1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Жинлар

22:37 / 02.12.2016 27951 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

                Мўмин-мусулмонлар жин деб аталувчи махлуқотлар борлигига иймон келтирадилар. Уларни оддий ҳолатларда кўриб бўлмайди. Биз улар ҳақидаги маълумотларни энг ишончли манбалар, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлардан оламиз.
Қуръони Карим нозил бўлаётган пайтда араб қабилалари жинларга махфий, норавшан худолар деб эътиқод қилардилар. Улар жинларнинг насаби Аллоҳ таолога етиб боради, унинг жинлардан шериклари бор, деган бузуқ эътиқодга ҳам бўйсунишарди.
Шунингдек, араблар жинлар ғойибдан хабардор, фолбин ва мунажжимларга осмон сирларини айтиб туришади деган ўйда эдилар.
Арабларда жинларнинг ҳукми ер юзида ўтади, деган хом хаёл бўлиб, агар улардан бирорталари маълум бир ерга бориб ётиб қолмоқчи бўлсалар, «Ушбу жойнинг хўжайин жинидан паноҳ сўрайман», деган маънодаги дуони қилишарди.
Бизнинг юртларда ҳам ҳатто ҳозирги вақтгача кишиларда юқорида айтилганга ўхшаш турли-туман бузуқ, бидъат-хурофотдан иборат тушунчалар мавжуд ва улар бу ёлғон эътиқодга бўйсунадилар. 

              Айниқса, кейинги пайтда кишиларда руҳий бўшлиқ ҳаддан ташқари зиёда бўлганлигидан бу маънодаги гап-сўзлар кўпайиб кетди. Агар уларга қулоқ осадиган бўлсак, худди бутун дунёни жинлар бошқариб турганга ўхшайди (астағфируллоҳ).
Шу билан бирга қадимда ҳам, ҳозирда ҳам жинларни умуман инкор этадиганлар бор. Улар жин ҳақидаги ҳар бир сўзни афсона, бекорчи гап дейишади. Жинлар ҳақидаги ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган кишиларни жиннига, мияси айниганга чиқаришади.
Ислом эса жин ҳақида худди бошқа масалалардаги каби ҳақиқатни баён қилади. Ислом жин борлигини исбот қилиб, у ҳақидаги тўғри тасаввурни баён этиб, нотўғри тушунчаларни рад этади. Шу билан бирга жинлардан кутиладиган мавҳум қўрқинч ва хавфу хатарни ҳам рад этади.
Жинлар ҳақиқатда бор мавжудотлар бўлиб, асли ўтдан яратилган. Жин сўзининг луғавий маъноси эса «тўсилган» дегани, яъни, одамлар кўзидан тўсилган нарса. Шу сабабли ҳам у инсонларга кўринмайди. Улар ўзлари кўринмай туриб, бизларни ва бошқа нарсаларни кўришлари мумкин. Шу билан бирга турли шаклларга киришлари ҳам мумкин. Уларнинг ичида ҳам худди одамларга ўхшаб иймонсиз-иймонли, яхши-ёмон, адашган ва ҳидоятда юрганлари, фирибгар ва соддалари бор. Жинлардан ҳам Қуръонга, Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтириб яхши йўлда юрганлари жаннатга, иймонсиз бўлиб ёмон йўлда юрганлари дўзахга тушадилар. Улар одамларга ҳеч қачон ёрдам бера олмайдилар ва ғойиб сирларини билмайдилар, чунки Қуръони Карим нозил бўлгандан сўнг улар бу хислатлардан маҳрум бўлганлар.
Жинларнинг Аллоҳ таоло билан насаб йўлидаги боғлиқлигига келсак, бу ҳақдаги ҳар қандай фикрлар туҳматдир.
«Сабаъ» сурасида бир гуруҳ жинлар Сулаймон алайҳиссаломга хизматкор бўлганликлари, у зот ҳассага суяниб туриб вафот этганлиридан сўнг ҳам у тирик, бизни кузатиб турибди, деб ўйлаб, машаққатли ишда давом этганликлари ҳақида оятлар бор.
Исломдан аввалги вақтда жинлар осмонга чиқиб малоикаларнинг ўзаро суҳбатларини, жумладан, яқин кунларда содир бўладиган баъзи ишлар ҳақидаги маълумотларни яширин эшитиб, ердаги фолбину мунажжимларга бирга ўнни қўшиб етказишар экан. Орадан анча вақт ўтиб, осмон хабарига қулоқ осгани чиқсалар, уларни юлдузлардан узилиб чиққан учқунлар уриб ҳайдайдиган бўлиб қолибди. Улар ерга ўз қавмлари ҳузурига қайтиб, «Нима бўлди экан, бизни учқунлар қувадиган бўлиб қолди-ку? дейишади. Шунда баъзилари, дунёда улкан, оламшумул ўзгариш бўлган бўлса керак, дейишади. Машриқу мағрибни кезиб биздан осмон хабарини тўсган нарсани қидириш зарур, деган қарорга келиб, сафарга отланадилар. Ривоятларда нақл қилинишича, Насийбин номи билан аталувчи жойда яшовчи жинлардан етти нафари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида қироат қилаётганларини эшитиб тўхташган, биздан осмон хабарини тўсган нарса шу, деб ўз қавмларига қайтиб, бўлган ҳодисани айтадилар. Шунда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига «Жин» сурасини нозил қилди.
Қуръони Каримда жинлар ҳақида ўнта сурада қирққа яқин оят бор. Битта бутун бошли сура «Жин» сураси деб номланган.
Жинлар оловдан яратилган махлуқотлардир.
Аллоҳ таоло «Раҳмон» сурасида: «Инсонни сополга ўхшаш қуриган лойдан яратди. Ва жинларни ўт-алангадан яратди», деган (14-15-оятлар).
Аллоҳ таоло жинни тутуни йўқ холис оловдан яратди. Оятдаги «марижин» сўзи шуни англатади. Оловдан жиннинг яратилиши инсоннинг илм доирасига кирмайдиган нарса. Қуръон буни бизга билдирувчи ягона манба. Биз ушбу хабарга иймон келтиришимиз лозим. Бу жараён қандай кечганлигини Аллоҳнинг Ўзи билади. Бизга кенгроқ билдиришни хоҳламаган экан ва биздан билиш илмини талаб қилмаган экан, бекорга овора бўлишимизнинг ҳожати йўқ.
Ўзининг оловдан яратилганини Иблис ҳам эсга олган. Бу ҳақда «Аъроф» сурасида қуйидагилар айтилган: «У зот: «Сенга амр этганимда сажда қилишингдан нима тўсди?» деди. У: «Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди» (12-оят).
Аллоҳ таоло Ўз амрини бажармаган, Одамга сажда қилмаган Иблисдан: «Сенга амр этганимда сажда қилишингдан нима тўсди?» деб сўраганида, у «тавба қилдим, хато қилибман» дейиш ўрнига:
«Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди».
