийн.
Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратларининг сийрати шарифларини ўрганиш ҳар бир мўмини комил учун вожибдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг ҳаётларини, суннати мутаҳҳараларини ўрганмасдан туриб Ислом динининг моҳияти-жавҳарини, Қуръони каримнинг маъноларини тушуниб етиш муҳол, яъни, мумкин эмасдир. Айниқса, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сийратларини саҳиҳ манбалар асосида ўрганиш жуда ҳам аҳамиятли, зарур ва долзарб масала.
Мана шу нуқтаи назардан “Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари (ҳаётлари тарихи) бўйича мусобақа саволлари ва жавоблар китоби муборак бир ишдир, мусулмонлар учун қувонарли воқеадир. Китобнинг энг муҳим фазилати ўта ишонарли манбалар асосида ёзилганидир. Уламоларимиз, талабалар ва кенг мусулмонлар оммасининг барчаси учун жуда фойдали китоб деб айтсак, ҳеч муболаға бўлмайди.
Кўп исломий фатволарда бўлганидек, бугунги кунда ҳам Пайғамбаримиз ҳаётлари ҳақида асоссиз нарсалар ёзилди. Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳам бу савол-жавоб услубида ёзилган китоб ўта муҳимдир.
Хуллас, бу китоб исломий билимларимизни ошириш, тиниқлаштириш учун ўта зарур манбадир.

Муаллифдан

2005 – 2006 ўқув йили бошлари эди. Тошкент Ислом институти “Таҳфизул Қуръон” бўлими мудири Зуфаржон Шосалимовнинг иш столида “Мавсуъатул мусобақотил исломийя” (Исломий мусобақалар қомуси) деган китобга кўзим тушиб қолди. Ўқиб чиқиш мақсадида уни сўраб олдим. Китоб савол-жавоб кўринишида ўнта фанни ўз ичига олган эди. Китобнинг 2002 йилдан бери мазкур ўқув-билим юртида талабаларга дарс бериб келаётганим “Ас-сийратун набавийя” – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари тарихига оид бобини ўқиб чиқиб, ўзбек тилига таржима ҳам қилдим. Ният уни китоб ҳолида чоп этиш эди. Аммо китобда келтирилган тарихий маълумотларни чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрсам, у ўзбек китобхонларига бир қанча сабабларга кўра унчалик тўғри келмас экан. Мазкур китобда савол-жавоблар жуда қисқа берилгани, жавоб вариантларига, асосан, тахминий мисоллар ёзилгани, маълумотларнинг қийин ва чуқурлиги, уларнинг бетартиб, маккий-маданий даврлар аралаш ёзилгани каби сабаблар уни ўқувчига тақдим этишдан ман қилди.
Мен ўзимга-ўзим савол бердим: “Мақсад нима, ўқувчини қийнаб тест услубида имтиҳон қилишми? Албатта, йўқ! Мақсад – ўқувчи илм олсин!”
Шу сабабли бу китоб таржимасини бир четга суриб қўйдим. Лекин ундаги савол-жавоб услуби менга жуда ёқди ва қўлингиздаги ушбу китобни ёзишимга туртки бўлди. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобалар ичида мусобақалар уюштирганлар. Масалан, завжаи мубораклари Оиша онамиз билан югуриш мусобақасини ўтказганлари тарихдан маълум ва машҳурдир!
Ушбу мусобақа – савол-жавоб китобини ёзишда имомлик ва мударрислик давримда орттирган илм ва тажрибаларимга суяндим, маълумотларни эса, Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурийнинг “Сийрату расулиллаҳ – Ар-раҳийқул махтум” китоби ва бошқа бир қанча ишончли манбалар асосида қайтадан тўпладим.
Бу китобдан кўзланган асосий мақсад Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари ҳақида маълумоти оз ўқувчиларга илм бериш, илмларини тартибга солиш, хатолари бўлса, тўғрилаш, баъзи тушунмаган жойларига аниқлик киритиш, маълумоти ўртача бўлган ўқувчиларнинг билимини ошириш ва яхши маълумотга эга бўлган биродарларимизнинг билимини ноанъанавий равишда – савол-жавоб услубида синаш ҳамдир. Токи, ҳар бир мусулмон ўз Пайғамбарини яқиндан танисин ва у зотга муҳаббати янада зиёда бўлсин!
Китобни ёзиш давомида қуйидагиларга риоя қилинди:

1) ҳар бир мусулмон билиши лозим бўлган биринчи даражали тарихий маълумотларни олишга ҳаракат қилинди;
2) ўқувчига тушунарлироқ бўлсин деб, савол беришда воқеа-ҳодисалар ҳам қисқача баён қилинди;
3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадина ҳижратигача бўлган сийратларини хронология услубида – тартиб билан ёзилди;
4) савол остидаги жавоб вариантларига кўпроқ тарих китобларида баён қилинган турли хил маълумотлар тўпланиб, мўътабар манбалар асосида ва муҳаққиқ олимларнинг таҳқиқлари ёрдамида кучли деб топилган маълумот жавоб сифатида қабул қилинди;
5) жавоблар остидаги изоҳларда ўқувчиларга илм бўлсин учун қўшимча маълумотлар ҳам баён қилинди;
6) баъзи илмий масалалар ҳақида кенгроқ маълумот олиш истагида бўлган муҳтарам ўқувчиларимизга тегишли манбаларнинг номлари ҳам илова қилиб ўтилди;
7) хоҳлаган ўқувчилар ёдлаб олишлари учун оятларнинг арабий матнлари ҳам келтирилди;
8) фақат саҳиҳ ҳадисларни ва ҳадисларнинг ровийларини, уларнинг санадларини ёзишга ҳаракат қилинди;
9) китобнинг жонли-ҳаётий ва оммабоп бўлиши ҳам доим эътиборда турди;

Китоб ёзилиб битгач илм даргоҳимиз устозларидан Муҳаммад Айюб Ҳомидов, Зуфаржон Шосалимов, Мансур Али Араббоев, Муҳаммадхон Убайдуллаев ва Абдураҳмон Ғофуровларга тақдим қилдик ва ул муҳтарам устозларнинг фикр-мулоҳазаларини олдик, сўнгра шу асосда қайта кўриб ҳам чиқдик. Орамизда чиройли баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Баҳс-мунозара жараёнида нимага қарор қилсак, ўша қабул қилинди. Таъбир жоиз бўлса, китобни илмий иш каби ҳимоя қилиб олдик.
Шунингдек, муҳтарам ўқувчиларимиз томонидан холисона фикр-мулоҳазалар билдирилса, қабул қиламиз. Чунки, бу иш шахсий манфаат учун эмас, балки шаръий манфаат учундир!
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ушбу ожизона амалимизни Ўзининг Юзи учун холис бўлишини насиб этсин. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ азза ва жалла (мўминнинг солиҳ) амалидан фақат Ўзи учун холис бўлганини ва Унинг Юзигина кўзланганини қабул қилади”, дея марҳамат қилганлар (Насоий ривояти, исноди ҳасан).
Ва лиллаҳил ҳамду вал миннаҳ.
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ!

Маълумот

Ҳижрий 1396 йил, рабиъул аввал ойи (милодий 1976 йил) Покистонда бутун Ислом олами бўйича “Сийрати набавийя” мусобақасига бағишланган “Биринчи Ислом Конференсияси” ўтказилди. Мусобақа шартлари бўйича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари (ҳаётлари тарихи) ёзилган китоблардаги маълумотлар ишончли, асосли бўлиши билан бирга, тарихий воқеаларнинг содир бўлиш саналарига мувофиқ тартиб билан тўла йиғилган бўлиши керак. Маккаи мукаррамадаги Ислом олами Робитаси (уюшмаси, лигаси) ушбу Конференсияда мусобақа ғолибларининг илк бештасини Саудия пулида 150.000 риёл (40.000 $) пул мукофотлари билан тақдирлашлигини эълон қилди. “Сийрати набавийя” борасида мутахассис бўлган катта уламолардан ташкил топган ҳайъат мусобақага топширилган араб, урду, инглиз ва француз тилларидаги жами 171 та китобни холис ўқиб-ўрганиб, текшириб чиқиб, ғолибларни аниқлади.
Натижада, ҳижрий 1398 йил, шаъбон ойида (1978 йили) Карачи шаҳрида ўтказилган “Биринчи Осиё Ислом Конференсияси”да ғолиблар қуйидаги тартибда эълон қилинди:
Биринчи ўрин – Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурий. Ҳиндистон. “Сийрату Расулиллаҳ – Ар-раҳийқул махтум” китоби. (Маъноси “Муҳрланган, ниҳоятда пок-тоза ичимлик”. Мутаффифун сураси, 25-оятга қаранг). Мукофоти 50000 риёл.
Иккинчи ўрин – Доктор Мажид Алихон. Ҳиндистон. Мукофоти 40000 риёл.
Учинчи ўрин – Доктор Насийр Аҳмад Носир. Покистон. Мукофоти 30000 риёл.
Тўртинчи ўрин – Устоз Ҳомид Маҳмуд Муҳаммад Мансур. Миср. Мукофоти 20000 риёл.
Бешинчи ўрин – Устоз Абду Салом Ҳошим Ҳофиз. Саудия Арабистони – Мадинаи мунаввара. Мукофоти 10000 риёл.
Ислом Олами Робитасининг Бош котибияти мазкур ғолибларнинг китобларини бир неча тилларда нашр этишни ўз зиммасига олди.
Ислом Олами Робитасининг Бош котиби
Муҳаммад ибн Али Ҳаракон

Сурия Араб Жумҳурияти Бош муфтийи Доктор Аҳмад Кафтару: “Мен фазилатли Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурийнинг “Ар-раҳийқул махтум” номли қимматбаҳо китобини ўқиб чиқдим ва ҳозирги асримиздаги “Сийрат” китоблари ичида энг яхшиларидан бири эканига гувоҳ бўлдим. Чунки, муаллиф ишончли тарихий маълумотлар билан бирга, воқеа-ҳодисаларнинг диққат-эътиборли таҳлилини ўз китобида жамлаган. Бу китобга замонамиздаги барча дин ходимларининг эҳтиёжлари жуда каттадир...”.
(“Ар-раҳийқул махтум” китоби муқаддимасидан)

