1446 йил 7 рабиъус сони | 2024 йил 10 октябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Албатта, шайтон душмандир

05:00 / 07.12.2016 5030 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайтон бани Одамнинг ҳаммасига душманлик қилишга сўз берди. Шундан бери одамзотга янги туғилган пайтдаёқ биринчи ҳужумини қиладики, бу билан уни сулҳ-келишувсиз, шафқатсиз урушдан огоҳ этади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: «Бани Одамнинг ҳаммаси туғилган пайтда икки ёнига шайтон икки бармоғини ниқтайди. Магар Исо ибн Марямга ниқтамоқчи бўлганда, бармоғи йўргакка тегади» (Имом Бухорий ривояти).
Шундан чақалоқ чинқириб йиғлайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу нақл қилишларича Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Туғилган ҳар бир болани шайтон ниқтайди, бас бу ниқтовдан у чинқириб йиғлайди. Бундан фақат Ибн Марям ва онаси мустасно».
Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: «Туғилгандаги чақалоқнинг чинқириши шайтоннинг васвасасидандир» (Имом Муслим ривояти).
Шайтоннинг ниқтовидан фақат Исо (алайҳиссалом)нинг ўзлари омон қолганларми ёки ҳамма пайғамбарлар ҳам шундайми?
Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ), қози Иёз айтишларича, барча пайғамбарлар бу хусусиятда Исога шерикдирлар, дейдилар.

Тун намозига бепарволик

 Инсон тонг отгунча ухласа, озгина вақт бўлса-да, тунда туриб қойим бўлмаса, шайтоннинг унга бўлган ҳукмронлиги янада зиёда бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида тонг отгунга қадар ухлаган кишини гапирилганда: «Бу одамнинг икки ё бир қулоғига шайтон бавл қилиб қўйибди», дедилар. Мазкур ҳадис «Саҳиҳайн»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган.

Ҳофиз айтадилар: «Шайтоннинг бавли хусусида ихтилоф қилинган.

Қуртубий: «Бу ҳақиқий маънода ва бунга монеъ йўқ. Чунки шайтон ейди, ичади ва никоҳланади. Шундай экан бавл қилишига ҳам ишонса бўлади», деганлар.
Шайтоннинг бавли киноя экани ҳақидаги фикрлар қуйидагича:
- намозга турмай ухлаган кишининг қулоғини шайтон тўсиб қўядики, ҳатто зикрни эшитмайди;
- шайтон унинг қулоғини ботил нарсалар билан тўлдириб қўйганидан зикр қулоғига кирмайди;
- шайтоннинг таҳқирлаши, масхаралаши;
- шайтон унга эга чиқиб, менсимасдан, ҳатто уни бавл учун тайёрлаб қўйилган идишдек санаши. Зеро, қадрсиз деб билинган нарса устидан бавл қилинади.
«Албатта унинг бавли, Аллоҳга қасамки, жуда оғир», дейдилар Ҳасан Басрий.

Уйқуни бузиш

Шайтоннинг найрангларидан бири, инсонни хафа қилиш ва унга озор бериш мақсадида ёмон, қўрқинчли тушларни кўрсатишдир. Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, тушимда менинг бошимга гўё урилди ва у юмалаб кетди. Бунинг таъсиридан оғирлашиб қолдим», деди. Шунда Сарвари коинот (алайҳиссалом) аъробийга шундай дедилар: «Шайтоннинг сен билан тушингда ўйнашганини одамларга сўзлаб юрма».
«Саҳиҳайн»да эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят бор: «Тушлар уч хилдир: 

1. Солиҳ тушлар, улар Аллоҳдан башоратдир. 

2. Шайтоннинг хафа қиладиган тушлари. 

3. Кишининг ўзидан бўладиган туш. 

