1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Қурайш саййидаси Ҳинд бинт Утба

16:28 / 01 март 2370 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қадимги араблар гарчи ширкка ботган бўлсалар ҳам аммо, уларда иззат, шараф, олийжаноблик деган тушунчалар жуда қадрланган ва амал қилинган. Озод араб аёли ҳар қанча нафси хоҳласа ҳам, эри узоқ йиллар бедарак кетган бўлса ҳам зино қилишни хаёлига ҳам келтирмаган. Бундай жирканч ва паст ишларни фақат эрки ўзида бўлмаган, одамгарчиликдан мосиво бўлиб қолган қуллар ва чўриларгина қилишлари мумкин бўлган. Яъни, қуллик кўпинча, инсондаги ғурур ва шарафни йўққа чиқаради. Уларда одатда насл-насаб ҳам аралашиб кетади. Бу ҳолат қул бўлиб туғилган ёки мамлук бўлган кишиларнинг табиатига ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмасди. Шу боис, улар кўплаб тубан ишлардан сақланмасдилар.


Айтмоқчи бўлганимиз, қулларнинг яшаш тарзи уларнинг руҳиятига албатта, ўз таъсирини ўтказарди. Мисол учун, жориялар ўз хожалари билан никоҳсиз ҳам қовушишлари мумкин. Улар сотилганда эса энди бошқа хожалар уларнинг танасидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар ва шу тариқа жория аёлларда қайсидир маънода ҳаё ҳисси йўқолиб борарди. Баъзи золим хожалар эса жорияларини зино қилиб пул топишга ҳам мажбурлардилар. Табиийки, бундай ҳаёт тарзи кишидаги покдомонлик ва ғурур ҳиссига нуқсон етказарди. Аммо, обрўли хонадондан бўлган ҳур-озод аёлларда зинога тушиб қолиш ҳолатлари деярли учрамасди.


Кўпчилик Абу Суфён ибн Ҳарб розияллоҳу анҳунинг хотини Ҳинд бинт Утбани фақат салбий томондан танийди. У ҳам бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етказган кўплаб азиятлари ва Уҳуд жангида У зотнинг суюкли амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталибни ўлдиртириб, жигарини чайнаган воқеадир. Лекин, бу аёл кейинчалик, Исломни қабул қилади ва исломи гўзал бўлади. Исломга киргач, уйидаги доим сиғинадиган бутни болта билан чопиб, парча-парча қиларкан «كنا معك في غرور» яъни, «сенга ибодат қилиб, алданган эканмиз!», дер эди.


Бу аёл обрўли ва шарафли хонадон вакили эди. Отаси Утба ибн Рабийъа қурайш аслзодаларидан ва оқил кишиларидан бири ўлароқ ўз қавмида жуда ҳам ҳурматланарди.
Ҳинд Абу Суфён ибн Ҳарбга тегишдан олдин Фокиҳ ибн Муғийра исмли бирисининг никоҳида эди. Унинг меҳмонлар учун мўлжалланган ҳовлиси бўлиб, кеча ёки кундуз демасдан мусофирлар изн сўрамаган ҳолда ҳам у ерга кириб келаверар эдилар. Яъни, Фокиҳ азбаройи меҳмондўст ва мусофирпарварлигидан меҳмонларга шундай шароит қилиб қўйган эди.


Бир куни тунда хотини билан ётоқда экан ўрнидан туриб, аёлини уйғотмасдан кўчага чиқиб кетади. Бу вақтда йўли тушганда уникига қўноқ бўлиб, келиб турадиган танишларидан бири келиб қолди. Уйга кирса, уйқудаги аёлдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Мусофир дарҳол уйдан ташқарига чиқиб кетди ва йўлда Фокиҳга йўлиқди. Аммо, хижолат бўлганидан, кўришмасдан бошқа тарафга бурилиб кетди.


Фокиҳ уйга шаҳд билан кираркан, тўшакда ухлаб ётган аёлини уйғотиб, ҳузурингдан чиқиб кетган ким эди, дея қаттиқ сўроққа тутди. Аёл: «уйқуда эдим, ҳеч кимни кўрмадим. Сен уйғотмасанг ҳалиям уйқуда бўлардим», деди. Бироқ, Фокиҳ бунга ишонмади ва «отангнинг уйига кет!», дея уйдан ҳайдаб, талоғини берди.