Унинг фикрича, ўт лойдан кўра яхши экан.
2. Жинлар инсонлардан олдин яратилгандир.
Аллоҳ таоло «Ҳижр» сурасида: «Батаҳқиқ, Биз инсонни қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан яратдик. Ва жинларни бундан олдин самум оловидан яратдик», деган (26 -27 - оятлар).
Жинлардан мурод – уларнинг асли иблисдир. Одам алайҳиссалом инсонларнинг асли бўлгани каби, Иблис алайҳи лаъна ҳам жин ва шайтонларнинг аслидир.
«Самум» дея луғатда олов каби иссиқ шамолга айтилади. Шунингдек, «самум» жаҳаннам иссиғини ҳам англатади. Иблиснинг асли ана шундай нарсадандир. Мана шу ерда жинлар одамлардан олдин яратилгани қайд этилмоқда.
3. Жинлардан насл қолади. Уларнинг зурриёти бор.
Аллоҳ таоло «Каҳф» сурасида: «Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», деганимизни эсла. Бас, ўшанда улар сажда қилдилар. Магар Иблис қилмади. У жиндан бўлган эди. У ўз Роббининг амридан чиқди. Энди сизлар Мени қўйиб уни ва унинг зурриётларини дўст қилиб оласизларми?! Ҳолбуки, у сизларга душман-ку! У золимлар учун нақадар ёмон бадалдир», деган (50 - оят).
Бу ояти каримада Иблис жиндан бўлгани ва унинг зурриётлари борлиги зикр қилинмоқда.
4. Жинлар бизни кўрадилар. Биз уларни кўрмаймиз.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида қуйидагиларни айтади: «Эй, Одам болалари, шайтон ота-онангизни ўзларига авратларини кўрсатиш учун устларидан либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, сизни ҳам фитнага солмасин. Албатта, у ва унинг ёрдамчилари сизни сиз кўрмайдиган томондан кўрадир» (27 - оят).
Демак, жиннинг имкониятлари инсонникига нисбатан кўпроқ. Инсон шайтонни кўрмайди, аммо у инсонни кўради. Бу эса ўз навбатида, унга қўшимча имконият беради, инсондан эса қўшимча ҳушёрлик талаб қилинади. Чунки очиқ-ойдин душман бўлган шайтон шарридан доимо эҳтиёт бўлиб туриш керак. Бунинг учун кучли иймон ва эътиқод зарур.
5. Жинлар ирода ва ихтиёрли, илм ва маърифатга қобилиятли, иймон ва ибодатга таклиф қилинган ҳамда куфр ва исёндан қайтарилган махлуқотлардир.
Аллоҳ таоло «Зарият» сурасида айтадики: «Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим». Мен улардан ризқ хоҳламайман ва Мени овқатлантиришларини ҳам хоҳламасман» (56-57-оятлар).
Демак, инсон каби жин ҳам Аллоҳ таолога ибодат қилиши лозим.
Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида: «Эй, жин ва инс жамоалари, сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, оятларимни сизга айтиб бермадиларми, сизларни ушбу кунингизга дучор бўлишингиз ҳақида огоҳлантирмадиларми?» Улар: «Ўзимизга қарши гувоҳлик бердик», дерлар. Уларни ҳаёти дунё ғурурга кетказди ва ўзларига қарши кофир бўлганларини айтиб, гувоҳлик бердилар», деган (130-оят).
Ушбу оятда жин ва инс – одам жамоаларига Аллоҳ таоло томонидан берилаётган савол уларга ўзларидан бўлган Пайғамбарлар борган-бормаганини билиш учун эмас. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбарлар юборганини жуда яхши билади.
Аммо савол жину инсларга ўзларидан бўлган Пайғамбарлар келганига уларни иқрор қилдириш учун берилмоқда. Қиёмат кунида бутун махлуқот маҳшар майдонида тўпланганида кофир жинлар ва кофир инсларнинг иқрор бўлиб, айбларини бўйинларига олиб, ўзлари ўзларига қарши гувоҳлик беришлари учун шундай савол ташланмоқда.
Қиёмат куни Аллоҳ таоло улардан: «Эй, жин ва инс жамоалари, сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, оятларимни сизга айтиб бермадиларми, сизларни ушбу кунингизга дучор бўлишингиз ҳақида огоҳлантирмадиларми?» деб сўраганда:
«Улар: «Ўзимизга қарши гувоҳлик бердик», дерлар».
Яъни, иқрормиз, бизга ўзимиздан чиққан Пайғамбарлар келиб, оятларингни айтиб бердилар ва ушбу қиёмат кунига дучор бўлишимиз ҳақида огоҳлантирганлар, дейдилар.
«Уларни ҳаёти дунё ғурурга кетказди ва ўзларига қарши кофир бўлганларини айтиб, гувоҳлик бердилар».
Ушбу оятда жинлар жамоасига Пайғамбарлар келганига ишора қилувчи маъно бор. Аммо бошқа ўринларда бу ҳақда аниқ оят ёки ҳадис йўқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам инсларга, ҳам жинларга Пайғамбар эканликлари Қуръонда ҳам, суннатда ҳам, воқеъликда ҳам собит ҳақиқат.
Демак, кофир жин ва инслар қиёмат кунида юқорида таърифланган ночор ҳолга тушадилар. Уларнинг бу кўйга тушишларига дунёдаги амалиётлари сабаб бўлган. Чунки бу дунёда:
«Уларни ҳаёти дунё ғурурга кетказди».
Улар дунё ҳаёти матоҳларига алдандилар. Унинг кетидан юриб, кофир ва осий бўлдилар. Охир-оқибат:
«...Ўзларига қарши кофир бўлганликларини айтиб, гувоълик бердилар».
Бу эса улар ўзларини ҳимоя қилишга ҳеч қандай баҳона топа олмай, ноилож қолишларининг ёрқин далилидир.
Аллоҳ таоло барчани ана шундай қилиб огоҳлантиради, Пайғамбар юборади ва бандаларнинг ўзларини иқрор қилдиради.
6. Жинларнинг ичида мўминлари ҳам, кофирлари ҳам бўлади.
Аллоҳ таоло «Жин» сурасида: «Сен айт: «Менга ваҳий қилиндики, албатта жинлардан (бир неча) нафари қулоқ осдилар ва дедилар: «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга ҳидоят қиладир. Бас, биз унга иймон келтирдик ва ўз Роббимизга бировни ширк келтирмасмиз», деган (1-2-оятлар).
Бу икки оятда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, айтишлари керак бўлган маънони ҳам баён қилади, яъни ваҳий орқали етти нафар жин у кишининг қироатларига қулоқ осгани ва қавмларига бориб, биз ажойиб Қуръон эшитдик, деб хабар берганлари ҳақида айтишни буюради.
