1447 йил 26 жумадул аввал | 2025 йил 17 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Оила, никоҳ ва талоққа оид шаръий ҳукмлар

11:35 / 14.06.2019 3641 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло борлиқдаги барча мавжудотни жуфт-жуфт қилиб яратгани каби, инсон наслини ҳам ўз жуфти билан яратган. Бундан кўзланган мурод – ҳар икки жинснинг биргаликда турмуш қуриши, зурриёт қолдириши, биргаликда ҳаёт кечиришини таъминлашдир.

Никоҳ – Исломдаги энг муқаддас тушунчалардан биридир. Чунки айнан никоҳ битими туфайли бошқа-бошқа хонадонда, бутунлай бошқа шароитда катта бўлиб, вояга етган икки ёш бир оила бўлиб яшай бошлайди.
Пайғамбар алайҳиссалом кўплаб ҳадиси шарифларида никоҳланишга тарғиб қилиб, шундай деганлар:

«Эй, ёшлар жамоаси сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани тутсин, бу унинг учун (ҳаромдан) сақланишидир» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Никоҳдан олдин совчилик қилиш ҳам – суннатдир. Совчиликдан мақсад – қизнинг хоҳишини, шунингдек, ота-онасининг фикрини, никоҳга розилигини ё норозилигини билишдир. Никоҳдан олдин қиз ва оила аъзоларининг розилиги лозим. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг ўзлари ижозат бермаганида уларни никоҳлашдан қайтариб, шундай марҳамат қилганлар:

«Бевани у билан маслаҳатлашмасдан никоҳ қилинмайди. Қизнинг розилиги олинмасдан никоҳ қилинмайди».

Саҳобалар: «Ё Аллоҳнинг Расули, қизнинг розилиги қандай бўлади?» – деб сўрашди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Сукут сақлаши», – деб жавоб қилдилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Миллий қадриятларимизга кўра, ота-оналарнинг ёш келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ўз ҳаётий тажрибаларини сўзлашлари одат тусига кирган. Бу ҳам аслида аввалги улуғларимизнинг гўзал одатларидан ҳисобланади. Буюк саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюришар эди», – деганлар.

Никоҳ ва оилага алоқадор бўлган яна бир муҳим шаръий масала – талоқ масаласи ҳам борки, бугунги кунда ёшларимиз ушбу нозик масалага енгил қарамоқдалар. Билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан «талоқ» лафзини ишлатиб қўймоқдалар. «Талоқ» сўзи айтилганда шаръий никоҳ фосид бўлиб, эр-хотин бир-бирига ҳаром бўлиб қолади. Талоқ – охирги чора сифатида жорий қилинган бўлиб, Аллоҳ таолога хуш келмаслиги ҳадисларда ворид бўлган. Бу ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилганлар:

«Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ учун энг нохуш нарса – талоқдир» (Имом Абу Довуд ва Имом Можа ривояти).

Баъзи эрлар ўзлари ва оилаларига бахтсизлик ва кулфатдан бошқа нарса келтирмайдиган қийинчилик ва мушкулот йўлини тутиб, шариат ҳукмларига хилоф тарзда “талоқ” сўзини кўп ва бўрттириб қўллаш ҳолатлари авж олмоқда. Аслида бу – улкан маъсият ва ҳаддан ошишдир. Маҳмуд ибн Лабид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хотинини учта талоқни жамлаб талоқ қилган киши ҳақида хабар берилди. У Зот ғазабнок ҳолда ўрниларидан туриб: «Мен олдиларингизда бўлсам-у, Аллоҳ таолонинг Китоби билан ўйнашиладими?!», дедилар. (У Зотнинг қаттиқ ғазабланганларидан) ҳатто бир киши ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, уни ўлдирайми?» – деб юборди» (Имом Насаий ривояти).

Талоқни эрмак қилиш, бўлар-бўлмас сабаблар билан аёлни талоқ қилавериш жуда катта кулфатларга, оилавий бахтсизликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз зарур. Кўпгина ёшлар «Нега хотингизни талоқ қилдингиз?» деган саволга «Билмай ёки ҳазиллашиб шундай қилиб қўйибман» деган жавобни беришади. Ваҳоланки, шариатни билмаслик ҳеч кимни масъулиятдан халос қилмайди. Зеро, илм олиш – барча мусулмонларга фарздир. Худди шу каби билмасдан ёҳуд ҳазил тариқасида айтса ҳам, талоқ тушади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу борада шундай деганлар:

«Уч нарсанинг жиддийси ҳам  жиддий, ҳазили ҳам жиддий: талоқ, никоҳ ва ражъат (яъни ражъий талоқда аёлга қайтиш)», – деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Ҳоким ривояти).

