1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ҳаё ҳақида

05:00 / 28.02.2017 6015 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаё сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади. Бошқача қилиб айтганда «Ҳаё айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб ўзини паст олиш ва ўзгаришдир».

Уламолар ҳаёни турлича таъриф қилганлар:
Журжоний: «У нафянинг бир нарсадан тортиниши ва маломатдан ҳазир бўлиб уни тарк қилишидир», деган.
Яна: «У қабиҳни тарк қилишга боис бўладиган ва ҳақ эгасининг ҳақида нуқсонга йўл қўйишни ман қиладиган хулқдир», деган.
Ибн Муфлиҳ Ҳанбалий: «Ҳаёнинг ҳақиқати у бир хулқ бўлиб гўзал нарсани қилишга, ёмон нарсани тарк этишга боисдир», деган.

Ҳаёнинг турлари

Ҳаё икки хил: туғма ва касб қилинган бўлади. Касб қилинган ҳаёни шариатда иймоннинг шўъбаларидан бири деб ҳисобланган. Чунки, шариатда ўша ҳаё талаб қилинган, туғма ҳаё эмас. Чунки туғма ҳаё ўз-ўзидан бор нарса. Гоҳида шахс касб қилинган ҳаёни ўзига яхши сингдирса худди туғма ҳаё даражасига етиши ҳам мумкин.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламда ҳаёнинг икки тури ҳам жам бўлган эди. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам туғма ҳаёда чачвони ичидаги қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Касб қилиадиган ҳайда эса, энг баланд чўққида эдилар.
Муновий: «Ҳаё икки хил бўлади. Биринчиси нафсоний. У барча нафсларда халқ қилинган бўлади. Мисоли авратни очишдан ёки одамлар ҳузурида жинсий яқинлик қилишдан ҳаё қилиш кабилар. Иккинчиси иймоний. У мусулмоннинг Аллоҳ таолодан қўрқиб ҳаром ишларни қилишдан тийилишидир», деган.
Маъсиятлар ҳаёни кеткизади.
Маъсиятларнинг касофатларидан бири қалб ҳаёти моддаси бўлган ҳаёни кетказишидир. Ҳаё барча яхшиликларнинг асосидир. Унинг кетиши барча яхшиликларнинг кетишидир.
Маъсиятлар аста – секин ҳаёни заифлаштириб бориб, бир йўла йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин.

Уламолар ҳаёни ўн хилга тақсимлашган

1. Жиноят ҳаёси.
Яъни, банданинг қилган жиноятидан ҳаё қилиши. Бунга мисол Одам Ота алайҳиссаломнинг жаннатда қочгандаги ҳаёси. Аллоҳ таоло:
«Мендан қочмоқдамисан, эй Одим?» деди.
«Йўқ» Эй Роббим! Сендан ҳаё қилиб», деди.

2. Нуқсон ҳаёси.
Бунга кечасию кундузи чарчамай тасбиҳ айтадиган фаришталарнинг ҳаёси мисол. Қиёмат куни бўлганда улар: «Роббимиз! Биз Сенга ҳақиқий ибодат қила олмадик», дейдилар.

3. Улуғлаш ҳаёси.
Бу маърифат ҳаёси бўлади. Банданинг ҳаёси Роббиси ҳақидаги маърифатига қараб бўлади.

4. Карамлилик ҳаёси.
Бунга Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Зайнаб онамизга уйланишларида ўзлари валиймага таклиф қилган саҳобалардан қилган ҳаёлари мисол. У зот ҳаё қилиб уларга, туринглар дея олмадилар.

1. Истиҳола ҳаёси.
Бунга Али розияллоҳу анҳу истиҳоласи мисол бўлади.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кўп мазийлик одам эдим. Қизларининг истиҳоласи учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашга уялар эдим. Бас, ал-Миқдод ибн ал-Асвадга буюрдим. У Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Закарини ювади ва таҳорат қилади», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.

6. Ўзини паст санаш ҳаёси.
Бунинг мисоли банда ўзини паст санаб Аллоҳ таолодан ҳожатини сўрашга ҳаё қилиш киради. Бунинг сабаби иккита:
Биринчиси сўровчи ўзини ҳақир ва гуноҳларини катта ва кўп санайди.
Иккинчиси Сўралувчи Зот – Аллоҳ таолони улуғ санайди.