Демак, жинлар Қуръони Карим тиловатини эшитишлари билан бу оддий сўз эмаслигини, дунёда янги оламшумул воқеа пайдо бўлганлигини фаҳмлаб, жинлар ҳаётида ҳам катта ўзгариш бўлишига сабаб бўлганини дарҳол тушуниб етганлар.
Иккинчи оятда мазкур жинларнинг ўз қавмларига айтган гаплари давом этади.
«У тўғри йўлга ҳидоят қиладир. Бас, биз унга иймон келтирдик ва ўз Роббимизга бировни ширк келтирмасмиз»
Жинлар ўз ақл-фаросатлари ила Қуръонни туширган Аллоҳ уларнинг Роббилари эканлиги билиб, У зотга иймон келтирганлар ва Унга шерик бўлиши мумкин эмаслигини ҳам тушуниб етганлар. Мушрикларга каби Аллоҳга ширк келтирмасликларини таъкидлаганлар.
«Жин» сурасида жинларнинг тилидан қуйидагилар айтилади: «Ва, албатта, биздан мусулмонлар (бор) ва биздан адашганлар (бор). Кимлар Исломга кирса, бас, улар ҳақ йўлни танлабдилар. Ва аммо адашганлар, бас, жаҳаннамга ўтин бўлибдилар» (14 -15 - оятлар).
Ушбу икки оятда жинларда ҳам худди инсонлар каби мусулмонлар борлиги яна бир бор таъкидланмоқда. Мусулмонлари тўғри йўлни танлаган жинлар. Яъни, кўр-кўрона эмас, балки танлаш, излаш, ўрганиш, солиштириш оқибатида Ислом шубҳасиз илоҳий дин бўлиб, ўзига эргашганларни икки дунё саодатига эриштиришига ишонч ҳосил қилгандан сўнг мусулмон бўлганлар.
Шунингдек, уларнинг ичида адашган кофирлари ҳам бор.
7. Жинлар ҳам қиёмат куни маҳшаргоҳга тўпланади, амаллари ҳисоб - китоб қилинади ва савоб ёки азоб берилади.
Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида: «Уларнинг ҳаммасини тўплайдиган кунда: «Эй, жинлар жамоаси, инсдан (адаштирганларингизни) кўпайтирвордингиз?!» дер. Уларнинг инсдан бўлган дўстлари: «Эй, Роббимиз, биз бир-биримиздан ҳузур топдик ва бизга белгилаган ажалингга етиб келдик», дерлар. У зот: «Қайтар жойингиз дўзахдир. Магар Аллоҳ хоҳласа (қолмайсиз)», дер. Албатта, Роббинг ҳикматли ва билимли зотдир», деган (128 - оят).
Ушбу ояти каримада таъриф этилаётган саҳна қиёмат куни саҳнасидир. У кун оятда:
«Уларнинг ҳаммасини тўплайдиган кун», деб таърифланяпти. Яъни, Аллоҳ инсу жинларнинг ҳаммасини жамлайдиган кун. Демак, қиёмат куни Аллоҳ таоло инсларни – одамларни жамлаганидек, жинларни ҳам жамлайди. Шунда кофир жинларга Аллоҳ:
«Эй, жинлар жамоаси, инсдан (адаштирганларингизни) кўпайтирвордингиз?!» дер».
Бу гап жинларга қилган ишлари ҳақида хабар бериш эмас, балки қилган амалларини танқид қилиш, қоралаш учун айтилади. Чунки ўзларининг васвасаси ва иғволарига учган одам болалари кўп эканини жинлар яхши биладилар. Аллоҳ таоло бу гапни жинларга айтган бўлса ҳам, жавобини ўша жинларга эргашган, уларга валий-дўст бўлган одамлар беради:
«Уларнинг инсдан бўлган дўстлари: «Эй, Роббимиз, биз бир-биримиздан ъузур топдик ва бизга белгилаган ажалингга етиб келдик», дерлар».
Демак, жинлар одамларни йўлдан уриб, иғво қилиб, ёмон йўлга юргизиб ҳузур-ҳаловат олган ва роҳатланганлар. Жинлар фитнасига учиб кофир ва гуноҳкор бўлган одамлар эса улар зийнатлаб кўрсатган, ҳавою нафсни қондирувчи ишларни бажариб ҳузур қилганлар. Булар иродаси заиф, ғофил, ҳавою нафсга берилган, шаҳватпараст одамлар бўлганлар. Шайтон уларнинг ушбу заиф жойларидан тутиб, иғвосига учирган ва ўзига малай қилиб олиб, ҳар кўйга солган, бу дунёда мақсадларига эришиш йўлида улардан фойдаланиб ҳузур қилган.
Шайтонга малай бўлган инсонлар у зийнатлаб кўрсатган мафкураларни ўзиники қилиб, беш кунлик ҳаётларида ҳавою нафсини қондириш йўлида ошкора ва махфий гуноҳларни ишлаб, ўзларича ҳузур қиляпмиз, деб юраверганлар. Улар ҳаётларини шундай қилиб ўтказганлар. Энди эса ҳамма нарсани тушуниб етиб:
«...бизга белгилаган ажалингга етиб келдик», деб турибдилар.
Етиб келишгани аниқ. Ана энди улардан ҳар бири, ҳам инси, ҳам жини ўз қилмишига яраша адолатли жазосини топади.
«У зот: «Қайтар жойингиз дўзахдир. Магар Аллоҳ хоҳласа (қолмайсиз)», дер».
Бу ҳол оқибати сизга у дунёда ҳам айтилган эди. Аммо қулоқ солмадингиз. Мана энди ўша айтилган жазо муқаррар бўлди. Сизнинг маконингиз оловли дўзах бўлади. Фақат, иродаси чексиз Аллоҳ бошқа нарсани хоҳласагина, абадий бўлмаслиги мумкин.
«Албатта, Роббинг ҳикматли ва билимли зотдир».
Унинг ҳар бир иши ҳикматдан ҳоли эмас. У ҳамма ишини билим ила қилади.
Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида: «Роббингнинг: «Жаҳаннамни, албатта, жинлар ва одамлар билан тамомила тўлдирурман», деган сўзи батамом бўлди», деган (119 - оят).
8. Жинларга катта куч, маҳорат ва имконият берилган.
Аллоҳ таоло «Сод» сурасида қуйидагиларни айтади: «Бас, Биз унга шамолни бўсундирдик, у ирода қилган томонга майин эсаверади. Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам. Ва бошқаларини ҳам кишанланган ҳолда тўплаб (бўсундирдик), (36-38-оятлар).
Ушбу уч оятда Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга хос қилиб берган нарсалари зикр этилмоқда.
«Биз унга шамолни бўсундирдик...»
