1446 йил 10 рабиъус сони | 2024 йил 13 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Байъат

22:47 / 02.12.2016 13375 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Байъат» сўзи луғатда «олди-сотди»ни англатади. Шариатда эса, байъат кишиларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат ҳақида берган аҳдномаларини ифода қилади. Бу аҳдномада ҳам аҳд берувчи шахс ўз итоати эвазига савобни сотиб олиш маъноси борлигидан «байъат» дейилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ке-йин у зотнинг халифаларига байъат қилиш одати бўлган. Кейинроқ маълум раҳбарлик маъносидаги улуғларга ҳам байъат қилиш тарқаган.


  Байъат Ислом ва Иймонда муҳим омил бўлганидан муаллиф «Ислом ва Иймон» китобида унга алоҳида боб очди. Бошқа муҳаддислар, жумладан, Имом Бухорий ҳам бу ҳақдаги ҳадисларни «Иймон китоби»да келтирганлар.


Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта, Сенга байъат қилаётганлар, ҳақиқатда Аллоҳга байъат қилмоқдалар. Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир».

Шарҳ: Фатҳ сурасидаги бу оят Ҳудайбия сулҳи вақтида нозил бўлган. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бир минг тўрт юз нафар саҳобий билан умра қилгани Макка томон юрганлар. Маккага яқинлашганларида, мушриклар йўлни тўсишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар келган. Ҳудайбия деган жойда тўхталган. Икки тараф бир-бирига вакил юбора бошлаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни юборганлар. У киши дараксиз узоқ қолиб кетганлар. Шунда «Мушриклар Усмонни ўлдиришибди» деган гап тарқалган. Вазият оғирлашиб, қуролли тўқнашув бўлиши муқаррарга ўхшаб қолган. Ана шундай нозик ва хатарли бир пайтда мусулмонлар Ислом йўлида фидокорлик аҳдини бериб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилишлари лозим бўлган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дарахт тагида туриб, байъат олганлар, Аллоҳ таоло ушбу байъатда иштирок этганлардан рози эканини эълон қилиб, оятлар нозил қилган.

Мазкур ояти каримани тўлалигича ўргансак мақсадга мувофиқ бўлар деган умиддамиз.

Аллоҳ тало Фатҳ сурасида айтади:

«Албатта, сенга байъат қилаётганлар фақат Аллоҳнинг Ўзига байъат қилмоқдалар. Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир. Ким (байъатни) бузса, ўзига қарши бузади, холос ва ким Аллоҳга қилган аҳдига вафо қилса, унга тезда улкан ажр берилур» (10-оят).

Ояти каримада сўз Ҳудайбия сулҳидаги байъат ҳақида бораётганини англагандирсиз. Мушриклар ҳазрати Усмонни ўлдиришибди, деган миш-миш тарқалгандан сўнг Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаи киромларни байъат қилишга чақирган эдилар. Ўша пайтда Расули акрам алайҳиссалом Самура дарахти остида ўтирганлари учун ҳам бу кун «шажара (дарахт) куни», байъатни эса «дарахт остидаги байъат» деб аталган.

Саҳобалардан Маъқал ибн Ясар розияллоҳу анҳу: «Дарахт куни» Пайғамбар алайҳиссалом одамларнинг байъатини қабул қилар эдилар, мен эса у кишининг бошларида бир шохни кўтариб турар эдим, ўшанда бир минг тўрт юз киши эдик», деганлар.

Биринчи бўлиб, Абу Синон ал-Асадий исмли саҳобий байъат қилганлар. Яъни, ҳар бир саҳобий Пайғамбаримиз алайҳиссаломни қўлларини тутиб туриб, уруш бўлиб қолса қочиб кетмаслик, дин йўлида жон фидо қилишга аҳду паймон берган. Ушбу ҳолатни Қуръони Карим ўзига хос услубда тавсиф қилмоқда. Пайғамбар алайҳиссаломга қўл бериб, аҳду паймон қилишни Аллоҳ таолога аҳду паймон қилиш–байъат қилишдан ўзга нарса эмас, деб тушунтирмоқда. Яъни, мабодо Пайғамбар алайҳиссаломнинг шахслари ғойиб бўлиб қолса ҳам, Аллоҳ ғойиб бўлмайди, аҳд-аҳдлигича қолади.

