Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 18 шаъбон | 2025 йил 17 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия 181-дарс. Бахиллик ўз молини ман қилишдир

19:00 / 18.04.2022 3376 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир мўмин-мусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири бахилликдир.

«Бахиллик» луғатда карамлилик ва сахийликнинг зиддидир.

Уламолар истилоҳида бахиллик бир неча хил таъриф қилинган бўлиб, улар бир-бирларини тўлдириб келади.

Журжоний дейди: «Бахиллик ўз молини ман қилишдир».

Яна: «Ҳожат тушганда ўзидан устун кўришни тарк қилиш бахиллик ҳисобланади», деган.

Ибн Ҳажар: «Бахиллик сақлаб турилган нарсадан талаб қилинганда ман қилишдир», деган.

Шариат истилоҳида «бахиллик» бериш лозим бўлган нафақани қилмасликдир.

Бахиллик энг ёмон хулқлардан бири ҳисобланади.

Бахилликнинг даражаси иккитадир.

1. Ўзида бор нарсага бахиллик қилиш.

2. Ўзгада бор нарсага бахиллик қилиш.

Бу энг ёмонидир. Уни Нисо сурасидаги «Улар бахиллик қиладиган ва одамларни бахилликка буюрадиганлардир», деган оятдан билиб олса ҳам бўлади.

Уламоларнинг таъкидлашларича, бахилликнинг энг ёмони кишининг ўзига ўзи бахиллик қилишидир. Мумсиклик қилиб, молини ўзига сарфламай туриб, бемор бўлиб қолган бахиллар қанча! Улар даволанишга пул сарфлашда ҳам бахиллик қиладилар.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:


وَلَا يَحْسَبَنَّ الَّذِينَ يَبْخَلُونَ بِمَا آتَاهُمُ اللَّهُ مِن فَضْلِهِ هُوَ خَيْرًا لَّهُم بَلْ هُوَ شَرٌّ لَّهُمْ سَيُطَوَّقُونَ مَا بَخِلُوا بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلِلَّهِ مِيرَاثُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

«Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир» (180-оят).

Ислом дини таълимоти бўйича, инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ Ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун у мазкур молни унинг ҳақиқий эгаси – Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаши керак. Аммо бахиллик қилиб, Аллоҳнинг йўлида сарфланмай, тўпланган мол эгасининг кўзига яхши бўлиб кўрингани билан, аслида яхшилик бўлмайди. Ким бахиллик билан тўплаган молини яхшилик деб ҳисобласа, нотўғри ўйлаган бўлади.

«Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир».

Сиртдан қараганда, бахиллик гўё молни муҳофаза қилади. Тарқалиб, йўқ бўлиб кетишидан асрайди. Лекин мол бу беш кунлик дунёда тўпланади, агар ўлиб кетса, қолади. Қолганда ҳам, бахиллик ила тўплангани учун бало-офат бўлиб қолади.

«Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур».

Бу ўралиш қандай бўлишини ҳадиси шарифдан билиб олишимиз мумкин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ آتَاهُ اللهُ مَالًا فَلَمْ يُؤَدِّ زَكَاتَهُ مُثِّلَ لَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ شُجَاعًا أَقْرَعَ لَهُ زَبِيبَتَانِ يُطَوَّقُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، ثُمَّ يَأْخُذُ بِلِهْزِمَيْهِ - يَعْنِي شِدْقَيْهِ - ثُمَّ يَقُولُ: أَنَا مَالُكَ أَنَا كَنْزُكَ». ثُمَّ تَلَا: ﮋ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ  ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﮊ إِلَى آخِرِ الْآيَةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ кимга мол берса-ю, у закотини бермаса, қиёмат куни мол унга икки холли улкан илон бўлиб кўринади ва бўйнига ўралади. Сўнгра икки чаккасидан тишлаб туриб: «Мен молингман, мен сен тўплаган хазинангман», дейди», дедилар. Кейин «Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар», оятини охиригача ўқидилар».

Бухорий ривоят қилган.

Ибн Жарир раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши ўз қариндошига келиб, Аллоҳ унга берган фазлдан беришини сўраса, у бахиллик қилиб бермаса, албатта, жаҳаннамдан катта илон чиқиб, тили билан ялаб-ялаб, бўйнига ўралур», деганлар.

Ҳа, инсон қанча яшамасин, қанча мол тўпламасин, барибир бир кун келиб ўлади ва мол-мулкини тарк этади.

«Осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир».

Ҳамма-ҳаммаси Аллоҳга қолади. Ҳеч бир инсон ­дунёга устун бўлмайди.

«Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир».

Кимнинг бахил, кимнинг бахил эмаслигини жуда ҳам яхши билиб туради.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эҳтиёт бўлиш лозим бўлган қалб хасталикларидан бири бидъат ҳисобланади. .Бидъат, сўзи луғатда .бир нарсани янгитдан пайдо қилиш, деган маънони давоми...

3131 17:00 / 04.09.2021
Келин саломrdquo бидъатми ёки...Аллоҳ таолога беадад ҳамдусаноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз давоми...

10979 18:23 / 14.03.2017
. ,. . . ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Мени бир давоми...

3175 19:00 / 24.12.2022
Аллоҳ таоло бандасига яхшиликни раво кўрса, уни ўз айбини ўзи кўрадиган қилиб қўяди. Айбни кўргандан кейин уни тўғрилаш осон бўлади. Ўз айбини ўзи аниқлашнинг тўрт давоми...

4532 05:00 / 28.02.2017