1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Фаришталарга иймон келтириш

22:39 / 02.12.2016 6683 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом мусулмонларни фаришталарга иймон келтиришга чақиради. Бу Иймон руҳий ҳаётнинг асосидир. Бундай ҳаёт эса кишиларни фақат яхшиликка ундайди. Бундан мақсад, инсонни камолот чўққисига олиб чиқишдир. Шунинг учун ҳам фаришталарга иймон келтириш Ислом динининг асосларидан биридир. Қуръон инсон тупроқдан, жинлар ўтдан яратилганини айтиб ўтган. Лекин фаришталар нимадан яратилганини пайғамбаримиз ўз ҳадисларида «фаришталар нурдан яратилгандур», деб баён қилганлар. Шундан кўриниб турибдики, улар латиф, кўзга кўринмайдиган, ушлаб бўлмайдиган нарсадан яратилган экан. Агар биз фаришталарни кўзимиз билан кўрмасак ҳам, ақлимиз уларнинг борлигини инкор этмайди. 

Ҳозирги замон илмий тажрибаларидан сўнг аён бўлдики, инсоннинг кўзи нур тезлигидан секинроқ ҳаракат қиладиган нарсаларнигина кўрар экан. Нур тезлигида (186 минг мил) ҳаракат қиладиган барча нарсаларни инсон кўриши асло мумкин эмас экан. Қолаверса, ҳеч бир асбоб билан ҳам кўриб бўлмас экан. Шундай экан, нурдан яратилган фаришталар нур тезлигида ҳаракат қилса, уларни қандай кўриб бўлади. Инсон ўзи кўришга қодир бўлмаган нарсаларнинг барини йўққа чиқаравериши ҳам ақлдан эмас. Олимлар бугунги кунда инсон барча нарсани билиб олди деб даъво қилаётганлари йўқ, Деярли ҳар куни янги бир илмий кашфиёт бўлиб, инсон билмаган нарсалар юзага чиқмоқда. Шу янги пайдо бўлган нарсалар аввал йўқ эди-ю, инсон кашф этгандан сўнг вужудга келди ёки пайдо бўлди десак адолатданми?