Иккинчидан, бу берилган байъат оддий байъат эмас, балки Аллоҳ таолонинг ўзига берилган улуғ байъатидир. Бас, шундай экан, бунга алоҳида эътибор билан қараш керак. Ким бу байъатни бузса, оддий байъатни бузган бўлмайди, балки Аллоҳга берган аҳдни бузган бўлиб, ўз зарарига улкан иш қилган бўлади. Албатта, бу байъатни бузилишидан Аллоҳ таоло зарар кўрмайди. Чунки, У беҳожат Зот. Зарарнинг барчаси байъатни бузган бандага бўлади. Ўша банда Аллоҳнинг ғазабига ва иқобига учрайди. Аллоҳ таоло бандалари орасидан вафо аҳлларини яхши кўради. Шунинг учун ҳам оятнинг охирида:

«... ким Аллоҳга берган аҳдига вафо қилса, унга тезда улкан ажр берилур», дейилмоқда.

Пайғамбар алайҳиссаломга қилинган байъат Ислом уммати ҳаётида катта аҳамиятга молик амал ҳисобланишини ушбу оятдан билиб олсак бўлади.

Муаллиф байъат Қуръонда борлигига далил қилиб келтираётган ушбу ояти карима ҳам ўша оятлар ичида бор эди. Бу оятда Аллоҳ таоло Ҳудайбияда Расулуллоҳга байъат қилиб, қўл берган одамлар, аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эмас, Аллоҳга байъат қилганлари, байъат вақтида уларнинг қўлларини олган қўл Расулуллоҳники эмас, балки Аллоҳнинг қўли эканини баён қилмоқда. Бу жуда улуғ мартабадир.

Байъат вақтида қўл ушлашиб туриб аҳд берилганидан тасаввуф аҳлида муриднинг шайхга устоз ва шогирдлик учун қилган байъатини «қўл бериш» дейилади.


 Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида саҳобаларидан бир жамоа турганида:
«Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингиз, ўғрилик қилмаслигингиз, зино қилмаслигингиз, болаларингизни ўлдирмаслигингиз, қўл ва оёқларингиз орасидан тўқилган бўҳтон келтирмаслигингиз ва маъруф ишда осий бўлмасликларингиз ҳақида менга байъат қилинг. Бас, сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйиб, дунёда уқубатини олган бўлса, бу унинг учун каффоротдир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйсаю, сўнгра Аллоҳ уни сатр қилган бўлса, у Аллоҳга ҳавола. Хоҳласа, уни афв қилади, хоҳласа, иқобга олади», дедилар. Бас, биз у зотга ана шу ҳақида байъат қилдик
».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадисни Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар. У киши билан танишмиз.

Ушбу ҳадис байъат ҳақидаги энг машҳур ҳадислардан биридир. Чунки, ҳадиснинг ровийи байъат тарихининг биринчи кунидан бошлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олган барча байъатларда иштирок этиш бахтига муяссар бўлган улуғ саҳобий Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудирлар.

Ҳижратдан олдинги ҳар ҳаж мавсумида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажга келган қабилаларга ўзларини таништириб, уларни Исломга чақирар эдилар. Бир мавсумда у зот алайҳиссалом Минодаги тош отадиган «Ақаба» номли жойда Ясриб (Мадина)дан келган Хазраж қабиласига мансуб кишиларни учратиб қолиб:

«Ўтирсангиз, сизга гапим бор эди», дедилар. Улар:

«Хўп», деб ўтиришди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни Аллоҳга чақирдилар. Уларга Исломни арз қилиб, Қуръон тиловат қилиб бердилар. Улар янги пайғамбар чиқиши, унинг сифатлари ва чиқиш вақти яқинлашиб қолгани ҳақида яҳудийлардан эшитган эдилар. Бир-бирларига:

«Бу, ўша пайғамбар-ку, яҳудийлар биздан ўзиб кетмасинлар», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чақириқларини қабул қилиб, Исломга кирдилар.

