1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳаж ва умра – муборак ибодат

11:09 / 12.07.2019 3798 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, ҳаж амали – Ислом динимизнинг беш асосий фарзларидан биридир. Ҳаж – молиявий ва жисмоний ибодат бўлиб, қодир бўлган мўмин-мусулмон киши умрида бир марта адо этиши фарздир.

Луғатда “ҳаж” – “ҳурматли нарсанинг зиёратини қасд қилиш”дир.

Шариатимизда “ҳаж” – “белгиланган жойларда, муайян вақтларда махсус амалларни бажариш”дир (“Нурул изоҳ”).

Ҳаж ҳижрий сананинг тўққизинчи йилида фарз бўлди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўнинчи ҳижрий йилда ҳаж қилдилар.

Ҳажнинг фарзлиги Қуръони карим, суннати шариф ва ижмоъ билан собит бўлган. Ҳаж қилмоқчи бўлган шахс балоғатга етган, ақли расо, соғлом, сафар харажатларига қодир, ҳажга бориб келгунига қадар ўз қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаган бўлиши керак. Йўллар очиқ ва бехатар бўлиши ҳам шарт қилинади. Аёл кишига эса – юқоридаги шартлар билан бирга эри ёки бирор маҳрами ҳамроҳ бўлиши лозим. Кимда мана шу шартлар топилса, унга ҳаж фарз бўлади. Қуръони каримда ҳажнинг фарзлиги ҳақида шундай дейилган:

Унда аниқ аломатлар – «Мақоми Иброҳим» бордир. Унга (Каъбага) кирган киши омонда бўлур. Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир. Кимда-ким (буни) инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир(Оли Имрон сураси, 97-оят).

Ҳажнинг фарзлигини билдирадиган бир қанча ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан, “Ислом беш нарса устига бино қилинган...(Муттафақун алайҳ), ҳадисида ҳажнинг фарзлиги очиқ баён қилинган. Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай буюрадилар:

“Ҳаж қилинглар! Чунки ҳаж худди сув кирни ювгани каби гуноҳларни ювади”(Имом Табароний ривояти).

Ҳажга алоқадор бошқа оятлар ҳам бор:

“Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг! Агар (касаллик ёки қароқчилар туфайли) қуршовда қолсангиз, қурбингиз етган бирор (бўталоқ, сигир, қўй каби) жонлиқ сўйинг” (Бақара сураси, 196-оят).

Қуйидаги ояти каримада ҳажда киши ўзини қандай тутиши, қандай тайёргарлик кўриши кераклиги зикр қилинган:

“Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар!” (Бақара сураси, 197-оят). Оятнинг мазмунига кўра, ҳажга борувчи кимса тақво билан зийнатланиб, бажараётган амалларини чиройли адо этишга ҳаракат қилиши керак. Қолаверса, ҳажнинг саноқли кунларини охирати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишга ошиқиши лозим.

Ҳаж – қадимий буюк бир ибодатдир. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга одамларни ҳажга чорлашни буюрди. Бу чақириққа “лаббай” деганлар улуғ ибодатни амалга оширадилар ва кўпдан-кўп манфаатлар кўрадилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

яъни: “Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чорлагин! (Шунда) улар сенга (Каъбага) пиёда ва ҳар қандай туяда узоқ йўллардан келурлар.Улар ўз (диний ва дунёвий) манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларига (қурбонлик учун сўйишда) Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверингиз, бечора камбағалларга ҳам едирингиз!” (Ҳаж сураси, 26-27-оятлар).

Ҳажнинг ва умранинг ўзига хос машаққати ва сарф-харажатлари бор, уларнинг мукофоти ҳам шунга яраша улуғдир. Бу ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

 “Бир умра билан (кейинги) умра – орадаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти – фақат жаннатдир(Муттафақун алайҳ).

Умра Ҳанафий мазҳабимизда суннати муаккада ҳисобланади (“Нурул изоҳ”). Уни йилнинг барча вақтида адо қилиш мумкин. Фақат Арафа куни ва ундан кейинги тўрт кунда умра қилиб бўлмайди. Бу ҳадис қайта-қайта умра қилишнинг мустаҳаб эканига далилдир. Демак, ихлос билан қилинган умрадан кейин яна бир умра қилинса, бу иккиси орада қилинган гуноҳларга каффорат бўлади. Ҳадиси шарифда мукофоти фақат жаннат бўладиган мабрур ҳаж ҳақида гап кетмоқда. Мабрур ҳаж холис ният билан, ҳалол топилган мол эвазига қилинади. “Ҳажжи мабрур”га эришмоқчи бўлган киши ҳажга кетишдан аввал Аллоҳ таоло олдидаги ва бандалардан олган қарзларини адо қилиши, ҳаж давомида эса унинг шарт-шароитлари ва одобларига қатъий риоя қилиши керак.

