1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рўзани лозим тутинг, унинг ўхшаши йўқдир

18:23 / 04.05.2020 1572 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят:

«Мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг», дедим.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рўзани лозим тут, унинг ўхшаши йўқдир», дедилар».

Насаий ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган.

Демак, ким Аллоҳ томонидан бериладиган кўпдан-кўп манфаатларга эришмоқчи бўлса, кўп рўза тутиши керак. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон яхши тушуниб, амал қилмоғи лозим.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қачон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир киши рўзадор бўлса-ю, ифтор вақтида ифтор қилмай, ухлаб қолса, ўша кечаси ва эртаси куни кундузи то кеч кирмагунча таом емас эди. Қайс ибн Сирма рўзадор эди. Ифтор бўлганда хотинининг олдига келиб, «Таом борми?» деди. Хотини:

«Йўқ. Лекин бориб, сенга таом келтираман», деди.

У кундузи ишлар эди. Кўзи илиниб, ухлаб қолди. Хотини қайтиб келиб, уни кўриб, «Шўринг қурисин», деди. Эртасига кун яримлаганда ҳушидан кетиб, йиқилди. Бу нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилинди ва ушбу оят нозил бўлди:

«Сизларга Рўза кечасида аёлларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди...».

Бунинг учун жуда ҳам хурсанд бўлдилар.

Шунингдек:

«Ва то оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг­лар» ҳам нозил бўлди».

Бухорий, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Бошқа ривоятда эса:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давр­ларида одамларга Хуфтонни ўқиганларидан кейин таом, шароб ва аёллар ҳаром бўлар эди ва янаги кечагача рўза тутар эдилар. Шунда бир киши ўз нафсига хиёнат қилди. Хуфтонни ўқиб бўлиб, ифтор қилмай туриб, хотинига яқинлик қилди. Сўнгра Аллоҳ ўшани қолганларга осон, рухсатли ва манфаатли қилишни ирода этди. Ул пок Зот:

«Аллоҳ, албатта, сизлар ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди. Бас, тавбангизни қабул қилди ва сизларни афв этди...» оятини охиригача туширди».

Шарҳ: Ушбу икки ривоятда дастлаб рўза фарз бўлган вақтда унинг ҳукми ҳозиргидан бошқачароқ эканлиги, ўзига яраша қоидалари бўлганлиги ҳақида сўз кетмоқда. Ўша дастлабки қоидаларга биноан, ифтор вақти қуёш ботгандан то хуфтон намози вақти киргунча бўлган, холос. Агар ўша вақт ичида ифтор қилиб олинмаса, ундан кейин янаги ифтор вақти келмагунча еб-ичишга рухсат бўлмаган.

Шунингдек, рўза пайтида эр-хотиннинг кечаси ҳам жинсий яқинлик қилишларига рухсат бўлмаган. Бу ўзига хос тарбия усули бўлиб, Аллоҳ таоло рўза ибодатини мусулмонларга хоҳлаган шаклда амр қилиши мумкинлигини, лекин энг осон ва фойдали йўлини ихтиёр этаётганини тажрибада кўрсатган.

Албатта, юқорида зикр қилинганидек, ифтор вақти фақат Шом билан Хуфтон орасида бўлиши ва кечаси жинсий алоқаларнинг ман қилиниши бандаларга ўзига яраша қийинчиликлар туғдириши турган гап.

Шундай бўлди ҳам. Мусулмонлар ҳаётида бу икки масалада ҳам ибрат бўладиган воқеалар бўлиб ўтди. Ана шундан кейингина Аллоҳ таоло рўза тутиш бўйича бир оз қийин бўлган ҳукмларни бекор қилиб, бандаларга енгиллик яратди. Бунга эса мусулмонлар ҳаётида бўлиб ўтган икки ҳодиса сабаб бўлди.

