1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Имомга тақлид қилиш ва унинг мазҳабини ушлашнинг маъноси нима?

10:32 / 29.07.2019 2160 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир адолатли мусулмон биладиган нарса шуки, ижтиҳод қилиш даражасига етмаган кишининг мужтаҳид имомга – уни ушлайдими ёки ушламайдими барибир, – эргашишидан бошқа чораси йўқлигини тушунтириб берар эканмиз, ўша имомга тобе бўлиш ва унинг мазҳабини ушлаш зарурлигининг маъносини ҳам, ўша имомнинг мазҳабини унинг шахси учун ушлаганми ёки унинг ўзидаги аниқ бир хусусият учунми, буни ҳам тушунтириб ўтишимиз керак бўлади.

Аллоҳ сақласин... Мусулмонлар ичида шу гапни гапирадиганлар бўлишидан Аллоҳ сақласин. Расулуллоҳ алайҳиссалом замонларидан то ҳозирги кунга қадар барча мусулмонлар биладиларки, одамлар устидан фақат Аллоҳнинг шариати ҳукм чиқаради, фақат угина мусулмонлар учун ёруғлик манбаи, ҳаёт тарзларининг ва иқтидоларининг асосидир.

Бироқ Аллоҳнинг ҳикмати ва махлуқотлар ичидаги суннати одамларнинг умумий тарзда илм-маърифат борасида, хусусан, шариат аҳкомлари борасида бир-бирларидан тафовутда бўлишларини тақозо қилгач, ҳамма Аллоҳнинг шариати ва қонунига бўйсуниши учун ҳам илмсиз одам олимнинг этагидан тутиши, олимнинг эса ўзидан кўра олимроққа эргашмоғи лозим бўлиб қолди. Токи ҳамма битта йўл – ўта иззатли ва мақталган Аллоҳнинг йўли узра бирлашсин.

Бу ҳақиқат бизларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган иқтидомизда ҳам ўз ифодасини топади. Зеро, биз у зотга оддийгина бир шахс сифатидаги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлари учун эмас, балки Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг (буйруқ ва қайтариқларини бандаларга) етказувчиси бўлганлари сабабли иқтидо қиламиз, холос. Шунинг учун ҳам «Китобга эргашиш Суннатга эргашишдан кўра аълороқдир, чунки Аллоҳнинг каломи, ким бўлишидан қатъи назар, банданинг каломидан кўра эргашишга ҳақлироқ ва аълороқдир», дейилмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишимизнинг сабаби, у зотнинг Аллоҳ таолонинг (амрларини бандаларга) етказувчи бўлганларидир. Демак, у кишига фақат шунинг учун эргашамиз.

Мужтаҳид имомларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини, у зотнинг гапларидаги мазмун ва мақсадни англаб, уларни одамларга етказиш каби ишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одамларга Робби азза ва жалланинг ҳукмларини етказиш ва ўзларига нозил қилинган Қуръонни тушунтириб бериш ишлари кабидир.

Имом Шотибий сизга тушунтирганим ушбу маънони жуда ҳам чиройли тарзда ифодалаган. У ўзининг «Ал-Иътисом» китобининг 3-жилд, 250-бетида қуйидагиларни айтган:

«Шариат олимининг сўзларига эргашилар, унинг ҳукмларига одамлар бўйсунар экан, шубҳасиз, у шариат олими ва шариатнинг талаби билан ҳукм чиқарувчи одам бўлгани жиҳатидандир. Бошқа тарафлари учун эмас. Аслида у Аллоҳдан етказувчи бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан етказувчидир. Бас, жоҳил одам ўша олим етказган нарсани «Буни Пайғамбар алайҳиссалом етказган», деган илм ёки ғолиб гумон билан қабул қилиб олади. У мутлақ ҳукм чиқарувчи қилиб тайинлангани учун эмас. Чунки бу нарса аслида ҳеч ким учун собит бўлмаган. Бу фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган шариатга берилгандир ва ўша иш маъсумликлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ёлғиз у киши соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишлидир». 

Сўнг бундай дейди: «Иш шундай экан, демак, зиммасига шариат аҳкомлари юклатилган шахс ушбу учта ишнинг биттаси бўлиб чиқади: (Биринчиси) шариат аҳкомларида мужтаҳид бўлиши. Унинг ҳукми ўша масалаларда ижтиҳоди орқали эришган нарсасидир...

(Иккинчиси) ҳукм чиқарувчи илми умуман йўқ бўлган соф муқаллид бўлиши. Ундай одам учун унга етакчилик қиладиган йўлбошчи, ҳукм чиқарадиган ҳоким ва у эргашадиган олим бўлиши керак. Маълумки, ўша олим ҳукм чиқарадиган илмни биладиган одам бўлгани учунгина муқаллид унга эргашади. Бунинг далили шуки, агар у (муқаллид) ўша одамнинг илмдан бехабар киши эканини билса ёки шундай гумони устун келса, унга эргашмоғи ҳам, унинг ҳукмига бўйсуниши ҳам ҳалол бўлмайди.

Авом ва бошқалар учун ўзга одамга бирор масалада унинг бунла лаёқатсизлигини билатуриб унга тақлид қилишни хаёлга келтириши тўғри бўлмайди. Чунончи, бемор агар ақлини йўқотган бўлмаса, ўзини шифокорликдан бехабар одамнинг ихтиёрига топшириши мумкин эмас. Шундай экан, демак, муқаллид муфтийга унга бўйсунишни вожиб қиладиган илмдан хабари борлиги учунгина тақлид қилади. Унга Фалончи ёки Пистончи бўлгани учун тақлид қилмайди. Ушбу жумлада ихтилоф қилишга ақлий томондан ҳам, шаръий томондан ҳам рухсат йўқ.