Ғарблик холис мутафаккирларнинг Пайғамбаримиз ҳақларидаги тавсифлари

Бугунги кунимизда бутун олам Муҳаммад алайҳиссаломнинг зотларига, сифатларига ва таълимотларига қанчалик муҳтож эканини ўтган асрнинг буюк ақл эгаларидан бири, забардаст инглиз мутафаккири ва ёзувчиси Бернард Шоу ўзининг: “Агар Муҳаммад пайғамбар тирик бўлганида, замонамиз муаммоларини бир пиёла чой устида ҳал қилган бўлар эди”, деган сўзлари билан ифодалаган эди.
Агар буюк ёзувчининг бу сўзлари Бернард Шоуга ўхшаш ғарбликлар учун шону шараф бўладиган бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликни даъво қилиб туриб, у кишига эргашмай юрган шарқликлар учун ору номусдир (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Зикр аҳлидан сўранг”, 3-сон, 59-бет).
Инсоният тарихида Муҳаммад алайҳиссаломчалик қавми тарафидан севилган ва ҳурматланган инсон ўтмаган. Тарих китобларида баён қилинадики, Урва исмли мушрик Қурайш кофирларига шундай ҳикоя қилган эди: “Мен жуда кўп ҳукмдорларни кўрганман. Мен Сезарнинг, Кисронинг саройларида бўлганман. Лекин қасам ичишим мумкинки, Муҳаммадни асҳоблари ҳурмат қилганлари каби ҳурмат-эҳтиром қилинган ҳукмдорни кўрмадим. Аллоҳга қасамки, агар у бир нарса буюрса, улар дарҳол уни бажаришга ташланишади, таҳорат олса, ундан тушаётган сувни талашиб-тортишиб олишга ошиқишади, гапирса, сукут қилиб қотиб қолишади, шу даражадаки, ҳатто унинг кўзларига тик қарашга ботина олишмайди” (“Ҳидоят”, 2002 йил, 9-сон, 10-бет).
Ҳазрати Расулуллоҳни Ғарбнинг инсофли кишилари ҳам улуғлашган. Буюк олмон шоири Волфганг Гёте бундай деб ёзган: “Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жами салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан... Биз Оврупа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Ҳазрати Муҳаммад сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди”.
Жўрж Бернард Шоу: “Агар Муҳаммад алайҳиссаломдек бир одам ҳозирги дунёни бошқарганида эди, бу дунёнинг мушкулотларини ҳал қилишга муваффақ бўлар эди, бу эса, ўз навбатида, ҳозирги дунёга етишмаётган хотиржамлик ва бахтни олиб келган бўларди” (“Ҳидоят”, 2001 йил, 6-сон, 14-бет).
Томас Карлайл тан олиб айтадики, Муҳаммад алайҳиссалом шундай тубан халқ (араблар)ни “ёруғлик ва илм ташувчилар” даражасига юксалтирди: “Араб халқи учун бу, зулматдан нурга чиқиш эди. Бу билан араблар илк маротаба ўзгалар назарида жонландилар. Дунёнинг яратилишидан буён кўзга ташланмай, ўз саҳроларида изғиб юрган қашшоқ подачи халқ! Қаранг, кўзга ташланмаган халқ бутун дунёга кўз-кўз бўлди, кичик эди, оламий улуғликка эришди. Бор-йўғи юз йил ичида араблар ғарбда Гранадагача, шарқда Деҳлигача етишди, жасорат ва улуғворлик нури ила Арабистон олам кенгликларини ёритмоқда” (“Ҳидоят”, 2001 йил, 5-сон, 10 – 11-бетлар).
Атоқли файласуф Шебол бундай дейди: “Ҳазрати Муҳаммаднинг одам боласи бўлгани бутун инсониятга катта фахрдир. Чунки, у зот уммий (ўқиш-ёзишни билмайдиган) бўлса-да, ўн тўрт аср аввал шундай қонун ва асосларни келтирдики, биз оврупаликлар икки минг санадан кейин уларнинг қиймати ва ҳақиқатини англаб етсак, энг бахтли, энг саодатли насллар бўламиз”.
Франциянинг таниқли олимларидан Ламартиннинг мана бундай сўзлари бор: “Агар кишининг буюклиги унинг қилган ишларига, қозонган зафарларига, имконияти оз бўлса-да, кўп иш қилганига қараб баҳоланадиган бўлса, Муҳаммад алайҳиссалом инсонларнинг энг буюгидир. У киши ҳам Пайғамбар, ҳам нотиқ, ҳам даъватчи, қонуншунос, жангчи, қалблар ҳимоячиси, ғоялар тарғиботчиси, имом-раҳбар, давлат арбоби, ер юзининг йигирмата минтақасида исломий салтанат қура олган... Муҳаммад алайҳиссалом ана шундай зот эди! Унга ҳеч қайси буюк инсон тенглаша олмайди! Наҳотки, у ўлчовларга сиғса?!”
Франциянинг машҳур арбоби ва саркардаси Наполеон Бонапарт у зотга бундай баҳо беради: “Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо алайҳиссалом миллатига, Ийсо алайҳиссалом умматига, Муҳаммад алайҳиссалом эса бутун инсониятга билдирди”.
Америкалик тарихчи олим Мишел Ҳарт бундай дейди: “Дунёдаги таъсири энг кучли шахслар рўйхатининг бошига Муҳаммадни ёзиб қўйсам, эҳтимол, айрим мухлисларим таажжубга тушишар? Бошқалар, эҳтимол, буни ўзгача тушунишар? Нима бўлганида ҳам, у дунёвий ва диний соҳалардаги самарали ишлари билан тарих саҳнасидаги ана шу мўътабар мақомга муносибдир”.
Оксфорд дорилфунуни профессори Вилям Монтгомери: “Муҳаммад алайҳиссаломнинг зафар-ютуқлари унинг буюклигига далилдир. Бундай мақом-мартабага эришган бошқа шахс Ғарбда маълум эмас. Уни сеҳргарликда айблаш ўз мақсадига эришолмай, ноилож қолган одамнинг чиранишидир” (“Ҳидоят”, 2006 йил, 3-сон, 6 – 7-бетлар).
1974 йил 15 июлги “Тайм” ҳафталик журналида ҳар турли тарихчилар, ёзувчилар, ҳарбийлар, тижоратчи-бизнесменлар ва бошқа касб вакилларининг “Тарихнинг буюк доҳийлари” мавзуидаги муҳокама мақолалари ўрин олган. Баъзилар шундай шахс деб Гитлерни, бошқалар Гандини, Буддани, Линколнни ва ҳоказоларни ҳисоблашган. Шу билан бирга, америкалик психоаналитик, Чикаго университетининг профессори, яҳудий миллатига мансуб Жюл Массерман масалага аниқ мезон-ўлчовлар билан ёндашишни таклиф этди. Унинг сўзларига кўра:
сардорлар учта вазифани бажаришлари керак:

1) ўзлари бошқарган халқни тинч ва фаровон ҳаёт билан таъминлаган бўлиши;
2) одамлар ўзини хавф-хатарсиз, хотиржам сезадиган жамият қурган бўлиши;
3) одамларга иймон (ишонч) ва эътиқод йўлини тақдим қилиши.

Жюл Массерман мазкур уч мезон асосида тарихни ўрганиб чиқади, Гитлер, Пастер, Сезар (қадимги Рим императори), Мусо (алайҳиссалом), Конфуций ва бошқа кўпларнинг баҳоларини белгилади ва охир-оқибат қуйидаги хулосага келди:
“Пастер ва Салк каби доҳийлар биринчи мезонга жавоб беради. Ганди ва Конфуций кабилар бир томондан, Александр Македонский, Сезар ва Гитлерлар эса, бошқа томондан иккинчи ёки учинчи талабларни қондиради.
Ийсо (алайҳиссалом) билан Будда эса, фақат учинчи тоифага мансубдирлар.
Барча замонларнинг энг буюк доҳий-йўлбошчиси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бўлса керак, чунки у учала мезон бўйича ҳам барча талабларга жавоб беради.
Мусо (алайҳиссалом) бу борада Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бир қанча паст даражада қолган” (Аҳмад Дийдот, “Что Библия говорит о Мухаммаде”, 20 – 21-бетлар).
Уламолар киши қалбида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам севгиси бор-йўқлигининг белгиси сифатида қуйидаги ўлчовни қўллашган:

1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиёратлари муяссар бўлганида уни бой бериш дунёдаги бор нарсани бой беришдан оғир бўлиши;
2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амрларига итоат этиб, ман қилган нарсаларидан сақланиш;
3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш ва шариатларини ҳимоя қилиш (“Ҳидоят”, 2005 йил, 2-сон, 13-бет).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари – муборак ҳаётлари, у зот таваллуд топганларидан бошлаб, то Раббиларига мулоқот бўлгунларича таржимаи ҳоллари ҳам “Суннат” туркумига киради.
Суннат муҳаддислар истилоҳида қуйидагича таъриф қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар “Суннат” дейилади” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Иймон” китоби, 334 – 336-бетлар).

Сийратга кириш

Макка даврида мушрикларнинг мусулмонларга нисбатан муносабатлари беш босқичдан иборат:
1) истеҳзо - масхара даври (1 – 3- йиллар ораси).
Бу давр пайғамбарликнинг илк уч йили – даъватнинг яширинча қилинган пайтига тўғри келади. Дастлаб мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига бепарволик билан қараб, у зотга ҳам, бошқа мусулмонларга ҳам истеҳзо билан қарашар, уларни мазаҳ ҳам қилишар эди (Мутоффифун сурасининг 29 – 32-оятларига қаранг);
2) ҳаракат даври (4 – 5-йиллар ораси).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайш мушрикларини Исломга ошкора даъват эта бошлаганларида, мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари ва ҳомийлари, айни пайтда, ҳошимийларнинг бошлиғи бўлган Абу Толибга бир неча бор мурожаат қилишиб, жияни устидан шикоят этишди, даъвосидан воз кечишини талаб қилишди, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам мурожаат этишди;
3) исканжа даври (5 – 6-йиллар ораси).
Мушриклар Абу Толибга ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам мурожаат қилишнинг фойдаси йўқлигини тушунишди ва Ислом динига кираётганларни тўхтатишга, уларга азоб беришга, мусулмонликнинг ривожланишига қаттиқ тўсқинлик қилишга киришишди;
4) маҳрумият даври (7 – 10-йиллар ораси).
Қурайш мушриклари натижада мусулмонларни Абу Толиб маҳалласида уч йил қамал қилиб, ҳар қандай иқтисодий ва маданий муносабатлардан узиб қўйишди. Мушрикларнинг бу муҳосарадан кўзлаган мақсадлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзларига таслим эттиргунга қадар мусулмонларни оч қолдириш ва у зотни ўлдиришга қулай фурсат топиш эди. Мусулмонлар учун жуда оғир бўлган бу даврга Ислом тарихчилари “Қотиъаи раҳм” (қариндошлик алоқаларининг узилиши) номини беришган;
5) шиддатли сиёсат даври (10 – 13-йиллар).
Охирида бу сиёсат кескинлашиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бутун мусулмонларнинг Маккадан чиқариб юборилишларигача етиб борди.

