1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Осиё бинти Мазоҳим (Мўмина малика)

17:00 / 17.02.2021 1992 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муборак ўғил 

Бир кун Фиръавн туш кўрди: «Тушида бир ўт Байтул Муқаддасдан Мисргача ёниб келаётганди. Таъбирчиларнинг айтишларича, Бани Исроилдан бир бола туғилиб, Фиръавннинг бор мулкини хароб қилади».

Фиръавн Бани Исроилда туғилган барча гўдакларни сўйишга қарор қилди. Одамлар подшоҳга: «Бир йил қатл қилдир, бир йил қолдир, бўлмаса, Бани Исроил қирилиб кетади», дейишди. Подшоҳ кўнди. Кечирилган йили Хорун туғилди, қатл йили Мусо дунёга келди. Аллоҳ таоло болани сандиққа солиб, Нилга оқизишни онасига билдирди. Онаси худди шундай қилди. Сандиқ оқиб, Фиръавннинг қасрига яқин келди. Хотини Осиё сандиқни олдириб уни очиб, болани қўлига олди. Қалбига унинг муҳаббати тушди. Қаттиқ хурсанд бўлди. Билдики, бу бола мубораклидир.

Фиръавннинг териси оқариб қолган эди. Мусонинг қўлчаси билан Осиё терини силаб қўйган эди, Аллоҳнинг қудрати ила оқаргани кетди.

Орадан оз муддат ўтиб, подшоҳнинг аскарлари болани ўлдиришга фармон олганларини айтиб келдилар. Осиё: «Бу бола Бани Исроил эмас, бошқа ердан оқиб келди, мен ўзим бориб бу ҳақда подшоҳга арз қиламан», деди ва болани кўтариб шоҳнинг олдига борди. Шоҳ ҳузурига кириб: «Бу сенинг ва менинг кўз қорачиғимиз-ку», деди. Фиръавн: «Сенинг кўз қорачиғингдир, лекин менинг унга ҳожатим йўқ», деди. «Фиръавннинг хотини (унга): «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни бола қилиб олсак», деди. Улар (ўзларининг ҳалокатлари шу гўдак қўлида эканини) сезмаган ҳолларида (уни бола қилиб олдилар)» (Қасос сураси, 9оят).

Бир куни Осиё Мусо билан Фиръавннинг олдига келди ва уни шоҳ ҳузурига ташлаб чиқиб кетди. У ерда мажлис бўлаётганди. Мусо Фиръавннинг тиззасида ўтириб, соқолини юлиб олди. Ҳомон: «Шу бола сенинг мулкингни хароб қилади, сенга меросхўр бўлади, бунинг бобоси Иброҳим халилдир», деб Мусони ёмонлади. Фиръавн жаллодларни чақирди. Бу хабар Осиёга етиб келди ва тезлик билан шоҳ ҳузурига югурди ва: «Менга ҳадя қилган болани сўймоқчимисан!» деди. Фиръавн: «Соқолимни юлиб олди, мулозимларим: «Бу бола сенга меросхўр бўлади, қўлингдаги мулкингга эгалик қилади», дейишди», деди. Осиё: «Сен уларнинг сўзига ишонма! Бу бола ҳали ёш, ҳеч нарсанинг фарқига бормайди. Мен буни сенга исбот қилиб беришим мумкин!», деди. Фиръавн: «Қандай қилиб?!», деди Осиё: «Боланинг олдига чўғ билан гавҳар қўй. Агар гавҳарни олиб, чўғдан сақланса, билгинки, у ақл юритаётган бўлади. Агар чўғни олса, билгинки, ақлли кимса гавҳар турганда чўғни олмайди», деди. Фиръавнга бу гап маъқул бўлди. Сарой хизматчиларидан иккитасини чақириб, бирининг қўлига чўғ, иккинчисиникига гавҳар берди ва уларни боланинг олдига юборди. Жаброил алайҳиссалом Мусонинг қўлидан ушладилар ва чўғ устига қўйдилар, ҳатто у чўғни қўлида кўтариб оғзига солди, бундан тили куйди. Шу сабаб Мусо алайҳиссаломнинг нутқлари яхши, равон бўлмай қолган. Фиръавн буни кўриб: «Бу бола сўйилмасин», деди. Осиё хурсанд бўлиб болани олиб чиқиб кетди. Унга малика яхши тарбия берди, ёзиш ва ўқишни ўргатди. Мусо Осиёнинг фазилати билан худди подшоҳнинг ўғлидек ўсди. Аллоҳ шу ишларга сабабчи қилди. «Қачонки, у вояга етиб, (ақли) тўлгач, Биз унга ҳикмат ва билим ато этдик. Биз чиройли амал қилгувчи кишиларни мана шундай мукофотлармиз» (Қасос сураси, 14-оят).

 (Давоми бор)

«Мўминалар силсиласи» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мадиха Камель ўз даврида нафақат Мисрнинг, балки бутун араб киносининг энг ёрқин юлдузларидан бири бўлган. Аммо битта ҳадисни эшитгач, у ҳаётини тубдан давоми...

5781 16:05 / 31.01.2020
VIIIСавда бинти Замъа онамиз кўп чиройли ва ҳамида фазилатлар эгаси бўлганлар. Ҳадис, сийрат ва тарих китобларимизда мазкур олиймақом сифатлар ҳақида кўплаб давоми...

2479 17:00 / 24.02.2019
Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.У киши Убайдуллоҳ ибн Жаҳшнинг хотини эдилар. Бас, у Ҳабашистон ерида ўлди. Шунда Нажоший уни Умму Ҳабибани давоми...

2358 15:06 / 24.06.2020
Хайбар урушида София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳонинг отаси ва бошқа қариндошлари жангда ҳалок бўлган эди. Эри Кинона ибн Робийъ хиёнати учун қатл қилинган эди. Ўзи давоми...

2331 19:05 / 30.10.2019