1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

ИМОМ ДОРИМИЙ

21:58 / 27.04.2017 3627 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳофиз ул-кабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий ад-Доримий 182 ҳижрий санада Самарқанд шаҳрида дунёга келдилар. У зотнинг боболари асли араб бўлиб, фатҳ сабабли Хуросонга кўчиб келган ва шу ерни ватан қилиб қолганлар.

Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Мансур Шерозий айтадилар: «Имом Доримий ақлда, фаҳмда, фазлда, динда етук эдилар. У зотнинг ёдлашлик зеҳнлари, ҳалимликлари, босиқликлари, тиришқоқликлари, дунёда зоҳидликлари, ибодатлари зарбулмасал қилингандир».

Зоҳирул Хатиб Самарқандий айтадилар: «Мен Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ҳузурларида бўлганимда у кишига Имом Доримийни зикр қилинди. Шунда у зот: «Доримий саййидлардан эдилар. Куфр келтир, дейилганда ҳам, дунё ва бойликлар рўпара қилинганда ҳам қабул қилмаганлар»,деб айтдилар.

Шурайҳ ибн Юнус Боғдодийдан: «Эй аҳли Хуросон, агар ораларигизда Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Доримий бўлсалар сизларга қандай ҳам яхши, деганларини эшитдим». 

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Мубаррад Маҳрамий айтадилар: «Эй аҳли Хуросон, мадомики ораларингизда Абдуллоҳ Доримий бор эканлар бошқа киши билан машғул бўлманглар». 

Бандор айтадилар: «Дунё ҳуффозлари тўрттадир: Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Муслим ибн Ҳажжож Нисобурий, Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Доримий ва Абу Заръата ар-Розий». 

Имом Доримий биринчи илмий ишларини Самарқандда бошладилар. Хуросондаги уламолар ҳузурида ҳам бўлдилар, бундан кейин Ироқ, Шом, Миср, Макка, Мадина юртларида бўлиб, у ерлик уламолардан ҳам фойдаландилар. Ҳадис илмидаги қилган асосий ҳаракатлари Самарқандда зоҳир бўлди. 

Имом Доримийнинг энг машҳур китоблари «Сунани Доримий» бўлиб, бу китоб мўътабар олти китобнинг биридир, ҳам дейилган. Уламолар «Саҳиҳ китоб» эгалари, деб бешта имомга иттифоқ қилдилар. Булар Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд, Насаийлардир, лекин олтинчисига ихтилофлар бор. Баъзилари «Сунани Ибн Можа» ва яна баъзилар «Муваттоъи Молик» дейишса, бошқалари «Сунани Доримий» дейишади.

«Сунани Доримий»нинг олтинчи китобликка ҳақли эканига далил шуки, у иснодда заиф кишиларнинг озлиги, жумҳур уламолардан ажрамаганлиги, инкор этилган гапларнинг топилмаслиги жиҳатидан ажралиб туради.

Имом Доримий ҳадис илми билан чегараланиб қолганлари йўқ, балки тафсир, фиқҳ каби илмларда ҳам етук олимлардан эдилар. Бу зот «Бисавми мустаҳоза вал мутаҳаййира» деб номланган фиқҳ китоби муаллифидирлар. Ва яна Қуръони Каримнинг баъзи жузларига тафсир ёзганлар, лекин тафсирлари бизгача етиб келмаган.

Имом Доримий «Сунан» китобларидаги ҳадисларни кўп қисми, фиқҳга оид эканлиги маълум бўлди. Бу китоб бошқалардан ажрамаганлиги, ноаниқ сўзларни топилмаслиги билан машҳурдир. Бу китобнинг исми тўғрисида уламолар орасида бироз ихтилофлар бўлди. Имом Заҳабий, Ибн Салоҳ, Мулла Али Қори каби улуғ зотлар «Муснад» деб, Алоуддин Мағлатойдек зотлар эса «Саҳиҳ» ҳам деб ном беришди. Лекин Имом Ибн Ҳажар, Суютий таъкидлганидек, бу китоб кишилар орасида «Сунан» деб номланган. Имом Доримийнинг ушбу «Сунан» китоблари 3465та ҳадисни ўз ичига олгандир. 

Имом Доримийнинг устозлари кўп, шулардан Абу Мусаҳҳар Димашқий, Марвон ибн Муҳаммад, Абулваҳҳоб ибн Саид, Назр ибн Шумаййил, Язид ибн Ҳорун, Саид ибн Омир Забъий, Жаъфар ибн Авн, Зайд ибн Яҳё ибн Абийд Димашқий, Ваҳб ибн Ҳарир, Холид ибн Муҳаммад, Ҳаббон ибн Ҳилол, Ашҳол ибн Ҳотам Жумаҳий, Ҳаҳҳок ибн Муҳамадлардир.

У зотнинг шогирдлари ва у зотдан ривоят қилган имомлар: Имом Бухорий («Саҳиҳ»ларидан ташқари китобларида ривоят қилдилар), Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насаий, Абу Довуд, Ҳасан ибн Саббоҳ, Абу Заръата Димашқий, Умар ибн Муҳаммад Бужайрий, Жаъфар ибн Муҳаммад Фарёбий, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқалардир.

Имом Доримий Марв шаҳрида 255 ҳижрий сана, Зулҳижжа ойининг саккизинчи куни вафот этдилар. Арафа – Жума кунида дафн қилиндилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Салим ибн Жобир Жобир ибн Салим ҳам дейилади Ҳажимий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб деди Эй Аллоҳнинг Расули Менга давоми...

1476 11:01 / 16.11.2020
Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маккий Журжоний айтади .Абдулвоҳид ибн Одам Тавовисийнинг шундай деганини эшитдим .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. давоми...

3363 07:00 / 26.12.2018
Дам солиш дейилганда Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони Карим оятларини ва Аллоҳ таолонинг исмларини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган давоми...

11780 09:20 / 16.10.2019
Аллоҳ таолонинг ҳар бир амри ҳикматларга бойдир. .Аллоҳнинг раҳмати баҳона қидирур, деган машҳур мақол бор. Аллоҳ бу умматга раҳматини ёғдиришни ирода қилиб, Ўз давоми...

2881 12:30 / 10.05.2019