Макка мушрикларининг Исломга қарши туришида бир неча сабаблар бор эди:

1) диний сабаб.
Бутпарастлик-кўпхудолик арабларнинг қон-қонига сингиб кетган эди;
2) ахлоқий сабаб.
Ахлоқсизликлари - ҳаром тижорат, қароқчилик, юлғичлик, судхўрлик, порахўрлик йўли билан бойишиб, пулларини ўйин-кулгу, айш-ишрат ва кайф-сафога сарфлар эдилар, ҳамда: “Бутларимизга қурбонлик келтирсак, барча гуноҳларимиз ювилади”, деб эътиқод қилишар эди;
3) ижтимоий сабаб.
Ислом дини инсонларни ҳақиқий бир тенгликка чақириб, устунлик фақат тақво ва қалб софлигида эканини эълон қилган эди. Шу сабабдан киборлар Ислом динига яқинлашолмасдилар;
4) сиёсий сабаб.
Ички сиёсат: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мансуб бўлган ҳошимийлар билан Қурайшнинг бошқа уруғлари орасида бир-бирини кўролмаслик бор эди. Қурашийларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши қўйганлар асосан, Умайя билан Махзум уруғлари бўлиб, Уқба ибн Абу Муъайт умавийлардан, Валид ибн Муғийра ва жияни Абу Жаҳллар махзумийлардан эди. Ҳатто Абу Жаҳл бир марта: “Биз билан ҳошимийлар ўртасида азалдан қолган рақобат бор. Энди эса, ҳошимийлар пайғамбарлик даъвоси билан чиқишмоқда. Биз уларнинг пайғамбарларига ишонмаймиз”, деган эди.
Ташқи сиёсат: Каъбадаги бутларнинг ҳар бири бир қабилага тегишли эди. Қурашийлар Исломни қабул қилишса, Каъбани бутлардан тозалашга тўғри келарди. Унда, бошқа қабилалар орасидаги эътиборларини ҳимоя қилишолмас, аксинча, бошқа ҳамма қабилаларнинг ўзларига душман бўлиб қолишларига сабабчи бўлишар эди. Улар Арабистонда баланд мавқеларининг давом этишини фақатгина эски динларининг яшаши билан боғлиқ деб билардилар;
5) иқтисодий сабаб.
Уч юз олтмишта араб қабиласи Каъба ичи ва атрофидаги ўз бутларини, камида бир йилда бир марта зиёрат қилиш баҳонасида Маккага тижорат карвони билан келиб кетар эди. Ҳатто, Макка ҳокими Абу Суфён: “Бизнинг худоларимиз ҳам ибодат учун, ҳам тижорат учун”, деган эди. (Закои Кўнрапа, “Пайғамбаримиз ва ашараи мубашшара”, 1-китобидан)

САВОЛЛАР

Саволга вариантлар ичидан тўғри жавобни танланг!

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари бир нечта бўлиб, биринчиси ва машҳури Муҳаммаддир. Савол: “Муҳаммад”нинг маъноси нима?

-мақталган;
-тўхтовсиз мақталадиган;
-мадҳ этилган;
-мақтовга лойиқ.

2. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам Набий (Пайғамбар)га салавот айтурлар. Эй иймон келтирган зотлар, сизлар ҳам у (Пайғамбар)га салавот ва салом айтинглар!” деган (“Аҳзоб” сураси, 56-оят).
Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини кўрсатмоқда. Пайғамбаримизга салом айтишнинг маъноси маълум. Савол: Бироқ, Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримизга салавот айтишининг маъноси нима?

-“Аллоҳ Ўз Пайғамбарини улуғласин”;
-“Аллоҳ Ўз Пайғамбарига раҳматини юборсин”;
-“Аллоҳ Ўз Пайғамбарини фаришталари ҳузурида мақтасин”.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари Қуръонда неча марта зикр қилинган?

-4 марта;
-5 марта;
-25 марта;
-136 марта.

4. Қуръон суралари икки қисмга бўлинади: Пайғамбаримизнинг ҳижратларидан аввал Маккада тушган суралар “Маккий суралар” дейилади. Пайғамбаримиз Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин тушган суралар “Маданий суралар” дейилади. Савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари қайси сураларда зикр қилинган?

-маккий сураларда;
-маданий сураларда;
-маккий ва маданий сураларда аралаш.

5. Муҳаддислар, тарих, сийрат ва насаб уламолари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аднон исмли бобосигача бўлган шажара (генеалогия, насл-насаб силсиласи)нинг саҳиҳ-ишончли, тўғрилигига ижмоъ (иттифоқ) қилишган. Савол: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нечта ота-бобоси “мутавотир” даражасига етган бу шажарадан жой олган?

-19 та;
-20 та;
-21 та.

6. Аднон Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоил алайҳиссаломнинг авлоди эканида мусулмон уламолари билан аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар) ўртасида ихтилоф йўқ. Фақат Аднондан Исмоил алайҳиссаломгача бўлган боболарнинг сонлари ва исмлари хусусида баъзи ихтилофлар бор, холос. Савол: Муҳаққиқ олимларнинг тадқиқларига кўра, Аднон билан Исмоил алайҳиссалом ўртасида нечта ота-бобо ўтган?

-8 та;
-9 та;
-39 та.

7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ота-боболаридан дастлабки бештасини тартиб билан сананг!

8. Яман ҳукмдори Абраҳа қўшин ичидаги 9 ёки 13 та филдан ўзи учун “Маҳмуд” исмли катта, бақувват, ҳайбатли бир жангчи филни танлаб, олтмиш минг кишилик қўшин билан Каъбани бузиш учун Маккага қачон келади?

-Пайғамбаримиз туғилишларидан 50 – 55 кун олдин;
-Пайғамбаримиз туғилаётган вақтда;
-Пайғамбаримиз туғилганларидан 50 – 55 кун кейин.

9. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг нечталигига уламоларимиз иттифоқ қилишган?

-9 та (Ҳорис, Зубайр, Абу Толиб, Ҳамза, Абу Лаҳаб, Ғайдоқ, Миқвам, Сафор ва Аббос);
-10 та (… ва Қусам);
-12 та (… Абдулкаъба ва Ҳажал).

10. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари нечта бўлган?

-4 та (Умму Ҳаким Байзо, Барра, Отика ва Сафийя);
-5 та (… ва Арво);
-6 та (.… ва Умайма).

11. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталари Абдуллоҳ ўғил фарзандлар ичида нечанчиси бўлган?

-биринчиси;
-тўртинчиси;
-энг кенжаси.

12. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталари Абдуллоҳнинг маккалик бўлганларини биламиз. Бироқ оналари Омина қаерлик бўлганлар?

-маккалик;
-ясриб (мадина)лик;
-тоифлик.

13. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оталаридан қачон етим қолганлар? Тарих китобларида бир неча хил маълумотлар ёзилган, аммо уларнинг қайси бири тўғри?

-туғилмасларидан олдин, она қорнида ҳомила эканликларида,
-туғилганларидан кейин, 28 кунликларида;
-туғилганларидан кейин, 2 ойликларида;
-туғилганларидан кейин, 7 ойликларида;
-туғилганларидан кейин, 1 ёшлик пайтларида;
-туғилганларидан кейин, 2 ёшлик пайтларида.

14. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон туғилганлар?

-Фил йилида;
-Фил йилидан қирқ сана кейин;
-Фил йилидан эллик сана кейин.

15. Милоднинг олтинчи асрида олам жаҳолат ботқоғида ётган бир ҳолда араб саҳросида Муҳаммад алайҳиссалом дунёга келдилар. У зотнинг муборак таваллудлари милодий нечанчи йилга тўғри келади?

-569-йилга;
-570-йилга;
-571-йилга;
-577-йилга.

16. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳафтанинг қайси кунида туғилганлар?

-жума куни;
-якшанба куни;
-душанба куни.

17. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси қамарий ойда туғилганлар?

-рабиъул аввалда;
-жумодул аввалда;
-рамазон ойида.

18. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси фаслда туғилганлар?

-баҳорда;
-ёзда;
-кузда.

19. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ойнинг нечанчи кунида туғилганлар. Қуйидаги маълумотлар ичида қайси бири илмий ҳисобга яқинроқ?

-иккинчи ё учинчи куни;
-саккизинчи ёки ўнинчи куни;
-тўққизинчи ёки ўн иккинчи куни.

20. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада Бани Ҳошим маҳалласида туғилганлар. Аммо кимнинг уйида?

-оталаридан қолган уйда;
-Абу Толибнинг уйида;
-Абдулмутталибнинг уйида.

21. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилаётганларида кимлар доялик қилишган?

-Исо пайғамбарнинг онаси Марям;
-Фиръавннинг хотини Осия;
-Жаннатдаги ҳур қизлар;
-Абдураҳмон ибн Авфнинг онаси Шифо.

22. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ака-укалари ва опа-сингиллари ҳам бўлганми?

-ёлғиз фарзанд бўлганлар;
-акалари бўлган;
-укалари бўлган;
-опалари бўлган;
-сингиллари бўлган.

23. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Муҳаммад, деб ким исм қўйган?

-оналари Омина;
-оталари Абдуллоҳ;
-боболари Абдулмутталиб.

24. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биринчи бўлиб ким эмизган?

-оналари Омина;
-Сувайба;
-Ҳалимаи Саъдийя.

25. Ҳалимаи Саъдийя Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни неча йил эмизган?

-2 йил;
-3 йил;
-4 йил.

26. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ким энагалик қилган?

-Сувайба;
-Умму Айман;
-Абдураҳмон ибн Авфнинг онаси Шифо.

27. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хатна масаласида уч хил маълумот бор. Қуйидаги маълумотлар ичида қайси бири кучли ва асосли?

-хатна қилинган ҳолда туғилганлар;
-боболари Абдулмутталиб хатна қилган;
-Жаброил алайҳиссалом “Шаққи Садр” воқеасида хатна қилган.

28. Макканинг бой оилалари янги туғилган чақалоқни Макка ташқарисидаги ҳавоси салқин, суви тоза қишлоқларга жўнатардилар. Мана шу урфга биноан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳавоси салқин, суви тоза, одамлари соф араб тилида гаплашадиган, инсофли ва обрў-эътиборли Саъд ибн Бакр қабиласига юбориладилар. Савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифнинг орқа томонидаги Саъд ибн Бакр қабиласи жойлашган сўлим қишлоқда, Ҳалима Абу Зуайб қизи (эри Ҳорис ибн Абдул Уззо, лақаби Абу Кабша)нинг уйларида неча ёшларигача яшайдилар?

-2 – 3 ёшлар орасида;
-3 – 4 ёшлар орасида;
-4 – 5 ёшлар орасида.

29. Машҳур “Шаққи садр” (кўкраклари ёрилиши) воқеасида, Аллоҳ таоло фаришталари орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалб-юракларидан шайтон насибаси бўлган “нафси аммора” (ёмонликка ундовчи нафс)ни олиб ташлайди. Савол: Ўша фаришталар нечта бўлган?

-1 та;
-2 та;
-3 та.

30. “Шаққи садр” (кўкраклари ёрилиши) воқеаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида неча марта содир бўлган?

-1 марта;
-2 марта;
-3 марта;
-4 марта.

31. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Саъд қабиласидан қайтиб келгач, меҳрибон оналари Оминанинг тарбиясида бўладилар. Савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам неча ёшга тўлганларида муштипар оналари оламдан ўтади?

-5 ёшда;
-6 ёшда;
-7 ёшда.

32. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оналарининг қабрини зиёрат қилдилар. Шунда йиғладилар, атрофидагиларни ҳам йиғлатдилар. Кейин: “Роббимдан онамга истиғфор айтишга изн сўрадим, изн берилмади. Унинг қабрини зиёрат қилишга изн сўрадим. Изн берилди. Бас, қабрларни зиёрат қилинглар. Чунки у, албатта, охиратни эслатади”, дедилар” (Муслим, Абу Довуд ва Насоийлар ривояти).
Савол: Жумҳур (кўпчилик) аҳли сунна ва жамоа уламоларининг эътиқодига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари Омина қуйидаги қайси тоифага киради?

-мусулмон;
-кофир;
-аҳли фатрат (яъни, икки пайғамбар даври оралиғида ўлган ва Ислом даъвати етмаган кишилар).

33. Меҳрибон оналари Оминанинг вафотидан кейин, боболари Абдулмутталиб неварасини Ясриб (Мадина)дан Маккага олиб келиб, ўз қўлига олиб тарбиялайди...
Неварасига ўта меҳрибон бўлган боболари оламдан ўтганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам неча ёшда эдилар?

