1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қуръонга тўлалигича оғишмай амал қилиш лозим

04:10 / 31.07.2019 2674 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳорис Аъвар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Масжиддан ўтдим. Қарасам, одамлар турли гапларга шўнғишмоқда. Шунда Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб:

– Эй амирал мўминин, кўрмайсизми, одамлар турли гапларга шўнғибдилар, – дедим.

– Дарҳақиқат, шуни қилибдиларми? – дедилар у киши.

– Ҳа, – дедим. У киши қуйидагиларни айтдилар:

– Аммо мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Огоҳ бўлингизким, албатта, фитна бўлур!» деганларини эшитдим ва:

– Ундан чиқиш не ила бўлур, эй Аллоҳнинг Расули? – дедим.

«Аллоҳнинг Китоби ила. Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор. У фосил қилувчидир, ҳазил эмасдир. Ким бир жаббордан қўрқиб, уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдирур. Ким ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказур. У Аллоҳнинг метин арқонидир. У ҳикматли зикрдир. У сиротул мустақимдир. У унинг ила ҳавойи нафслар тоймайдиган, у унинг ила тиллар илтибосга тушмайдиган, у уламолар ундан тўймайдиган, у кўп такрорлаш билан эскирмайдиган ва ажойиботлари тугамайдиган нарсадир. У жинлар уни эшитишлари билан, дарҳол: «Албатта, биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», деган нарсадир. Ким у билан гапирса, содиқ бўлур. Ким унга амал қилса, ажр олур. Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилур. Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақимга ҳидоят қилинур, – дедилар. Сўнгра у киши: – Мана буларни олгин, эй Аъвар, – дедилар».

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтиб берган бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг васфи батафсил баён қилинмоқда. Азиз тафсирхон, келинг, ушбу набавий васфни қўлимиздан келганча ўрганиб чиқайлик.

Ушбу ҳадисда севикли Пайғамбаримиз, йўлбошчимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз замонларидан кейинги даврларда фитна чиқишидан умматларини огоҳлантирмоқдалар.

Ҳазрати Алидек улуғ зот ва олим саҳобий эса одамларнинг масжидда ўтириб олиб, турли гапларга шўнғишларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирган ўша фитна, деб тушунтирмоқдалар.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фитна ҳақидаги огоҳлантиришни эшитишлари биланоқ ўша фитнадан чиқиш йўлини сўрадилар. У киши бу нажот йўлига бир марта муҳтож бўлган бўлсалар, бугунги кунда сиз билан биз бу йўлга юз миллион марта муҳтожмиз.

Келажакда мусулмонларнинг фитнага учрашидан огоҳлантирган Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фитнадан чиқиш йўлини ҳам кўрсатиб бердилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг

«Ундан чиқиш не ила бўлур, эй Аллоҳнинг Расули», деган саволларига «Аллоҳнинг китоби ила», деб жавоб бердилар.

Бугунги кунда мусулмонларнинг фитнага учраганлари шубҳасиз. Ҳа, бугун мусулмонлар ўзларининг узоқ тарихларида ҳеч учрамаган фитнага учраб турибдилар. Бугунги кун мусулмонлари иймону эътиқод, дину диёнат, Қуръону шариатдан мисли кўрилмаган даражада узоқлашиб турибдилар. Ададлари кўп бўлишига қарамай, улар ер юзининг бирор нуқтасида Аллоҳ таоло уларга ишониб топширган омонатни уддалай олмаяптилар. Заминнинг бирор парчасида Аллоҳ таолонинг шариатини Аллоҳ азза ва жалла айтганидек қоим қила олмаяптилар. Дунёнинг ҳаммасини ҳидоятга бошлаб, етакчилик қилиши лозим бўлган мусулмонлар хору зор бўлиб, ҳаммадан орқада қолиб юрибдилар. Гапнинг қисқаси, мусулмонлар ҳар томонлама фитнага учраганлар. Улар ушбу фитнадан қутулиб чиқмоқлари лозим. Фитнадан чиқиш эса Аллоҳ таолонинг севикли Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида таъкидлаганларидек, фақатгина Аллоҳ таолонинг Китоби ила бўлади. Ҳа, бу улкан фитнадан чиқиш учун ҳар бир мусулмон ва барча мусулмонлар биргаликда Аллоҳ азза ва жалланинг Китоби – Қуръони Каримга қайтишлари, уни маҳкам тутишлари лозим. Бунинг учун эса Қуръони Каримга бўлган иймонни мустаҳкамлаш, унинг ҳар бир ҳарфини қунт билан ўрганиш, энг муҳими, Қуръонга тўлалигича оғишмай амал қилиш лозим. Ана шундагина фитнадан чиқиб, саодат йўлини топиш ва олий мақсадга эришиш мумкин. Ҳа, мусулмонлар Қуръони Каримга тўлалигича оғишмай амал қилсаларгина ўзларининг олий мақсадларига эришишлари, бугунги фитнадан чиқишлари мумкин. Мусулмонларнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга қилган тавсиялари шу. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун Қуръони Карим фитнадан чиқиш йўли бўлишини ҳам батафсил баён қилиб, шарҳлаб, тушунтириб бермоқдалар.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Аллоҳ акса уришни хуш кўради, эсноқни давоми...

3210 08:45 / 15.07.2019
.Аллоҳ учун, насиҳат қилиш, яъни Аллоҳга иймон келтириш, Унга шукр қилиш, самимий, холис бўлишдир.Уламоларимиз бу борада бир оз батафсилроқ гапларни ҳам айтганлар. давоми...

1923 16:30 / 10.08.2019
Савол Яқинда сайтлардан бирида француз императори Наполеоннинг мусулмон бўлгани ҳақидаги бир маълумот ўқиб қолдим. Шу гапларда асос бормиМаҳмуд Ҳайдаров Навоий давоми...

4984 13:34 / 29.09.2020
Маълумки, Пайғамбар алайҳиссалом Меърожга чиққанларида намоз фарз бўлди. Шундан буён мусулмонлар Каъбаи Муаззамага қараб намоз ўқиб юрган эдилар.Пайғамбаримиз давоми...

5794 14:10 / 06.06.2019
Аудиолар

232035 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150548 09:35 / 11.08.2021