Бирингиз ўзи ёқтирмаган туш кўрса, ўрнидан турсин ва намоз ўқисин. Бу тушни одамларга сўзламасин».
Яна «Саҳиҳайн»дан бир ривоят. Бу гал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Қатода розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Солиҳ тушлар Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Агар бирингиз ёқтирган нарсасини кўрса, фақат ўзи севган кишисига сўзласин. Агар ёқимсиз туш кўрса, унинг ёмонлигидан Аллоҳга сиғинсин, Ундан паноҳ тиласин, чап томонига уч марта туфласин ва уни ҳеч кимга сўзламасин. Шунда у зарар бермайди».
Мазкур ҳадислардан тушнинг қуйидаги одоблари маълум бўлади:
– агар туш солиҳ бўлса, бунинг учун Аллоҳга ҳамд айтилади, ундан мужда олинади ва севган кишисига сўзлаб берилади;
– агар у ёқимсиз бўлса, унинг шарридан, шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳга сиғинилади, сўнг чап томонга уч марта туфланади, уни ҳеч кимга сўзланмайди ва бошқа томонга ўгирилади ҳамда ўриндан туриб намоз ўқилади.
Ҳофиз айтадилар: «Уламолар бу ишларнинг ҳикматини қуйидагича зикр қиладилар: “Унинг шарри тўғрисида Аллоҳдан паноҳ тилашнинг сабаби маълум, ёқимсиз ҳар бир ишда шундай қилиш машруъ амал. Туфлаш қози Иёзга кўра, ёқимсиз тушларни юзага келтирган шайтонни таҳқирлаб, устидан кулиб, қувиш учун буюрилган. Туфлашга чап томонни хосланганининг боиси, у қазорат ва нопок нарсаларнинг ўрнидир. Бошқа томонга ўгирилиш, олдин ўгирилган томонни ўзгартириш, некбин бўлиш учундир. Намоз эса ҳар ишда Аллоҳга таважжуҳ ва сиғиниш кераклигидандир».

Эснаш шайтонни кулдиради

Чунки эснаш дангасаликдан пайдо бўлади. Киши бу ҳолатда тоат-ибодатни мукаммал суратда адо этишга қодир бўлмайди. Шайтоннинг кулишига яна бир сабаб, одам эснаганда жуда хунук бўлиб кетади. Бу мавзуда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳ акса урганни севади, эснаганни ёқтирмайди. Агар бир одам акса уриб Аллоҳга ҳамд айтса, уни эшитган ҳар бир мусулмонга ташмит (яъни «Ярҳамукаллоҳу яшфийка») айтиш лозим бўлади. Аммо эснаш эса шайтондан бўлиб, киши уни кучи етганича қайтарсин. Агар у «Ҳо-о» деса (яъни эснаса), ундан шайтон кулади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Ибн Можжанинг «Сунан»ларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан мана бу ҳадис ривоят қилинади: «Бирингиз агар эснасангиз, қўлингизни оғзингизга қўйинг, увилламанг. Чунки шайтон устингиздан кулади».
Ҳофиз айтадилар: “Ўзига эрк бериб эснаган кишини жирканиб, ёмон кўриб, итнинг увиллашига ўхшатилмоқда. Чунки ит бошини кўтариб, оғзини очиб увиллайди. Эснагувчи ушбу ҳаракатида ҳаддан ошса сабаб бўладиган нуқта шуки, эснаш билан киши кўринишини хунук этиб, унга ўйин бўлади.

Шайтон адовати ва инсон адовати ўртасидаги фарқ

«Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир».

«Агар сенга шайтон томонидан санчиш санчилса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У яхши эшитувчи ва яхши кўрувчи Зотдир» (Аъроф сураси, 199-200-оят).

«Сен эса ёмонликни гўзал нарса ила даф қил. Биз нима васф қилаётганларини яхши билгувчимиз».

«Роббим, Сендан шайтонларнинг васвасасидан паноҳ сўрайман! »

«Роббим, Сендан уларнинг менга ҳозир бўлишларидан паноҳ сўрайман», деб айт» (Муъминун сураси, 96–98-оятлар).


«Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса худди содиқ дўстдек бўлур».

«Унга фақат сабр қилганларгина эришур. Унга фақат улуғ насиба эгаси бўлганларгина эришур».

«Агар сени шайтон васвасасидан бир васваса тутса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У Зот ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи Зотдир» (Фуссилат сураси, 34–36-оятлар).

 Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бу уч оят маъносидаги тўртинчи оят йўқ. Буларда Аллоҳ таоло инсий душман билан муроса қилиш, унга гўзал муомала этишни буюрадики, токи, бу инсон ўзининг асл эзгу табиатига қайтсин, ўртада дўстлик, самимият юзага чиқсин. Шу билан бирга шайтоний душмандан паноҳ тилашга амр этади. Чунки бу душман муросани ҳам яхшиликни ҳам билмайди. Ўзи ва Одам ўртасидаги адоватнинг қаттиқлигидан Бани Одамга ҳалокатдан бошқани хоҳламайди.

Тавҳидда шакка солиш

Тавҳид – Исломнинг асоси, мустаҳкам қўрғонидир. Аввалги мусулмонларнинг зафарлари сирри удир. Исломий империялар ҳам унинг асосига барпо бўлган. Чунки ҳақиқий эрларни у етиштиради ва Исломнинг мағзи ҳам удир. Шундан шайтоннинг энг кўп ва энг қаттиқ ҳужумлари ҳам бу асос ва ушбу қўрғонга бўлади.
«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят келтирилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлардан бирингизга шайтон келиб, буни ким яратди, буни ким яратди?» дейди. Ҳатто охири “Роббингни ким яратди?” дейишгача боради. Шунга етганда (бу банда) Аллоҳдан паноҳ тилаб, тўхтасин».