Сулаймон алайҳиссалом нимани истаса, шамол шу истакка сўзсиз бўсунадиган бўлди.
«...у ирода қилган томонга майин эсаверади».
Бу иш Аллоҳ таолога жуда осондир. Чунки Сулаймон алайҳиссалом ҳам, шамол ҳам Аллоҳ яратган махлуқдир, Аллоҳнинг иродаси остидаги халқдир. Шулардан бирини иккинчисига бўсундириб қўйиш Аллоҳ учун иш эмас.
«Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам» бўсундириб қўйдик. Бинокор шайтон-жинлар у кишининг амрига бўсуниб, оддий одамларнинг қудрати етмайдиган улкан қасрлар қуриб беришар эди. Ғаввос шайтонлар эса денгиздан дуру маржонлар териб беришарди.
«Ва бошқаларини ҳам кишанланган ҳолда тўплаб (бўсундирдик)».
Яъни, бошқа ўзбошимча шайтон-жинлар кишанланиб, иккита-иккита ёки кўпроқ ҳолда бир-бирларига жамланиб, Сулаймон алайҳиссаломга бўсундирилган эди. Улар Сулаймон алайҳиссалом хоҳлаган ишларни бажо келтиришарди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига бир куни: «Бугун кечаси жинларни ушлаб боғлаб қўйган эдим. Биродарим Сулаймоннинг: «Эй, Роббим, менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган мулкни ҳадя этгин», деган гапини эслаб, қўйиб юбордим, йўқса, сизлар ҳам уларни кўрар эдиларингиз», деганлар.
Аллоҳ таоло «Намл» сурасида: «Жинлардан бўлган Ифрит: «Мен уни сенга мақомингдан тургунингча келтирурман. Албатта, бунга қувватим ва ишончим бор», деди», деган (39-оят).
Араб тилида ёмонликда учига чиққан ва қувватли жин-шайтон «ифрит» дейилади. Бу сўз шайтонга ўхшаш одамга ҳам ишлатилади.
Аллоҳ таоло «Сабаъ» сурасида қуйидагиларни айтган: «У(жин)лар унга меҳроблар, ҳайкаллар, ҳовузлар каби лаганлар ва собит қозонлардан хоҳлаганини қилиб беришар эди», (13 - оят).
Аллоҳ таоло томонидан Сулаймон алайҳиссаломга бўсундирилган жинлар у кишига меҳроблар, яъни, улкан ибодатхоналар қуриб берар эдилар.
«...ҳайкаллар..»
Турли нарсаларнинг ҳайкалларини ҳам ясаб берардилар.
«...ҳовузлар каби лаганлар...»
Таом ейдиган лаганлари ҳовуз каби катта бўлар эди. Ўша вақтда шунга эҳтиёж бўлса керак. Шунингдек, одамлар бажара олмайдиган ишларни қиладиган жинлар ҳақиқатда ҳам Сулаймон алайҳиссаломга мўъжиза сифатида кўрсатилган бўлиши мумкин.
«...ва собит қозонлардан хоҳлаганини қилиб берар эдилар».
Тоғ каби собит қозонларни Сулаймон алайҳиссаломга ясаб бериш ҳам жинларнинг вазифасига кирар эди. Улар Сулаймон алайҳиссалом хоҳлаган ишни бажарар эдилар.
9. Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлишларидан олдин жинлар осмондаги фаришталарнинг гапини ўғирликча эшитиб олиб, инсдан бўлган ўз яқинларига етказиб турар эдилар.
Аллоҳ таоло «Жин» сурасида қуйидагиларни айтади: «Ва, албатта, биз осмон(етиш)ни талаб қилдик. Бас, уни кучли қўриқчиларга ва учқунларга тўлган ҳолда кўрдик. Ва, албатта, биз у(осмон)да тинглашга қулай жойларга жойлашиб олар эдик. Энди эса ким қулоқ солса, ўзини пойлаб турган учқунга дучор бўладир», (8-9-оятлар).
Яъни, жинлар осмонга аввалгидек ғайб хабарларни ўғирлиқча эшитиш, кишилар тақдирини билиш учун кўтарилганда тамоман бошқа ҳолатга дуч келганликларини айтмоқдалар.
Чунки жинлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлгунларича осмонга чиқиб, ўз ҳожатларини раво қилиб қайтардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий кела бошлагач, осмонни кучли фаришталар қўришга ўтдилар ва жинларни турли жойлардан учқунлар билан қувиб ҳайдадилар. Оятда жинларнинг ана шу ҳолатига ишора қилинмоқда. Иккинчи бир жиҳати бу оят жинлар бизнинг ер куррамиздан ташқарида ҳам ҳаёт кечириш хусусиятига эга эканлигига далилдир.
10. Жинларнинг таом емоқлари ҳам бор. Аммо уларнинг таомланиши қандоқ ва унинг моҳияти нима эканлигини билмаймиз.
Имом Муслим ва Термизийлар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тезак билан ҳам, суяк билан ҳам истинжо қилманглар. Улар сизнинг жин биродарларингизнинг зодидир», деганлар.
Имом Абу Довуд Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига жинлар ҳайъати келганда:
«Эй, Аллоҳнинг расули, умматингизни суяк, тезак ва кўмир билан истинжо қилишдан қайтаринг. Аллоҳ бизнинг ризқимизни ўшаларда қилган», дейишди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни ўша нарсалардан наҳий қилдилар».
11. Жинлар турли шаклларга, мисол учун илон шаклига кириш имконига эгадирлар. Бу ҳақиқат ҳадиси шарифларда собит бўлган. 
Бир ривоятда: «Албатта, Мадинада жинлардан бир гуруҳи исломга келган эдилар. Ким ушбу уйларда яшовчи-(илон)ларни кўрса, уч марта изн берсин. Агар ундан кейин ҳам кўринса, ўлдирсин! Чунки, у, албатта, шайтондир», дейилган.
Бошқа бир ривоятда: «Албатта, бу уйларнинг обод қилувчилари бордир. Улардан бирортасини кўрсангиз, уни уч марта огоҳлантиринг. Кетса, кетди. Бўлмаса, ўлдиринг! Чунки у кофирдир», дейилган.
Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилган.
Қадимда кишилар яшайдиган уйлар табиий ҳолатга жуда яқин бўлган. Оддий ва содда бўлиши билан бирга ҳамма ёғи беркитилиб ташланмаган ҳам. Шу маънода турли жониворлар кириб чиқиши, баъзиларининг деворлар орасида, шифтда ёки бошқа жойларда яшаб қолиши ҳам оддий ва табиий бир ҳолат бўлган. Яқин-яқинларгача бу ҳолат бор ва кўп эди. Ҳозир ҳам баъзи чет жойларда бўлиши мумкин. Ушбу ҳадисда ана ўша ҳолдаги илонларга бўладиган муносабат ҳақида сўз кетмоқда.