Улар юртларига қайтиб бориб, Ислом хабарини ҳамма томонга тарқатдилар. Келаси йили ўн икки киши келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан «Ақаба»да учрашдилар.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофидаги жамоа, ўшалар эди. Ўша ўн икки кишининг бирлари, ҳадиснинг ровийлари Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан ушбу ҳадисда зикр этилган байъатни олдилар. Устоз сўрашган эди, Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни устоз қилиб, қўшиб бердилар. Янаги мавсумгача Ясрибдаги ҳар бир уйга Ислом кириб борди, келаси йилда етмиш уч эркак, икки аёл келиб, мусулмон бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан кечаси яширинча учрашганлар. Улар кўп бўлганлари учун, байъат учун ичларидан «нақиб»лар сайлашни топширдилар.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ўша сайланган нақиблардан бири эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга енгилу оғир пайтда қулоқ осиб итоат қилишга, амри маъруф, нахйи мункар қилиш, доимо ҳақ гапни айтиш, Аллоҳнинг йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмаслик, агар Ясриб (Мадина)га келсалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нусрат бериш, у зотни ўзларини, аёлларини ва болаларини ҳимоя қилган нарсадан ҳимоя қилиш ҳақида байъат қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бу ишлар эвазига жаннат мукофот бўлишини хабарини бердилар. Ушбу байъат «иккинчи Ақаба байъати» деб номланади.

Мазкур байъатдаги нусрат бериш ваъдаси–аҳди учун мадиналик мусулмонлар «Ансорий» (нусрат–ёрдам берувчилар) номини олганлар.

Кейинроқ Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожира аёллардан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам алоҳида байъат олганлар. Бу ҳақда Қуръони Каримда оятлар ҳам бор. Бу байъат «аёллар байъати» деб номланади.

Ҳудайбияда эса, аввал зикр қилганимиздек, дарахт тагидаги байъат – розилик байъати бўлди. Убо-да ибн Сомит розияллоҳу анҳу бу байъатда ҳам иш-тирок этдилар. Ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шарифда «биринчи Ақаба байъати» ҳақида сўз кетмоқда.

Ҳадиснинг аввалида унинг қандай ҳолда бўлганини аниқ васф қилиш мақсадида ровий:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида бир жамоа саҳобалари турганида», демоқда.

Бу жамоа, аввал зикр қилинганидек, ўн икки кишидан иборат бўлиб, ичларида Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. Ҳодиса Минодаги Ақабада–шайтонга тош отадиган жойда бўлиб ўтган.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлиб, у зотнинг раҳбарликлари остидаги Ислом жамоасида яшашга қарор қилган мазкур кишиларга, аввало, нималарга аҳд беришларини баён қилиб бердилар. Бу нарсалар қуйидагилардан иборат эди:

1. «Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингиз...»

Яъни, Аллоҳнинг ваҳдониятига иймон келтириш ҳақида аҳд беринг. Иймоннинг асли, Исломнинг асоси шудир. Шунинг учун ҳам, бу ҳамма нарсадан олдин зикр қилинди. Тавҳид бўлмаса, бошқа бирор нарсанинг бўлиши мумкин эмас. «Ҳеч нарсани» деганлари умумийликни ифода қилади. Баъзи бир одамлар ўйлаганидек ширк фақат бут ёки санамга чўқинишдан иборат эмас. Ширкнинг турлари жуда кўп. Хулоса қилиб айтганда, банда Аллоҳнинг ибодати қолиб, бошқанинг ибодатини, Аллоҳнинг айтгани қолиб, бошқанинг айтганини қилганда Аллоҳга ширк келтирган бўлади.

2. «Ўғрилик қилмаслигингиз...».

Яъни, ҳеч нарсани ўғриламаслигингиз ҳақида аҳд беринг. Аллоҳга ширк келтирмаслик ҳақидаги аҳддан кейин бевосита ўғрилик қилмаслик келиши, бу жиноятнинг нақадар разил эканини ва ўша вақтда энг зарур ишлардан бири, ўғриликка қарши кураш масаласи бўлганини кўрсатиб турибди.

3. «Зино қилмаслигингиз...».

Бу ҳам худди ўғриликка ўхшаб, инсониятга катта зарар етказадиган гуноҳлардан бири. Ўғрилик ҳақида айтилган гаплар зинога ҳам тегишли. Мулоҳаза шуки, кўпгина ҳадисларда ўғрилик билан зино ушбу тартибда зикр қилинади.

Бу икки гуноҳи кабирада кўпгина муштаракликлар борлиги учун шундоқ қилинган бўлса керак.

4. «Болаларингизни ўлдирмаслигингиз...».

Ўша вақтда одамларда очликдан қўрқиб, ўғил-қизларини ўлдириш одати бор эди. Ор-номусдан қўрқиб, урушда қўлга тушиб қолса чўри бўлади, деб қизларни ўлдириш одати бор эди. Ислом ўзининг дастлабки кунлариданоқ бунга қарши чиқди. Мана, Расули акрам биринчи байъатда энг муҳим масалалар ичида ўз саҳобаларидан болаларини ўлдирмаслик ҳақида аҳд олмоқдалар.