-6 ёшда;
-8 ёшда;
-10 ёшда.

34. Абдулмутталиб вафотидан олдин невараси Муҳаммад алайҳиссаломни раҳмдил ўғли Абу Толибга топширади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиси Абу Толиб бошчилигида тижорат карвони билан Шом (ҳозирда Сурия, Иордания, Ливан ва Фаластин давлатлари жойлашган ерлар), Бусро шаҳрига борганларида ва насроний роҳиб Баҳийро Муҳаммад алайҳиссаломдаги пайғамбарлик аломатларини кўриб, Абу Толибга хабар берганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам неча ёшда эдилар?

-9 ёшда;
-10 ёшда;
-12 ёшда;
-13 ёшда.

35. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Абу Толибнинг қарамоғида неча ёшларигача бўлганлар?

-12 ёшларигача;
-17 ёшларигача;
-25 ёшларигача.

36. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам неча ёшларигача Абу Толибнинг ҳимоясида бўладилар?

-25 ёшларигача;
-40 ёшларигача;
-50 ёшларигача.

37. Исломдан аввал – жоҳилият даврида Кинона ва Қурайш қабилалари билан Қайс қабиласи ўртасида қирғин-барот уруши бўлиб ўтади. Бу урушга тарихда “Фижор жанги” яъни, муқаддас ой ва муқаддас жойларни оёқости қилиш жанги деб, ном берилган. Бу уруш содир бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам неча ёшда бўлганлар?

-12 ёки14 ёшда;
-15 ёки 20 ёшда;
-22 ёки 24 ёшда.

38. “Фижор уруши” тугаганидан сўнг, зулқаъда ойида мазлумнинг ҳаққини золимдан олиб бериш ниятида Қурайш қабилалари Макка ичида бирор кишига зулм ўтказилишига йўл қўймаслик ва ноҳақликка учраган мазлумларга ёрдам қўлини чўзиш учун Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида шартнома тузиб, қасамёд қабул қилишади. Бу инсонпарварлик ва адолатпарварлик иттифоқига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қатнашадилар. Савол: Мазкур шартнома нима деб номланади?

-Ҳилфул ахёр (яхшилар шартномаси);
-Ҳилфул фузул (фозиллар шартномаси);
-Ҳилфул аброр (олижаноб кишилар шартномаси).

39. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам неча ёшларида Макканинг катта тижоратчиларидан бўлмиш Хадича бинти Хувайлид розийаллоҳу анҳонинг таклифи билан унинг савдо карвонини Шомга олиб борганлар?

-17 ёшларида;
-21 ёшларида;
-25 ёшларида.

40. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шомга борганларида, Хадича розийаллоҳу анҳо у кишига ёрдамчи бўлсин деб Майсарани карвонга қўшиб юборадилар. Савол: Майсара ким бўлган?

-эркак;
-аёл;
-у ҳақда маълумот йўқ.

41. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шом сафаридан қайтиб келганларидан кейин икки ой ўтиб, қавми ичида насаб, шараф, бойлик жиҳатидан энг афзали бўлган, жоҳилият даврида ҳам “афифа, тоҳира” (иффатли, покиза) сифатлари ила лақабланган, айниқса, Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссалом орқали Ўз саломини йўллаган ақлли, зийрак, фаҳм-фаросатли ва ҳуснли (Макка зодагонлари етиша олмаган) Хадича онамизга уйланганларида, онамизнинг ёшлари нечада эди?

-25 ёшда;
-28 ёшда;
-40 ёшда.

42. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича розийаллоҳу анҳога уйланганларида маҳрига нима берганлар?

-500 дирҳам (кумуш танга);
-400 динор (тилла танга);
-500 динор;
-6 та туя;
-20 та урғочи бўталоқ.

43. Хадича онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нечта ўғил ва қиз фарзанд кўрганлар?

-2 ўғил ва 4 қиз;
-3 ўғил ва 4 қиз;
-4 ўғил ва 4 қиз.

44. Каъбанинг баландлиги Исмоил алайҳиссалом замонидан бери 9 зироъ (6.75 метр, архитектурада 1 зироъ 0.75 м.га тенг) бўлиб, томи йўқ эди. Шиддатли ёмғир ёғиши Каъбанинг пойдеворига заҳмат етказарди. Деворлари нураб, йиқилай деб қолганида, Қурайш халқи Каъбани пойдеворигача бузиб, қайтадан қуришга қарор қилишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Каъбанинг қайта қурилишида иштирок этадилар ва “Ҳажарул асвад” (жаннатдан тушган тош)ни ўз жойига қўйиш масаласини оқилона ҳал этиб, қабилалар орасидаги жанжални бостирадилар. Ўша пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам неча ёшда бўлганлар?

-25 ёшда;
-30 ёшда;
-35 ёшда.

45. Маккадаги Каъбаи муаззама одамлар Аллоҳ таолога ибодат қилишлари учун ер юзида қурилган биринчи уйдир. Савол: Каъбани биринчи бўлиб кимлар қурган?

-фаришталар;
-Одам алайҳиссалом;
-Шис алайҳиссалом;
-Идрис алайҳиссалом;
-Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоил алайҳиссалом билан бирга.

46. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйлари қандоқ эди?

-узун;
-ўрта;
-қисқа.

47. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қоматлари қандай бўлган?

-семиз;
-ўрта;
-ориқ.

48. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таналарининг ранги қандай эди?

-оқ-сариқ;
-оқ-буғдойранг;
-қора.

49. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мунаввар юзлари қандай тузилишда бўлган?

-думалоқ;
-ўртача;
-чўзинчоқ.

50. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошлари қандай катталикда бўлган?

-катта;
-ўрта;
-кичик.

51. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қандай тузилишда эди?

-жингалак;
-ўртаҳол;
-силлиқ.

52. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соқоллари қандай эди?

-қалин ва узун;
-қисқа ва сийрак;
-қирилган.

53. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки елкалари ораси қандай кенгликда эди?

-кенг;
-ўрта;
-тор.

54. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Муҳри нубувват”лари (пайғамбарлик муҳри) елкаларининг қаерида жойлашган эди?

-ўнг елкаларида;
-икки елкалари ўртасида;
-чап елкаларида.

55. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўкракларида қанча мўй бор эди?

-кўп;
-оз;
-мўй бўлмаган.

56. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки кафт ва қадамлари қандай эди?

-тўла;
-ўрта;
-ориқ.

57. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аъзоларининг бўғимлари, яъни, ҳар икки суякларининг қўшилган ери қандай бўлган?

-йўғон;
-ўрта;
-ингичка.

58. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узуклари кумушдан бўлиб, кўпроқ ўнг қўлларига, баъзан чап қўлларига таққанлар. Савол: Узукни айнан қайси бармоқларига тақардилар?

-ўрта бармоқ;
-номсиз (тўртинчи) бармоқ;
-жимжилоқ бармоқ.

59. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ташқи кўринишда пайғамбарлардан кимга ўхшардилар?

-Иброҳим алайҳиссаломга;
-Мусо алайҳиссаломга;
-Ийсо алайҳиссаломга.

60. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин бирор устоздан таълим олиш ёки ўқиш-ёзиш масаласида қандай маълумотга эга бўлганлар?

-юқори;
-ўрта;
-уммий-саводсиз.

61. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлганларидан кейин Аллоҳ таоло у зотни вафотларигача маъсум (яъни, катта ва кичик гуноҳлардан пок) сақлаганини яхши биламиз! Аммо Пайғамбар бўлишларидан олдин ҳам Аллоҳ таоло у зотни катта ва кичик гуноҳлардан пок сақлаганми?

-ҳа;
-йўқ.

62. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин: “Яқинда бизнинг китобларимиз хабарини берган охирзамон пайғамбари чиқади, биз унга иймон келтириб, сизларнинг устингиздан ғалаба қозонамиз”, деб Ясриб (Мадина)даги араб мушрикларига, яъни, Авс ва Хазраж қабилаларига қарата кимлар дағдаға қилишарди?

-яҳудийлар;
-насронийлар;
-араб коҳинлари.

63. Қурайш аҳли бут-санамларига ибодат қилган пайтда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин, Ёлғиз Аллоҳга “муроқаба” (илоҳий қудрат ҳақида тафаккур ва тадаббур қилиш) ва “таҳаннус” (гуноҳлардан сақланиш ва бут-санамларга сиғинмаслик) ва йўловчи мискинларга таом бериш учун, уч йил давомида Ҳиро ғорига хар йили тўлиқ бир ой борар эдилар. Савол: Ўша қайси ой эди?

-сафар ойи;
-рабиъул аввал ойи;
-рамазон ойи.

64. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин, у кишида пайғамбарлик аломатлари яхши-рост тушлар орқали пайдо бўла бошлади. Қандай туш кўрсалар, тонг зиёси каби рўёбга чиқар эди. Мана шу туш кўришлари қанча муддат давом этган?

-олти ой;
-бир йил;
-уч йил.

65. Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни Ўзи билан инсоният орасида ишончли элчи-пайғамбар қилиб сайлаганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам неча ёшда эдилар?

-25 ёш;
-40 ёш;
-50 ёш.

66. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Фил воқеаси”нинг 41-йили пайғамбар бўлдилар. Бу милодий 610 йил 10 августга тўғри келади. Савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси қамарий ойда пайғамбар бўлганлар?

-рабиъул аввал ойида;
-рамазон ойида;
-ражаб ойида.

67. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, уламолар иттифоқ қилганларидек, душанба куни пайғамбар бўлганлар. Аммо ойнинг нечанчи кечасида?

-7-кечада;
-8-кечада;
-17-кечада;
-18-кечада;
-21-кечада;
-24-кечада;
-26-кечада;
-27-кечада.

68. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий (илоҳий хабар) нозил бўлган Ҳиро ғори жойлашган тоғ кейинчалик нима деб ном олган?

-“Савр” тоғи;
-“Нур” тоғи;
-“Раҳмат” тоғи.

69. Жаброил фаришта илк ваҳий билан Ҳиро ғорига келганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қайси суратда кўринган?

-асл фаришта суратида;
-одам суратида;
-кўринмаган.

70. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорида илк ваҳийни қай ҳолатда қабул қилганлар?

-уйғоқ ҳолларида;
-уйқуларида.

71. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи бўлиб, қайси суранинг илк оятлари нозил бўлган?

Фотиҳа сурасининг;
Муддассир сурасининг;
Алақ-Иқро сурасининг;
“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” калимаси.

72. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дастлабки ваҳийни қабул қилишлари қийин кечган.
Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Биз сизга (эй Муҳаммад алайҳиссалом) оғир Сўзни (яъни, Қуръонни) туширажакмиз” (Муззаммил сураси, 5-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи ваҳийни қабул қилишдаги қўрқинчларини кетказиш ва кейинги ваҳийга бўлган соғинчларини ошириш учун биринчи ваҳий билан иккинчи ваҳий орасида маълум муддат узилиш бўлади. Бунга Ислом тарихида “фатратул ваҳий” дейилади. Бу узилиш муддати ҳақида бир қанча маълумотлар мавжуд бўлиб, қайси бири ҳақиқатга яқинроқ?

-бир неча кун;
-15 кун;
-40 кун;
-6 ой;
-2,5 йил;
-3 йил.

