1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Иффатли бўлишнинг фазли ва зарур бўлмаганда сўрашнинг ёмонлиги

20:00 / 30.07.2019 2240 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰﮱ

Аллоҳ таоло:

«...иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар», деган («Бақара» сураси, 273-оят).

Шарҳ: Ушбу ояти карима аҳли суффа – Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари яқинидаги суффада яшовчи тўрт юз нафар тақводор, камбағал мусулмонлар ҳақида нозил бўлган. Улар ўзларини Қуръон ва илм ўрганишга бағишлаган кишилар бўлиб, касб қилиб маош топишга имконлари бўлмаган. Ҳеч нарсалари бўлмаса ҳам улар ўзларини иффатли тутганлар, бировнинг молига назар ҳам солмаганлар. Уларнинг асл ҳолини билмаган одам ўзларини тутишларидан уларни бой, деб ҳисоблайдиган даражада бўлганлар. Уларнинг сиймоларидан тақводорликлари сезилиб турган. Ўзлари ўта муҳтож бўлишларига қарамай, одамлардан бирор нарсани сўраб олмаганлар.

Ким аҳли суффа даражасига, улар етган улуғ мақомга етмоқчи бўлса, уларнинг ушбу оятдаги сифатлари ила сифатланмоқчи бўлса, одамлардан бирор нарса сўрамасин, ўзини иффатли тутсин, билмаганлар уларни бойлар деб ҳисобласин.

1161- عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ نَاسًا مِنَ الْأَنْصَارِ سَأَلُوا رَسُولَ اللهِ r فَأَعْطَاهُمْ، ثُمَّ سَأَلُوهُ فَأَعْطَاهُمْ حَتَّى نَفِدَ مَا عِنْدَهُ، فَقَالَ: مَا يَكُونُ عِنْدِي مِنْ خَيْرٍ فَلَنْ أَدَّخِرَهُ عَنْكُمْ، وَمَنْ يَسْتَعْفِفْ يُعِفَّهُ اللهُ، وَمَنْ يَسْتَغْنِ يُغْنِهِ اللهُ، وَمَنْ يَتَصَبَّرْ يُصَبِّرْهُ اللهُ، وَمَا أُعْطِيَ أَحَدٌ عَطَاءً خَيْرًا وَأَوْسَعَ مِنَ الصَّبْرِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَلِلشَّيْخَيْنِ وَالتِّرْمِذِيِّ: قَدْ أَفْلَحَ مَنْ أَسْلَمَ وَرُزِقَ كَفَافًا وَقَنَّعَهُ اللهُ بِمَا آتَاهُ. وَفِي رِوَايَةٍ: اللَّهُمَّ اجْعَلْ رِزْقَ آلِ مُحَمَّدٍ قُوتًا. وَفِي رِوَايَةٍ: لَيْسَ الْغِنَى عَنْ كَثْرَةِ الْعَرَضِ، وَلَكِنَّ الْغِنَى غِنَى النَّفْسِ.

1161. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Ҳаттоки ҳузурларидаги нарса тугади. Шунда у зот:

«Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай, олиб қолмасман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Икки шайх ва Термизийнинг ривоятида:

«Ким мусулмон бўлиб, етарлича ризқлантирилса ва Аллоҳ уни Ўзи берган нарсага қаноатлантирса, батаҳқиқ, нажот топган бўлур», дейилган.

Бошқа бир ривоятда эса:

«Аллоҳим! Оли Муҳаммаднинг ризқини қути лаа ямут қилгин», дейилган.

Яна бир ривоятда эса:

 «Бойлик молнинг кўплигида эмас, лекин бойлик нафснинг беҳожатлигидадир», дейилган.

Шарҳ: «Қути лаа ямут» – очдан ўлмасликка етарли бўлган емиш, таом.

Ушбу ривоятларнинг барчасида мусулмон кишининг ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши эканлиги ҳақида сўз кетмоқда. Мусулмон инсон турмуши яхши бўлиши учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо ризқ бериш Аллоҳдан эканлигини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насибани Аллоҳнинг иродаси билан келмоқда, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас.

Мазкур ривоятларда мусулмон киши ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан ўзини қандай тутиши кераклиги ҳақида бир неча кўрсатмалар берилмоқда:

1. Иффатли бўлиш.

Бировнинг молидан умидвор бўлишни ўзи учун ор деб билиш. Ким ўзини иффатли тутишга уринса, Аллоҳ таоло уни иффатли қилиб қўйиши турган гап.

2. Бировнинг сариқ чақасига ҳам эҳтиёжи йўқлигини изҳор қилиш.

Бундай одамни Аллоҳ таоло кўзини тўқ қилиб қўяди ва ундан ҳеч бир очкўзлик содир бўлмайди.