5. «Қўл ва оёқларингиз орасидан тўқилган бўҳтон келтирмасликларингиз».

Худди шу ибора «аёллар байъати» ҳақидаги оятда ҳам келган. Унда аёлларнинг зинодан бола топиб, эрига: «Сендан бўлди», деб бўҳтон қилиши маъносида ишлатилган. Бу ерда эса, умуман, киши томонидан бўҳтон нарса содир бўлмаслиги маъносида ишлатилмоқда. Бўҳтон, уни эшитган одам даҳшатга тушадиган даражадаги очиқ-ойдин ёлғондир. Исломда ёлғончилик қанчалик қаттиқ қораланишини шундан билиб олса ҳам бўлади.

6. «Маъруф ишда осий бўлмасликларингиз...».

Маъруфнинг маъноси «танилган», дегани. Бу ерда, шариатда маълум ва маъруф бўлган ишда осий бўлиб юрмаслигингиз, деган маънодадир.

Эътибор берадиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам байъат учун шарт қилиб қўйган олти нарсанинг бештаси Исломдан олдинги жоҳилият тузумининг қабиҳ ишларидан халос бўлишга оид ишлардир. Бош масала–жоҳилиятнинг асосий муаммоси ва балоси ширкдан халос бўлиш. Шунингдек, ўша даврнинг энг разил ижтимоий балолари бўлмиш ўғрилик, зинокорлик, ўз боласини ўлдириш, бўҳтон тўқишлардан халос бўлишдир.

Бу ўз навбатида Ислом аввал кишиларни жоҳилиятга оид нарсалардан поклаб олишга ҳаракат қилганини кўрсатиб турибди. Ширкни тарк этиб, мўмин бўлиш, мушриклик сифатларини ташлаб, мўминлик сифатлари билан сифатланиш биринчи галдаги вазифа бўлган. Ундан кейин маъруф ишларни бажариш вазифа қилиб қўйилган. Албатта, аҳд бериш бир гап, унга вафо қилиш алоҳида бир масала. Баъзилар аҳдга вафо қилишлари мумкин, айримлар бунга тўлиқ эришолмайди.

Яна бошқа ҳолатлар юзага чиқиб қолиши мумкин. Ана шуларни эътиборга олиб ҳадиснинг давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда ҳам баёнот бериб, қуйидагиларни айтмоқдалар:

«Бас, сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир».

Яъни, кимки байъатдаги нарсаларга тўлиқ амал қилса, ажри-савобини Аллоҳнинг Ўзидан олади.

«Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйиб, дунёда уқубатини олган бўлса, бу унинг учун каффоратдир».

Яъни, гуноҳнинг ювилишидир. Ким байъатда зикр қилинган, ман этилган нарсаларни қилиб, гуноҳкор бўлиб қолсаю, бу дунёда гуноҳига яраша шаръий жазо олган бўлса, гуноҳи ювилади. Албатта, диндан қайтиб муртад бўлган кимсанинг ҳукми бундан мустасно. Муртад шаръий ҳукмга биноан ўлдирилади. Лекин кофир ҳолида кетади. Бу билан унинг кофирлик гуноҳи ювилмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда ширкни кечирмаслигини қатъиййан айтиб қўйган.

«Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйсаю, Аллоҳ уни сатр қилган бўлса, у Аллоҳга ҳавола».

Яъни, биров бир гуноҳни қилди. Ҳеч ким билмади, сирлигича қолиб кетди, Аллоҳ унинг айбини беркитди. Ундоқ одамнинг иши Аллоҳ таолога ҳавола қилинади. Аллоҳ таоло, хоҳласа, уни афв қилади, хоҳласа иқобига олади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу гапларни эшитиб, Убода ибн Сомит ва у кишининг шериклари бу шартларга рози бўлдилар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилдилар. Бу ҳақда у киши:

«Бас, биз у зотга ана шу ҳақида байъат қилдик», дейдилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Байъатнинг шариатдаги муҳим омил бўлгани.

2. Мусулмон одамнинг ёмонликлардан қайтиб, яхшиликларни қилишга аҳд бериши кераклиги.

3. Ширкдан узоқ бўлиш энг зарур нарса экани.

