1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Исломда кексалар учун ибодатлар енгиллатилган

11:40 / 06.07.2019 2720 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Доимо бандаларга енгилликни хоҳлаш, уларни тоқатлари етмайдиган даражадаги оғир ва машаққатли амалларга буюрмаслик Ислом динининг асосий ва улкан қоидасидир.

Ислом шариати осонликка бино қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалари Муъоз ибн Жабал ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумони Яманга юбораётиб, «Севинтиринглар, бездирманглар, енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар», деганлар.

Аввал айтиб ўтилганидек, қарилик заифлик демакдир. Заифлик баъзи ҳолатларда ибодатларни бажаришни қийинлаштириши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Осонлик дини бўлган Исломда қарилик юзасидан ибодатларни енгиллаштириш ҳам йўлга қўйилган.

Қариларга осонлик туғдириш учун Қуръон етти ҳарфда нозил қилинган.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Ғифорнинг ҳовузи олдида эканлар, ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб:

«Аллоҳ умматинг Қуръонни бир ҳарф­да ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, бунга умматимнинг кучи етмайди», дедилар у зот. Сўнгра иккинчи марта келиб:

«Аллоҳ умматинг Қуръонни икки ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, бунга умматимнинг кучи етмайди», дедилар у зот. Кейин учинчи марта келиб:

«Аллоҳ умматинг Қуръонни уч ҳарф­да ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, умматимнинг бунга кучи етмайди», дедилар у зот. Кейин тўртинчи марта келиб:

«Аллоҳ умматинг Қуръонни етти ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда. Қайси ҳарфда ўқисалар ҳам тўғри қилган бўладилар», деди».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Эй Жаброил! Мен бир уммий умматга юборилганман. Уларнинг ичида кампирлар, қари чоллар, ёш болалар, кичик қизчалар ва мутлақо ёзув ўқимаган кишилар бор», дедилар. У:

«Эй Муҳаммад! Қуръон етти ҳарфда нозил қилингандир», деди», дейилган.

Бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлишидан кўзланган мақсад очиқ-ойдин келмоқда.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга қайта-қайта:

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, бунга умматнинг кучи етмайди», демоқдалар.

Буни уч марта такрорлаганларидан кейин бир ҳарф етти ҳарфга етказилди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон оятларини олиб келадиган ва бир ҳарфда ўқишга амр бўлганини етказаётган фариштага умматларининг бунга кучи етмаслигини

«Эй Жаброил! Мен бир уммий умматга юборилганман. Уларнинг ичида кампирлар, қари чоллар, ёш болалар, кичик қизчалар ва мутлақо ёзув ўқимаган кишилар бор», деган хитобларида баён қилмоқдалар.

Бундан Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши аҳолининг турли табақаларига, жумладан, кекса аёллар, қари кишиларга осонлик яратиш учун, Каломуллоҳни ўқишни осонлаштириш мақсадида бўлганлиги келиб чиқади.

Қарилик туфайли рўза тутишга қийналадиган кишиларга рўза тутмасдан, фидя бериш жорий қилинган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«У(рўза)ни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир» ояти қари чол ва қари кампирга тегишли рухсатдир. Икковлари рўзани қийналиб тутадилар. Улар оғизларини очиб, ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берадилар. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар (боласига зарар етишидан) қўрқсалар, оғизларини очадилар ва таом берадилар».

Бухорий «Тафсир»да ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Бухорийнинг лафзида:

«Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Бу оят мансух эмас, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмас. Шунинг учун ҳар бир кун ўрнига бир мискинни таомлантирадилар», деди», дейилган.

Маълумки, Исломда инсонни тоқатидан ташқари ишга таклиф қилиш йўқ. Жумладан, рўза масаласида ҳам. Шу маънода Аллоҳ таоло ўта кексайиб қолганлари сабабли рўза тутса қийналиб қоладиган қарияларга рўза тутмасликка рухсат берган.

Бу ҳақда Бақара сурасида оятлар келган. Биз ўрганаётган ривоятда улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ана шу ояти кариманинг ҳукмини тушунтириб бермоқдалар.

Мазкур оятга кўра, қартайиб қолган чол-кампирларга рўза тутмасликка рухсат бор ва рўзаси тутилмаган ҳар бир кун эвазига бир мискинга таом беришлари мумкин.

Баъзи бир кишилар ўзлари ёш бўлсалар ҳам, соғлиқлари яхши эмаслиги сабабли рўза тутишга қийналадиган бўлиб қоладилар. Ана шундай кишилар ҳам рўза тутмасликлари мумкин. Рўзанинг ўрнига фидя берадилар.

«Фидя» сўзининг луғавий маъноси «фидо қилиш» бўлиб, шариатда маълум бир нарсанинг ўрнига мол сарфлаш фидя бериш деб аталади.

Қариликлари туфайли рўза тута олмайдиганлар учун фидя беришнинг жорий қилиниши бежиз эмас. Унда мискинларнинг манфаати билан бирга, ўша рўза тута олмаган кишиларнинг ибодатни адо эта олмаганлари учун афсус-надоматларини енгиллатиш ҳам бор.