Нима учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларда бўладиган илонларни аввал уч марта огоҳлантиришга амр қилдилар?
Бу саволга ривоят охирида келган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари жавоб бўлади:
«Албатта, Мадинада жинлардан бир гуруҳи исломга келган эдилар. Ким ушбу уйларда яшовчи-(илон)ларни кўрса, уч марта изн берсин. Агар ундан кейин ҳам кўринса, ўлдирсин! Чунки, у, албатта, шайтондир».
Демак, ўша Мадинада Исломга келган жинлар илон шаклида баъзи бир уйларда пайдо бўлиши мумкин экан. Илонни уйда кўрган одам уни дарҳол ўлдирса, ўша мусулмон жинлардан бирини ўлдириб қўйиш эҳтимоли бор экан.
Агар инсон илонни уйда кўргандан кейин огоҳлантирса, ўша илон мусулмон жин бўлса, у ердан кетар, қайтиб кўринмас экан.
Аммо уч марта огоҳлантиргандан кейин ҳам келаверса, мусулмон жин эмас, ҳақиқий илон бўлар ва уни ўлдирса жоиз экан.
Уйда бўладиган илонлардан икки хилини; думи кесик ва ортида икки қора чизиғи борини огоҳлантирмай ўлдираверишнинг нима ҳикмати бор?
Афтидан, мусулмон жинлар ўша васфга эга илон шаклига кирмасалар керак.
Қолаверса, мазкур илонларнинг иккиси, кўзни кўр қилар, ҳомилани туширар экан.
Улар ўта заҳарли, тезкор ва одамга ҳамла қиладиган бўлиб, инсоннинг кўзига қараб сапчир эканлар. Эҳтиёт бўлмаган одамнинг кўзи зарар тортиши мумкин экан. Шунингдек, у илонларнинг даҳшатидан қўрққан ҳомиладор аёлларнинг ҳомиласи тушиб кетиш эҳтимоли ҳам кучли экан.
Абу Лайло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйлардаги илонлар ҳақида сўралдилар. Бас, У зот: «Агар улардан бирортасини масканларингизда кўрсангиз, Нуҳ сиздан олган аҳднома ҳурмати, Сулаймон сизлардан олган аҳднома ҳурмати бизга озор бермаслигингизни сўрайман, десин. Яна қайтиб келсалар, уларни қатл қилинглар», дедилар».
Сунан эгалари ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда ҳам уйлардаги илонлар мусулмон жинлар бўлиши эҳтимоли риоя қилингани кўриниб турибди.
Демак, улар уйда кўрилганда боболари Нуҳ ва Сулаймон алайҳиссаломларга берган аҳдномани эсларига солмоқ керак экан.
Бундан Нуҳ алайҳиссалом жинларни нажот кемасига чиқаришдан олдин улардан одам боласига ёмонлик қилмаслик ҳақида аҳднома олганликлари келиб чиқади.
Шунингдек, Сулаймон алайҳиссалом ҳам ўзларига жинлар хизматкор қилиб берилганда, улардан одам болаларига ёмонлик қилмаслик ҳақида аҳднома олганликлари билинади.
Демак, уйда илон кўрган одам ўша аҳдномаларни эслатганда ўша кўринган нарса мусулмон жин бўлса, озор етказмайди ва қайта кўринмайди. Агар ул кўринган нарса мусулмон жин эмас, оддий илон бўлса яна кўринади ва уни ўлдираверса бўлади.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу:  «Илонларнинг ҳаммаси, худди кумуш таёққа ўхшаш оқ илондан бошқасини ўлдиринглар», деди».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Ушбу ривоятда васф қилинган худди кумуш таёққа ўхшаш оқ илон мусулмон жин эканлигида шубҳа йўқ экан. Яъни, уйдаги илон оппоқ бўлиб, букилмасдан тўғри юрса, у илон эмас, мўмин-мусулмон жин бўлиши аниқ экан. Шунинг учун уни ўлдириш мутлақо мумкин эмас экан.
Уйларда бўлувчи илонларга бўладиган муносабатлар ҳақидаги ривоятларни жамлаб, хулоса чиқарадиган бўлсак, уч хил бўлар экан:

 1. Тўғри юрадиган оппоқ илонга тегиш керак эмас.
2. Думи кесик ва ортида икки қора чизиғи бор илонларни дарҳол ўлдириш керак.
3. Бошқа турдаги илонларни олдин уч марта огоҳлантириб, яна уйда пайдо бўлса, кейин ўлдириш керак.

              Уйдан бошқа жойда кўринган ҳар қандай илонни ўлдирса, бўлади.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда: «Илонларнинг барчасини ўлдиринг! Ким уларнинг ўч олишидан қўрқса, мендан эмас», дейилган.
Бу ривоятни бизнинг диёрларимизда ҳам, илон нима қилиб бўлса ҳам, ўчини олар эмиш, деган хурофотлар борлигидан келтириб қўйдик.
Хулоса тариқасида айтиш лозимки, бир вақтлар ушбу гапларга ўхшаш гап-сўзларни бидъат-хурофот, илмсизлик ва бошқа турли сифатлар билан сифатлаб масхара қилинар эди. Кейинчалик эса ўша масхара қилувчи тарафлар ўзлари ҳақиқий хурофотларни: космосдан келган келгиндилар, барабашлар, учар ликопчалар ва бошқа-бошқаларни гапириб, дунёни хурофотга тўлдириб ташладилар.
12. Жинларнинг одамлар жисмига таъсири борми?
Баъзи бир ёмон жинларнинг одамларга таъсири бўлиши мумкин, дейди уламоларимиз. Бунда кўпроқ одамнинг ўзи айбдор бўлади. Жинлар одамлардан ўзларига ишонганларига, васвасага учганларига, хаёлида турли салбий ҳолатларни ўйлаб юрганларига, жинлардан ёрдам сўраганларига, Аллоҳ таолонинг зикридан ва Қуръони Карим тиловатидан ғофил бўлганларига, жинлардан сақланиш учун ўқилиши лозим бўлган дуоларни ўқимай юрганларига тегишлари мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга жинлардан қандай сақланиш мумкинлигини ўргатганлар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳодисани ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини сақлашга вакил қилдилар. Биров келиб тўпланган егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Уни ушлаб: «Ҳозир сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бораман», дедим.
«Мени қўйиб юбор, бола-чақам бор, жуда ҳам муҳтожман», деди. Уни қўйиб юбордим.
Тонг отганда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳой, Абу Ҳурайра! Кечаги асиринг нима қилди?» дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, жуда ҳам муҳтожлигидан, бола-чақасининг кўплигидан шикоят қилувди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим.