7. Муҳаббат ҳаёси.
У муҳибнинг маҳбубидан қиладиган ҳаёсидир. Ҳаттоки, маҳбубнинг ўзи йўқ бўлса ҳам уни эслаган муҳиб қалбидан ҳаё қилади ва юзида уни аломатлари пайдо бўлади.
Шунингдек, муҳиб маҳбубига тўсатдан йўлиқиб қолганда қаттиқ сесканиб кетади.

8. Бандалик ҳаёси.
Бу муҳаббат билан хавф аралаш ва маъбудига ибодати мос эмаслигини мушоҳада қилиш ҳаёсидир. Албатта, маъбуднинг қадри бундан юксак эканини билиш оқибатидан чиққан хижолатлик ҳаёсидир.

9. Иззат ва шараф ҳаёси.
Катта ва улуғ нафсдан ўз қадрига муносиб бўлмаган сарф харажат, адо ёки эҳсон бўлгандаги ҳаё. Бундай ҳолда у ўз нафсининг иззати ва шарафи туфайли ҳаё қилади.

10. Кишининг ўзидан ўзи ҳаё қилиши.
Бу шарафли ва азиз нафсларнинг ўзига нуқсонни раво кўргани учун ҳаёсидир. Бунда ўзидан ўзи ҳаё қилади, уялиб кетади. Худди унинг иккита нафси борга ўхшаб қолади. Биринси билан бошқасидан ҳаё қилади. Бу энг баркамол ҳаёдир. Чунки банда ўзидан ўзи ҳаё қилса – уялса, ўзидан бошқадан ҳаё қилиши – уялиши турган гап.

Амри маъруф ва ҳаё

Ҳақиқий ҳаё амри маъруф ва наҳйи мункардан ман қилмайди.
Бу ҳақда «Фазуллоҳис Сомад» номли китобда қуйидагилар келган: «Ҳаё соҳиби гоҳида ҳақ билан юзма юз келишга ҳаё қилиб амри маъруф ва наҳйи мункарни тарк қилиши мумкин. Гоҳида ҳаё уни баъзи ҳуқуқларни риоя қилмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Бунга ўхшаш нарсалар одатда учраб туради.
Ушбу гапларни айтадиганларга жавобим шулки, бу ҳаё эмас, балки ожизлик, қўрқоқлик ва хорликдир. Буни ҳаё дейиш мажоз бўлиши мумкин холос.
Қачон ҳаё қилинаётган нарсанинг қабоҳати ҳақиқий бўлгандагина ундан қилинган ҳаё ҳақиқий бўлади. Баъзи одамларга ёқмайдиган аммо ўзи аслида яхши бўлган нарсадан тортиниш ҳаё бўлмайди. Аксинча ундай нарсадан тортиниш ундан кўра қабоҳатлироқ бўлади.
Бунинг мисоли баъзи содда аёлларнинг безори хилват жойда тўсиб тажовуз қилмоқчи бўлганда, одамлар билиб қолса уят бўлади деган хаёл билан дод солиб ёрдам сўрамаслигидир. Аслида унинг дод солиши тажовузга учрашидан яхши.
Шунинг учун ҳам Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё фақат яхшилик келтиради», деганлар. Ана ўша ҳақиқий ҳаёдир.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг чачвонидаги бокира қиздан ҳам ҳаёлироқ эканлари собит ҳақиқатдир. Аммо Аллоҳ таолонинг ҳурмати оёқ ости қилинганда У зотнинг ғазаблари олдида ҳеч нарса тура олмас эди. У зот биз учун ўрнакдирлар».

Ҳаё нимадан пайдо бўлади?

