1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ўлимни эслаш

05:00 / 28.02.2017 6708 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг муҳим омиллардан бири ўлимни эслашдир.

Одамларнинг нотўғри йўлларга киришлари ва уларда давомли бўлишларига сабаб ўлимни унутишдир. Ўлимини ўйламаган одам ҳар қандай гуноҳни тап тортмай қилавериши ҳеч гап эмас.
Агар ҳар бир банда бир кун келиб ўлишини, тупроққа қорилишини, қуртга ем бўлишини, Мункар Накир саволига тутилишини, қиёматда тирилишини, жаннат ёки дўзахга киришини ўйлаб турса, ўлимни эслайдиган ва унга тайёргарлик кўрадиган бўлади.
Шунинг учун ҳам, Қуръони карим оятларида ва ҳадиси шарифларда ўлимни эслашга тарғиб кўплаб таъкидланган.
Аллоҳ таоло «Жума» сурасида: «Сен: «Албатта, сиз ундан қочаётган ўлим, таъкид шулки, сизга барибир йўлиқувчидир. Сўнгра махфий ва ошкор нарсаларни Билувчининг ҳузурига қайтарилурсизлар. Бас, У сизга нима қилиб юрганингизнинг хабарини беради», деб айт», деган (8-оят).
Ҳа, ҳеч бир кимса ўлимдан қочиб қутула олмайди. Ўлим инсонни, вақти-соати келганда, қаердан бўлса ҳам излаб топади.
«Албатта, сиз ундан қочаётган ўлим, таъкид шулки, сизга барибир йўлиқувчидир».
Ҳар бир инсон ўлганидан сўнг махфий ва ошкора нарсаларнинг барчасидан хабардор Аллоҳ таолонинг ҳузурига қайтарилади ва бу дунёда қилган ҳар бир иши учун жавоб беради.
«Сўнгра махфий ва ошкор нарсаларни Билувчининг ҳузурига қайтарилурсизлар».
Агар яширмоқчи бўлса, Аллоҳнинг Ўзи банда бу дунёда нималар қилганини айтиб беради.
«Бас, У сизга нима қилиб юрганингизнинг хабарини берадир».
Аллоҳ таоло «Мулк» сурасида: «У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратди. У азиз ва ўта мағфиратлидир», деган (2-оят).
Ўлим ва ҳаётни Аллоҳ яратган. Одатда, аввал ҳаёт, сўнг ўлим бошланади. Агар эътибор берсангиз, бу оятда ўлим аввал келтириляпти, бунинг ҳикмати одамларни яхши амалларга чорлашдир. Чунки ўлимни эслаган одам доимо унга тайёргарлик кўради ва ўлгандан сўнг шарманда бўлмаслик учун ўзини яхши ишларга сафарбар қилади.
Аллоҳ таоло «Абаса» сурасида: «Сўнгра ўлдирди ва қабрга киргазди», (21-оят).
Ҳа, Аллоҳ таоло инсон ким бўлишидан қатъий назар, уни ўлдиради ва қабрга киритади. Ўлим ҳақ. Унинг олдида ҳар қандай кимса ҳам бўйин эгади.