У киши алайҳиссалом:
«Сенга ёлғон гапирган бўлиб, қайтиб келса-чи?» дедилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг «қайтиб келса-чи», деганларидан унинг яна келишини билдим ва пойлаб турдим.
У келиб, яна егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Уни тутиб олдим ва:
«Сени Расулуллоҳнинг олдиларига олиб бораман», дедим.
«Мени қўйиб юбор, бола-чақам бор, жуда ҳам муҳтожман», деди. Раҳмим келиб, уни қўйиб юбордим.
Тонг отганда, Пайғамбар алайҳиссалом:
«Ҳой, Абу Ҳурайра, кечаги асиринг нима қилди?» дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, жуда ҳам муҳтожлигидан, бола чақасининг кўплигидан шикоят қилувди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим.
У зот алайҳиссалом: «Сенга ёлғон гапирган бўлиб, қайтиб келса-чи?» дедилар. Учинчи марта пойлаб туриб, яна ушлаб олдим ва: «Энди уч марта бўлди, сени албатта, Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб бораман. Ҳар сафар қайтиб келмайман, деб яна келасан», дедим.
«Мени қўйиб юборсанг, Аллоҳ сенга манфаат берадиган сўзларни ўргатиб қўяман», деди.
«Улар қандай сўзлар?» дедим.
«Кўрпангга кириб ётганингда, «Оятул курсий»ни ўқисанг, Аллоҳ тарафидан сени қўриқчи қўриб турадиган бўлади. Тонг отгунча сенга шайтон яқинлашмайди», деди.
Эртасига Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ўзи ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост гапирибди», дедилар ва:
«Уч кундан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй, Абу Ҳурайра?» дедилар.
Мен, йўқ, девдим, у киши алайҳиссалом:
«Ўша шайтондир», дедилар».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Фалақ» ва «Нас» сураларини ўқиб, дам солиб юриш ҳақида кўплаб ривоятлар ворид бўлган. «Нас» сурасининг ўзида жинларнинг ёмонлигидан паноҳ сўраш очиқ-ойдин айтилган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки, халога кирсалар: «Аллоҳумма аъузу бика минал хубуси вал хабоиси» - («Эй, бор Худоё, сендан эркагу урғочи ифлослар (шайтонлар)дан паноҳ тилайман)», дер эдилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу дуони хало очиқ жойда бўлса, қазои ҳожатга тайёрланаётган вақтда, махсус жойда бўлса, унга киришдан олдин ўқиш керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуони доимо ўқир эдилар.
Эркак ва урғочи шайтонлардан паноҳ тилашнинг ҳикмати шулки, одатда хало жойида Аллоҳнинг номи зикр этилмагани учун эркак-урғочи шайтонлар у жойни ўзига қароргоҳ қилиб олган бўлади. Аллоҳдан паноҳ сўрамай кирган одамга зарар етказишлари мумкин.
Шунинг учун ушбу ҳадисдаги дуони ёдлаб олиб, халога киришдан олдин ўқишни одатга айлантириш ҳар бир киши учун зарурдир.
13. Жинлар одамларга илм ўргатиши ёки хабар етказиши мумкинми?
Жинкашларга жинлар ўргатадиган нарса ва хабарлар асосан ёлғон - яшиқ ва тахминий нарсалар бўлади. Гоҳида тасодифан тўғри келиб қолиши ҳам мумкин. Аммо асосан нотўғри гаплар ва нарсалар бўлади.
Аллоҳ таоло «Шуаро» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Сизларга шайтонлар кимга тушишини айтиб берайми? Улар ўта уйдирмачи ва ўта гуноҳкорларга туширлар. Улар (шайтонларга) қулоқ осарлар. Ва уларнинг кўплари ёлғончилардир» (221-223 - оятлар).
Шайтонлар уялмай ёлғон гапирадиган, гуноҳлардан тап тортмайдиган шахсларга тушади. Ундай кишилар воқеъликда мавжуд. Араб мушриклари буту санамларининг мутасаддилари бўлмиш коҳинлар бунга мисол бўлади. Улар фолбинлик этар, шунингдек, ўзларига жинлар хабар келтиришини даъво қилар эдилар. Жинлар келтирган бир ёлғон уйдирмага ўнни қўшиб одамларга етказардилар. Шунинг учун улар оятда ўта уйдирмачи, ёлғончи, деб сифатланмоқда.
Айни чоқда, ўша коҳинлар ўз манфаатлари йўлида ҳеч қандай гуноҳдан қайтмас эдилар. Шунинг учун ҳам улар оятда ўта гуноҳкорлар, деб васф қилинмоқда.
«Улар (шайтонларга) қулоқ осарлар. Ва уларнинг кўплари ёлғончилардир».
Яъни, ўша ўта уйдирмачи ва ўта гуноҳкорлар шайтонларга қулоқ осадилар. Уларнинг кўпи ёлғончилардир.
Шунинг учун фуқаҳоларимиз, ким жинлар билан гаплашишини даъво қилса, унинг гувоҳлиги қабул қилинмайди, деган ҳукмни чиқарганлар. Бу эса жин билан алоқаси бор одам пасткаш одамга айланади деганидир.
14. Жинлар ғайб илмини биладиларми?
Бу саволнинг жавобини Қуръони Каримдан оламиз. Аллоҳ таоло «Сабаъ» сурасида қуйидагиларни айтади: «Қачонки, Биз у(Сулаймон)га ўлимни ҳукм этганимизда, уларга унинг ўлими ҳақида асосини еяётган ёғоч қуртидан бошқа ҳеч бир нарса далолат қилмади. Қачонки, у йиқилганда, жинларга, агар улар ғайбни билганларида, хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди» (14 - оят).
Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг жонларини у киши жинларни ишлатиб қўйиб, асоларига суяниб турганларида олган. Жинлар эса Сулаймон кузатиб турибди, деб қўрққанидан машаққатли ишларида давом этаверганлар. Аллоҳ таолонинг иродаси билан бир ёғоч қурти Сулаймон алайҳиссалом суяниб турган асони еб бошлаган. Қурт асони маълум миқдорда еганидан кейин асонинг таянч нуқтасига футур етиб, жойидан сурилган ва Сулаймон алайҳиссаломнинг жуссалари ерга йиқилган. Жинлар шундагина, ўз даъволарига қарши ўлароқ, ғайб илмини билмасликларини тушуниб етганлар. Ана шундагина жинларга:
«...агар улар ғайбни билганларида, хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди».
Ҳолбуки, одамлардан баъзилари ўша ожиз жинларга ибодат қилиб юрибдилар. Улар ғайбни биладилар, деб улуғламоқдалар.
15. Шайтонлар одамларнинг ақийдаси, иродаси ва амалини йўллаб туриши мумкинми?