Шайтоннинг тугуни ва уни ечиш йўли

Имом Бухорий ва Имом Муслимда ҳазрат Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Шайтон сизлардан бирингиз ухлаб ётган пайтида гарданига учта тугун тугади. У ҳар бир тугунга ура туриб: «Ҳали тун узоқ, ухлайвер», дейди. Агар (банда) уйғониб, Аллоҳни зикр қилса, иккинчи тугун ечилади. Агар намоз ўқиса, учинчи тугун ҳам ечилади, ҳамда у тетик ва хушҳол бўлиб қолади. Акс ҳолда ланж ва танбал инсонга айланади».
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳга кўра, уламолар бу тугун тўғрисида ихтилоф қилганлар. Айримлари у инсонга қилинган сеҳр тугуни маъносидаги ҳақиқий тугун бўлиб, уни тўшакдан туришдан тўсади, дейишади. Демак, у сеҳрнинг таъсири каби, уйқудаги кишини оғирлашишига таъсир этадиган шайтон сўзидир.
Баъзиларининг фикрига кўра эса у тугунларга дам солувчиларнинг амалидек қилинадиган амалдир. Яна бошқалари эса у қалбнинг боғланиши ва кўр бўлишидир, гўё шайтон банданинг ичида васваса қилиб, «ҳали тун узоқ, ухлайвер», деб пичирлайди ва уйғонишдан кечиктиради, дейишади. Мазкур тугун мажозий тугун бўлиб, тун намозига туришга шайтоннинг қаршилик кўрсатишидан киноя этилган, деган раъй ҳам мавжуд.
Ҳофиз Ибн Ҳажар айтадилар: «Ҳадисдаги “...ура туриб”дан мурод, яъни шайтон таъкидлаш ва маҳкамлаш мақсадида мазкур сўзларни айтиб тугунга қўл уради».
Шундан ҳам баъзилар уни «гарданга уриш ҳадиси» дейдилар.
Бу учта зарба Аллоҳни зикр қилмай ёки «Оят ул-курсий»ни ўқимай ётган ғофилга етади. Агар бир киши ҳадис лафзи ҳаммага тегишли-ку, дейдиган бўлса, жавоб шулки, бу ҳадисдаги умумийликни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ухлаш пайтида «Оят ул-курсий»ни ўқиш тўғрисидаги ҳадиси хослайди.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “... у тетик ва хушҳол бўлиб қолади” жумласининг маъносини шундай шарҳлайдилар: «Яъни у Аллоҳ таоло муваффақ қилган тоатга савоб беришдаги ваъдасига, Шунингдек, ўзи ва тасарруфларидаги баракага, ҳамда шайтоннинг тугуни ва оғирлаштиришдан қутулганига хурсанд бўлиб юқоридаги ҳолга тушади».
«...акс ҳолда ланж ва танбал инсонга айланади». Бунинг маъноси шайтоннинг тугуни, оғирлаштириши ва миниб олиши сабабидан шу ҳолга тушади.
Ҳадиснинг зоҳири шунга далолат қиладики, ким мана бу уч иш: зикр, таҳорат ва намозни жамламаса, «ланж ва танбал инсонлар» сирасига киради.
Мазкур ишлардан шайтоннинг кўзлаган мақсади, бандани тундаги намоздан қайтариш ва бу билан унга кун бўйи эгалик қилиб, йўлдан чалғитишдир.

“Албатта, Шайтон душмандир” китобидан.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аслида қадар ndash Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир. У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас. У нарсада чуқур кетиш, назар солиш давоми...

5037 14:05 / 24.02.2020
Ҳар бир нарса ўзидан бошқа нарсага муҳтожлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳар бир одам ўзининг ва ўзига ўхшаган одамларнинг нимага муҳтожлигини ва нимага муҳтож давоми...

2624 19:00 / 10.01.2023
Ҳозирда араб тилидаги .нубувват, ва .рисолат, сўзларининг ўрнига бизнинг араб бўлмаган тилларда бир сўз ndash .пайғамбарлик, сўзи ишлатиладиган бўлиб қолган. давоми...

3413 17:31 / 17.01.2022
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам .Токи дажжоллар ва каззоблар чиқмагунча қиёмат қоим бўлмас. Улар ўттизга яқиндирлар. Уларнинг давоми...

6891 22:58 / 02.12.2016
Аудиолар

131420 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51901 14:35 / 11.08.2021