Ҳинд отасининг уйига кетди. Одамлар уни гап-сўз қилишди. Қавмида ҳурмат ва обрўга эга бўлган Утбага бу ишлар оғир ботди ва қизидан бўлган воқеани рўй-рост айтишини талаб қилди. Ҳинд эрининг туҳмат қилаётганини айтди. Аммо, унинг туҳмати сабаб Утба хонадонининг обрўсига ёпишган номус доғини ювиш лозим эди. Бунинг учун жоҳилият арабларининг ўша пайтдаги одатига кўра Ямандаги машҳур бир коҳин ҳузурига бориб, куёви билан даъволашадиган бўлди.


Ҳар икки томондан бир неча чоғлик инсонлар кичик бир карвон бўлиб, Яманга йўл олдилар. Коҳин яшайдиган шаҳар бўсағаларига яқинлашганларида Ҳинднинг юзини маҳзунлик қоплади. Буни кўрган отаси, қизини «айбдорлигидан шу аҳволга тушяпти», деб ўйлаб «қизалоғим, сафарга чиқишимиздан ҳамма хабар топишидан олдин бўлса, бўлмасмиди шу нарса?!», дея маломат қилди. Бунга жавобан Ҳинд «отажон, Аллоҳга қасамки, бирор ёмон иш қилганим учун ғамгин бўлмаяпман. Лекин, сизлар янглишиши мумкин бўлган бир инсон боласининг ҳузурига кетяпсиз. Агар у адашиб, мени бирор ёмон хислат билан атаса, бу нарса одамларнинг тилида достон бўлиб қолади. Шундан хавотирдаман», деди.


Коҳин ҳузурига келдилар. У Ҳинднинг ўзига қилинган туҳматдан поклигини айтди ва «келажакда Муовия исмли бир подшоҳ дунёга келтирасан» дея башорат қилди. Бу гапни эшитган Фокиҳ дарҳол унинг қўлини тутиб, у билан ярашиб олмоқчи бўлган эди Ҳинд ундан ўз қўлини шиддат билан тортиб олди ва «мендан нари тур! Аллоҳга қасамки, бундан буёғига сен билан менинг бошимни бир ёстиқ асло жамламайди. Ўша подшоҳ ҳам сендан бошқасидан бўлишига ҳарис бўлгум!» деди.


Шу тариқа, Утба хонадонига етказилган ор доғи ювилиб кетди. Бироқ, Ҳинд туҳмат қилган кишига қайтишни истамади. Кейинчалик, отаси уни Абу Суфёнга турмушга берди. Ундан Муовия розияллоҳу анҳу дунёга келди.


Ҳинд бинт Утба мағрур ва иззат-нафсли аёл бўлиши билан бирга ниҳоятда ақлли ва доно ҳам эди. Юқорида зикр этилган кўнгилсиз воқеадан сўнг отасига бир куни шундай деди: «Отажон, манави инсонга турмушга бераётганингизда мендан фикримни сўрамаган эдингиз. Унинг табиати ва хислатлари ҳақида хабар бермаган эдингиз. Оқибати нима бўлгани ўртада. Сиздан ўтиниб сўрайман, бундан кейин токи, ҳолатини менга арз қилмагунча ҳеч кимга мени бериб юборманг», деди.


Бир куни отаси унинг ҳузурига кириб, Суҳайл ибн Амр ва Абу Суфён ибн Ҳарб исмли кишилар унга совчи қўяётганлигини айтиб, улардан қай бирини танлашини сўради. Ҳинд отасидан уларнинг феъл-атвори ва хислатларини тавсифлаб беришни сўради. Отаси Суҳайлдан бошлади. У ўз қабиласида обрўли ва бадавлат хонадон фарзанди. Лекин, ўзи ундан бўлак бирор ҳурматга эга эмас. Агар унга тегсанг, жуда кенгчиликда яшайсан. У билан тил топишсанг, уни бошқариб, бемалол устидан ҳукм юритасан. Бордию, айрим нарсаларда итоат қилмасанг, сенга туҳмат қилиши ҳам мумкин. Иккинчиси Абу Суфён эса бой эмас. Аммо, насл-насаби тоза, обрўли хонадон вакили ва ўзи ҳам ақлли ва теран фикрлари билан донг таратган. Лойдан бўлган уйи унинг насаби, аймоғининг шарафи эса ҳасабидир. Биров уни таҳқирлаб, пастга урса, чидаб туролмайдиган даражада мағрур. Лекин, ўта рашкчи ва аҳли аёли устидан қамчини кўтармайдиган қаттиққўл.


Буларни диққат билан тинглагач, Ҳинд отасига шундай дея юзланди: «Отажон, биринчи айтганингиз озод аёлни зое қиладиган зодагон экан (яъни ҳур аёлни нотўғри тарбия қилиб, бузилишига сабаб бўладиган инсон экан, демоқчи). Аёл киши эрига нисбатан итоатсизликка ўрганиб, унинг устидан ҳоким бўлиб олдими, ҳеч қачон қайта итоаткор бўлмайди. Агар қай бир эр аёлининг сўзига эргашиб кетса, унинг аёли кеккайиб кетади. Ундан кейин хулқи бузилади ва туққан боласи аҳмоқ бўлиб, улғаяди. Бунақа «эркак» менга тўғри келмайди. Шундай экан, уни қайта эсламанг!», деди.