Ўлим Аллоҳдан бўлиши ҳам ҳақ. Бутун дунё бир бўлиб қадимдан ўлмай қолиш чораларини ахтармоқда, аммо иложини топа олмаяптилар. Аллоҳ таоло хоҳлаган шахсни хоҳлаган лаҳзасида ўлдириб, қабрга киритмоқда.
Ўлим ҳақ. Шундай экан, қабрга кириш ҳақ. Беш кунлик дунёни куфр ва жаҳолатда ўтказишнинг нима кераги бор? Ёхуд инсон ўзини ўлдириб, қабрга киритадиган зот – Аллоҳ таолога куфр келтиришининг нима кераги бор?!
Аллоҳ юборган Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламни ёлғончига чиқаришнинг нима кераги бор?
Аллоҳ нозил қилган Қуръонга куфр келтиришнинг нима кераги бор?!
Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида: «Ҳар бир жон ўлимни татиб кўргувчидир. Биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз», деган (35-оят).
Бу дунёда шоҳ ҳам, гадо ҳам, пайғамбар ҳам, уммат ҳам ўлади. Шунинг учун ҳар бир банда дунёда абадий яшайдигандек бўлиб эмас, балки бошига бир куни ўлим келишини эслаб юрсин. Ўлим шаробини, албатта, татиш борлигини ҳисобга олиб юрсин. Ўша муқаррар ўлим келгунича эса:
«Биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз...»
Аллоҳ таоло бандаларини гоҳида ёмонлик, гоҳида яхшилик билан синайди. Ёмонлик етганда, банданинг қийинчиликка чидаши, сабр этиши, Аллоҳга бўлган ишончи ва Унинг раҳматидан умидворлиги қандай экани маълум бўлади. Бу синовларга кўпчилик чидайди, ундан муваффақиятли ўтиши ҳам мумкин.
«...ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз».
Ҳеч ким Биздан ўзгага қайтарилмайди. Ўшанда Биз сизларга синов-имтиҳон натижаси хабарини берамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Лаззатларни парчаловчи-ўлимнинг зикрини кўпроқ қилинглар», дедилар».
Термизий ва Насаий ривоят қилган
Ўлим туфайли инсоннинг гуноҳлар қилишига сабаб бўлувчи лаззатлари парчаланади, йўққа чиқади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлари парчаланади. Дунёни эмас, охиратни ўйлаб қолади. Ёмон ишлардан қайтиб, яхши ишларни қилишга ўтади. Ўлимни ўйлаган, ўлганидан кейин бу дунёда қилган ҳар бир иши учун жавоб беришни ўйлаган инсон Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтганидан қайтиб яшашга ҳаракат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда сизу биз умматларига хитоб қилиб, ўлимни кўпроқ эслашга амр қилмоқдалар. Ушбу ҳадисга амал қилиб, ким бўлишимиздан қатъий назар бир кун ўлишимизни ҳеч эсдан чиқармайлик. Бу дунёда қилган ҳар бир ишимиз учун ҳисоб-китоб беришимизни ҳам унутмайлик.