Шунингдек ҳаж даврида беҳаё сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юриш ҳам “ҳажжи мабрур”нинг шартларидан ҳисобланади. “Ҳажжи мабрур” қилган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолда уйларига қайтадилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

“Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, онасидан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади”(Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).

Ҳажнинг мукофоти улуғлиги билан бирга уни тарк қилишнинг гуноҳи ҳам катта. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:

“Ким ҳаж қилишга қодир бўла туриб, уни адо қилмаса, у учун яҳудий бўлиб ўлишнинг ҳам, насроний бўлиб ўлишнинг ҳам фарқи йўқ” (Имом Абу Бакр Исмоилий ривоят қилган).

Кейинги йилларда ҳожиларимизга яратилаётган шароитлар кундан-кунга яхшиланиб бормоқда. Шундай неъматларга шукрона ўлароқ, ҳажни мақсад қилиб турган ватандошларимиз муборак сафар давомида, доимо гўзал одоб, чиройли муомала, бошлиқларга итоат каби меъёрларга риоя қилишлари лозимдир. Зеро, муборак сафар давомида ҳожиларимиз бутун халқимиз ва диёримизнинг юзи бўладилар.

Ҳаж ибодатини бажариш ҳаммага ҳам насиб қилаверадиган амаллардан эмас. Шунинг учун бу улуғ сафарни ният қилган юртдошларимиз ҳажнинг моҳиятини яхши тушуниб олишлари, уни адо этиш тартибларини пухта ўзлаштиришлари, сафар одобларига қатъий риоя қилишлари талаб этилади.

Ҳаж зиёратига отланган кишилар зиммаларидаги ҳажнинг фарз, вожиб ва суннат амалларини иложи борича жамоат билан, ўз вақтида адо этишга ғайрат қилишлари – муборак динимиз кўрсатмаси ва шариатимиз талабидир. Кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, зикр ва истиғфор айтиш, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш каби савобли ишларни қилишлари зарур.

Яна сафар давомида иложи борича билимдон ва солиҳ кишиларга йўлдош бўлиш, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилган дуоларни ёдлаб, ўқиб юришга интилиш ҳам мақбул амаллардандир. Ҳаж давомида ғийбат, бекорчи гаплар, ишбоши ва ҳамроҳларга тил билан озор беришдан сақланиш шарт. Зеро, Ҳарами шарифга кирган, эҳром ўраган ҳар бир ҳожи уруш-жанжал, беҳаё сўзлар, ўзгаларни ҳақорат қилишдан ҳазар қилиши керак. Ҳатто, майда жониворларни ўлдириш, Ҳарамдаги ўт-ўланларни юлиш мумкин эмас. Бу ишлар ҳажда “жиноят” деб ҳисобланади. Модомики, кичик ҳашарот, ўт-ўланга зарар етказиш “жиноят” экан, ташкилотчилар ва ҳамроҳларнинг қалбини аччиқ сўзлар билан жароҳатлаш, дилини оғритиш ва хафа қилиш икки карра “жиноят” эмасми?! Бу ҳақда муборак сафарга чиқишдан аввал яхшигина ўйлаб кўришимиз керак.

Шуни таъкидлаш лозимки, ҳожи бўлиш – шараф, шу билан бирга катта масъулият ҳамдир. Чунки уламоларимизнинг айтишларича, ҳажнинг қабул бўлиш ёки бўлмаслиги ҳожининг уйига қайтганидан кейинги амалларидан билинади. Демак, ҳожиларимиз юртимизга қайтганларида билим-маърифат, чиройли хулқ, одоб-ахлоқ ва барча эзгу ишлар ва гўзал феъл-атворда ҳаммага намуна бўлишлари лозимдир.

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мавзуга оид мақолалар
Убода ибн Сомитдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳдан ўзга илоҳи маъбуд йўқ, У Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқ, давоми...

5435 20:00 / 02.05.2019
Бир киши Абдулмалик ибн Марвонга .Сизни хурсанд қиладиган бир гап айтмоқчиман,, деди. Абдулмалик ибн Марвон .Тўхта, мени мақтама, маддоҳлик қилма, чунки кимлигимни давоми...

1684 08:00 / 15.07.2020
Солиҳ Муррий ҳикоя қилади .Жума тунларидан бирида қабристонда тунаб қолдим. Туш кўрдим қабрлар ёрилиб, ўликлар чиқиб келди ва ҳалқаҳалқа бўлиб ўтиришди. Сўнг давоми...

4905 07:00 / 15.01.2019
Ҳофиз улкабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий адДоримий 182 ҳижрий санада Самарқанд шаҳрида дунёга давоми...

3631 21:58 / 27.04.2017