73. Иккинчи ваҳий нозил бўлганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “расул”лик мақомига чиқиб, даъватни махфий равишда бошлаганлар. Савол: Иккинчи ваҳийда қайси суранинг илк оятлари нозил бўлади?

-Зуҳо сурасининг;
-Муддассир сурасининг;
-Муззаммил сурасининг.

74. Динимизнинг номи “Ислом”дир. Бу номни ким қўйган?

-Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло;
-Пайғамбаримиз алайҳиссалом;
-саҳобалар розийаллоҳу анҳум.

75. Ислом динини қабул қилганлар, “мусулмонлар” дейилади. Уларни “мусулмонлар” деб ким атаган?

-Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло;
-Жаброил алайҳиссалом;
-саҳобалар розийаллоҳу анҳум.

76. Саҳобалардан биринчи бўлиб Исломни ким қабул қилган?

-Али розийаллоҳу анҳу;
-Абу Бакр розийаллоҳу анҳу;
-Хадича розийаллоҳу анҳо.

77. Ёш болалардан ким биринчи мусулмон бўлган?

-Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо;
-Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳумо;
-Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу.

78. Қуллардан ким биринчи бўлиб мусулмон бўлган?

-Билол розийаллоҳу анҳу;
-Зайд ибн Ҳориса розийаллоҳу анҳу;
-Аммор ибн Ёсир розийаллоҳу анҳумо.

79. Эркак кишилардан энг биринчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, саҳоба бўлиш шарафига эришган ким?

-Роҳиб Баҳийро;
-Варақа ибн Навфал;
-Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу.

80. Гўзал хулқ эгаси Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳунинг даъвати билан биринчилар қаторида неча киши мусулмон бўлади?

-5 киши;
-6 киши;
-8 киши.

81. Беш вақт намоз фарз қилингунига қадар (10 йилдан ортиқ вақт мобайнида) мусулмонлар қандай ибодат билан машғул бўлишган?

-намоз;
-рамазон рўзаси;
-закот.

82. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга энг биринчи намоз ўқиган саҳоба ким?

-Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу;
-Али розийаллоҳу анҳу;
-Хадича розийаллоҳу анҳо.

83. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка даврида саҳобалар билан намозни қаерга қараб ўқиганлар?

-Каъбага, яъни, Масжидул Ҳаромга юзланиб;
-Қуддусга, яъни, Масжидул Ақсога юзланиб;
-Қуддус йўналишида Каъбага юзланиб.

84. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ишонган маккаликларни неча йил махфий, яширин равишда Исломга даъват қилганлар?

-2 йил;
-3 йил;
-4 йил.

85. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси оят нозил бўлганидан кейин ошкора даъват қилишни бошлаганлар?

а) “Бас, Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, Ҳақ Динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг!” (Ҳижр сураси, 94-оят);
б) “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингизнинг Йўли (Дини)га ҳикмат (донолик) ва чиройли мавъиза (панд-насиҳат) билан даъват қилинг…!” (Наҳл сураси, 125-оят);
в) “Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!” (Шуаро сураси, 214-оят).

86. Аллоҳ таоло: “Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!” деган оятни туширганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалигига чиқиб, баланд овозда: “Эй Бани Фиҳр! Эй Бани Адий!” дея, Қурайш ичидаги қариндош-уруғларини чақирадилар, улар тўпланишади. Ораларида Абу Лаҳаб ибн Абдулмутталиб ҳам бор эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Айтинглар-чи, агар мен сизларга: “Мана шу тепаликнинг орқасида душман қўшини устингизга ҳужум қилиш учун пойлаб турибди” десам, менга ишонасизларми?” дейдилар. Улар: “Ҳа! Ишонамиз, сенинг ёлғон гапирганингни ҳеч тажрибада кўрмаганмиз!” дейишади.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шак-шубҳасиз мен қаттиқ азоб олдидан сизларга юборилган бир огоҳлантиргувчи пайғамбардирман!” дейдилар. Бадбахт Абу Лаҳаб: “Ер ютсин сени! Бизни шунинг учун йиғдингми?” дейди, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни уриш учун қўлига тош ҳам олади ва мана шу воқеадан кейин “Масад” сураси нозил бўлади. Савол: Бу воқеа нубувват (пайғамбарлик)нинг нечанчи йили содир бўлган?

-4-йили;
-5-йили;
-6-йили.

87. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъватни давом эттириш учун қолаверса, қўшниларининг азиятларидан узоқ бўлиш, Исломни янги қабул қилган мусулмонларни душманга билдирмаслик ва саҳобалар билан яширинча учрашиб туришлик мақсадида қачон Арқамнинг уйига кўчиб ўтганлар?

-нубувватнинг 4-йили;
- нубувватнинг 5-йили;
- нубувватнинг 6-йили.

88. “Эй Муҳаммад! Биз биламиз, сен қариндош-уруғчилик қоидаларига амал қиласан, рост сўзлайсан, ёлғон гапирмайсан. Биз сени эмас, балки сен келтирган Динни ёлғон деб ҳисоблаймиз”, деган ким эди?

-Абу Жаҳл;
-Абу Суфён;
-Абу Лаҳаб.

89. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп озор берган қўшниларидан қайси бири кейинчалик Исломни қабул қилган?

-Абу Лаҳаб;
-Ҳакам ибн Абул Ос;
-Уқба ибн Абу Муъайт;
-Адий ибн Ҳамро Сақафий;
-Ибнул Асдо Ҳазалий.

90. Бирор киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларини ва Қуръон тиловатини эшитиб, Исломга мойил бўлса, бир бадбахт мушрик ўзи ёллаб олган ашулачи аёллардан бирини унинг олдига юборар эди. У аёл бориб, ҳалиги кишини меҳмон қилар ва Қуръонга нисбатан қалбида пайдо бўлган мойиллиги йўқолгунича ҳар хил қўшиқлар айтиб берар эди. Ўша ашулачи аёлларни ёллаган маккор киши ким?

-Валид ибн Муғийра;
-Назр ибн Ҳорис;
-Абу Жаҳл.

91. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни Исломга даъват этиб, уларга ўтган умматлар ҳақидаги Қуръоний қиссаларни тиловат қилиб, бир жойдан туриб кетсалар, дарров бир мушрик келиб, ўша жойга ўтирар, одамларга Рустами достон, Исфандиёр қиссалари ва Форс шоҳлари тарихидан гапириб берар эди. Савол: Ўша эртакчи ким?

-Назр ибн Ҳорис;
-Ахнас ибн Шурайқ;
-Убай ибн Халаф.

92. Исломгача яшаган шоирлар мушоира ўтказишадиган Маккага яқин жойларда ташкил этиладиган Укоз, Мажанна (ёки Мижанна) ва Зулмажоз бозорларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй одамлар, Ла илаҳа иллаллоҳ, денглар, нажот топасизлар”, деб Аллоҳнинг динига даъват қилиб юрардилар. Одамлар у зот атрофларида тўпланишар эди. Ортларидан эса, кўзи ғилай, гажак сочли киши эргашиб юрар ва: “Унга қулоқ солманглар, у ота-боболарининг йўлидан воз кечган, ёлғончи”, дер ҳамда қаёққа борсалар, бирга кетар эди. Савол: Ўша бадбахт киши ким эди?

-Абу Жаҳл;
-Абу Лаҳаб;
-Ос ибн Воил.

93. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликнинг тўртинчи йили бошидан ошкора даъватни бошлайдилар. Ҳаж мавсумида турли араб қабилаларининг Маккага келишини ўйлаб, қурашийлар безовта бўладилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар бўлишларидан илгари “Амин” (ишончли, ҳақгўй, ростгўй, омонатдор) деб билишарди. Шундай бўлса-да, ҳожиларни Ислом даъватига қулоқ солишдан тўсиш учун “Дорун Надва” (Макка парламенти) раиси Валид ибн Муғийра бошчилигидаги маслаҳат мажлисида у зот ҳақларида бир бўҳтон сўзни тарқатишга келишиб олишади. Савол: У сўз қайси эди?

-ёлғончи;
-мажнун;
-фолбин;
-шоир;
-сеҳргар.

94. Макка даврининг тўртинчи йили ўрталари ё охирларида Қурайш мушриклари мусулмонларни таъқиб қилишни бошлашади. Зулм кун сайин, ой сайин кучайиб боради, бешинчи йил ўрталарида жиддий тусга киради. Мусулмонлар ана шундай танг аҳволда турганларида, Макка мушриклари Пайғамбаримизни мот қиладиган савол-жавобларни билиб келиш мақсадида ўз вакилларини Ясриб (Мадина)га юборишади. Яҳудий олимлари уларга қуйидагиларни айтишади: “Сизларга учта саволни жавоби билан баён қиламиз. Бу саволларга пайғамбардан бўлак ҳеч ким тўғри жавоб қила олмайди. Агар бу саволларга тўғри жавоб қилса, ҳеч шубҳаланмангки, у асл пайғамбардир, унинг йўлига киринг ва унга итоат қилинг. Жавоб бермаса, сохта пайғамбарлиги аён бўлади. У ҳолда бунга қарши қандай иш тутиш ўзларингизга ҳавола”. Улар қайтиб келишиб, саволларни Пайғамбаримизга беришади. Шунда уларнинг саволларига жавоб ўлароқ бир сура нозил бўлади. Савол: Ўз ичига учта қиссани жамлаган бу сура қайси?

-Юнус сураси;
-Ҳуд сураси;
-Каҳф сураси.

95. Ислом тарихида биринчи бўлиб шаҳидлик мартабасига ким эришган?

-Зайд ибн Амр;
-Ёсир розийаллоҳу анҳу;
-Сумайя розийаллоҳу анҳо.

96. “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг: “Парвардигорингиздан тақво қилинг! Бу дунёда чиройли амал қилган зотлар учун (охиратда) чиройли (оқибат-жаннат) бордир. Аллоҳнинг Ери кенгдир. Ҳеч шубҳа йўқки, сабр қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз, тўлиқ қилиб берилур” (Зумар сураси, 10) ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи мусулмонларни иймонларини сақлаш, ибодатларини эмин-эркин бажариш, жоҳилиятдан қочиш ва Нажоший (Ҳабашистон императори)га Исломни етказиш учун ҳабаш ерига ҳижрат қилишни буюрадилар. У мамлакатнинг подшоҳи ақлли, доно ва адолатли бўлиб, унинг ҳудудида ҳеч кимга зулм қилинмас эди. Савол: Ислом тарихидаги ушбу биринчи ҳижрат Макка даврининг нечанчи йили рўй берган?

-5-йили;
-6-йили;
-7-йили.

97. Ҳабашистонга қилинган биринчи ҳижратда нечта саҳоба иштирок қилган?

-4 та аёл ва 10 та эркак;
-4 та аёл ва 11 та эркак;
-4 та аёл ва 12 та эркак.

98. Бу илк ҳижратдан икки ой ўтиб, рамазон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Масжидул Ҳаромга чиқадилар. У ерда асосан Қурайшнинг катталари йиғилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўсатдан уларга қарата Нажм сурасини ўқийдилар. Сурани бошидан охиригача тиловат этиб, энг сўнгидаги
“Бас, сизлар (ёлғиз) Аллоҳга сажда ва ибодат қилинглар!” оятини ҳам ўқиб сажда қиладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга мусулмонлар, ҳатто мушриклар ҳам сажда қилиб юборадилар. Савол: Мушриклар нима учун сажда қилишган эди?

