1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Нубувват ва рисолатнинг маъноси нима?

15:28 / 15.07.2019 7670 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу умумий сарлавҳа остида ваҳий, набийлик, расуллик ва уларга тегишли масалалар ҳақида баҳс юритилади.

– Ваҳий нима?

«Ваҳий»нинг луғатдаги маъноси «махфийлик» ва «тезлик»дир.

Уламолар таърифида «Ваҳий Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарларига махфий равишда зудлик билан юборган диний кўрсатмасидир».

Ваҳий фаришталар орқали ёки бевосита Аллоҳ таоло билан роз айтиш (сирли гаплашиш) орқали ҳам бўлиши мумкин.

– Нубувват ва рисолатнинг маъноси.

«Нубувват» луғатда «набаъ» – «муҳим хабар бериш» ва «нубув» – «юқорилаш» деган маъноларни билдиради.

Нубувват Аллоҳ таолодан бўлган хабарнинг ваҳий йўли билан У Зотнинг Ўзи бандалари ичидан танлаб олган шахсга етишидир.

Бинобарин, Набий Аллоҳдан муҳим хабар олган ва мартабаси юқори шахс бўлади.

«Рисолат» сўзи эса луғатда бир нарсани лутф ила юборишга ишлатилади. Арабларда бировга юборилган мактуб ҳам «рисола» дейилади. Биров томонидан юборилган элчи ҳам «расул» деб аталади.

Шундан келиб чиқиб, Аллоҳ таоло юборган муайян диний таълимотлар тўплами «рисолат» дейилади. Уни одамларга ўргатиш амр қилинган элчиси «расул» дейилади.

– Набий ва расул орасидаги фарқ.

Набий ва Расул орасидаги фарқ ҳақида бир неча фикрлар зикр қилинган:

1. Аллоҳ кимга осмондан хабар берса ва ўша хабарни бошқаларга етказишни амр қилса, ўша одам набий ва расулдир. Аммо хабар берса-ю, лекин уни бошқаларга етказишни амр қилмаса, набийдир, расул эмас.

Хулоса шуки, расул ўзига келган пайғамбарликни ўзгаларга етказишга амр қилингандир. Набий эса бунга амр қилинмаган. У пайғамбарликни бошқаларга етказадими, етказмайдими, барибир.

2. Расул умумий бўлиб, фаришталардан ҳам, башардан ҳам бўлаверади.

3. Расул янги шариат билан келади. Набий янги шариат билан келмайди, балки олдинги шариатга амал қилади ва ўзгаларни ҳам ўшанга амал қилишга чақиради.

– Анбиё ва расулларга иймон.

Мусулмонларга Аллоҳ таоло Ўз Китобида номларини зикр қилган пайғамбарларга иймон келтириш вожибдир. Аллоҳ таоло исмларини ва ададларини фақат Ўзи биладиган набий ва расулларни юборганига ҳам иймон келтирмоқ вожибдир.

Пайғамбарлар ҳақида юқорида батафсил суҳбатлашдик.

– Пайғамбарларнинг вазифалари.

Аллоҳ юборган пайғамбарларнинг биринчи вазифалари мўминларга хушхабарларни ва кофиру осийларга огоҳлантиришни етказишдир.

Улар мўминларга савоб, ажр ва жаннатнинг хушхабарини етказадилар. Кофирларга эса азоб-уқубат ва жаҳаннамнинг хабарини бериб, уларни огоҳлантирадилар.

Шу билан бирга, энг муҳими, одамлар ўртасидаги улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳақ китоб билан ҳукм қилиб, ҳақни ҳаққа, ботилни ботилга ажратадилар.

Ибодатга сазовор зот ягона Аллоҳ эканини англатиш, Ул Зотга иймон келтиришга даъват қилиш ва фақат У Зотга сиғинишга чақириш барча илоҳий диёнатлар ва пайғамбарларнинг вазифаси бўлган.

Пайғамбарларнинг мўъжизалари.

«Мўъжиза» сўзи луғатда «ожиз қолдирувчи» деган маънони англатади, чунки бошқалар мўъжизани келтиришдан ожиз қоладилар.