Жунайд раҳматуллоҳи алайҳ: «Ҳаё неъматларни кўришдир ва нуқсонларни кўришдир. Иккисининг орасида ҳаё туғиладир», деган.
Абул Фидо Исмоил Ҳаравий: «Ҳаё муҳаббат ила ўралган улуғлашдан ҳаё туғилади», деган.
Қуръони Каримда ҳаё иккита оятда зикр қилинган.
Аллоҳ таоло «Қасас» сурасида: «Бас, икковларидан бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда», деди. Қачонки унга келганида ва қиссани айтиб берганида, у: «Қўрқма, золим қавмлардан нажот топдинг», деди», деган (25 – оят).
Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига ҳалиги икки қизнинг бири ҳаё билан уялибгина келиб: «Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда», деди».
Бу оятда Шуъайб алайҳиссаломнинг қизлари ҳаё асосида тарбия топганлари алоҳида таъкидланмоқда.
Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида: «Эй, иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг. Магар таомга изн берилганида, унинг пишишига мунтазир бўлмайдиган бўлиб (киринг). Лекин чақирилсангиз, киринг-да, таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб, (қолиб) кетманг. Албатта, бундай қилишингиз Набийга озор берур. У эса, сизлардан ҳаё қиларди. Аллоҳ ҳақ(ни айтиш)дан ҳаё қилмайдир. Қачонки улардан бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўранг. Шундай қилмоғингиз ўз қалбларингиз учун ҳам, уларнинг қалблари учун ҳам покроқдир. Сиз учун Расулуллоҳга озор бериш ва ундан кейин унинг жуфтларини никоҳингизга олишингиз ҳеч қачон мумкин эмас. Албатта, бундай қилмоғингиз Аллоҳнинг наздида катта(гуноҳ)дир», деган (53 – оят).
Ушбу ояти кариманинг маъноларини яна ҳам чуқурроқ англаб етишимиз учун унинг нозил бўлиш сабабини ўрганиб чиқайлик.
Имом Бухорий ва имом Муслимлар қилган ривоятда машҳур саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланган кунлари нималар бўлгани ҳақида қуйидагиларни айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланиб, ўз аҳллари ҳузурига кирганларида онам хийс (таомнинг тури) қилиб, тавр(идиш)га солиб: «Эй, Анас, мана буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб боргин-да, буни сизга онам бериб юборди, у киши сизга салом айтдилар ва мана шу озгина нарса биздан сизга, деб айтдилар, дегин», дедилар. Мен уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб бориб: «Онам сизга салом айтдилар ва мана шу озгина нарса биздан сизга, деб айтдилар», дедим.
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни қўй», дедилар.
Сўнгра: «Энди бориб фалончи, фалончиларни ва йўлда учратган одамларингни ҳам айтиб кел», деб бир қанча одамларнинг исмларини айтдилар. Мен у зот айтган одамларни ва йўлда учратганларимни чақириб келдим.
Одамлар: «Неча киши эдилар?» деб сўраганларида, Анас розияллоҳу анҳу: «Уч юз кишича бор эди», деганлар.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй, Анас, таврни олиб кел», дедилар».