4. Ўғрилик энг ёмон гуноҳлардан экани.

5. Зино энг ёмон гуноҳлардан экани.

6. Ёлғон-бўҳтон энг ёмон гуноҳлардан экани.

7. Осийликдан сақланиш зарурлиги.

8. Гуноҳига яраша шариатда кўрсатилган жазони олган одамнинг гуноҳи ювилиши.

9. Гуноҳи бекилиб, шаръий жазо олмай қолган одамнинг иши Аллоҳ таолога ҳавола қилиниши.


Икки Шайх келтирган бошқа бир ривоятда:

«Биз Расулуллоҳга, қийинчилигу осонликда, ғайрат келиб тургандаю малол келиб турганда, ўзимиздан бошқани устун қўйилганда ҳам қулоқ осиб, итоат қилиш, ишни ўз аҳлидан низо қилмаслик, қаерда бўлса ҳам Аллоҳ учун маломатчининг маломатидан қўрқмасдан ҳақни гапириш ҳақида байъат қилдик», дейилган.


Яна бошқа бир ривоятда:

«ва ишни ўз аҳлидан низо қилмаслигимиз ҳақида. У зот:
«Магар очиқ-ойдин куфр кўрсангиз ва сизда Аллоҳ томонидан бурҳон-ҳужжат бўлса...», дедилар
», дейилган.

Шарҳ: Муаллиф бу қўшимчани аввалги ҳадисни тўлдириш шаклида келтирмоқда.

«Икки Шайх»дан мурод, Имом Бухорий ва Муслим эканлиги маълум ва машҳур. Бу икки буюк муҳаддис Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан байъат ҳақида бошқа ривоят ҳам келтирганлар. Унда Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ушбу юқорида келтирилган маъноларни айтган эканлар. Бунда аввалгисидан бошқача шартлар бор:

1. «Қийинчилигу осонликда, ғайрат келиб тургандаю малол келиб турганда, ўзимиздан бошқани устун қўйилганда ҳам қулоқ осиб итоат қилиш».

Албатта, бу қулоқ солиб итоат қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмон раҳбарларга бўлади. Бу шарт ҳар бир жамият учун жуда зарур. Бошлиққа қулоқ осиб итоат қилинмаган жойда тартиб-интизом, муваффақият бўлмайди. Шунинг учун ҳам, Исломда бу нарсага катта аҳамият берилган.

2. «...ишни ўз аҳлидан низо қилмаслик».

Саҳобаи киромлар истилоҳида ишбошилик «иш» деб юритилган. «Бу иш ҳақида сўровдим, бу иш тўғрисида гап юритадиган бўлсак», каби ибораларда ишбошилик кўзда тутилган. Бу ерда ҳам, бу ишни ўз аҳлидан низо қилмаслик, деганда ишбошиликни топширилган одамдан олиш учун талашиб-тортишмаслик маъноси чиқади. Чунки агар шундоқ бўлмаса, талабгорлар кўпайиб, мансаб учун уруш-жанжал авжга чиқиши мумкин.

3. «Қаерда бўлсак ҳам, Аллоҳ учун маломатчининг маломатидан қўрқмасдан ҳақ гапни гапириш...».

Бу мусулмончиликнинг кўзга кўринган фазилатларидан биридир. Қаерда бўлса ҳам, ҳеч нарсадан қўрқмасдан, Аллоҳ учун фақат ҳақ гапни айтиш–чин мусулмон одамнинг сиймоси. Аллоҳ розилиги ана шундай топилади. Шунинг учун ҳам, бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинган байъат шартларига қўшилган.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан қилинган яна бир ривоятда халифалик ишини низо қилмаслик тўғрисидаги шартдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Магар очиқ-ойдин куфр кўрсангиз ва сизда Аллоҳдан бурҳон-ҳужжат бўлса», деганлар.

Яъни, агар очиқ-ойдин куфрнинг содир бўлганини кўрсангиз ҳамда сизда бунга кучли ва аниқ ҳужжат бўлса, низо қилсангиз бўлади, деганлари. Бошқа хатолар юз берса, мусулмонлар насиҳат қиладилар, хатони очиқ кўнгил билан кўрсатадилар. Буни қабул қилиши керак.


 Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намозни тугал адо этиш, закот бериш ва ҳар бир мусулмонга насиҳат қилиш ҳақида байъат қилдим».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. У киши билан танишиб олайлик:

Жарир ибн Абдуллоҳ ибн Жобир Бажалий, кунялари Абу Амр. Ҳижратнинг 10-йили, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан қирқ кун олдин Исломга кирдилар. У киши қавмларининг саййиди бўлганликлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша Исломга кирган вақтида «келса, ҳурмат қилинглар», деб марҳамат қилдилар. Ироқда, Қодисияда ва бундан бошқа жойлардаги урушларда иштирок этдилар. Бажала аҳли тафриқага тушганида, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уларни жамлаб, Жарирни бошлиқ этиб тайинладилар. Бундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини «Хулоса» номли бутни бузиш учун юбордилар. У киши бутларни ўтда ёқиб юбордилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ривоят қилдилар. У кишидан ўғиллари Абдуллоҳ, Мунзир, Иброҳим ва Қайс ибн Ҳозим, Абу Воил, Абу Зуръата ибн Амр ибн Жарир ва бошқалар ривоят қилишди.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу 50-ҳижрий йилда вафот этганлар.

Бу ҳадиси шарифдан Исломдаги уч муҳим иш ҳам баъзи бир байъатлардан қўшилганини билиб олмоқдамиз.

1. Намоз Исломнинг асосий беш рукнидан бири. Диннинг устуни. У қоим бўлса, дин қоим бўлади.

2. Закот Исломнинг асосий беш рукнидан бири. Ҳар бир жамиятда иқтисодий масалаларни тўғри ҳал қилишнинг асосий гарови.

3. Ҳар бир мусулмонга яхшилик йўлида насиҳат қилиш. Ҳар бир жамиятнинг ижтимоий алоқаларини тўғри йўлга қўйишнинг асосий омилларидан бири.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар, унинг ҳикмати ва аҳамияти очиқ-ойдин кўриниб турибди.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қачонки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ осиш ва итоат қилиш ҳақида байъат қилсак, сизга, тоқатларингиз етган нарсада», дер эдилар».

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг бу гапларидан кўриниб турибдики, саҳобалар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат такрорланиб турган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Тоқатларингиз етган нарсада», дейишлари, Исломнинг умумий қоидасига мувофиқ гапдир. Исломда инсондан унинг тоқатидан ташқари нарсани талаб қилиш йўқ.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ алайҳиссаломга саҳобаи киромлар қайта-қайта байъат қилганлари. Демак, раҳбар билан унга эргашганлар орасидаги аҳднома-байъат вақти келганда янгиланиб тургани мақсадга мувофиқ экан.

2. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ осиш ва итоат қилиш ҳақида ҳам байъат қилинган.

3. Ислом динида инсонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилиш йўқ экани.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг байъатини «ва Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмасликлари...» оятига биноан сўз билан қабул қилар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари ўзларига мулк бўлмаган хотинга ҳаргиз тегмагин».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадис Оиша онамиздан ривоят қилинмоқда. У кишининг таржимаи ҳоллари билан танишиб чиқайлик:

Ҳазрати Оиша бинти Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳо ҳижратдан саккиз йил аввал туғилганлар. Бу зот Расулуллоҳнинг энг яқин саҳобалари, хулофаи рошидинлардан бири Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қизлари, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидир. Оналари Умму Руммон Зайнаб бинти Омир эди. Бу киши ҳижратнинг олтинчи йили вафот этганлар.

Ҳазрати Оиша онамизнинг лақаблари Сиддийқа ва унвонлари Уммул мумининдир. Жуда кичиклик пайтларидаёқ, ўн саккиз кишидан сўнг Исломни қабул қилганлар, ҳижратдан икки йил аввал Маккада Расулуллоҳга никоҳландилар.

Ҳазрати Оиша тафсир, ҳадис, фиқҳдан, араб тарихи ва адабиётидан яхши воқиф эдилар. У киши замоналарининг улуғ донишмандларидан бўлиб, ҳатто, ҳазрати Абу Бакр, Умар, Усмон даврларида таниқли саҳобалар ва олимларга дарс, фатво берадиган даражада юксак салоҳият ва иқтидор соҳибаси эдилар. Уйда ва сафарларда доимо Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга бўлганлари учун, асҳоби киромдан кўпчиликка насиб этмаган диний аҳкомлардан воқиф бўлганлари сабабидан, энг етакчи саҳобалар ҳам ҳал этолмаган диний масалаларни ҳазрати Оишадан сўрашарди.