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сезгир ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинни кўзлаб амал қилган одамдир. Ожиз нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан турли нарсалар орзу қилган одамдир», дедилар».
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилган.
Бошқача қилиб айтганда, оқил одам ўлимдан кейинни кўзлаб, ўзини ўзи тергаб, ҳавойи нафсини жиловлаб, Аллоҳ таоло кўрсатган чегарада юриб, охират учун амал қилади.
Аҳмоқ эса, ўлимдан кейинни кўзламай, ҳавойи нафсига берилиб, Аллоҳ таолонинг айтганини қилмай, У зотга тавба ҳам қилмайди. Аллоҳ таоло бўлса: «Тоатимга бахиллик қилганга қандай қилиб раҳматимни ҳадя қиламан», дейди.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз жойларига кирдилар ва одамларни тишларини тиржайтириб турган ҳолларида кўрдилар-да: «Агар сизлар лаззатларни бузувчини кўпроқ эслаганларингизда мен сизларни кўриб турган ҳолингиздан машғул қилар эди. Бас, лаззатларни бузувчини-ўлимни кўп эслангиз. Ҳолбуки, қабр ҳар куни: «Мен ғурбат уйиман. Мен ёлғизлик уйиман. Мен тупроқ уйиман. Мен қуртлар уйиман», деб туради. Бас, қачон мўмин банда дафн қилинса, қабр унга: «Марҳабо! Хуш келдинг! Сен мен учун устимда юрганлардан кўра маҳбубсан. Қачон бугун сенга валий бўлсам ва сен мен томон келсанг, сенга нима қилишимни кўрасан», дейди. Бас, у унинг кўзи етгунча масофага кенгаяди. Унинг учун жаннатга эшик очилади.
Қачон фожир ёки кофир дафн қилинса, қабр унга: «Сенга марҳабо йўқ! Хуш келмадинг! Сен мен учун устимда юрганлардан кўра ёмон кўрилгансан. Қачон бугун сенга валий бўлсам ва сен мен томон келсанг, сенга нима қилишимни кўрасан», дейди.
Бас, у унинг устидан қисади ва унинг қовурғалари бир-бирига киришиб кетади», деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам панжаларини бир-бирига киритиб кўрсатдилар ва сўзларида давом этиб: «Кейин унга етмишта катта илон юборилади. Улардан бири ерга пуфласа, дунё тургунча у ерда бирор нарса ўсмайди. Бас, улар уни то ҳисобга олиб борилгунча чақиб ва ютиб турадилар», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Албатта, қабр жаннат боғларидан бир боғдир ёки дўзах чуқурларидан бир чуқурдир», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Ҳар бир банда ушбу ҳадиси шарифни яхши ўзлаштириб ,ўлимни кўп ўйлаши ва унга тайёргарлик кўриши зарур. Қабрга кириши билан бандага ёруғ дунёдаги эътиқоди ва қилган амалларига яраша яхши ёки ёмон муомала қилиш бошланишини ҳеч эсдан чиқармаслик лозим. Қабр азобини ўйлаб юришнинг ўзи ақли ҳуши жойида бўлган ҳар бир бандани тўри йўлга солиб қўйиши турган гап.
Ўлимни эслаш ҳақида салафи солиҳларимиз ҳам жуда кўп ҳикматли гапларни айтганлар.
Умар ибн Абдулазиз уламолардан баъзисига: «Менга ваъз қилинг», деди. «Сен ўладиган биринчи халифа эмассан», деди.
«Яна зиёда қилинг», деди. «Одамгача бўлган оталарингдан бирортаси ўлимни татимай қолмаган. Энди сенинг навбатинг келди», деди.
Шунда Умар ибн Абдулазиз йиғлиб юборди.
Робийъ ибн Хойсам ҳовлисига қабр қазиб қўйган эди. Унга ҳар куни бир неча бор кириб ётар ва шу тариқа ўлимни эслашни йўлга қўяр ва: «Агар ўлимни эслаш мени бир лаҳза тарк этса, қалбим бузулади», дер эди.
София розияллоҳу анҳо айтади: «Бир аёл Оиша розияллоҳу анҳога қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилди. Оиша унга: “Ўлимни кўп зикр қилгин, қалбинг юмшоқ бўлади», деди.
Аёл шундай қилган эди, қалби юмшади ва Оиша розияллоҳу анҳонинг олдига келиб, ташаккур айтди”.
Ўлимни эслашнинг йўлга қўйиш бўйича энг таъсирчан услуб ўзининг ўлиб кетган яқинлари, дўстлари, тенгдошлари ва танишларини эслашдир. Уларнинг қадди-қомати, ҳусни жамоли, молу дунёси, қуч-қуввати, обрў-мансабини кўз олдига келтириб, кейин тупроққа қоришиб ётганларини эслашдир.
Беморларни кўргани бориш ва жаноза маросимларида иштирок этиш ҳам ўлимни эсга олишда муҳим восита ҳисобланади. Зотан, Пайғамбар алайҳиссалом имом Тобароний Аммор розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Воъизликка ўлимнинг ўзи кифоя қиладир», дейилган.
Шунингдек, тез-тез қабристонларни зиёрат қилиб туриш ҳам ўлимни эслатади.