Суффа ва ҳужра одамларга тўлиб кетган эди. Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўнта-ўнтадан халқа бўлиб ўтиринглар, ҳар ким ўз олдидан есин», дедилар. Ҳаммалари еб тўйдилар. Бир гуруҳи чиқиб, бир гуруҳи кириб, ҳаммалари едилар. Сўнг менга: «Эй Анас, кўтар», дедилар. Билмайман, олиб келиб қўйганимда кўпмиди ёки қайтариб олганимдами? Ўшалардан баъзи гуруҳлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида ўтириб, гаплашиб қолдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўтирдилар. Аёллари эса, юзини деворга ўгириб ўтирарди. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир келганидан, ташқарига чиқиб, аёлларига салом бериб кирдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтиб келганларини кўрган чоғларида, ўтирганлар у зотнинг оғир олганларини билдилар ва ҳаммалари эшик томон юриб, чиқиб кетдилар.
Расулуллоҳ пардани тушириб, ичкарига кирдилар, мен ҳужрада ўтирар эдим. Сал ўтмай, олдимга чиқдилар. Аллоҳ у кишига бу оятини нозил қилди. Расулуллоҳ ташқарига чиқиб одамларга ўқиб бердилар».
«Эй, иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг. Магар таомга изн берилганида, унинг пишишига мунтазир бўлмайдиган бўлиб (киринг). Лекин чақирилсангиз, киринг-да, таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб, (қолиб) кетманг. Албатта, бундай қилишингиз Набийга озор берур».
Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига сиз учун таомга изн берилганида, таом пишишини кутиб ўтирмайдиган бўлиб киринг. Бошқача айтганда, пишиб, тайёр бўлиб турган таомни тановул қилиш учун изн берилганида киринг.
«Лекин чақирилсангиз, киринг-да, таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб, (қолиб) кетманг».
Ўша таом учун сизга изн берилганида, киришингиз билан таомни еб қайтиб чиқиб кетинг. Овқатни еб бўлиб ҳам улфатчилик учун гапни чўзиб ўтирманг.
«Албатта, бундай қилишингиз Набийга озор берур».
У зот ўз аҳли билан қолишлари, зиммаларидаги вазифаларни адо этишлари лозим эди. Сиз буни эътиборга олмай, гаплашиб ўтирибсиз. Бу ҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни безовта қилар эди.
«У эса, сизлардан ҳаё қиларди».
Меҳмонларга, уйдан чиқиб кетинглар, деб айта олмас эди.
«Аллоҳ ҳақ(ни айтиш)дан ҳаё қилмайдир».
Шунинг учун сизга, таомни еб бўлганингиздан сўнг, гапга берилиб ўтирмай, тезда чиқиб кетинг.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, сийратлари ва ҳадисларида ҳам ҳаё ҳақида маълумотлар кўп.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа Илаҳа Иллаллоҳ» демоқлик ва энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шўъбасидир», дедилар» Муслим ривоят қилган.
Аммо ҳадиси шарифда, энг олий ва энг қуйи шўъбалардан кейин «Ҳаё»ни алоҳида таъкидлаб «Ҳаё иймоннинг шўъбасидир» дейилиши бежиз бўлмаса керак.
Чунки, ҳаё иймоннинг энг ажойиб кўринишларидан биридир. Ҳаё инсонни доимо яхшилик қилишга, ёмонликдан четланишга чорловчи ажойиб сифатдир.

Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўлтирган эдилар. Бирдан уч киши кириб келди. Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди. Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири халқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга бурилиб чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин: «Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми? Улардан бири, Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди. Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довудгина ривоят қилмаган.
«Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди».
Бу халқанинг орқасига бориб ўтирган одам. У ўзини одамлар орасига уришдан ҳаё қилди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам уни савобсиз қолдиришдан ҳаё қилди. Унга қилганига яраша муомала қилди.

Баҳз ибн Ҳакийм отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади: «Мен: «Эй, Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?» дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Авратингни хотининг ва чўрингдан бошқадан муҳофаза қил», дедилар. Мен: «Эй, Аллоҳнинг Расули, агар одам бир қавмнинг ичида бўлса-чи?» дедим. У зот: «Агар уни бирор киши зинҳор кўрмаслигига қодир бўлсанг, зинҳор кўрмасин», дедилар. Мен: «Эй, Аллоҳнинг Расули, бирортамиз ўзи холи бўлганда-чи?» дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлардан кўра, Аллоҳдан ҳаё қилинмоғи ҳақлироқдир», дедилар
». «Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Бухорий баъзисини ривоят қилган.
Яъни, авратни тўсиш масаласида одамлардан кўра кўпроқ Аллоҳдан ҳаё қилмоқ зарур.
Шунга биноан, холи одам ўзини тўсмай ғусл қилганидан кўра, авратини тўсиб, ғусл қилгани афзал дейилган.

Яъло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ жойда иштонсиз ғусл қилаётган одамни кўриб қолдилар. Бас, минбарга чиқдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг: «Албатта, Аллоҳ ўта ҳаёли ва ўта тўсингандир, ҳаё ва тўсинишни яхши кўради. Бирортангиз ғусл қилса, тўсиниб олсин», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Бу гапларда одоб-ахлоқнинг олий даражаси ўз ифодасини топган. Мусулмонлар ичидаги мавжуд камчиликларни муолажа қиладиган ваъзхонлар ва хатиблар бундан ўрнак олишлари керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фалончини фалон жойда қип-яланғоч ғусл қилаётганини кўрдим, шу ҳам иш бўлдими, демадилар. Бошқа шунга ўхшаган гапларни ҳам айтмадилар. Балки, аввал Аллоҳнинг ўта ҳаёли эканини эслатиб, мусулмонларни ҳам ўта ҳаёли бўлишга ундадилар. Аллоҳнинг ўта тўсинган эканини эслатиб, мусулмонларни ҳам ўта тўсинишга ундадилар. Сўнгра асосий мақсадга кўчиб, тўсиниб олиб ғусл қилиш кераклигини баён қилдилар.