Оиша онамиз Расули акрамдан 2210 та ҳадис ривоят қилганлар ва бу соҳада Абу Ҳурайрадан сўнг турадилар. Ҳазрати Оишадан саҳоба ва тобеъийнлардан кўплари ҳадис нақл этишган. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад»ларида бундай ҳадислардан 2258 саҳифа тўпланган.

Ҳазрати Оиша Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саккиз йилу беш ой бирга яшадилар. Ўн саккиз ёшларида Пайғамбаримиз вафот этдилар. Оиша онамиз олтмиш беш йил яшадилар ва ҳижратнинг 58-йилида Мадинада вафот топдилар.

Оиша онамизда кўпгина нодир фазилатлар тўпланган эди. У киши жуда ақлли ва зеҳнлари ўткир, илмли аёл эдилар. Оиша онамиз тилни, шеърни, тиб фанини, насаблар ва уруш тарихларини яхши билар эдилар.

Зуҳрий Оиша онамиз ҳақларида айтадиларки: «Агар Расулуллоҳнинг барча аёлларининг илмини ва жамики аёлларнинг илмини тўплаб туриб, Оишанинг илмига солиштирилса, албатта, Оишанинг илми афзалдур».

Оиша онамизнинг илмлари тўғрисида Урва: «Тиб фанида, шеъриятда ва фиқҳ илмида Оишадан илмлироқ бирор кишини кўрмадим», дедилар.

Ҳазрати Оиша оталари Абу Бакр Сиддиқдан, Умар ва Саъд ибн Аби Ваққос, Усайд ибн Ҳузайр ва бошқалардан ҳам ривоят қилдилар. Аммо Оиша розияллоҳу анҳодан аксар саҳобалар кўплаб ҳадис ривоят қилдилар. Шулардан: Абу Ҳурайра, Абу Мусо Ашъарий, Зайд ибн Холид ал-Жуҳалий ва София бинти Шайба розияллоҳу анҳумларни зикр қилишимиз мумкин. Тобеъийнлардан икки юзга яқин киши Оиша онамиздан ҳадис ривоят қилишди, шулардан: Саъийд ибн Мусаййиб, Алқама ибн Қайс, Масруқ ибн ал-Аждаъ, Оиша бинти Талҳа, Амра бинти Абдураҳмон, Ҳамса бинти Сийрин ва бошқалар.

Оиша онамиз аҳёнда ёлғиз ўзлари баъзи бир масалаларни ҳал этар эдилар ва ўзларига хос бўлган ижтиҳод қилар эдилар. Гоҳида у киши уламо саҳобалар билмай қолган масалаларни ҳам ҳал этар эдилар. Ҳатто, Заркаший шу маънода китоб ёзди ва уни «Оишанинг саҳобалар билмаганини идрок этган жавоблари» деб номлади. Абу Мусо розияллоҳу анҳу:

«Биз Аллоҳнинг Расулининг саҳобалари билмаганларимизни доимо Оишадан топар эдик», деганлар.

Масруқ розияллоҳу анҳу: «Катта шайх саҳобаларни Оишадан фарзлар ҳақида сўрашаётганларини кўрдим», дедилар.

Ҳазрати Оишанинг ёшлигидан камолига қадар бутун ҳаёти макорими ахлоқнинг жонли намунаси бўлмиш Расули акрамнинг завжиятида ўтди. Оиша онамизнинг ахлоқи юксак, ниҳоятда тақводор ва қаноатли аёл эдилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳар бир амрларига итоат этар, у кишини хушнуд этмоқни ўзларининг энг буюк вазифалари деб билардилар.

Бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг: «Эй Набий! Агар мўминалар сенга Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, болаларини ўлдирмаслик, қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик ва сенга яхшилик ишда исён қилмасликка байъат қилиб келсалар, уларнинг байъатларини қабул қил. Ва Аллоҳдан уларнинг гуноҳини кечишни сўра. Албатта, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи ва меҳрибондир» деган оятига биноан, мўмина аёллардан байъат олганлари ҳақида сўз кетмоқда.

Бу ривоятда асосан, байъат қай тарзда олингани васф қилинмоқда. Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллардан оғзаки байъат олганлари, уларнинг эркакларга ўхшаб қўлларини олмаганлари баён этилмоқда.

Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат байъат пайтида, балки умумий ҳолатда ҳам номаҳрам аёлга қўллари тегмагани ҳақида гапирмоқдалар ва шу билан аёлларга тегишли ҳукмни ривоят қилмоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фақатгина маҳрамларига қўллари теккани ҳақида таъкид ила гапирмоқдалар.

Аёлларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга байъати қандай бўлгани ҳақида тўлиқ тасаввур олиш учун ушбу ривоятда зикри келган ояти каримани ўрганиб чиқайлик.

Аллоҳ таоло Мумтаҳина сурасида айтади:

«Эй Набий! Агар мўминалар сенга Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, болаларини ўлдирмаслик, қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик ва сенга яхшилик ишда исён қилмасликка байъат қилиб келсалар, уларнинг байъатини қабул қил» (12-оят).

Аёллардан энг аввало,

«Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик», яъни, ягона Аллоҳгагина ибодат ва эътиқод қилишлик тўғрисида аҳднома олинган.

Иккинчи–«ўғрилик қилмаслик»,

Кейин улардан ўғрилик қилмаслик тўғрисида аҳднома олинган.

Учинчи–«зино қилмаслик»,

Ундан кейин мўминалардан зинога юрмаслик тўғрисида аҳднома олинган.

Тўртинчи–«болаларини ўлдирмаслик»,

Яна муслима аёллардан фарзандларини ўлдирмаслик тўғрисида аҳднома олинган. Исломгача арабларда қизларни кичиклик пайтида тириклай кўмиб ташлаш одати бор эди. Бу ерда шу нарса кўзда тутилган.

Бешинчиси–«...қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик...», яъни, бировдан бўлган болани эрига сендан бўлган, деб айтмаслик тўғрисида. Исломдан аввал бунақа ҳодисалар бўлиб турар эди. Ҳатто бир аёл бир неча эркак билан алоқада бўлиб турар эди. Ҳатто бир аёл бир неча эркак билан алоқада бўлиб, бола туғса, бу сенинг боланг, деб айтар эди, улардан биттасининг бўйнига қўйиб юборарди.

Олтинчиси–«…яхшилик ишда исён қилмаслик…»

«Яхшилик иш» деганда, Аллоҳга тоат-ибодат ва яхши амаллар, умуман олганда эса, динда буюрилган ишларни қилиш ва қайтарилган ишларни қилмаслик назарда тутилган.

Мўмина аёллар мазкур нарсаларга ваъда бериб байъат қилсаларгина Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларнинг байъатларини қабул қилганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллардан алоҳида байъат олганлари.

2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллардан байъат олишлари «Эй Набий! Агар, мўминалар...» деб бошланувчи оятга биноан бўлган.

3. Аёллар байъати оғзаки бўлиб, бунда қўл бериш бўлмаган.

4. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон номаҳрам аёл қўлини ушламаганлар.

5. Уламолар шу ҳадисни далил қилиб, номаҳрам эркак ва аёллар қўл бериб кўришларини ҳаром, деган ҳукмни чиқарганлар.

Ушбу ўрганган ҳадисларимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат ҳақидаги баъзи ҳадисларгина холос. Улар орқали байъат Иймон ва Исломда ўта муҳим омил экани баён қилинди. Байъат ҳақидаги асосий маълумотлар тегишли жойда келади, иншааллоҳ.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сўнги пайтларда минг йилдан бери аҳли сунна ва жамоанинг ақийда мадрасаларида деб эътироф этиб келинган эътиқод мазҳабларини ўзича танқид қилиб, аҳли суннадан давоми...

4746 13:30 / 16.08.2021
Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифларга чуқур назар соладиган бўлсак, банданинг жаннатга киришдан маҳрум бўлиши ҳам унинг қилган баъзи амаллари туфайли давоми...

3814 18:59 / 04.10.2021
Шафоат ndash Аллоҳ таолога илтижо қилиб, баъзи осий мўминларни афв қилишини сўрашдир. Ёки баъзи мўминларни икром қилиб, жаннатга ҳисобкитобсиз киритишини сўрашдир. давоми...

8462 19:00 / 08.08.2023
1. У кишининг исми ва юрти. У киши ndash Садруддин Али ибн Али ибн Муҳаммад ибн Абул Изз Ҳанафий Азроъий Димашқий. 2. У кишининг туғилишлари. У киши 731 ҳижрий санада давоми...

1537 19:00 / 15 январь
Аудиолар

131688 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52155 14:35 / 11.08.2021