ФАРИШТАЛАРНИНГ ИШЛАРИ

 Фаришталар инсонлардан фарқ қилади. Уларнинг ўз ихтиёрлари йўқ, улар доимо Аллоҳга итоат қиладилар, исён қилишга имконлари йўқ. Қуръони Каримда шундай дейилган:
«Осмонлару ердаги барча жонзотлар ва фаришталар фақат Аллоҳга сажда қилурлар. Улар мутакаббирлик қилмаслар. Улар устиларидаги Роббиларидан қўрқурлар ва ўзларига амр қилинган нарсаларни қилурлар» («Наҳл» сураси, 49-50-оятлар).
Фаришталар бажарадиган ишларнинг энг аҳамиятлиси, Аллоҳнинг ваҳийсини пайғамбарларга етказишдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръон оятларини келтирган фариштанинг исми Жаброилдир. Қуръон уни «Руҳул Амин» ва «Руҳул Қудус» деб ҳам атайди. Фаришталарнинг вазифаларидан яна бири пайғамбарларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг оғирини енгил қилишдир. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло Ийсо пайғамбарни Руҳул Қудус фаришта билан қўллаб-қувватлаганини айтиб ўтади. Шунингдек фаришталар тақводор мўмин-мусулмонларни ҳам қўллаб-қувватлаб, уларни тўғри йўлга илҳомлантирадилар. Шунингдек, фаришталар мўминн-мусулмонларнинг жонини озор етказмай олишда ҳам иштирок қиладилар. Бу санаб ўтилган ишлардан ташқари, фаришталарнинг бошқа вазифалари ҳам кўпдир.
Қуръони Каримда айтилишича, Аллоҳ таоло инсонга бир неча фариштани бириктириб қўйганки, улар инсоннинг қилган ишларини ёзиб борадилар. Ўнг томондаги фаришта яхшиликларни, чап томондагиси ёмонликларни ёзиб боради. Агар инсон шу нарсага ишонса, дунёда ҳеч ёмонлик қилмайди.
Аллоҳ таоло «Қоф» сурасида:
«Вақтики икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар», деган (17-18 оятлар).
Демак, инсоннинг икки тарафида икки фаришта жойлашган ва улар инсоннинг ҳар бир амали ва сўзларини кутиб олади. Оятда уларни «икки кутиб олувчи», деб айтмоқда.
«Вақтики икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар».
Мазкур фаришталар содир бўлган барча ҳодисаларни ёзиб боришга вакил қилинганлар.
«Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар».
Биз «ҳозиру нозир» деб таржима қилган икки фариштанинг арабча номи «Рақиб ва Атийд»дир. Инсоннинг оғзидан чиққан битта лафз ҳам уларнинг нарзларидан четда қолмайди. Улар ҳамиша ҳозиру нозирдирлар, дарров ёзиб қўядилар.
Таъкидлаш лозимки, Аллоҳ таоло бандасининг амалларини ҳисоб-китоб қилишда бу икки фариштанинг ишига муҳтож эмас. Ўзи ҳамма нарсани комил илми ила билиб туради, ҳаттоки, аввалги оятларда айтилганидек, одамнинг ҳаёлидан ўтган нарсаларни ҳам билади. Мазкур фаришталарнинг ёзиб боришининг бошқа ҳикмати бор, қиёмат куни инсонга ҳужжат сифатида кўрсатиладиган намои аъмол ушбу фаришталар ёзган ёзувлар бўлади. Бунга иймон келтириш эса, ҳар бир банданинг кўпроқ яхшилик қилишга, ёмонликдан янада кўпроқ четланишига боис бўлади.
Ушбу мавзуда кўплаб ривоятлар келган, шулардан баъзилари билан танишиб чиқсак, тушунчаларимиз мукаммалроқ бўлади.
Али ибн Аби Толҳа Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладики, у зот:
«Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар» ояти ҳақида: «ҳар бир яхши ёмон гапи ёзиб борилади. Ҳаттоки, едим, ичдим, бордим, келдим, кўрдим кабиларни ҳам. Пайшанба куни унинг иши ва гапи арз қилинади, яхшилиги, ёмонлиги бори қолдирилиб, қолгани ташлаб юборилади», деган эканлар.
Имом Ҳасан Басрий «...ўнгда ва чапда ўтирган ҳолда» оятини ўқиб туриб:
«Эй, одам боласи, сенинг саҳифанг очилди, икки ҳурматли фаришта сенга вакил қилинди, биттаси ўнг тарафингдаги яхшиликларингни ёзади, иккинчиси чап тарафингдаги ёмонликларингни ёзади, нимани хоҳласанг қилавер, озми, кўпми. Вафот этганингда, саҳифанг беркитилади, қабрингда бўйнингга осиб қўйилади. Қиёмат куни шундай ҳолда ҳабрингдан чиҳасан...» деган эканлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўлим тўшагида инграб ётганларида, Товус розияллоҳу анҳудан: «Фаришта ҳар бир нарсани, ҳатто инграшни ҳам ёзади», деган ривоятни эшитибдилару дарҳол инграшни тарк этиб, шу билан то жон таслим қилгунича инграмаган эканлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ халойиқнинг тақдирини осмонлару ерни халқ қилишидан давоми...

4468 17:00 / 21.06.2021
Оламнинг Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Унинг Расули Муҳаммадга салот ва саломлар бўлсин. У зоти шариф Роббисининг ваҳийсини одамларга етказди, давоми...

35868 17:04 / 08.01.2017
биринчи мақолаАҳли жаннат учун Аллоҳни кўриш ҳақдир. У кўриш иҳотасиз ва кайфиятсиздир. Худди Роббимиз Китоби нутқ қилганидекдир .У Кунда яшнар юзлар бор ndash давоми...

8147 13:10 / 25.05.2020
Қуёшнинг ўзининг одатда ботадиган томонидан чиқиши ҳам қиёматдан олдин бўладиган катта аломатлардан биридир. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан давоми...

3295 19:00 / 19.03.2023