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидандир; ҳаё, хушбўй сепмоқлик, сивок ва никоҳ», - дедилар». Аҳмад, Термизий ривоят қилган.
Ҳаё инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган сифатлардан биридир. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланган улуғ бир сифатдир. Пайғамбарларнинг ҳаммаларига муштарак сифат бўлган нарсадир.
Шунинг учун ҳам, ҳар-бир мўмин-мусулмон ҳаёли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яланғоч бўлишдан сақланинглар. Чунки, сиз билан қазои ҳожат ва эр киши ўз аҳлига борган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиган шахслар бўлади. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни икром этинглар», дедилар». Термизий одоб бобида ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бировни ҳаёси учун «сен ҳаё қилиб ўзингга зарар қиласан» деб итоб қилаётган кишининг олдидан ўтиб қолдилар ва: «Уни ўз ҳолига қўй! Албатта, ҳаё иймондандир», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Демак ҳаё иймоннинг барқамоллигидан келиб чиқадиган хулқдир. Ҳар бир мўмин-мусулмон ҳаёли бўлишга ҳаракат қилсин.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан идрок қилган нарсалардан бир «агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер»дир», дедилар». Бухорий, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Ҳа, ҳаёсиз киши барча ёмонликларни тап тортмай қилаверади. Одам боласини ёмонликдан қатарадиган нарса унинг ҳаёсидир.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, биз, албатта, ҳаё қиламиз, алҳамду лиллаҳи», дедик.
«Ундоқ эмас. Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш, бошни ва у ўз ичига олган нарсаларни, қоринни ва у ўз ичига олган нарсларни сақламоғингдир. Ўлимни ва чиришни эсламоғингдир. Ким охиратни хоҳласа, дунё зийнатини тарк қилур. Ким ўшаларни қилса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур», дедилар
». Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: ҳақиқий ҳаё одамлар ўйлаб юрадиган баъзи бир ишларни қилишдан уялиш эмаслигини, балки улкан бир маънони ўз ичига олишини баён қилмоқдалар.
«Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш, бошни ва у ўз ичига олган нарсаларни, қоринни ва у ўз ичига олган нарсларни сақламоғингдир».
Бош ўз ичига олган нарсалар кўз, қулоқ, бурун, оғиз ва тил эканлигини билиб қўймоқ лозим. Ушбу нарсаларни ёмонликдан сақлаш ила Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари юзага келар экан.
Қорин ўз ичига олган нарсалар жумласидан озуқалар ва фарж бордир. Демак озуқани ҳалол бўлиши ва фаржни гуноҳдан сақлаш ила Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари юзага келар экан.
«Ўлимни ва чиришни эсламоғингдир».
Ўлимини эсламаган ҳеч нарсадан ҳаё қилмайди. Қабрда чиришини эсалмаган ҳеч нарсадан ҳаё қилмайди.
«Ким охиратни хоҳласа, дунё зийнатини тарк қилур».
Албатта, бу ерда Аллоҳ таоло ҳаром қилган зийнатлар ҳақида сўз кетмоқда. Аллоҳ таоло ҳалол қилган зийнатларни тарк қилиш ҳақида эмас. Зеро Аллоҳ таолонинг Ўзи Аъроф сурасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:га хитоб қилиб:
«Сен: «Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» деб айт», деган.
Ушбу оят эгниларига кийим киймай тавоф қилишни, ҳаж мавсумида яхши таом истеъмол этмасликни ўзларига русум қилиб олиб, бу Аллоҳ амри, деб юрган араб мушрикларининг қилмишлари нотўғри эканини билдириш учун тушган ва бу орқали ҳаммага хитоб қилинган.
Модомики Аллоҳ таоло ўша кийимларни бандаларга ҳалол қилиб қўйибдими, демак, ҳеч ким уни ҳаром қила олмайди. Шунингдек, Аллоҳ покиза таомларни бандаларига ризқ қилиб бериб қўйибдими, уларни ҳам ҳеч ким ҳаром қила олмайди. Зийнат кийимлари ва покиза таомлар иймонлилар учун бўлмай ким учун бўлсин! Бу ризқу рўзига моддий дунёда бошқалар ҳам шерик бўлиши мумкин, аммо охиратда, ушбу ояти каримада таъкидланганидек зийнат либослари ва покиза ризқлар фақат мўминларга хос бўлади.
Аллоҳ таоло Ўз зотига иймон келтирган бандаларига ҳеч қачон хушрўй кийим-бошларни ва покиза таомларни ҳаром қилмайди.
«Ким ўшаларни қилса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур», дедилар».
Ким бу ҳадиси шарифда айтиб ўтилган ишларни мукаммал қилган бўлса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур. Ҳа, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишимиз зарур.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё иймондандир. Иймон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодир. Жафо дўзахдадир», дедилар».
Ҳаёга бундан кўра улуғ васф бўлмаса керак. Карамли ахлоқлар дини бўлган Ислом ҳаёни иймон даражасига кўтаргандир. Карамли ахлоқлар дини бўлган Ислом ҳаёни жаннатга киритадиган нарса даражасига кўтаргандир. Исломда ҳаёли бўлиш шунчалар юқорига кўтарилгандир. Бас, мусулмонлар ҳаёли бўлсинлар.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё ва камгаплик иймоннинг икки шўъбасидир. Ҳаёсизлик ва маҳмадоналик нифоқнинг икки шўъбасидир», дедилар». Иккисини Термизий ривоят қилган.
Аллоҳ таоло ҳаёни иймонга боғлаб қўйгани бежиз эмас. Ҳаётда ҳам бу боғланишни очиқ-ойдин сезиб турилади. Кишининг иймони даражасини унинг ҳаёсидан билиб олса бўлади. Аксинча, мунофиқлик даражасини ҳаёсизлик ўлчови ила ўлчаса бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳаёли бандаларидан қилсин! Омин!