Тилга эрк бериб, ноўрин талоқ сўзини айтган ёхуд унда ҳаддидан ошиб, бир лафзда «уч талоқ», «минг талоқ» ёҳуд «қум талоқ» каби иборалар ила хотинига талоқ қилган киши улкан гуноҳни амалга оширган, Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлиб, шайтонни хурсанд қилган бўлади.

Айрим кимсалар хотинини талоқ қилиши билан уни ота уйига жўнатиб юборади. Шариатга кўра, талоқ қилинган аёл эрнинг уйидан чиқиб кетиб, бошқа уйда яшаши мумкин эмас. Ҳар қандай иддадаги хотин иддасини эрининг уйида ўтказиши – вожибдир.

Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда талоқ ва ажримларнинг келиб чиқишига кўп ҳолларда талоқнинг олдини олиши керак бўлган шахслар – ота-оналар сабабчи бўлиб қолмоқдалар. Баъзи ҳолатларда ота-оналар ёшларнинг ҳаётига аралашиб, ўзлари билиб ёки билмаган ҳолда уларнинг оилавий ҳаётларини бузишгача боришмоқда. Бундай ноўрин аралашув айниқса тўйдан олдин юзага чиқиши ҳам кўп кузатилади. Совчилик ва унаштирув пайтидаги бидъат ва хурофотдан иборат бўлган “олди-берди”лардан жанжал чиқади. Қиз тарафга шариатга тамоман хилоф равишда турли шартлар қўйилади ва «солиқ»лар солинади. Келин тарафга эса мазкур бўш хоналарни мебель ва жиҳозлар билан тўлдириб бериш мажбурияти юкланади.

Шариатимизга кўра, ҳар қандай оилавий келишмовчилик ва можароларни тинч йўл билан, оқилона ҳал этишга ҳаракат қилинади. Бунда оилада айниқса эрдан босиқлик ва ҳикмат билан иш кўриш талаб этилади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда айнан эрларга хитоб қилиб:

«Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин», – деган (Нисо сураси, 19-оят).

Шу сабаб эр хотинини арзимас сабабли уриши у ёқда турсин, ранжитиши ҳам Қуръони каримнинг мазкур таълимотига зиддир! Беш қўл ҳам баробар эмас. Ҳаётда баъзи аёллар ҳаддиларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Бундай пайтда эр оилада ўз мавқеини сақлаши, хотинини талоқ билан қўрқитишга уринмаслиги, балки тартибга чақиришида Ислом дини кўрсатмасига мувофиқ йўл тутиши керак. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«... Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир» (Нисо сураси, 34-оят).

Ушбу ояти каримада аёлларни итоатсизлик ҳолатида тарбиялаш йўли таълим берилмоқда. Бунда эр уч босқичда аёлига тарбия бериши керак. Бирини амалга оширмай, навбатдагисини бажариши мумкин эмас. Бунда эр сабр-матонат билан, аввало ўзи ҳаётий намуна бўлиб, узоқ муддат насиҳат қилишда бардавом бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаётнинг барча жабҳалари қатори никоҳ ва талоқ масаласида ҳам Қуръони карим ва суннати набавия талаблари асосида ҳаёт кечиришимизни насиб айласин!

Муаллиф
islom.uz
Манба
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мавзуга оид мақолалар
Оила ndash тарбия маскани. Жамият эса оилалардан таркиб топади. Оилада тарбиянинг асосий масъулияти оналарнинг зиммасида экан, демак, жамиятдаги маънавий соғломлик давоми...

6711 11:35 / 14.10.2019
Террор милодий йигирманчи асрнинг охирига ва XXI асрнинг аввалига келиб оламшумул муаммога айланди. Бу бало жаҳон ҳамжамиятини қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Энди давоми...

3247 08:08 / 06.11.2018
Дунёнинг мазаммати ҳақидаги матнларга алоҳида эътибор бермоқ керак. Бу ерда катта илоҳий ҳикмат бор. Дунёни ва ундаги барча нарсани, жумладан, инсонни ҳам яратган давоми...

2596 19:30 / 26.06.2019
Телевизор тафаккури заиф, мутолаа ва мулоҳазадан маҳрум одам учун ихтиро қилинган афюндирrdquo, деган эди ўтган асрларда яшаб ўтган турк адиби Жамил Мерич.Ўринли давоми...

4857 15:00 / 25.12.2018