Агар банда Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб юрса, бу мутлақо мумкин эмас нарса, жинлар унга қарши ҳеч нарса қила олмайди. Аммо одам боласи гумроҳ бўлиб, ўзи шайтоннинг малайи бўлиб олса, ўзидан кўрсин.
Аллоҳ таоло «Ҳижр» сурасида қуйидагиларни айтади: «Албатта, Менинг бандаларим устида сенинг султонинг йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳларгагина бордир» (42 - оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Иблисга хитоб қилиб, «Менинг мухлис бандаларимга сенинг ҳукминг ҳам, гапинг ҳам ўтмайди. Зийнатлашинг ҳам, йўлдан оздиришинг ҳам таъсир этмайди. Сенинг бу нарсаларинг фақатгина сенга эргашган, йўлдан адашган гумроҳларгагина ўтади ва таъсир қилади», демоқда.
Шайтон васваса қилишдан бошқага ярамайди. Ўша пайтда банда сергак бўлиб, ўзини ўнглаб олса, қутулиб қолади. Аммо банда ўзини шайтоннинг қучоғига отса, унга малайга айланиб қолиши ҳеч гап эмас.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида қуйидагиларни айтади: «Агар сенга шайтон томонидан санчиш санчилса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У яхши эшитувчи ва яхши кўрувчи Зотдир. Тақво қилувчилар, агар уларга шайтондан бир шарпа етса, албатта, зикр қиларлар, бас, кўрибсанки, улар (тўғри йўлни) кўрувчи бўлиб турибдилар. Ва у(шайтон)ларнинг биродарлари йўлдан оздиришда уларга мадад берарлар, сўнгра бунда тўхтамаслар» (200 -202 - оятлар).
Яъни, мабодо бирор кўнгилсизлик содир бўлиб, шайтон васваса қиладиган бўлса, қизишмасдан, дарҳол Аллоҳдан паноҳ сўра. У энг яхши эшитгувчи Зот, сўровингга дарҳол жавоб беради. У энг яхши кўргувчи Зот, ҳамма нарсани кўриб турибди. Ўзи билиб ҳисоб-китоб қилади.
«Тақво қилувчилар, агар уларга шайтондан бир шарпа етса, албатта, зикр қиларлар, бас, кўрибсанки, улар (тўғри йўлни) кўрувчи бўлиб турибдилар».
Шайтон нима қилганда ҳам васвасадан нарига ўта олмайди. Агар ўзича билиб ҳаракат қилса, ҳар бир инсон учун шайтоннинг васвасасидан қутулишнинг осон йўли бор. Бунинг учун у мўмин-мусулмон, тақводор бўлса бўлди.
«Тақво қилувчилар, агар уларга шайтондан бир шарпа етса, албатта, зикр қиларлар», (яъни, уларга шайтоннинг васвасаси етса, дарҳол Аллоҳни зикр қиладилар)
«бас, кўрибсанки, улар (тўғри йўлни) кўрувчи бўлиб турибдилар».
Аллоҳни зикр қилиш, ҳар доим эслаб юриш шайтонга қарши энг ишончли ва кучли қуролдир.
Демак, шайтондан бирор бир шарпа (васваса, иғво ва ғазаб) етиши жаҳолат, кўрлик ва нодонликка бошлайди. Аллоҳнинг зикри эса илм-маърифат, кўзи очиқлик ва оқиллик манбаидир.
Аммо шайтон биродарларининг аҳволи бошқача:
«Ва у(шайтон)ларнинг биродарлари йўлдан оздиришда уларга мадад берарлар, сўнгра бунда тўхтамаслар».
Шайтони лаъиннинг биродарлари тинмай иғво қиладилар, одамларни йўлдан оздиришга уринадилар.
Охиратда шайтон ўзига эргашганлардан тонади ва уларга таъсири ўтмаслигини тан олади. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг «Иброҳим» сурасида қуйидагилар айтилган: «Иш битиб бўлганда шайтон: «Албатта, Аллоҳ сизга ҳақ ваъдани қилган эди. Мен эса сизга ваъда бердим-у, ваъдамга хилоф қилдим. Менинг устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлигим йўқ эди. Фақат даъват қилсам, ўзингиз менга ижобат қилдингиз. Бас, мени маломат қилманг, ўзингизни маломат қилинг. Мен сизларни қутқарувчи эмасман, сизлар ҳам мени қутқарувчи эмассизлар. Энди, мен, албатта, илгари мени шерик қилганингизни инкор қиламан. Албатта, золимларга, ҳа, уларга аламли азоб бор», деди» (22 - оят).
Бу дунёда ҳар ишнинг бошида турган, ҳар қилмишга бош-қош бўлган лаънати шайтон у дунёда ҳамма иш битиб, ҳукм чиққандан сўнг пайдо бўлади. Бир-бирини маломат қилиб турган ўз атбоъларига қараб, сўз бошлайди:
«Албатта, Аллоҳ сизга ҳақ ваъдани қилган эди. Мен эса сизга ваъда бердим-у, ваъдамга хилоф қилдим».
Шайтон шайтонлигига боради. Иш тугаб бўлгандан кейин очиғини айтади. У дунёда кишилар қалбига васваса солган эди. Ҳеч нарса бўлмайди, ҳар кимнинг айтганига юриб ўзингни қийнама, бу беш кунлик дунёда ўйнаб қолмасанг, шуям ҳаётми каби аврашлар билан уларни адаштирган эди. Уларга турли ваъдаларни берган эди. Энди бўлса, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ, меники ноҳақ эди, деб турибди. Бунинг устига, ҳамма ишни қилиб қўйиб, яна бутун айбни ўзига эргашган, гапига кирганларга ағдаряпти:
«Менинг устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлигим йўқ эди. Фақат, даъват қилсам, ўзингиз менга ижобат қилдингиз».
Ўйлаб кўрмайсизми? Чақирса, кетаверасизми? Мен мутлақо сизларнинг устингизда ҳоким эмас эдим. Сизни куфрга, исёнга чақирган вақтимда менинг гапимга кирмасангиз, сизга қарши ҳеч нарса қила олмас эдим. Илло, ўзингиз хоҳлаб менинг гапимга кирдингиз, айтганимни қилдингиз. Шунинг учун:
«Бас, мени маломат қилманг, ўзингизни маломат қилинг».
Айб ўзингизда. Бу ноқулай ҳолга тушиб қолганингиз учун фақат ўзингизни айбланг. Менга осилиб юрманг.
«Мен сизларни қутқарувчи эмасман, сизлар ҳам мени қутқарувчи эмассизлар».
Ҳар ким қилганига яраша тортаверади. Аммо:
«Энди, мен, албатта, илгари мени шерик қилганингизни инкор қиламан».
Сизларга, мени Аллоҳга шерик қилиб олинглар, унинг айтганини эмас, менинг айтганимни қилинглар, деганим йўқ. Бу гапни айтсангиз, мен инкор этаман. Сизлар мени Аллоҳга шерик қилиб олиб катта зулм қилгансизлар.