Биринчи ҳодиса Мадина аҳлидан бўлган, ансорий саҳоба Қайс ибн Сирма розияллоҳу анҳу билан кечди. У кишининг хурмо боғлари бор эди. Қайс розияллоҳу анҳу кун бўйи ўша боғда меҳнат қилар эдилар. Бир куни рўза тутган ҳолларида кечгача боғда ишладилар. Ифтор яқин қолганида уйга келиб, хотинларидан ифтор қилгудек таом бор-йўқлигини сўрадилар. Аёл тайёр таом йўқлигини, лекин бир оздан сўнг келтиришини айтиб, таом келтиргани чиқиб кетди. Кун бўйи боғда ишлаб, чарчаган Қайс ибн Сирма розияллоҳу анҳу хотинлари келгунча ухлаб қолдилар. Таом олиб келган хотин эрининг ухлаб ётганини кўриб, «Шўринг қурисин, ухлаб қолибсан-ку», деди-да, раҳми келиб, уйғотмади. Шундай қилиб, Хуфтон вақти бўлди. Қайс розияллоҳу анҳу ифтор қилиш ҳаққидан маҳрум бўлдилар. Эрталаб яна боққа ишлагани кетдилар. Икки кун кетма-кет, орада овқат емай рўза тутиб, боғда меҳнат қилган Қайс ибн Сирма куннинг ярмида ҳушларидан кетиб, йиқилдилар.

Бу ҳодисанинг хабари дарҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Ўз-ўзидан ҳаммада савол пайдо бўлди: Рўза ана шундай қийинчилик билан тутилаверадими ёки бошқа бирор ўзгариш бўладими?

Жавоб эса Аллоҳ таоло томонидан келди. У Зот азза ва жалла мўмин-мусулмон бандаларига лутфу карам кўрсатиб, рўза ибодатида уларга осонлик яратди. Рамазонда ифтордан то тонг отгунча таомга, шаробга ва аёлига яқинлик қилишга рухсат берди. Бу лутфу марҳаматдан мўмин-мусулмонлар беҳад шод бўлдилар.

Иккинчи ҳодиса қаҳрамонининг исми ушбу ривоятда очиқ айтилмаган. Эҳтимол, у кишининг ҳурматларидан шундай қилинган бўлса керак. Аслида эса бу ҳодиса қаҳрамонининг ким эканлиги маълум ва машҳур. Мазкур саҳоба ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эдилар.

У киши ифтордан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашиб ўтириб, сўнгра уйларига келганлар ва хотинларига бирга бўлиш истагини билдирганлар. Хотинлари эса «Мен ухлаб турдим», деганлар. Яъни, «Ухламаганимда, шариат ҳукми бўйича жоиз бўлар эди, аммо мен ухлаб турдим. Энди шариат ҳукми бўйича менга яқинлик қилишингиз мумкин эмас», демоқчи бўлдилар. Аммо ҳазрати Умар «Ухлаганинг йўқ», дедилар-да, яқинлик қилдилар. Ўзлари билиб туриб, ўз нафсларига хиёнат қилдилар. Сўнгра афсус-надомат қилиб, бориб, ҳодисани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб бердилар. Ана шунда:

«Аллоҳ, албатта, сизлар ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди. Бас, тавбангизни қабул қилди ва сизларни афв этди...» ояти охиригача нозил бўлди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Рўза дастлаб фарз қилинган вақтда ифтор вақти қуёш ботгандан то Хуфтон вақти киргунгача бўлганлиги.

2. Хуфтон вақтигача ифтор қила олмай, жинсий яқинлик қила олмай, ухлаб қолган кишига янаги ифтор вақти келгунча таом, шароб ва жимоъ ҳаром бўлган.

3. Кейин мазкур ҳукм насх қилиниб, қуёш ботгандан то тонг отгунича таом ейиш, шароб ичиш ва жинсий яқинлик қилиш жоиз бўлган.

4. Ҳозир тутадиган рўзамиз жуда ҳам осон турдаги рўза эканлиги. Агар Аллоҳ хоҳласа, қийин қилиб қўйиши ҳам мумкин эди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръон ndash Исломнинг муқаддас китоби бўлиб, сура ва оятлардан ташкил топган. Мусулмонлар Қуръоннинг милодий 610 йилда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга давоми...

8018 15:30 / 22.04.2019
Икки ҳайит кечасида Аллоҳнинг зикри, намоз ва бошқа тоатлар билан машғул бўлиш мустаҳабдир. Ҳадисда ворид бўлганидек, .Ким ҳайит кечаларини иҳё қилса уйғоқ давоми...

1577 17:20 / 30.07.2020
Ҳилм инсон вужудининг хушманзара боғидир ва одамийлик оламининг жавоҳирга бой тоғидир. Юмшоқ кўнгиллик ҳодисалар тўла денгиздаги кишилик кемасининг лангари давоми...

6193 11:02 / 09 февраль
Савдода одамларнинг кўзини бўяш, алдамчилик каби ишлар ҳам ҳаромдир..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таом сотаётган одамнинг олдидан ўтаётиб .Қандай сотяпсан, давоми...

2658 17:07 / 19.10.2018