-бут-санамларини ният қилиб сажда қилишади;
-Пайғамбар алайҳиссалом мушрикларнинг бут-санамларини мақтаган эмишлар, шунинг учун;
-Қуръони каримнинг илоҳий лафзлари ва маъноларидан қаттиқ таъсирланганлари учун.

99. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажм сурасини қироат қилаётганларида шайтон васвасаси билан адашиб, Қуръонда бўлмаган сўзларни ҳам қўшиб юборадилар, яъни, мушрикларнинг бутларини мақтаб юборадилар, бундан шу ерда ҳозир бўлган мунофиқ ва кофирлар шодланиб кетишади”, деган маънодаги “Ғаронийқ” масаласи пайғамбарлар шаънига, айниқса, Муҳаммад алайҳиссалом шаънларига тўғри келадими?

-ҳа;
-йўқ.

100. Қурайш раҳбарлари ҳошимийлар уруғининг каттаси Абу Толибнинг олдига кетма-кет икки марта келишиб: “Эй Абу Толиб! Ё Муҳаммаднинг фаолиятини тўхтатасан ёки уни бизга топширасан”, дея таҳдид солишади. Бу воқеа Макка даврининг нечанчи йили бўлган?

-5-йили;
-6-йили;
-7-йили.

101. Ҳазрати Ҳамза ва Умар розийаллоҳу анҳумолар мусулмон бўлишларидан олдин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдларига бир бадбахт мушрик келиб: “Мен Қуръонингга ҳам, Жаброил фариштангга ҳам ишонмайман” деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўл кўтаради, кўйлакларини йиртади ва юзларига тупуради. Лекин тупук Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларига тегмайди. Ўша пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ! Унинг устига итларингдан бирини юбор”, дея уни дуоибад қиладилар. Савол: Ўша бадбахт ким эди?

-Абу Жаҳл;
-Ос ибн Воил;
-Утайба ибн Абу Лаҳаб.

102. Ҳамза ва Умар розийаллоҳу анҳумолар Исломга кирмасларидан сал олдин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг “Ҳижр” қисмида намоз ўқиб турганларида, бир бадбахт мушрик кийимини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйинларига солиб, қаттиқ бўға бошлайди. Шу пайт Абу Бакр келиб қолиб, ҳалигининг иккала елкасидан ушлаб, итариб юборадилар ва: “Менинг Роббим Аллоҳдир”, дегани учун бир кишини ўлдирасизларми?!” дейдилар. Савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни буққан ўша бадбахт ким эди?

-Уқба ибн Абу Муъайт;
-Асвад ибн Абдуяғус;
-Валид ибн Муғийра.

103. Ҳазрати Ҳамза билан Умар розийаллоҳу анҳумоларнинг Исломни қабул қилишлари орасида қанча вақт ўтган?

-3 кун;
-3 ҳафта;
-3 ой.

104. Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу қиличини белига боғлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш учун кетаётганларида, йўлда ўз мусулмонлигини яшириб юрган бир киши у зотни чалғитиб юборади. Савол: Ўша инсон ким эди?

-Нуъайм ибн Абдуллоҳ Адавий;
-бани зуҳралик киши;
-бани махзумлик киши.

105. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун араблар ичида елкаси ерга тегмаган, тенги йўқ паҳлавон билан яккама-якка курашиб, кетма-кет уч бор уни енгадилар. Ўша паҳлавоннинг исми нима?

-Язид ибн Рукона;
-Рукона ибн Язид;
-Рукона ибн Абду Язид.

106. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Масжидул Ҳаромда Қурайш раҳбарлари даврасидаги бир мунозара охирида уларга қарата Аллоҳ таолонинг:
“(Эй мушриклар) албатта, сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётган нарсаларингиз жаҳаннам ўтинларидир...” мазмунидаги (Анбиё сураси, 98 – 100) оятларни ўқиб, туриб кетадилар. Кетларидан бир бадбахт келиб, даврага қўшилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мот қилиш мақсадида: “Муҳаммаддан сўранглар-чи, Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган кимсаларнинг ҳаммаси, сиғинувчилари билан бирга жаҳаннам ўтинлари бўладиларми? Ҳолбуки, биз фаришталарга сиғинамиз, яҳудийлар Узайрга, насоролар эса Ийсога сиғинишади (демак, Узайр, Ийсо ва фаришталар ҳам дўзахга кирар эканлар-да, дейди)”.
Мазкур “гап” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказилганида, Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилади:
“Албатта, Бизнинг томонимиздан гўзал (мартаба) берилган зотлар – ана ўшалар у (жаҳаннам)дан узоқ қилингандирлар ...” (Анбиё,101 – 102-оятлар).
Савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мот қилмоқчи бўлган ўша маккор ким эди?

-Валид ибн Муғийра;
-Абдуллоҳ ибн Забаърий;
-Назр ибн Ҳорис.

107. Ҳазрати Ҳамза розийаллоҳу анҳу мусулмон бўлган пайтлар...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба ёнида ўзлари ўтирганларида, Қурайш раҳбарларидан бири келиб у зотга бойлик, шон-шараф, ҳукмронлик ва турли мансабларни таклиф қилади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Фуссилат сурасининг бошидан бир қисмини ўқиб берадилар. У қурайшликларнинг олдига бориб: “Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтаман! Мен Муҳаммаддан шундай сўзларни эшитдимки, илгари бунақасини умуман эшитмаганман. Аллоҳга қасамки, бу сўзлар шеър ҳам, сеҳр ҳам, коҳинлик-фолбинлик ҳам эмас!” дейди. Савол: Лекин барибир мусулмон бўлмасдан ўтиб кетган бу бечора ким эди?

-Утба ибн Рабийъа;
-Валид ибн Муғийра;
-Ос ибн Воил.

108. Тўрт ҳафта ёки ундан камроқ муддат ичида қуйидаги тўртта улкан ҳодиса рўй беради:

1) Ҳамза розийаллоҳу анҳу мусулмон бўладилар.
2) Умар розийаллоҳу анҳу мусулмон бўладилар.
3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшнинг Исломий даъватни тўхтатиш борасидаги таклифини қабул қилмайдилар.
4) Агар Қурайш мушриклари тўсатдан ёппасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга суиқасд уюштирсалар, Ҳамза ва Умар розийаллоҳу анҳумо каби саҳобалар ҳам ҳеч нарса қила олмасликларини сезган Абу Толиб, дарров Бани Ҳошим ва Бани Мутталиб уруғларини йиғиб, жиянлари Муҳаммад алайҳиссаломни ҳимоя қилишга чақиради. Бу даъватни уларнинг ҳаммаси – мусулмони ҳам, кофири ҳам жону диллари билан қабул қилишади. Фақат биттаси кўнмай, Қурайш томонга ўтиб кетади. Савол: У ким?

-Абу Лаҳаб;
-Зубайр;
-Аббос.

109. Ҳимоясиз мазлум мусулмонларнинг Ҳабашистонга иккинчи бор ҳижрати Макка даврининг нечанчи йили бўлган?

-6-йили;
-7-йили;
-8-йили.

110. Ҳабашистонга қилинган иккинчи ҳижратда муҳожир мусулмонларнинг сони ҳақида ҳар хил маълумотлар бор, уларнинг қайси бири тўғри?

-77 та эркак ва 13 та аёл – 90 та саҳоба;
-82 та эркак ва 19 та аёл – 101 та саҳоба;
-83 та эркак ва 18 та аёл – 101 та саҳоба.

111. Ҳабашистонга иккинчи марта ҳижрат қилган мусулмонларни орқага қайтариб олиб келиш ва бошқа мусулмонларга ибрат бўлсин деб, оғир азоблар билан қийнаш мақсадида қурашийлар қимматбаҳо совға-саломлар билан иккита уддабурон кишини Нажоший (Ҳабашистон императори) ва давлат арбоблари ҳузурига юборишади. Ўша икки киши ким эди?

-Амр ибн Ос билан Аммора ибн Валид;
-Амр ибн Ос билан Абдуллоҳ ибн Абу Рабийъа;
-Амр ибн Ос билан Икрима.

112. Агар Қурайш мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдирсалар, Макка водийи уларнинг қони билан тўлишини англаб етадилар ва илгари ҳеч қилмаган катта бир зулмга қўл урадилар: Ҳошим ва Абдулмутталиб уруғлари то Муҳаммад алайҳиссаломни қатл қилиш учун уларга топширмагунларича, улар билан ўзаро қиз олиб-бермаслик, савдо-сотиқ қилмаслик, ёнма-ён ўтирмаслик, учрашмаслик, уйларига кирмаслик ва гаплашмасликка битим тузишади.
Агар бу қарор кўнгилдагидек натижа берса, Ҳошим ва Абдумутталиб уруғлари Муҳаммад алайҳиссаломдан юз ўгирадилар, якка бўлиб қолган инсонни эса, мағлуб этишлари осон бўлади. Улар ҳатто бу келишувни “Аҳднома” шаклида қоғозга ёзиб, муҳрлаб, Каъбанинг ички деворига осиб қўядилар. Савол: Ўша “Аҳднома”ни ким ёзган?

-Мансур ибн Икрима;
-Назр ибн Ҳорис;
-Бағиз ибн Омир.

113. Қурайш мушриклари Ҳошим ва Абдулмутталиб уруғларини неча йил иқтисодий ва ижтимоий қамалда ушлаб турадилар?

-2 йил;
-3 йил;
-4 йил.

114. Макка мушрикларининг талаби билан содир бўлган “Шаққул қамар” (Ой бўлиниши) ҳодисаси Макка даврининг нечанчи йили рўй берган?

-8-йили;
-9-йили;
-10-йили.

115. Ҳошим ва Абдулмутталиб уруғларига қарши уюштирилган қамални Қурайш раисларидан кимлар бузишга ҳаракат қилган?

-3 киши – Ҳишом ибн Амр, Зуҳайр ибн Абу Умайя ва Мутъим ибн Адий;
-4 киши – … ва Абул Бахтарий ибн Ҳишом;
-5 киши – .… ва Замъа ибн Асвад.

116. Мусулмонларнинг бошларига озору азоблар ёғилиб турган бир пайтда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарларини эшитиб, Ҳабашистондан йигирматача (ё ўттиздан ортиқ ёки етмишта) насроний руҳонийлари Маккага келишади. Савол: Улар нима учун келишган эди?

-христианликни ёйиш учун;
-Исломни қабул қилиш учун;
-Пайғамбаримиз билан баҳслашиш учун.

117. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳомий амакилари, Ҳошим уруғининг бошлиғи Абу Толиб қамалдан қутулганларидан сўнг, неча ой ўтиб вафот этган?

-6 ой;
-8 ой;
-9 ой.

118. Абу Толиб вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаерда эдилар?

-Абу Толиб ҳузурида;
-ўз уйларида.

119. Хадича онамиз уч йиллик қамалдан сўнг, неча ой ўтиб вафот этадилар?

-6 ой;
-8 ой;
-9 ой.

120. Хадича розийаллоҳу анҳонинг вафотларидан бир ой ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка даврининг ўнинчи йили шаввол ойида кимга уйланадилар?

-Савда Замъа қизига;
-Оиша Абу Бакр қизига;
-Ҳафса Умар қизига.

121. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Толиб ва Хадича розийаллоҳу анҳонинг вафотларидан сўнг, қурайшликлардан умидларини узиб, асранди ўғиллари Зайд ибн Ҳориса билан Макка даврининг ўнинчи йили шаввол ойи (милодий 619 йил, май охирлари ё июннинг бошлари)да Сақиф қабиласини, айниқса, эмикдош тоғаларини Исломга даъват қилиш мақсадида, агар улар Исломни қабул қилсалар, ҳимояларига кириш учун Тоифга борадилар. Тоиф Маккадан 60 мил (115 км) узоқликда жойлашган бўлиб, боришда ҳам, келишда ҳам пиёда юришган. Тоифликлар ҳам маккаликлар каби бутпараст эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоиф халқини Исломга ўн кун даъват қилдилар.
Бу даъват Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларига янги кулфатларни олиб келди. Тоифдан чиқиб кетаётганларида кўча болалари ва жоҳил қуллар икки саф бўлиб олишиб, уларни ҳақоратлаб, сўкиб, устларидан кулиб, бераҳмлик билан тошбўрон қилиб боришади. Савол: Мазкур тошбўрон қанча масофагача давом этган?

-1 мил (салкам икки километр);
-2 мил;
-3 мил.

122. Тоифдан қувилиб боғ ичига яширинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдларига узум олиб келган ва қисқа суҳбатдан сўнг мусулмон бўлган насроний қулнинг исми нима?

-Аддос;
-Утба;
-Шайба.

123. Макка ва Тоиф мушриклари ўзларининг тилида келган арабий Қуръонга ҳам, ўз тоифалари ва жинсларидан бўлган пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам иймон келтирмай турганларида, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдларига бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар учун юборади. Жинларнинг вакиллари келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаерда эдилар?

-боғ ичида;
-Нахла водийида;
-Маккада.

124. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан қайтиб келиб, Ҳиро ғорида бир оз турадилар ва ҳаж мавсуми, зул ҳижжа ойида Маккага келадиган турли қабилаларни яна Исломга даъват қилиш учун Маккага кирадилар. Савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшнинг қайси обрўли кишиси ҳимоясида (Макка даврининг ўнинчи йили зул қаъда ойида) Маккага кирадилар, ҳатто ўз уйларига етиб оладилар?

-Ахнас ибн Шурайқ;
-Суҳайл ибн Амр;
-Мутъим ибн Адий.

125. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн йил мобайнида (Макка даврининг тўртинчи йилидан то Мадина ҳижратигача) Маккага ҳаж мавсумларида келган турли араб қабилаларини Исломга даъват қиладилар.
Ўша қабилалар: Бани Омир ибн Саъсаъа, Бани Муҳориб ибн Хасафа, Бани Фазора, Бани Ғассон, Бани Мурра, Бани Ҳанифа, Бани Сулайм, Бани Абас (Абс), Бани Наср (Назр), Бани Бакко (Бако), Бани Кинда, Бани Калб, Бани Ҳорис ибн Каъб, Бани Узра ва Ҳазрамавтда яшовчилар. Савол: Ўтган ўн йил вақт мобайнида мазкур қабилалардан қайси бири Исломни қабул қилган?

-Бани Сулайм;
-Бани Ҳанифа;
-бирортаси ҳам қабул қилмаган.

126. Мазкур қабилаларнинг қайси бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан жуда қўполлик билан ёмон муносабатда бўлишган?

-Бани Мурра;
-Бани Ҳанифа;
-Бани Омир ибн Саъсаъа.

127. “Албатта, Биз Ўзимиз (эй Муҳаммад алайҳиссалом) сизни масхара қилувчиларга (яъни, уларни ҳалок этиш учун) кифоя қилурмиз. (Улар) Аллоҳга бошқа “илоҳ”ларни (шерик) қилурлар. Бас, яқинда (бу қилмишларининг оқибатини) билиб олурлар. Шак-шубҳасиз, Биз уларнинг (сизни масхара қилиб) айтаётган сўзларидан юрагингиз сиқилаётганини билиб турибмиз ...” (Ҳижр сураси, 95 – 99) оятлари нозил бўлганидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ашаддий душманларидан Асвад ибн Мутталиб (Абу Замъа) Асадийнинг кўзи кўр бўлиб, Асвад ибн Абдуяғус Зуҳрийнинг қорнига сариқ сув тўпланиб, Валид ибн Муғийра Махзумийнинг билагидаги йўғон қон томирига камон тегиб кетиб, Ос ибн Воил Саҳмийнинг оёғига тикон кириб ва Ҳорис ибн Талотила Хузоъийнинг боши йиринглаб, хуллас, ҳаммаси бирин-кетин ўлиб кетишади. Савол: Уларнинг мана шундай дард топиб, ўлиб кетишларига нима сабаб бўлган эди?

-тасодифан бўлган;
-Пайғамбаримиз уларни дуоибад қилганлар;
-Жаброил алайҳиссалом келиб, ҳар биттасининг мазкур аъзоларига ишора қилган.

128. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам араб қабилаларини даъват қилганларидек, маккалик бўлмаган якка шахсларга ҳам Исломни таклиф қилардилар, натижада Макка даврининг 11 йили бошида ясриблик Сувайд ибн Сомит, Иёс ибн Муъоз, Ясриб атрофидан Жундуб Абу Зарр Ғифорий ҳамда Ямандаги Давс қабиласидан Туфайл ибн Амр ва Аздишануа қабиласидан Зимод Аздийлар Маккага келишиб, мусулмон бўлишади. Савол: Булардан қай бири ўз қабиласини даъват қилиб, кейинчалик Ҳудайбийя сулҳидан кейин 70 – 80 та исломий оила билан Мадинага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келади?

-Абу Зарр Ғифорий;
-Туфайл ибн Амр;
-Зимод Аздий.

129. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий асосида Макка даврининг 11 йили шаввол ойида кимга фотиҳаланадилар?

-Оиша Абу Бакр қизи розийаллоҳу анҳумога;
-Ҳафса Умар қизи розийаллоҳу анҳумога;
-Зайнаб Хузайма қизи розийаллоҳу анҳога.

130. Макка даврининг 11 йили охири (620 йил, июл ойи), ҳаж мавсуми, тун...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада Минонинг “Ақаба” йўлидан ўтиб кетаётганларида, ўзаро гаплашиб ўтирган кишиларнинг овозларини эшитиб қоладилар. Борсалар, ясриблик йигитлар экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Исломнинг моҳияти ва вазифасини тушунтирадилар, Аллоҳнинг йўлига даъват қиладилар ва Қуръон тиловат қилиб берадилар. Йигитлар дарҳол: “Бу ўша пайғамбар-ку?” дея Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, Исломни қабул қилишади. Савол: Бу бахтли йигитларнинг сони нечта эди?

-4 та (Асъад ибн Зурора, Авф ибн Ҳорис, Рофиъ ибн Молик ва Қутба ибн Омир);
-5 та (… ва Уқба ибн Омир);
-6 та (.... ва Жобир ибн Абдуллоҳ).

131. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк иймон келтирган ясриблик бу йигитлар: “Бу ўша пайғамбар-ку?” дейишлари учун Пайғамбаримиз ҳақларидаги ушбу маълумотни қаердан олишган эди?

-Таврот ва Инжилдан ўқиб билишган;
-Ясрибдаги яҳудийлардан эшитишган.

132. Исро (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога кечанинг бир қисмида сайр қилишлари) ва Меърож (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша кеча Масжидул Ақсодан Аллоҳ таоло ҳузурига кўтарилишлари) ҳодисаси ҳижратдан олдин бўлиб ўтганига барча уламолар иттифоқ қилишган. Савол: Бу машҳур воқеа Макка даврининг нечанчи йили содир бўлган?

-1-йили;
-5-йили;
-6-йили;
-8-йили;
-10-йили;
-12-йили;
-13-йили.

133. Исро ва Меърож воқеасининг қайси ойда бўлиб ўтгани ҳақида уламоларнинг бир қанча фикрлари бор. Бу фикрлар ичида қайси бири машҳур?

-муҳаррам ойи (1-ой);
-рабиъул аввал ойи (3-ой);
-рабиъул охир ойи (4-ой);
-ражаб ойи (7-ой);
-рамазон ойи (9-ой);
-шаввол ойи (10-ой).

134. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга қай ҳолатда кўтарилганлар?

-уйқуларида, яъни, тушларида;
-жасадлари қолиб, фақат руҳлари;
-уйғоқ ҳолларида, руҳ ва жасадлари билан;
-Қуддусгача руҳ ва жасадлари билан уйғоқ ҳолда, Қуддусдан осмонга эса фақат руҳлари билан.

135. Исро ва Меърож воқеаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари давомида неча марта содир бўлган?

-1 марта;
-2 марта;
-3 марта.

136. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож кечаси Қуддуснинг Масжидул Ақсо яқинидаги катта харсанг тош устидан осмонга кўтариладилар. Кўтарилаётганларида тош ҳам орқаларидан эргашиб, ҳавога кўтарилган-у, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўхта”, деганларида, тош ердан икки метр кўтарилганича қолаверган ва ҳанузгача муаллақ турибди”, деган ривоят қанақа ривоят?

-Саҳиҳ (ростгўй, ақл-идрокли киши бошқа бир ростгўй ва ақл-идрокли кишидан ривоят қилган, санади бошидан охиригача узилмаган, нуқсонсиз ҳадис);
-Заиф (таркибида “саҳиҳ” ва “ҳасан” ҳадисларнинг сифати бўлмаган ҳадис);
-Мавзуъ (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ёки саҳоба ва тобеъинлардан бирор кишига тақалган гап бўлиб, аслида ёлғон ва уйдирма).

137. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожда Аллоҳ таоло билан гаплашганмилар?

-ҳа;
-йўқ.

138. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида Аллоҳ таолонинг жамолини уйқуларида – қалб кўзи билан кўрганмилар?

-ҳа;
-йўқ.

139. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга (Аллоҳ таоло ҳузурига) кўтарилганларида Аллоҳ таолонинг жамолини зоҳирий кўзлари билан кўрганмилар?

-ҳа;
-йўқ.

140. Аллоҳ таоло Меърож кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Бақара сурасининг қайси оятларини ато этган?

-“Алиф Лом Мим”, 1 – 5-оятлар;
-“Оятул Курсий”, 255-оят;
-“Аманар росул”, 285 – 286-оятлар.

141. Макка даврининг 12 йили зул-ҳижжа ойи (621 йил, июл) ҳаж мавсумида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ясриб (Мадина) мусулмонлари орасида бир шартнома тузилади. Минода бўлиб ўтган бу шартнома “Биринчи Ақаба байъати” номи билан қайд этилган. Савол: Мана шу байъатда нечта ясриблик мусулмон қатнашган?

-12 та;
-13 та;
-18 та.

142. “Биринчи Ақаба байъати” ва ҳаж мавсуми тугагач, Ясрибда Исломни ёйиш ва мусулмон бўлганларга Қуръонни ва Ислом қонун-қоидаларини ўргатиш, жамоатга имом бўлиб намозни қоим қилиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маккалик йигитлардан кимни биринчи элчи-муаллим қилиб жўнатганлар?

-Мусъаб ибн Умайрни;
-Абдуллоҳ ибн Умми Мактумни;
-Муъоз ибн Жабални.