(Учинчиси) мужтаҳидлар етган даражага етмаган, бироқ далилни ва унинг мавқеини тушунадиган, таржиҳ бобида эътиборга олинадиган сабаблар ёрдамида ҳукмнинг иллатини аниқлаш ва бошқаларда таржиҳ қилишга ақли етадиган бўлиши. Бунда унинг таржиҳи ёки назари эътиборга олинади ёки олинмайди. Агар эътиборга олинадиган бўлса, мана шу тарафидан мужтаҳидга ўхшаб қолади. Мужтаҳид эса ҳукм чиқарувчи илмга тобе ва уни кўриб чиқувчи одамдир. Унга ўхшайдиган одамлар ҳам шу кабидирлар. Агар уни эътиборга олмайдиган бўлсак, ноилож авомлик даражасига қайтиши керак бўлади. Авом одам мужтаҳидга ҳукм чиқарувчи илм сари юзлангани учунгина эргашади. Унинг даражасига тушадиганлар ҳам худди шундай...»

Агар сиз ушбу гапларга таассуб қилмай, холис ақл билан ёндошган ҳолда буни англасангиз ва тасаввур қилсангиз, рисола муаллифи (Хўжандий) айтаётган мана бу гапларнинг нотўғри ва қўпол нодонлик эканини англаб етасиз:

«Амал қилиш ва эргашиш вожиб бўлган ҳақиқий мазҳаб, шубҳасиз, жанобимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазҳабларидир. У зот буюк бир имомдирларки, у кишига тобе бўлиш вожибдир... Бас, агар аслида шундай экан, ушбу мазҳаблар қаёқдан келиб қолди? Нима учун бунчалик кенг тарқалиб, уларга амал қилиш мусулмонларнинг зиммаларига мажбурият қилиб қўйилди?» 

Кейин ана шу мазҳабларга амал қилиб ва эргашиб келаётганлар шаънига турли бўҳтон ва ҳақоратли сўзларни ёғдиради! 

Рисола муаллифи ушбу китобимизда бир озини зикр қилиб ўтганимиз – мазҳабларнинг келиб чиқиши ва олинган манбалари ҳақидаги Ислом қонунчилиги тарихидан озгина хабари бор ҳар қандай одам биладиган нарсаларни мутлақо билмайдигандек қилиб кўрсатади.

«Уларга эргашишнинг ягона сабаби – уларнинг жанобимиз Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломнинг мазҳабларидан устун қўйилганлигидандир!» дея одамларни маломат қилади. Ижтиҳод ва тақлиднинг маънолари, мазҳабларнинг келиб чиқиши ҳақида бирор илмга эга бўлмаган, бутун онгига сингиб кетган ушбу хато фикрга лаққа тушган кўпгина авомлар: «Тўғри-да, биродар, биз ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тобеларимизми ёки Шофеъийнингми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазҳаблари олдида бу имомлар мазҳабларининг неча пуллик қиймати бор?» дейдиган бўлиб қоладилар.

Ахир бу ёлғон фикрга ишонтириш илмли, адолатли ва Аллоҳнинг динида холис бўлган ҳар қандай одам ўзига эп кўрмайдиган алдамчилик эмасми?!

Рисола муаллифи бу ғалати гапини оммага уқдираётган вақтида мазҳабларга эргашишнинг тўғри маъносини ростдан ҳам билмасмиди?! Ваҳоланки, бошқа уламолар уни юзлаб китоблар ва манбаларда шарҳлаб кетишган, билмасликка баҳона бўлмасин учун тарих уларни жуда кўп манба ва масдарларида қайдлаб қўйган бўлса! 

Агар очиқ-ойдин ҳақиқатни билмай туриб, ушбу хатарли даъвони қилаётган экан, демак, бу ачинарли ва хунук ишдир. Агар барча олимлар ва зиёлилар каби уни билган бўлса-ю, ўзининг бидъати одамларнинг онгига сингиб боришига имкон яратиш учун ўзини билмасликка солаётган бўлса, демак, масала жуда ҳам оғир ва жуда ҳам қабиҳ экан!

 

«Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир» китобидан.

Таржимон
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримда Ҳадид сураси бор. Бу сура Мадинада нозил бўлган. Сурада темирни нозил қилингани, унда катта кучқувват ва одамлар учун манфаатлар борлиги зикр давоми...

2790 15:26 / 14.10.2020
Бир овчи чумчуққа тузоқ қўйди. Бир чумчуқни тутди. Овланган чумчуқ тилга кириб дедикиndash Эй овчи сен шу вақтгача қўйлар, сигирларни единг. Улар билан тўймадинг. давоми...

3711 20:09 / 02.12.2018
Муртазо Аҳмад Юсуф Аллоҳ таоло инсонни мукаммал яратиб унга тил неъматини инъом этди. Инсон истеъмол қиладиган барча нарсанинг таъмини ажрата олишга ёрдам давоми...

4843 17:00 / 05.06.2019
Муҳаммад ибн Сирийн айтади .Абу Убайда ибн Абу Ҳузайфанинг чодирида эдик. Унинг олдидаги ўчоқда олов ёнар эди. Шу пайт унинг ҳузурига бир киши келиб, у билан битта давоми...

2864 08:30 / 19.01.2019