Мўмин-мусулмон инсоннинг Қуръонда келган ҳар бир хабарга иймон келтириши фарз. Худо кўрсатмасин, Қуръондаги бирор хабарга шубҳа билан қараш, ишонмаслик кофирлик бўлади.
Шундан келиб чиқилса, жин ҳақида Қуръонда оят келиши уларнинг борлигига иймон келтиришни барча мусулмонларга фарз қилади. Шундай экан, бироз тўлароқ тушуниш учун бу борада баъзи маълумотларни ўрганиб қўймоғимиз зарур.
Маълумки, дунё сиру асрорларга тўла. Биз ҳали моҳиятини, сифатини, таъсирини билмайдиган ҳодисалар атрофимизда тўлиб-тошиб ётибди. Бирор нарса кўзимизга кўринмаса, уни йўқ дейишга ҳаққимиз йўқ. Ҳар куни янги нарсалар, махлуқотлар кашф этиляпти. Кеча билмаган нарсаларимиз бугун кашф этилса, биз уни йўқ эди дея олмаймиз. Балки, кеча бу бор нарсани биз билмас эканмиз, деймиз. Ҳозирги кунда ўтган аждод билмаган, хаёлига ҳам келтирмаган қанчадан-қанча нарсаларни биляпмиз. Албатта, биз билган нарсалар, кейинги авлодлар учун ўйинчоққа ўхшаб қолади. Бу нарсалар Аллоҳ таоло инсонга берган қобилиятлар ёрдамида кашф қилинмоқда, буларнинг ҳаммаси инсон идроки чегарасидаги нарсалардир. Келажакда яна кўп нарсалар кашф этилиши турган гап. Демак, бирор нарсани бор ёки йўқ деб жазм ила ҳукм чиқариб юборишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Биз бандалар идрокимиз етмайдиган нарсаларни Аллоҳ таолонинг Ўзи кашф этиб берса шукр қилиб қабул этмоғимиз лозим. Масалан, жинга ишониш масаласида ҳам Аллоҳ таоло Ўз каломида сиз билан бизга жинлар ҳақида маълумот берган экан, уни ихлос билан қабул этиб, ишониб, иймон келтирмоғимиз лозим.
Аллоҳ таолонинг бизга билдиришича, жин деб аталган махлуқот бор, у оловдан яратилган. Иблис ҳам жинлардан ҳисобланади. Жинлар одамларни кўради, одамлар уларни кўрмайди. Жинларнинг ҳам инсонларга ўхшаш жамоатлари, қабилалари, гуруҳлари бор. Улар ҳам ер куррасида яшаш қобилиятига эга. Бошқа сайёраларда яшаш имконлари ҳам мавжуд. Залолатга кетган инсонларни йўлдан оздириб, фикрларига таъсир ўтказишлари мумкин. Инсоннинг овозини эшитиб, тилини тушунишади. Уларнинг ичида мусулмонлари ҳам, кофирлари ҳам бор.
Жинларнинг Қуръон тинглаганликлари ҳақидаги ривоятларни синчиклаб ўрганиб чиққандан сўнг маълум бўладики, айнан шу сафар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари, жинлар у зотнинг тиловатларига қулоқ осганидан ва ундан кейинги гаплардан бехабар бўлганлар. Фақат Аллоҳ таоло оят тушириб хабар берганидан сўнг билганлар. Аммо ушбу воқеадан сўнг жинлар яна келиб тинглашганда, Пайғамбар алайҳиссалом бу галгисини билиб турганлар.
Имом Муслим қилган ривоятда, бир куни саҳобалар Пайғамбаримиз алайҳиссаломни йўқотиб қўйиб, хижолат бўладилар. Биров бир нарса қилдимикан ёки бирор ҳодиса бўлдимикан, деб водийларни, тепаликларни қараб, ахтариб чиқадилар. Кечаси билан хавотирда тонг оттирадилар. Тонг отганидан сўнг у зотни Ҳиро ғори томонидан келаётганларини кўрадилар. Олдиларига бориб, сизни йўқотиб қўйиб ахтардик, топа олмай тунни безовта ўтказдик, дерлар. Пайғамбар алайҳиссалом эса: «Жинларнинг вакили келувди, бирга бориб уларга Қуръон ўқиб бердим», деб жавоб берадилар ва саҳобаларни етаклаб бориб, жинларнинг изларини ва гулханларининг қолдиқларини кўрсатадилар.
Биз бу ҳодисанинг қисқача баёнини келтирдик. Ровийлар улуғ саҳобий Абдуллоҳ Ибн Масъуддан ривоят қиладиларки: «Расулуллоҳ бир куни саҳобаларга, ким жинлар ишига ҳозир бўлишни истаса, бу кеча марҳамат қилсин, дедилар. Мендан бошқа ҳеч ким бормади. Юриб бориб Макканинг юқорисига етганимизда оёқлари билан менга чизиқ чизиб бердилар-да, шундан чиқмай ўтир, дедилар. Ўзлари узоқроқ бориб Қуръон ўқий бошладилар. Бир зумда у кишини қора нарсалар ўраб, икковимизнинг орамизни тўсиб қўйди, мен овозларини ҳам эшитмай қолдим. Сўнгра ҳалиги қора нарсалар булутга ўхшаб парча-парча бўлиниб, тарқаб кета бошлади. Фақат бир бўлаги қолганда Расулуллоҳ бомдод намозини тугатдилар, бориб таҳорат ушатдилар ва менинг олдимга келиб, ҳалигилар нима қилди, деб сўрадилар. Мен, ҳов ана, туришибди, дедим. Пайғамбар алайҳиссалом уларга суяк ва тезакни бердилар. Бизни эса суяк ва тезак билан истинжо қилишдан қайтардилар».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақолаРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳеч бир бандага .Мен Юнус ибн Маттодан яхшиман,, дейиш тўғри келмайди,, деганлар. Яъни Юнус алайҳиссаломдан давоми...

4629 19:30 / 06.01.2020
Аллоҳнинг борлигига ишонган одам У зотни яхши таниши ҳам керак. Ақоид илми истилоҳи билан айтганда маърифат ҳосил қилиши лозим. Бу маърифат эса Аллоҳ таолонинг давоми...

257828 23:45 / 02.12.2016
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам.Ушбу умматнинг охирида ер ютиш, бошқа ҳолга айлантириш ва тошбўрон қилиш бўлади,, давоми...

4562 00:14 / 02.12.2016
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Алиф лам мим. Аллоҳ ndash Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қойюмдир, Оли Имрон сураси, 12оятлар. .Барча давоми...

858 19:00 / 15 июль
Аудиолар

135081 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55358 14:35 / 11.08.2021