1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ислом – тинчлик дини, урушга рухсат бермайди

09:10 / 24.08.2019 1888 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

Ҳаром ойга ҳаром ой. Ҳаром қилинган нарсаларда қасос бор. Ким сизга тажовуз қилса, сиз ҳам унга қилган тажовузига ўхшаш тажовуз қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир. (Бақара сураси, 194-оят).

Ояти каримадаги «Ашшаҳрулҳарому» деб келган таъбирни «ҳаром ой» деб таржима қилдик. «Ҳаром ой» дегани «уруш ҳаром қилинган ой» деганидир. Аллоҳ таоло Ҳарами шариф ҳудудини тинчлик-омонлик макони қилиб қўйганидек, зулқаъда, муҳаррам ва ражаб ойларини тинчлик-омонлик замони қилиб қўйди. Ушбу ойларда уруш қилиб бўлмайди. Жоҳилият аҳли ҳам бу ҳукмга қаттиқ риоя қилар эдилар. Улар йил давомида турли баҳоналар топиб, бир-бирлари билан қирпичоқ бўлиб урушсалар ҳам, (уруш) ҳаром қилинган ойлар келиб қолса, таққа тўхтаб қолар эдилар. Ҳатто ўша ойларда отаси ёки боласини ўлдирган одам олдидан ўтса ҳам, унга тегмас эдилар. Аммо Набий алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар Мадинаи Мунавварадан зулқаъда ойида – уруш ҳаром қилинган ойда умрага келганларида, мушриклар уларнинг йўлларини тўсдилар ва уруш қилмоқчи бўлдилар. Ушбу ояти карима уларнинг тараддудларига жавоб бўлиб келди.

«Ҳаром ойга ҳаром ой», яъни ким уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳурматини бузса, унга бу ой берган ҳурматлар бекор қилинади. Агар у бу ойни ҳурмат қилмай, уруш бошласа, унга қарши уруш қилинади.

«Ҳаром қилинган нарсаларда қасос бор», яъни ҳаром қилинган нарсани ким қандай бузса, унга ўшанга яраша жазо берилади, ундан қасос олинади.

Мусулмонларга қарши уруш очиб, ҳаром қилинган нарсани бузиб, тажовузкорлик қилганлардан ўч олинади. Аммо ўч олишда маълум чегара бўлиб, мусулмонлар ундан чиқмайдилар. Қилган душманлигига яраша жавоб қилинади, ошириб юборилмайди ёки камайтириб қўйилмайди:

«Ким сизга тажовуз қилса, сиз ҳам унга қилган тажовузига ўхшаш тажовуз қилинг».

Албатта, бу ишларни амалга ошириш қийин, айниқса, душманлик қилиб, аччиқни чиқарган одам билан бўладиган муомалада. Шунинг учун ҳам тақво зарур. Аллоҳдан қўрқадиганларгина бундай улкан ишни амалга оширишлари мумкин. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятнинг охирида:

«Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир», – демоқда.

Эътибор берадиган бўлсак, нафақат Аллоҳга ибодат қилганда ёки одамлар билан муомалада, балки душман билан урушаётганда ҳам тақво зарур экан. Аллоҳ таоло уруш ҳақидаги ояти каримани ҳам тақвога амр қилиш билан якунламоқда.

Аллоҳ таоло мусулмонларга жиҳодни, Аллоҳнинг йўлида кофирларга қарши урушни фарз қилганда, улар шавқ-завқ билан жиҳодга чиқдилар. Улар ўзлари улов топиб, қурол топиб, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа керакли нарсаларни топиб, жиҳодга чиқишар ва шаҳид бўлишга ошиқишарди. Ҳеч ким мужоҳидларга қурол, озиқ-овқат ёки бошқа нарсаларни топиб бермас эди. Шу билан бирга, камбағал мусулмонлар жиҳодга чиқишга молу пуллари йўқлигидан зорланиб, Набий алайҳиссаломнинг олдиларига келиб, уларни ҳам жиҳодга олиб боришларини сўрашар эди. Бу ишларнинг ҳаммасига пул-мол керак эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло келаси оятда Аллоҳнинг йўлида нафақа қилишга амр этмоқда:

ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨﮩ ﮪﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ

Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ҳалокатга ташламанг. Яхшилик қилинг, албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир. (Бақара сураси, 195-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни Ўзининг йўлида пул-мол нафақа қилишга буюрмоқда.

«Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг».

Бунга савоб ва хайрли ишлар учун нафақа қилиш киради.

«Ўзингизни ҳалокатга ташламанг» жумласида бир неча хил маъно бор.

Бири: «Аллоҳнинг йўлида нафақа қилмай, ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг», яъни «Бахиллигингиз ҳалокатга сабаб бўлмасин», дегани.

Яна бир маъноси: «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Бир киши ўзининг ўлимига ўзи сабаб бўлса, «ўзини ўзи ўлдирди», – дейилади. Шунга ўхшаган бўлмасин», дегани.

Имом Олусий: «Ушбу оятдан ўлимга сабаб бўладиган нарсага бормаслик кераклиги келиб чиқади», – деганлар.

«Яхшилик қилинг, албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир».

Эҳсоннинг ҳақиқий маъносини эса Набий алайҳиссалом «Эҳсон – Аллоҳга Уни кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Агар кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилишдир», – деб таърифлаганлар.

Ушбу ояти карималар уруш ҳақида нозил бўлган биринчи оятлар ҳисобланади. Бунгача Аллоҳ таоло мусулмонларга урушга рухсат бермаган, балки сабр қилиб туришга даъват қилган эди.

Ислом – тинчлик дини, лекин зарурат туғилганда, қоидаларига риоя қилган ҳолда урушга киришга рухсат берган. Бу масалада дўсту душманлар орасида турли тушунмовчиликлар тарқалиб ва ўрнашиб кетган. Душманлар Исломни урушдан иборат, деб тушунадилар. Уларнинг фикрича, мусулмон бўлган одамга жиҳод – кофирларга қарши уруш фарз бўлади. Ҳар бир мусулмон кўзига кўринган кофирни ўлдириши фарз ҳисобланади. Улардан «Бу гапни қаердан олдингиз?» – деб сўралса, «Қуръонда «Уларни (яъни кофирларни) топган ерингизда қатл қилинг» деган оят бор», – дейдилар. Дўстлар эса «Ислом – тинчлик дини, урушга рухсат бермайди, фақат биров уруш қилиб қолсагина, ўзини ҳимоя қилиш учун урушга рухсат берган», – дейишади. Улар бу гапларига Аллоҳ таолонинг «Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг» деган оятини келтирадилар. Аслини олганда, икки томон ҳам тўғри фикрда эмаслар. Маълумки, Қуръони Карим турли масалаларни алоҳида бобларга бўлиб муолажа қилмаган. Балки бир сурада турли мавзулардаги оятлар, бир мавзуга оид оятлар эса бир неча сураларда тарқоқ келади. Бу Қуръонга хос илоҳий услуб. Бу услубни шариат аҳкомларини, араб тилини ва бошқа кўплаб илмларни ўзлаштириб, маълум даражага етгандагина тўлиқ тушуниш мумкин. Бир оятнинг бир бўлаги, ярми ёки бутун оятнинг маъносидан ҳукм чиқариб, бир мавзудаги масалани ҳал қилиб бўлмайди. Балки шу мавзудаги ҳамма оятларни ва саҳиҳ ҳадисларни яхшилаб ўрганиб чиқиб, сўнгра бирор фикр айтиш мумкин.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом динида оила қуришдан мақсад фақат жинсий эҳтиёжни қондириш эмас. Оила қуришдан кўзланадиган мақсадлар қуйидагича1. Мусулмонлар сонини кўпайтириш билан давоми...

5463 19:00 / 22.06.2020
Подшоҳ Хусрав балиқни яхши кўрар эди. Бир куни у хушманзара жойда Сийрин исмли хотини билан ўтирган эди, бир овчи қўлида катта балиқ билан келиб, уни подшоҳга ҳадя давоми...

3478 07:30 / 05.08.2019
Ушбу буюк зот ҳақида айрим маълумотларни ўрганиш асносида олим 89 йил умр кечириб, ҳаётлари давомида 500дан ортиқ китоб ёзган эканларини ўқиб билдим. Аллоҳ таоло давоми...

2340 15:06 / 11.09.2020
Бир неча йилдирки, Рамазон ойи келганда ўзбек халқи шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳни ҳар доимгидан ҳам фарқли равишда эсга олиб, у киши давоми...

2126 20:00 / 09.05.2020