«Иккинчиси эса ҳақиқий мағрура, иззат нафс соҳибаси бўлган афифа ва ҳурра аёлга мос бўлган эрдир. Мен бундай хулқларга эга бўлган эркакка тегишга розиман».


Шу тариқа, Утба туҳмат туфайли қайтиб келган қизини Абу Суфёнга турмушга берди ва бу турмушдан Муовия дунёга келди.


Ҳинд бинт Утба ўз қавми ичида катта обрў ва ҳурматга эга бўлган зодагон аёллардан эди. Жасур ва қўрқмас эди. Жаҳолати ғолиб келиб, эри Абу Суфён билан биргаликда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга мисли кўрилмаган адоват билан қарши турди. Эркакларга қўшилиб, Уҳуд жангида қатнашар экан турли хил шеърлар билан уларни жангга руҳлантирарди.


Ҳамза розияллоҳу анҳунинг жасадини таҳқирлаб, мусла қилгандан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу аёлнинг қонини мубоҳ этдилар. Аммо, Макка фатҳи куни Исломнинг ҳақ дин эканлигига амин бўлиб, иймон келтирди ва аввалги қилмишларидан пушаймон бўлди. Сўнг, юзига ниқоб тортиб, Пайғамбаримиз ҳузурларига байъат учун келди.


Бошида Набий алайҳиссалом унинг у эканлигини билмадилар ва ундан қасамёд ола бошладилар: «Аллоҳга ибодатда бирон нарсани шерик қилмасликка байъат қиласанми?».


– «Аллоҳга ибодатда бирон нарсани шерик қилмасликка байъат қиламан!».


– «Ўғирлик қилмасликка ва зино қилмасликка байъат қиласанми?». Шунда у: «Ё Расулаллоҳ, ҳеч бир замонда ҳур аёл зино ёки ўғирлик қилурми?!», деди. Унинг бу сўзлари тарих саҳифаларига муҳрланиб қолди. У афифалик нима эканлигини шу икки оғиз гап билан бутун дунёга тушунтириб қўйган эди. Озод аёл қироличадир, афифадир. У ўз елкасида оталарининг номусини кўтариб юради. Ўлса ўлади аммо, ўғирлик ва фоҳишалик каби жирканч ва олчоқ ишларга ботиб, оиласини шармандаликка дучор қилмайди.


Афифа аёл отасининг обрўси, эрининг ор-номуси ва омонатидир. У керак бўлса, ғурури ва покдомонлиги учун ҳамма нарсадан воз кеча олади. У ўзини ҳурмат қилади. Разил ишлардан нафсини баланд тутади. Рўзғор қийинчиликлари ҳам, жисмоний ғаризалар ҳам уни фаҳш ишга мажбур қилолмайди.


Эри учун жонфидоликлар қилган, унга садоқат сақлаган аёл эрининг кўзида қиролича бўлади ва ортиқ, унинг айрим эркаликлари ҳам ярашаверади. Ҳинд бинт Утба бир куни Набий алайҳиссаломга эрининг ўта зиқналигидан шикоят қилди. Абу Суфён гарчи моли етарли бўлса ҳам аёли билан боласини етарли таом билан таъминламасди. У ва фарзанди Муовия тўйиб овқатланолмасдилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «у ҳолда унинг молидан ўзинг ва болангга кифоя қиларлик даражадагисини инсоф билан(!) олавер!», дедилар. Бу воқеа Абу Суфённинг қулоғига етиб келгач, Ҳиндга «молимдан нимаики, олсанг ҳам сенга ҳалол!», деди.


Алишер Султонхўжаев

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 21 февраль 03-07/921-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маймуна бинти Ҳорис онамизнинг ва у кишининг опасингилларининг иймонлари бақувват эканига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари гувоҳлик давоми...

3244 11:06 / 11.03.2020
Ойнанг бўлсин, лекин у ойнага сиғинма. Фоний эканингни унутма. Чиройли бўл, лекин гўзаллик сени еб битирмасин. Бошингдан тортиб оёғинггача бутун тананг сенга давоми...

2199 14:00 / 07.08.2022
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон давоми...

2636 14:00 / 09.03.2023
Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу келиб, кетганларидан кейин Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо сабр қила олмасдан, туяга миниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

2290 11:06 / 06.02.2020