Истилоҳда эса: «Аллоҳнинг изни ила пайғамбарларга уларнинг пайғамбарлигини тасдиқлаш учун берилган одатдан ташқари, бошқаларнинг қўлидан келмайдиган иш «мўъжиза»дир».

Кофирлар одатда пайғамбарларни инкор қилиш билан бирга, ўз номаъқулчиликларини хаспўшлаш мақсадида доимо турли баҳона, таклифлар қилиб, мўъжиза кўрсатишни талаб этиб туришади. Аввалги ўтган барча пайғамбарларга ҳам кофирлар худди шундай таклифлар қилишган. Аллоҳ Ўз пайғамбарларининг ҳақлигини тасдиқлаш, кофирларни ожиз қолдириш, мўминларнинг иймонларини мустаҳкамлаш учун пайғамбарларга ўз замонаси ва қавмига мос мўъжизаларни берган.

Набий алайҳиссаломнинг мўъжизалари.

Ўтган пайғамбарлар ўзларига берилган мазкур моддий мўъжизаларни ўз ўрнида ишлатганлар. Лекин уларнинг вафотлари билан барча мўъжизалар ҳам амалдан қолган. Чунки уларнинг пайғамбарликлари маълум бир қавмга, маълум бир маконга ва маълум бир замонга боғлиқ бўлган.

Муҳаммад алайҳиссаломга эса абадий ва улкан мўъжиза қилиб, Қуръони Карим берилган. Чунки у зотнинг пайғамбарликлари қиёмат қоим бўлгунча барча халқлар, маконлар ва замонлар учун бардавомдир. Шунинг учун у зотга моддий эмас, маънавий ва боқий мўъжиза – Қуръони Карим асосий мўъжиза қилиб берилгандир.

У зоти бобаракот ўтганларидан сўнг ҳам мўъжизалари бўлмиш Қуръон то қиёмат қоим бўлгунча барҳаётдир. Шу боисдан ҳам қачон мушрик ва кофирлар у кишидан пайғамбарликларини тасдиқловчи мўъжиза талаб қилишса, Қуръони Каримни рўбарў қилганлар.

Бошқа пайғамбарларга улкан мўъжиза бўлиб хизмат қилган нарсалар Муҳаммад алайҳиссалом учун оддий бир иш эди. Деярли ҳамма пайғамбарларга берилган мўъжизаларга ўхшаш ишлар Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётларида ҳам бўлиб ўтган. Бу ҳақдаги хабарлар ҳадис китобларида бор. Лекин ундай ҳолатлар такрорланавериб, оддий бир ҳолатга айланиб қолганидан, катта шов-шув қилинмаган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари билан анбиёлар келиши охирига етди, кесилди, тугади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлик қасрининг охирги ғиштидирлар. Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан пайғамбарлик қасрини камолга етказиб, эшигини ёпди.


«Мукаммал саодат йўли» китоби асосида тайёрланди


Мавзуга оид мақолалар
Бишр Ҳофий бир жамоанинг олдидан ўтиб қолди. Одамлар уни кўриб, .Бу одам кечаси билан ухламайди, ҳар уч кунда бир марта ифторлик қилади,, дейишди. Бишр Ҳофий давоми...

2198 07:10 / 05.07.2019
Аслида инсон нафсига ўзини беадабларча тутишлик хосдир. Шунинг учун ҳам у бандага буюрилган ахлоқий меъёрларнинг риоясига қаттиқ қаршилик кўрсатади. Нафс ndash давоми...

3430 21:00 / 13.07.2019
Келинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонавий илм тасдиқлаган одатлари ҳақида суҳбатлашамиз. Эрта туришНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар куни эрта давоми...

9700 12:10 / 03.06.2019
Таваккул ва умидворлик тавҳид, ақл ва шариат вожиб қилган нарсалардан иборатдир. Мўмин банда сабабларга таваккул қилиб суяниб ҳам қолмайди, уларни беҳудага ҳам давоми...

4962 21:27 / 05.12.2018
Аудиолар

213585 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132792 14:35 / 11.08.2021