1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Икки кўзнинг зиноси назардир

14:00 / 16.12.2018 4563 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло одам зотини жинсий шаҳватли қилиб яратган. Албатта, бу беҳикмат эмас. Уламоларимизнинг таъкидлашларича, жинсий шаҳватнинг иккита катта ҳикмати бор: биринчиси – инсон наслининг бардавом бўлиши учун хизмат қилиши. Иккинчиси – охират лаззатларини қиёслаш учун хизмат қилиши. Бир нарсани татиб, тушунмагунча унга қизиқиш бўлмайди. Бинобарин, шаҳватнинг мазасини тушунган инсон билсинки, охиратдаги шаҳватлар бундан ҳам афзал ва беқиёсдир. Унга етишиш учун эса бу дунёда шаҳватни фақат ҳалол йўл билан қондириш зарур.

Аммо бу шаҳватни жиловлаб, мўътадил даражада тутилмаса, кўпгина бало-офатлар келиб чиқади.

Шунинг учун ҳам Исломда зино қаттиқ қораланган ва унга олиб борувчи йўллар ҳам маҳкам тўсилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир эркак зинҳор бир аёл билан холи қолмасин! Агар шундай бўлса, учинчилари шайтон бўлур», дедилар». 

Термизий ривоят қилган.

Икки шайх ва Термизийнинг ривоятида:

«Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани қолдирмадим», дейилган».

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман», дедилар». 

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Ҳадиси шарифдаги икки оёқнинг орасидаги нарсадан мурод – жинсий аъзо, икки жағ орасидаги нарсадан мурод – тил.

Демак, ким зинодан ва тили билан куфр-ширк сўзларни айтишдан сақланса, жаннатий бўлиши муҳаққақдир.

Солиҳлардан баъзилари: «Агар бир киши менга байтулмолни омонат тарзда берса, унинг омонатига хиёнат қилмасликка кўзим етади. Аммо биров менга бир қора аёлни омонат қолдириб, бир соат у билан холи қоладиган бўлсам, ўзимга ўзимнинг кўзим етмайди», деганларида шаҳватни енгишнинг қийинлигини назарда тутганлар.

Фарж шаҳватини синдиришнинг ҳам ўзига яраша чоралари бор.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Эй ёшлар жамоаси, ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганларини эшитдим».

Бешовлари ривоят қилишган.

Агар никоҳга қудрати етмаган ёшлар бўлса, рўза тутишлари керак. Шу йўл билан улар шаҳват қўзишини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, худди бичилган кишига ўхшаб, бошқа жинсга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатиш хавфи туғилмайдиган ҳолга келади.

Оддий ҳолатларда эса бу икки хавфнинг олдини никоҳ олади. Никоҳдаги шахс ўз шаҳватини ҳалол йўл билан қондиргани учун, кўзи номаҳрамларга қарашдан тийилган, фаржи ҳаромга юришдан сақланган бўлади.

Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўсатдан назар тушиб қолиши ҳақида сўрадим. Бас, у зот: «Кўзингни бошқа томонга бур», дедилар».

Бешовларидан Бухорий ривоят қилмаган.

Номаҳрамга қасддан, шаҳват назари билан кўз тикиш ҳаром. Бироқ бехосдан назар тушиб қолиши гуноҳ ҳисобланмайди. Аммо ушбу ҳадиси шарифда баён қилинганидек, дарҳол кўзни бошқа томонга буриб олиш шарти билан. Мўмин-мусулмон кишилар бу ҳукмни ҳеч қачон унутмасликлари лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ Одам боласига унинг зинодан бўлган насибасини ёзгандир. Уни олмаслиги амри маҳолдир. Бас, икки кўзнинг зиноси назардир. Тилнинг зиноси нутқдир», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Икки қўлнинг зиноси ушлаш, икки оёқнинг зиноси юриб бориш, қулоқнинг зиноси эшитиш, оғизнинг зиноси ўпишдир. Нафс уни орзу ва иштаҳа қилур. Фарж эса уни тасдиқлар ёки ёлғонга чиқарур», дея зиёда қилинган». 

Абу Довуд ва икки шайх ривоят қилишган.

Ислом жамияти том маънодаги пок жамиятдир. Ҳамма томон, ҳамма нарса пок бўлиши керак. Унда зино ҳаром. Шунингдек, зинога сабаб бўладиган нарсалар ҳам ҳаромдир. Бир нарсага сабаб бўладиган нарсаларни ҳаром қилмай туриб, унинг ўзини ҳаром қилиш мантиққа ҳам тўғри келмайди. Шунинг учун зино ҳам, унга сабаб бўладиган ҳамма нарсалар ҳам ҳаром қилинган.

Бу ишлар қаторига ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган шаҳвоний қараш, гап-сўз, тинглов, юриб бориш ва ушлаш ҳам, бу ҳадисда зикр қилинмаган – кейин пайдо бўлган турли фаҳш суратлар, фильмлар, ёзувлар, китоблар ва бошқа нарсалар ҳам киради.

Ислом жамиятида ҳар қандай разилликларга ўрин йўқ. Мусулмон одам бундай нарсаларнинг яқинига ҳам йўламаслиги керак.

"Руҳий тарбия" китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло масжидларни Ўзига энг маҳбуб макон қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи ndash масжидларидир. Шаҳарларнинг давоми...

15776 10:30 / 03.04.2019
Абдуллоҳ ибн Муслим Абдийдан ривоят қилинади .Муторрифга ўлим рўбарў бўлганда .Аллоҳим, дунё ва охират ишида мен учун тақдир қилган нарсаларингда ихтиёр бер,, деди давоми...

3244 08:00 / 17.02.2020
.Ақийда, сўзи арабча .ақада, феълидан олинган бўлиб, .бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш, деган маънони англатади. Бу сўзнинг жами кўплик шакли .ақоид, бўлади. давоми...

1788 19:00 / 15.02.2020
Бир куни бир аъробий буюк имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга иқтидо қилиб намоз ўқиётган эди. Улуғ имом бомдод намозида қироат қила туриб, хатога йўл қўйдилар. Яъни у давоми...

2984 17:10 / 26.05.2019
Аудиолар

210833 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130096 14:35 / 11.08.2021