Саъид ибн Язийд Ансорий розияллоҳу анҳуданривоят қилинади: «У киши: «Эй Аллоҳнинг Расули! Менга тавсия қилинг», деди.
«Сенга Аллоҳ азза ва жалладан ўз қавмингнинг аҳли солиҳларидан бир кишидан қандай ҳаё қилсанг, шундай ҳаё қилишингни тавсия қиламан», дедилар
». Тобароний ривоят қилган.

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Роббингиз ҳаёли ва каримдир. У зот бандаси Унга икки қўлини кўтарса уларни бўш қайтаришдан ҳаё қилади», дедилар».

Ашажж Абдул Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам менга: «Сенда Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрадиган икки хислат: ҳалимлик ва ҳаё бор», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Менда қадимдан борми ёки кейин пайдо бўлгани?» дедим.
«Қадимдан», дедилар».
«Мени Ўзи яхши кўрадиган икки хислат билан яратган Аллоҳга ҳамд бўлсин!» дедим
». Абу Довуд, Байҳақий ва Тобароний ривоят қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир диннинг ўз хулқи бордир. Исломнинг хулқи ҳаёдир», дедилар». Ибн Можа ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳуданривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё ва иймон иккиси бирга яқинлиштирилган. Қачон улардан бири кўтарилса, бошқаси ҳам кўтарилади», дедилар». Ал-Ҳоким ривоят қилган.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё ва камгаплик иймондан икки шўъбадир. Беҳаёлик ва сергаплик нифоқдан икки шўъбадир», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳуданривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Фаҳш нимада бўлса, албатта, ўшани шарманда қилади. Ҳаё нимада бўлса, албатта, ўшани зийнатлайди», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё фақатгина яхшилик келтиради», дедилар. Бушайр ибн Каъб: «Ҳикматда «Виқорли бўлиш ҳаёдандир. Сокинлик ҳаёдандир» деб ёзилган», деди. Шунда Имрон унга: «Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис сўзласам, сен менга саҳифангдан сўзлайсанми?!» деди». Учовлари ривоят қилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматим ичидан умматимга энг раҳимлиси Абу Бакрдир. Уларнинг Аллоҳнинг амрида энг ашаддийси Умардир. Уларнинг ҳаёда энг содиғи Усмондир. Уларнинг Аллоҳнинг китобига энг қориси Убай ибн Каъбдир. Уларнинг меросни энг яхши билувчиси Зайд ибн Собитдир. Уларнинг ҳалол ва ҳаромни энг яхши билувчиси Муоз ибн Жабалдир», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Абу Бакрга раҳим қилсин! У менми қизига уйлантирди. Дорул Ҳижратга олиб келди. Ўз молидан Билолни озод қилди.
Аллоҳ Умарга раҳим қилсин! У аччиқ бўлса ҳам ҳақни айтадир. Ҳақ уни дўстсиз тарк қилди.
Аллоҳ Усмонни раҳим қилсин! Ундан фаришталар ҳам ҳаё қиладир.
Аллоҳ Алини раҳим қилсин! Эй Аллоҳим! Ҳақни у билан бирга, у қаёққа бурилса ўша ёққа бургин!» дедилар
». Термизий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда икки сонлари ёки болдирлари очиқ ҳолда ёнбошлаб ётган эдилар. Бас, Абу Бакр изн сўради. Унга изн берилди. У зот эса ҳалиги ҳолатда у билан гаплашдилар. Сўнгра Умар изн сўради. Унга ҳам изн берилди. У зот яна ҳалиги ҳолда у билан ҳам гаплашдилар. Сўнгра Усмон изн сўради. У зот ўтирдилар ва кийимларини тўғриладилар. (Муҳаммад «бу бир кун бўлди, холос» демайман» деди) У кириб, гаплашди. Сўнгра чиқиб кетганида Оиша: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Бакр кирган эди, унча ёзилмадингиз ҳам, эҳтимом бермадингиз ҳам. Сўнгра Умар кирган эди, унча ёзилмадингиз ҳам, эҳтимом бермадингиз ҳам. Усмон кирганда эса ўтириб, кийимларингизни тўғриладаингиз?» деди.
«Фаришталар ҳаё қиладиган одамдан мен ҳаё қилмас эканманми?!» дедилар У зот.
Бошқа бир ривоятда: «Албатта, Усмон ўта ҳаёли одам. Агар мен ўша ҳолтда унга изн берсам, менга ҳожатини етказа олмасмикан деб қўрқдим
», деганлар. Муслим ривоят қилган.
Эҳтимол, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Фаришталар ҳаё қиладиган одамдан мен ҳаё қилмас эканманми?!» деган сўзлари нафақат охирги умматнинг охирги пайғамбари томонидан балки дунё тарихида барча ўтган умматларнинг барча пайғамбарлари томонидан ҳам ҳазрати Усон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан бошқа ҳеч кимга айтилмаган бўлса керак.
Салафи солиҳлар ва ҳаё.
Абу Нуъайм «Ҳулятул авлиё» китобида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қурайшдан уч киши одамларнинг энг юзи чиройлиси, энг хулқи гўзали ва энг ҳаёси собитлисидирлар; Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон ва Абу Убайда Жарроҳ розияллоҳу анҳумлар».
Имом Аҳмад қилган ривоятда Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни. у зотнинг ҳаёларини зикр қилиб туриб жумладан: «У уйнинг ичида бўлиб, устидан эшик қулфлоғлик турса ҳам устидан сув қуймоқчи бўса ҳаёси кийимини ечиб ташлашга монеълик қилар эди», деганлар».

