1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қазони фақат дуо қайтаради

20:04 / 12.12.2018 5007 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қазони фақатгина дуо қайтаради. Умрни фақатгина яхшилик зиёда қиладир», дедилар».

Шарҳ: Қазо Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир.

«Қазони фақатгина дуо қайтаради».

Аслида қазодаги нарса қадарга келиши керак. Аммо баъзи уламоларнинг гапига қараганда, қазо икки хил: мубрам, яъни узил-кесил қазо ва муаллақ, яъни бир нарсага боғлиқ қазо бўлади.

Мисол учун, «Фалончи дуо қилиб турса, фалон куни бемор бўлмайди, дуо қилмаса бўлади» каби ҳолатлар муаллақ қазо дейилади. Дуо билан рад бўладиган қазо мана шунга ўхшаш қазодир.

Қадарни қадар ила даф қилиш маъносини ҳам унутмаслик зарур. Шу маънода дуо ҳам қадар бўлади.

Очлик қадари озиқланиш қадари ила даф қилинади.

Чанқоқ қадари сув ичиш қадари ила даф қилинади.

Беморлик қадари даволаниш қадари ила даф қилинади.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Шомга борганларида у ерда вабо тарқалганини эшитиб, орқага қайтишга қарор қилдилар.

Шунда Абу Убайда розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳнинг қадаридан қочибми?» деди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унга:

«Шуни сендан бошқа одам айтса бўлмасмиди!? Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадарига қочамиз. Айтгин-чи, агар сенинг туяларинг бўлса-ю, улар иккига бўлинган бир водийга тушсалар. Бўлакларнинг бири серҳосил бўлса-ю, бошқаси қуруқ бўлса, ҳосилдорида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан, қуруғида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан. Шундай эмасми?!» дедилар.

«Умрни фақатгина яхшилик зиёда қиладир‎».

Аслида белгиланган ажалнинг вақти-соати ўзгармайди. Демак, бу ҳадиси шарифдаги «умрнинг зиёда бўлиши»ни «баракали бўлиши» деб тушуниш керак. Яъни ҳар бир инсон ўзига белгиланган ажалгача яшайди, аммо умри баракали бўлиб, ҳаёти давомида бир неча киши қиладиган яхшиликларни бажо келтиради.

Ёки худди қазода айтиб ўтилгани каби, ажал ҳам икки хил бўлади. Фалончи тақво ила яшаса, саксонга, бўлмаса, элликка киради, дейилган бўлади. Яхшиликни кўп қилган одамларнинг умри зиёда бўлиши шунга ўхшаш бўлади.

Бу ҳадиси шарифнинг маъноси ҳақида турли фикрлар айтилган. Уларнинг турли бўлиши қазои қадар масаласига боғлиқдир. Аммо қазои қадар масаласида «Қазо қазо билан даф қилинади» деган қоида борлигини эсга олсак, иш осонлашади. Бундан ёмон қазои қадар дуо билан даф бўлиши келиб чиқади. Шунингдек, яхшилик туфайли умрнинг қисқа қадари даф қилиниб, узун қадарига ўтказилиши келиб чиқади.

Бу ҳақда «Кашшоф» тафсирида қуйидагилар айтилган:

«Кишининг умри узайса ҳам, қисқарса ҳам китобда бордир. Унинг сурати қуйидагича: Лавҳга «Агар Фалончи ҳаж ёки ғазот қилмаса, умри қирқ йил. Агар ҳаж ва ғазот қилса, умри олтмиш йил», деб ёзилган бўлади.

Бу маъно «Маъолимут Танзил» китобида ҳам келган.

Ушбу масала бўйича имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи машҳур асарлари – «Иҳёу улумуддин» китобида қуйидагиларни айтадилар:

«Агар қазони қайтариб бўлмаса, дуонинг фойдаси недир, дейдиган бўлсанг, билки, албатта, балони дуо билан рад қилиш ҳам қазодандир. Худди қалқон камон ўқини рад қилишга, сув ердан ўсимлик униб чиқишига сабаб бўлганидек, дуо балони рад қилиш ва раҳматни жалб қилишга сабабдир. Худди қалқон ўқни даф қилиб, бири бири ила қайтарилганидек, дуо билан бало ҳам бир-бирини муолажа қилади.

Аллоҳ таолонинг қазои қадарини эътироф қилишнинг шарти силоҳ кўтармаслик эмас. Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло: «Бас, эҳтиёт бўлсинлар ва силоҳларини олсинлар», – деган.

Шунингдек, уруғ эккан одамнинг ерни суғормаслиги қазои қадарни эътироф қилишнинг шарти эмас.

Агар ўсишнинг қазоси олдин амалга оширилса, шу экин ўсади. Бўлмаса, ўсмайди.

Аллоҳ таоло сабабларни сабабланган нарсаларга боғлаб қўйгандир. Бу биринчи қазодир. У кўз очиб-юмгунча, балки ундан ҳам тезроқ содир бўлади.

Сабабланган нарсаларнинг тафсилотини сабабларнинг тафсилотига бирин-кетин, ўлчов ила тартибга солиш қадардир. Яхшиликни тақдир қилган Зот унинг сабабини ҳам тақдир қилгандир. Ёмонликни тақдир қилган Зот уни кетказишни ҳам тақдир қилгандир. Қалб кўзи очиқ кишилар учун бу ишлар бир-бирига зид эмас.

Қолаверса, дуонинг фойдаларидан бири шуки, у қалбнинг Аллоҳ билан бирга бўлишини талаб қилади. Бу эса ибодатнинг чўққисидир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Дуо ибодатнинг илигидир», деганлар.

Кўпинча бандаларнинг қалблари ҳожат тушганда ва қийин ҳолда қолгандагина Аллоҳ томон бурилади. Қачон инсонни ёмонлик тутса, дуони кўпайтиради.

Ҳожат инсонни дуога муҳтож қилади. Дуо эса қалбни тазарруъ ва синиқлик ила Аллоҳ азза ва жаллага қайтаради. Бас, шу билан ибодатларнинг афзали бўлган зикр ҳосил бўлади.

Шунинг учун ҳам бало-офатлар анбиё алайҳиссаломларга муваккал қилингандир. Сўнгра авлиёларга, сўнгра уларнинг яқинларига ва ҳоказо».

Умрнинг зиёда бўлиши ҳақида ҳам худди шу гапларни айтиш мумкин.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Такаббурлик кишининг шаклшамойилидан билиниб туради. Уни кишининг юзидаги аломатлардан, назар солишидан, бошини тутишидан, ўтиришидан, овозининг оҳангидан, давоми...

4480 08:45 / 18.02.2019
Абул Аъюн айтади .Байтул Мақдис ҳовлисида Холид ибн Язид ибн Муовия билан бирга эдим. Бир ёш йигит келиб, Холидга салом берди. Холид унинг саломига алик олгач, у давоми...

1923 08:00 / 04.12.2019
Абу Саъид Саъд ибн Молик ибн Синон алХудрийдан ривоят қилинади .Бир гуруҳ ансорийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан улуш сўрашди. У зот уларга ато давоми...

2364 11:00 / 22.07.2021
Ҳакимул умма Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар .Бирор олимнинг илмдаги мақом ва даражасини билиш керак бўлса, буни талабалардан сўралади. Сўфий ва давоми...

2693 09:00 / 17.07.2019