143. Макка даврининг 13 йили зул-ҳижжа ойи (622 йил, июн) ҳаж мавсуми иккинчи ташриқ кечаси...
Минода бўлиб ўтган “Иккинчи Ақаба байъати”да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат (қасамёд) қилган ясриблик мусулмонларнинг сони нечтага етди?

-2 та аёл ва 68 та эркак, жами 70 та саҳоба;
-2 та аёл ва 70 та эркак, жами 72 та саҳоба;
-2 та аёл ва 73 та эркак, жами 75 та саҳоба.

144. “Иккинчи Ақаба байъати”да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қўлларини ушлаган ҳолда биринчи бўлиб байъат қилган машҳур саҳоба ким?

-Асъад ибн Зурора;
-Абул Ҳайсам ибн Таййиҳон;
-Баро ибн Маърур.

145. Байъат тамом бўлиши билан байъат бандларидаги шартларнинг бажарилишига жавобгар бўлсинлар деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ясриблик мусулмонлардан нечтасини нақиб (бошлиқ, етакчи, раис) этиб тайинлайдилар?

-3 та (Авс қабиласидан);
-9 та (Хазраж қабиласидан);
-12 та.

146. “Иккинчи Ақаба байъати”дан сўнг, ясриблик мусулмонлар ўз ватанларига етиб олишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маккалик мусулмонларнинг Ясрибга ҳижрат қилишларига изн берадилар. Саҳобалар бирин-кетин Ясрибга кўча бошлайди...
“Иккинчи Ақаба байъати”дан икки ой-ю бир неча кун ўтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида саҳобалардан кимлар қолади?

-Абу Бакр ва Али розийаллоҳу анҳумо;
-Абу Бакр, Али ва Умар розийаллоҳу анҳум;
-Абу Бакр, Али ва Аббос розийаллоҳу анҳум.

147. Ясрибга маккалик саҳобалардан биринчи бўлиб ким ҳижрат қилган?

-Абу Салама ибн Абдул Асад;
-Мусъаб ибн Умайр;
-Омир ибн Рабийъа.

148. Ясрибга маккалик саҳобалардан охирги бўлиб ким ҳижрат қилган?

-Аббос ибн Абдулмутталиб розийаллоҳу анҳу;
-Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу;
-Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу.

149. Ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳу Ясрибга нечта саҳоба билан бирга кириб борадилар?

-ёлғиз ўзлари;
-2 та саҳоба билан;
-20 та саҳоба билан.

150. Мусулмонлар оила-аъзолари, мол-мулклари билан Ясрибга бориб жойлашаётганларидан Макка мушриклари қатор сабабларга кўра, қаттиқ ташвишга туша бошлайди. “Иккинчи Ақаба байъати”дан икки ярим ой кейин, “Дорун Надва” (Макка парламенти) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни “йўқотиш” учун ўз тарихида диққатга сазовор бўлган мажлисини чақиради. Муҳокамада Абул Асвад “сургун қилишни”, Абул Бахтарий эса: “Қўл-оёқларини кишанлаб, қамаб қўйишни” таклиф қилади. Бироқ бу таклифларнинг биронтаси уларга маъқул келмайди. Шу пайт бир киши маккорона йўлни ўргатади: “Ҳар бир қабиладан биттадан чидамли, аслзода, ҳимоячиси бор йигитни танлаб оламиз-да, ҳар бирига кескир қилич берамиз. Уларнинг ҳаммаси бараварига Муҳаммадга ташланиб, бир ҳамлада уни ўлдирадилар. Ана қарабсизки, ундан қутуламиз. Агар бу йигитлар шундай қилсалар, Муҳаммаднинг қони бутун қабилаларга тарқалиб кетади, Абдуманоф уруғи барча қабилаларга қарши кураша олмайди. Оқибатда улар ноилож жон ҳаққига рози бўлишади. Майли ўлдирилган бир киши учун олинадиган ҳақни берамиз”. Бу таклиф бир овоздан қабул қилинади.
Савол: Мазкур таклиф эгаси ким эди?

-Одам суратидаги шайтон;
-Абу Жаҳл;
-Абу Лаҳаб.

151. “Дорун Надва” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш ҳақида тузган режани ижро этиш учун Қурайш раҳбарларининг энг ашаддийларидан нечтасини раис этиб танлаб олган эди?

-3 кишини;
-5 кишини;
-11 кишини.

152. “Дорун Надва” (Макка парламенти) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш бўйича қарор қабул қилган куни Жаброил алайҳиссалом келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бундан хабардор қилади ва Аллоҳ таоло ҳижрат қилишга буюрганини айтади. Ўша кеча (Макка даврининг 14 йили сафар ойи 27-кеча) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйлари атрофини ўраб олган босқинчилар орасидан Ёсин сурасининг
“Ва биз уларнинг олдиларидан ҳам тўсиқ, орқаларидан ҳам тўсиқ қилиб, кўзларига парда тортдик. Бас, улар кўрмаслар”, мазмунидаги оятни ўқиган ҳолларида, мўъжизавий суратда ўтиб, Абу Бакр розийаллоҳу анҳуникига борадилар ва икковлон қоронғу тунда ҳовлининг орқа эшигидан чиқиб, тўғри Савр ғорига бориб яширинишади. Савол: Савр тоғи Макканинг қайси тарафида жойлашган?

-шимол (Мадина) тарафида;
-жануб (Яман) тарафида.

153. Изқуварлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр розийаллоҳу анҳуни қидириб, Маккани остин-устин қилиб юборадилар, ҳатто Савр тоғигача чиқиб борадилар. Лекин уларни топа олмайдилар. Савол: Душманлар нима учун ғор ичига қарамаганлар. Тарих китобларида қуйидаги маълумотлар ёзилган бўлиб, қайси бири ишончли?

-ғорга эътибор беришмаган;
-ғор оғзида ўргимчак уясини кўришган;
-ғор оғзида дарахт ўсиб чиқиб, бир жуфт ёввойи каптар дарахтга уя солиб, уяларида ётганларини кўришган.

154. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розийаллоҳу анҳу билан Савр ғорида неча кеча беркиниб ётишади?

-2 кеча;
-3 кеча;
-4 кеча.

155. Уларни ташқарида бўлаётган воқеалардан ким хабардор қилиб турган?

-Абу Бакрнинг қизи Асмо;
-Абу Бакрнинг ўғли Абдуллоҳ;
-Абу Бакрнинг озод қилган қули Омир ибн Фуҳайра.

156. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан то Ясрибга ҳижрат қилгунларига қадар Қуръони каримнинг нечта сураси нозил бўлган?

-86 та сура;
-91 та сура;
-93 та сура.

157. Ҳижратнинг биринчи йили рабиъул аввал ойининг биринчи куни (милодий 622 йил, 16 сентябр) якшанбадан душанбага ўтар кечаси Маккадан Ясрибга ҳижрат қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр розийаллоҳу анҳуга йўл кўрсатиб борган тажрибали йўлбошловчи араб ким эди?

-Абдуллоҳ ибн Рабийъа;
-Абдуллоҳ ибн Урайқит;
-Саъд Аражий.

158. Ясрибга ҳижрат қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр розийаллоҳу анҳу ва йўлбошловчидан бошқа яна ким бор эди?

-Савбон;
-Омир ибн Фуҳайра;
-Хаббоб ибн Арат.

159. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розийаллоҳу анҳу билан неча кун деганда Ясрибнинг Қубо қишлоғига кириб борадилар?

-8 кунда;
-12 кунда;
-13 кунда.

160. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубога рабиъул аввал ойида, душанба куни қуёш айни қизиган чоштгоҳ пайтида ташриф буюрадилар. Бу муборак ташриф рабиъул аввал ойининг нечанчи куни бўлган?

-8-куни;
-9-куни;
-12-куни;
-15-куни.

161. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубода кимникида меҳмон бўлиб турадилар?

-Амр ибн Авфникида;
-Саъд ибн Хайсаманикида;
-Гулсум ибн Ҳадм (Ҳидм)никида.

162. Ислом тарихида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида саҳобалар томонидан биринчи бўлиб қайси масжид қурилган?

-Масжиди қиблатайн;
-Масжиди Қубо;
-Масжиди набавий.

163. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубода неча кун турадилар?

-3 кун;
-4 кун;
-10 кун;
-12 кун;
-14 кун;
-24 кун.

164. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бирга биринчи жума намозини қаерда ўқиганлар?

-Қубо масжидида;
-Қубо билан Мадина орасида;
-Масжиди набавийда.

165. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бирга ҳафтанинг қайси куни Мадинаи мунавварага кириб борадилар?

-пайшанба куни;
-жума куни;
-шанба куни.

166. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан Мадинага рабиъул аввал ойининг нечанчи куни кириб борганлар?

-12-куни;
-19-куни;
-26-куни;
-29-куни.

167. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи бўлиб қайси ташрифларида ансорийя қизчалар чилдирма чалиб, қуйидаги шеърни қўшиқ қилиб айтиб чиққанлар:
Толаъал (Ашроқол) Бадру ъалайнаа мин санийятил вадааъ,
Важабаш шукру ъалайнаа, маа даъаа лиллааҳи дааъ,
Айюҳал мабъуусу фийнаа, жиъта бил амрил мутооъ.

-Қубога кирганларида;
-Мадинага кирганларида;
-Табук ғазотидан қайтиб келганларида.

168. Ясриб шаҳри қачондан бошлаб, Мадина деб номланган?

-Пайғамбаримиз Қубога ташриф буюрган кундан;
-Пайғамбаримиз Ясрибга кириб келган кундан бошлаб;
-кейинчалик тарих давомида.

169. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам неча ёшларида Мадинаи мунавварага қадам қўйганлар?

-52 ёшларида;
-53 ёшларида;
-54 ёшларида.

170. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага борганларида кимнинг уйига жойлашадилар?

-Асъад ибн Зуроранинг;
-Усайд ибн Ҳузайрнинг;
-Абу Айюбнинг.

171. Қайси саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини ўз уйига олиб киради?

-Асъад ибн Зурора;
-Усайд ибн Ҳузайр;
-Абу Айюб.

172. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қасво” номли туялари чўккан жойга қайси масжид қурилади?

-Масжиди Қубо;
-Масжиди набавий;
-Масжиди қиблатайн.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ражо ибн Муслим Абдийдан ривоят қилинади .Ажрада алАмиянинг уйида меҳмон бўлиб турар эдик. У аёл кечалари намозда қоим бўларди. Баъзи кунлари кечанинг аввалидан давоми...

2077 19:45 / 16.03.2019
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилмоқчи бўлсалар масжиддаги хурмонинг тўнкаси устига чиқиб хутба қилар эдилар. У зотга минбар қилиб беришгач ўша давоми...

1848 15:00 / 07.01.2021
Уламолар Аллоҳ таолонинг наздида қандай мавқега эга эканини биласизми Мажлиси диннинг ислоҳи, жасаднинг зийнати, ўзлари эса .пайғамбарларнинг меросхўрлари, давоми...

1717 11:05 / 10.09.2020
Биринчи мақолаҚуръони Каримда вақт неъматининг улуғлиги, қадрининг баландлигига далолат қилувчи кўплаб оятлар ворид бўлган.Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай давоми...

2267 13:50 / 18.07.2019
Аудиолар

135358 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55605 14:35 / 11.08.2021