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва бошқалар келтиган ривоятда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига Фотимани никоҳлаб берганларида у билан бирга теридан бўлган ёпқич, ичига хурмо фатийласи солинган болиш, тош тегирмон, сув идиш ва иккита мешча юборган эканлар. (Фотима онамизнинг сеплари мазкур нарсалардан иборат бўлган).
Бир куни Али Фотимага: «Аллоҳ ҳақи, қудуқдан сув тортавериб кўркрагим оғриб кетди. Аллоҳ отангга асирлар берди. Бориб бирорта хизматчи сўрасанг қандоқ бўларкин?» деди.
«Мен ҳам тош тегирмонни айлатиравериб қўлларим қавариб кетди», деди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Нимага келдинг, қизим?» дедилар.
«Сизга салом бергани келувдим», деди Фотима ва у зотдан сўрашга ҳаё қилиб ортига қайтди.
«Нима қилдинг?» деди Али унга.
«У зотдан сўрашга ҳаё қилдим», деди.
Кейин икковлари биргалашиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордилар ва Али:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Қудуқдан сув тортавериб кўркрагим оғриб кетди», деди.
«Мен ҳам тош тегирмонни айлатиравериб қўлларим қавариб кетди. Аллоҳ сизга асирларни ва кенгликни берди. Бизга хизматчи беринг», деди Фотима.
«Аллоҳга қасамки, сизларга бериб, аҳли суффаларни очликдан қоринлари бутишиб турган ҳолда қўя олмайман. Мен уларга бергани нафақа топа олмай турибман. У(асир)ларни сотиб тушган маблағни ўшаларга инфоқ қилмоқчиман», дедилар.
Икковлари қайтиб кетишди.
Улар қатийфа – теридан бўлган ёпқичларга кириб ётганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келдилар. Икковлари уни бошларига ёпсалар оёқлари очилиб қолар, оёқларига ёпсалар бошлари очилиб қолар эди. Улар сапчиб турдилар. У зот:
«Жойингиздан қимирламанг! Мен сизларга мендан сўраган нарсангиздан кўра яхшироқ нарсанинг хабарини берайми?» дедилар.
«Ҳа», дейишди.
«Бир калималарки, уларни менга Жаброил таълим берди. Ҳар намоздан кейин ўн марта Аллоҳга тасбиҳ айтасизлар. Ўн марта ҳамд айтасизлар. Ўн марта такбир айтасизлар. Тўшакларингиздан жой олганлирингизда эса, ўттиз уч марта тасбиҳ айтинглар. Ўттиз уч марта ҳамд айтинглар. Ўттиз тўрт марта такбир айтинглар», дедилар у зот.
Умар розияллоҳу анҳу: «Кимнинг ҳаёси оз бўлса, парҳезкорлиги озаяди. Кимнинг парҳезкорлиги оз бўлса, қалби ўлади», деганлар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Одамлардан ҳаё қилмаган, Аллоҳ таолодан ҳам ҳаё қилмайди», деганлар.
Ияс ибн Қурра раҳматуллоҳи алайҳ: «Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурида эдим. Унинг олдида ҳаё зикр қилинди ва одамлар:
«Ҳаё диндандир», дедилар.
Шунда Умар:
«Йўқ! Ҳаё диннинг ҳаммасидир!» деди.

Ҳаёнинг фойдаларидан

1. Ҳаё иймон хислатидандир.
2. Ҳаё Ислом гўзаллигидандир.
3. Ҳаё Аллоҳ таолодан хижолат бўлиб маъсиятни тарк қилишдир.
4. Ҳаё Аллоҳ таолога муҳаббат қилиб, тоатга берилишдир.
5. Ҳаё бу дунё ва охират шармандалигидан узоқлаштиради.
6. Ҳаё иймон шўъбаларининг аслидир.
7. Ҳаё ўз эгасини виқорли қилади.
8. Ҳаё анбиёлар, саҳобалар, тобеъинлар ва авлиёларнинг сифатидир.
9. Ҳаё Аллоҳ таолонинг ва одамларнинг муҳаббатига сазовор қилади.

Бас, ҳар бир банда ҳаёли бўлиш ҳаракатида бўлсин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сабр икки хил бўлади Биринчиси ndash баданий сабр. Бунда қийинчиликларга бадан ила чидалади. У феълий, яъни амалий бўлиши мумкин. Мисол учун, оғир ва машаққатли давоми...

1072 19:00 / 18 май
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай деб марshyҳамат қилади .Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар. Бу эмизишни батамом давоми...

1696 19:00 / 04.11.2023
Таваккул луғатда вакил қилиш сўзидан олинган бўлиб бир ишда бошқага суянишга далолат қилади. Яъни, ўша ишда ўзи ожиз қолиб бошқага эътимод қилиш таваккал давоми...

19940 05:00 / 28.02.2017
Кўпчилик одамларнинг мақтовини яхши кўриб, танқидини ёмон кўргани сабабли ҳалокатга учрайди. Уларнинг барча ҳаракатлари одамларнинг розилигини топишга, давоми...

2825 17:00 / 15.01.2022