Сулаймон ибн Бурайда ўз отасидан ривоят қилади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у(қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Лафз Термизийники.
Жоҳилият даврида қабрларни улуғлаш, уларга сиғиниш авж олган эди. Аллоҳга ширк келтиришнинг кенг тарқалишига сабаб бўлган энг асосий омиллардан бири ҳам айнан қабрларга сиғиниш бўлган. Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг дастлабки даврида мусулмонларни қабрларни зиёрат қилишдан ман қилган эдилар.
Тавҳид ақийдаси кишилар онги ва қалбида мустаҳкам жойлашиб бўлгандан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишга изн бердилар. Нафақат изн бердилар, балки амр қилдилар, тарғиб этдилар.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишнинг ҳикматларидан асосийсини эслатиб ўтмоқдалар. У ҳам бўлса, охиратни эслашдир. Охиратни эслаган одам эса, дунёни қўйиб, охират учун кўпроқ ҳаракат қилади.

Усмон розияллоҳу анҳунинг мавлоси Ҳониъдан ривоят қилинди:
«Усмон қачон қабр устига келса йиғлар, ҳатто соқоллари ҳўл бўлиб кетарди.
Бас, унга: «Жаннат ва дўзахни зикр қиляпсанми? Йиғлама. Шунга йиғлайсанми?» дейилди.
Шунда у деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, қабр охиратнинг манзилларидан аввалгисидир. Ундан нажот топса, ундан кейингилари ундан осондир. Агар ундан нажот топмаса, ундан кейингиси, ундан кўра шиддатлидир», деганлар.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қанча даҳшатли манзара кўрган бўлсам, қабр ҳаммасидан кўра даҳшатлироқдир», деганлар».
Термизий ривоят қилган.
Ушбу ривоятда бизга Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қабр зиёратидан ибрат олишнинг олий намунасини ўрнак қилиб кўрсатмоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган ҳадисларини қандай эслаш керак, уларни қанчалик англаш ва ҳис этиш, улардан қанчалик таъсирланиш ва уларга қанчалик амал қилиш намуналарини кўрсатмоқдалар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари гапириб юриш учун, эшитиш учун, ўқиб қўйиш ёки ёзиб қўйиш учунгина эмас, асосан уқиш, англаш, ҳис қилиш, амал қилиш учун, қисқаси, яшаш учун улкан восита эканини тушуниб олсак бўлади.
Ҳазрати Усмон ҳар қачон қабрни кўрсалар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабр тўғрисида эшитгани ни эслаб, йиғлайвериб соқоллари ҳам хўл бўлиб кетар экан. Пайғамбаримизнинг куёвлари, жаннатнинг башоратини олган ўн нафар одамдан бири, учинчи халифа шунчалик таъсирланар экан.
Хўш, биз-чи? Биз нима қилмоқдамиз? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайси ҳадисларини эслаб кўзимиздан ёш чиқади? Қайси биримиз бирорта ҳадисдан таъсирланиб, кўз ёшимиз ила юзимизни ювишга яраймиз?
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу охиратнинг охирги манзили жаннат ёки дўзахни ўйлаб эмас, балки охиратнинг биринчи манзили бўлган қабрни ўйлаб йиғлар экан.
Ҳа, охиратга бориш бир неча манзиллардан ўтиш бир неча манзилларда иборат. Ўша манзилларнинг биринчиси ва энг аҳамиятлиси қабр экан. Чунки қабрда иши осон кўчган кишининг иши бошқа манзилларда яна ҳам осонроқ кўчар экан. Агар, Аллоҳ кўрсатмасин, одам қабрда шиддатга учраса, бошқа манзилларда унда ҳам қаттиқроқ шиддатга учрар экан.
Ҳа, қабр энг қўрқинчли, энг даҳшатли жой. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп шиддатли жойларни, жумладан дўзахни ҳам кўрганлар. Унинг хабар беришларича, ҳеч бир жой қабрчалик қўрқинчли ва даҳшатли эмас экан.
Буни билган, тушуниб етган инсон ҳар қанча йиғласа арзийди. Йиғлаб-йиғлаб, ибрат олиб, қабр қўрқинчи ва даҳшатидан қутилиш учун бу дунёда Аллоҳнинг розилигини топишга, Унинг дини бўлмиш Исломга қаттиқ уринадиган бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул тушганда .Улуғ ва Ҳалийм бўлган, улуғ Аршнинг Роббиси бўлган, осмонлару давоми...

41588 05:00 / 01.03.2017
Агар тааммул ила мулоҳаза қиладиган бўлсак, инсон ҳаётида учрайдиган кибр, манманлик, ҳасад, мансабпарастлик, дунёпарастлик, зино, фаҳш ишлар, ғийбат, чақимчилик давоми...

2323 00:00 / 23.10.2022
Аллоҳ марҳамат қилади Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар Улар намозларида хушу ва тавозу билан бўйин эгувчи кишилардирrdquo.Олимларимизнинг баъзилари хушу давоми...

3525 16:06 / 31.10.2018
Қайтақайта дуо қилиб сўрашинг билан бирга бериш муддатининг кечикиши ноумид бўлишинга сабаб бўлмасин. Чунки, У зот сен учун ўзи ҳохлаган нарсада ва ўзи ҳохлаган давоми...

3922 05:00 / 01.03.2017