3. Кам бўлса ҳам, ўзига берилган ризққа сабр қилиш.

Сабр Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта неъмат ҳисобланади. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб, ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб, кун кўради. Сабр неъматидан бебаҳра банда эса дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам, қаноат қилмай, ўзини хор қилади, очкўз­лигини билдириб қўяди.

4. Мусулмон одам Аллоҳ таоло томонидан берилган ризққа сабр қилиб, қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришади.

5. Пайғамбар алайҳиссалом оли байтларига ўлмайдиган миқдорда қут беришинигина сўраган эканлар.

6. Ҳақиқий бойлик молу дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидадир.

Ушбу таълимотларни ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганиб, ўзига сингдириб олиши ва ҳаётга татбиқ қилиши лозим. Ана шундагина орамизда молу дунё деб одам ўлдирадиганлар, ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик қиладиганлар, фирибгарлик, алдамчилик, ёлғончилик ва бошқа разолатларни қиладиганлар қолмайди.

1162- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَأَنْ يَأْخُذَ أَحَدُكُمْ حَبْلَهُ فَيَحْتَطِبَ عَلَى ظَهْرِهِ خَيْرٌ لَهُ مِنْ أَنْ يَأْتِيَ رَجُلًا فَيَسْأَلَهُ أَعْطَاهُ أَوْ مَنَعَهُ.

1162. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, албатта, сизлардан бирортангиз арқонини олиб, ўтин териб, орқасига кўтариб келгани бировнинг олдига бориб, берса-бермаса, сўрашидан яхшидир», дедилар».

Шарҳ: Инсоният тарихида ўз меҳнати билан ҳаёт кечиришга бу каби тарғиб бўлмаса керак. Бировдан бир нарса сўраб олиб, турмуш кечириш ўрнига, арқонни олиб, далага чиқиб, ўтин териб келиб, сотиш яхши.

Баъзи бир кишилар ўтин териб сотиш, мардикорлик қилиш ёки шунга ўхшаган ишларни қилишни ор ҳисоблайдилар. Аммо бировга ёлвориб, бир нарса сўраб, ейишни ўзларига эп кўрадилар. Ёки айримлар бировнинг ҳаққини турли ношаръий йўл ва услублар ила ҳаромдан олиб, ейишлари билан кериладилар. Ҳолбуки, бировдан сўраб олиб, кун кечириш ҳақиқий ор қилинадиган ишдир. Бировнинг ҳаққини ҳаром йўл билан олиш эса катта гуноҳдир. Аксинча, ҳалол йўл билан, пешона тери тўкиб, ҳаёт кечириш энг тўғри, энг шарафли ишдир. Ризқ топиш учун қилинадиган ҳалол меҳнатнинг катта-кичиги, обрўли-обрўсизи бўлмайди. Энг ҳақиқий обрў меҳнат қилиб, ҳалол ризқ топишдир. Энг ёмон обрўсизлик эса бошқаларнинг топганидан кун кўришдир. Ислом таълимоти мана шу. Исломдан, унинг таълимотларидан узоқда бўлганда бу меъёр ва ўлчовлар ҳам тескарисига ўзгаради. Аслида тиланчилик Ислом жамиятига ёт бўлиб, унда ҳар қандай ҳалол меҳнат рағбатлантирилади.

Чиндан ҳам, ҳақиқий мусулмон киши бировдан сўраб, турмуш кечиргандан кўра ўтин териб, сотиб, кун кўришни афзал билади. Ҳар қандай шароитда ҳам ҳалол меҳнати билан ҳаёт кечиришга уринади.

 «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Балоофатлар қалбларни чиниқтиради, гуноҳларга каффорот бўлади, кибр иллатини даволайди, ғафлатни кетказиб, огоҳликка чорлайди, ўзга жонзотларга ҳам меҳрибон давоми...

3071 15:00 / 26.08.2023
Андалус вазирининг ўғли ҳикоя қилади .Даҳлизда ўтирган эдим. Бир китоб кўчирувчига Абулфараж Исфаҳонийнинг .Ағоний, китобини кўчиришни буюргандим. У давоми...

1974 08:00 / 20.02.2021
Бир гуруҳ ярамас, бадхулқ одамлар Робийъ ибн Ҳайсамни фитнага солиш учун унга ниҳоятда гўзал бир аёлни рўбарў қилмоқчи бўлишди. Аёлга эса .Уни йўлдан ура олсанг, давоми...

3245 08:00 / 24.12.2020
Савол Қуръони Карим маънолари она тилимизга биринчи марта қачон таржима қилинган Шу ҳақда тўлароқ маълумот берсанглар, бошқаларга ҳам фойдали бўлар эди.Умиджон давоми...

8396 16:02 / 08.06.2020
Аудиолар

213567 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132775 14:35 / 11.08.2021