1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Амалнинг афзали

08:30 / 07.01.2019 3178 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Қайси амал афзал?» деб сўралди. 

«Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтириш», дедилар.

«Кейин нима?» дейилди.

«Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар.

«Ундан кейин нима?» дейилди.

«Мабрур ҳаж», дедилар».

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Уламоларимизнинг аниқлашларича, бу саволларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган киши Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудирлар. У киши дунёдаги энг афзал амал ҳақида:

«Қайси амал афзал?» деб сўрамоқдалар. Бу саволга У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтириш», дедилар».

Яъни, энг афзал амал Аллоҳга ва Аллоҳнинг Расулига иймон келтиришдир. Ушбу гапдан уламоларимиз иймон амалга киришини тушунганлар. Имом Бухорий бу ҳадисни «Иймон амалдир» деган бобда келтирганлар. Иймон ҳам сўздан, ҳам амалдан иборат эканлиги Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг кўпчилик жамоаси, жумладан, Молик, Саврий ва Авзоъийлар мазҳаби томонидан тан олинган.

Абу Убайд бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда иймонни амалдан, деб айтдилар. Бошқа ҳадисларда иймон билан амалнинг орасини ажратганлар. Иймонни фақат тавҳид ва қалбга оид амалларга нисбатан, амални эса аъзоларга оид амалларга нисбатан ишлатганлар. Иймоннинг ҳақиқати гапга тўғри келувчи тасдиқ ва қалбдаги азму қарордир. Унинг тугал бўлиши эса аъзолар амали билан боғлиқдир. Киши батамом иймонли мўмин бўлиши учун албатта унинг эътиқоди, сўзи ва амали бир бўлиши керак. Ана шундай иймонгина жаҳаннам оташидан нажот беради, жон ва қонни сақлайди. Ана шундай бўлгани учун мазкур уч нарсанинг (эътиқод, сўз ва амалнинг) жамига ҳам, ҳар бирига ҳам иймон дейилади. Шунинг учун ҳам тавҳид ва тасдиқ энг афзал амал ҳисобланади. Чунки барча амалларнинг қабул бўлишига шу нарса шартдир».

Ушбу иборалар орқали Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби иймон тил билан гапириш, дил билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилиш эканлигини яхшилаб баён қилмоқда. Ақийда илми уламоларининг таъкидлашларича, Аҳли сунна ва жамоа орасидаги ихтилоф иймоннинг шаръий таърифидан эмас, балки луғавий маъносидан келиб чиққандир. Чунки луғатда тил билан айтиб, дил билан тасдиқлашга «иймон» дейилади.

Нима бўлганда ҳам, Иймон дунёдаги энг яхши нарса эканлигига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ. Бу дунёдаги барча амалларнинг қабул бўлиши учун Иймон шартдир. Иймони бўлмаган одам ҳар қанча амал қилса ҳам, қабул бўлмайди. Шунинг учун афзал амал ҳақида сўз кетганда, иймондан кейинги амаллар ҳақида сўз кетади. Афзаллик борасида иймонга тенг келадиган нарса йўқ.

«Кейин нима?» дейилди.

Яъни, иймондан кейинги энг афзал амал нима, деб сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар.

«Жиҳод» сўзи луғатда «машаққат чекиш», «ўзининг бор имконини ишга солиш» маъноларини билдиради. Шариатда эса «Аллоҳнинг дийни учун бор имконини ишга солиб, жидду жаҳд қилиш»ни англатади.

«Ундан кейин нима?» дейилди.

Яъни, аввал сўралган нарсадан кейинги энг афзал амал нима, деб сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мабрур ҳаж», дедилар».

«Ҳаж» сўзи луғатда «қасд қилмоқ» маъносини билдиради. Шариатда эса «Маълум вақтда ибодат учун Маккани қасд қилишга» айтилади. Ҳажнинг «Мабрур» сифати эса «Яхши ҳаж» деганидир. Гуноҳ аралаштирилмай, мақбул бўладиган тарзда адо этилган ҳаж «Мабрур ҳаж» дейилади. Ҳаж энг афзал амаллардан эканлиги ҳам барчага яхши маълум.

Шу ерга келганда ҳақли савол пайдо бўлади: «Нима учун намоз, рўза ёки закот айтилмади? Нима учун ҳаж рукн бўлса ҳам, рукн бўлмаган нарсадан кейинга қўйилди?»

Жавоб қуйидагича: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай пайтларда сўровчининг ва атрофда эшитиб турганларнинг ҳолига ва умумий вазиятга қараб жавоб берганлар. Шунинг учун ҳам яхши амал ҳақидаги саволга жавоб бўлиб келган бошқа ҳадисларда ҳам турлича жавоблар келган. Энг афзал амаллар қаторига намозни вақтида ўқиш, ота-онага яхшилик қилиш, таом бериш, танигану танимаганга салом бериш кабилар киргани шулар жумласидандир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тарафкашлик ўз қавми ёки тарафи фойдасига ноҳақдан тарафкашлик қилишдир..Восила ибн алАсқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули Тарафкашлик давоми...

2810 11:10 / 26.08.2019
Собит Баннонийдан ривоят қилинади .Ҳасан Басрий иккимиз Сафвон ибн Миҳрозни кўргани кирдик. У оғир аҳволда ётган экан. У бизга шундай деди .Ким менинг ҳолатимда давоми...

3001 08:00 / 13.02.2020
Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари. Ҳозирги кунда ёшлар ўртасида ўзини осиб ўлдириш ҳоллари учраб турибди. Бунинг сабаблари суриштирилганда, ўзини ўлдириш учун давоми...

6328 18:09 / 13.12.2018
Ривоят қилинишича Юсуф а. с. қамоқдаги дўстларидан нажот топадиганига .Хўжанг ҳузурида мени эсга ол,, деганларида олдиларига Жаброил а.с. келиб, Юсуф а.с.ни итоб давоми...

4539 14:55 / 28.04.2017