Кексалиги туфайли намозда қийналадиган кишиларга ўтириб намоз ўқишга рухсат берилган.

«Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги намозлари ҳақида сўрашди. У киши шундай дедилар:

«У зот тунда тик туриб ҳам, ўтириб ҳам узоқ намоз ўқир эдилар. Тик туриб қироат қилсалар, тик туриб рукуъ қилар эдилар. Ўтириб қироат қилсалар, ўтириб рукуъ қилар эдилар».

Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тунги нафл намозни баъзан тик туриб, баъзан ўтириб ўқиганлар. Хусусан, чарчаб турганларида, аниқроғи, қариб қолганларида ўтириб ўқиганлар. Бу ҳол келаси ривоятда очиқ айтилади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўлишиб, (гавдалари) оғирлашиб қолганида аксар намозни ўтириб ўқир эдилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Вафотларидан олдин кўпгина намозлари ўтирган ҳолларида бўлар эди», дейилган.

Муслим ривоят қилган.

Албатта, бу ерда нафл намоз ҳақида сўз кетмоқда. Бу ҳам шариатимизнинг узрли кишиларга берган енгилликларидан биридир.

Қарилик туфайли каффоратлар кечирилган.

Жоҳилий арабларда «зиҳор» деб номланган ҳукм бор эди. Унга кўра, ким ўз хотинига «Сен мен учун онамнинг бели кабисан», деса, унга хотини худди онасидек бўлиб қолади, деб ҳисобланарди.

Аллоҳ таоло хотинидан зиҳор қилганларга каффорат ўташни жорий қилганида ҳам қариликни эътиборга олган ва бу ишни қилганлардан қариларга енгиллик берган. У Зот Мужодала сурасида марҳмат қилади:

«Хотинларидан зиҳор қилганлар сўнгра айтганларидан қайтсалар, қўшилмасларидан аввал бир қул озод қилсинлар. Бу ваъзланишингиз учундир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ўта хабардордир» (3-оят).

Яъни хотинидан зиҳор қилган шахс афсусланиб, ўз гапидан қайтиб, хотини билан қайта ярашишни ихтиёр этса, у ҳолда эр-хотинлик муносабатларини қайта бошлашдан олдин бир қул озод қилиб, каффорат бериши лозим. Каффорат – содир бўлган гуноҳни ювиш учун қилинадиган қўшимча молиявий ибодатдир. Ислом ана шу йўл билан қул озод қилишни ибодат даражасига кўтарди.

«Бу ваъзланишингиз учундир».

Бу ҳукм эр-хотинликдек муқаддас алоқанинг ҳурматини оёқости қилиб, тилига эрк берган, хотинига жабру зулм ўтказишга уринган эркакларга танбеҳ бўлиши, ўзларига келишлари ва кейинчалик ўйлаб иш қилишлари учун шариатга киритилган.

«Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ўта хабардордир».

Шунинг учун ҳар бир нарсани У Зотнинг ҳукмига мослаб қилинг. Жоҳилият ҳукмларидан ўзингизни четда тутинг.

Ҳамма ҳам ўз гуноҳини ювиш учун қул озод қилишга қодир эмас. Буни яхши билган Аллоҳ таоло кейинги оятда каффорат беришнинг енгил турларини баён қилади.

«Ким топмаса, қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутсин. Ким қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйдирсин. Бу Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиришингиз учундир. Ва булар Аллоҳнинг чегараларидир. Кофирларга эса аламли азоб бор» (4-оят).

Аллоҳ Ўз бандаларига ниҳоятда меҳрибон. Ҳаттоки гуноҳ қилганларга ҳам меҳр кўрсатади, гуноҳларини ювишда осон йўлни раво кўради. «Зиҳор қилганлар, ким бўлишларидан қатъи назар, албатта қул озод қилсинлар», деб қўяверса бўларди, У Зотнинг бунга ҳаққи бор эди. Лекин бандаларига озор бермаслик учун, уларга енгилликни хоҳлагани учун, баъзи бандаларининг қул озод қилишга қурби етмаслигини билгани учун:

«Ким топмаса, қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутсин», деб фармон берди.

Олтмиш кун рўза тутиш ҳам осон эмас. Касаллик ёки қарилик туфайли бу ҳукмни бажара олмайдиганлар чиқиб қолса, қилган гуноҳи каффоратига олтмиш мискинни (камбағални) тўйдиради.

«Ким қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйдирсин».

Уларнинг ўртача бир кунлик таомини беради ёки бир кунлик таомнинг қийматини беради. Олтмиш кишини бирданига тўйдириши ҳам шарт эмас.

«Бу Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиришингиз учундир».

Агар шу ҳукмга амал қилсангиз, Аллоҳга, Аллоҳнинг Расулига келтирган иймонингиз тасдиқланади.

«Ва булар Аллоҳнинг чегараларидир».

Бу ҳукмларнинг барчаси Аллоҳ чизган чегаралардир. Мўмин бандалар ундан чиқмасликлари шарт! Кимки Аллоҳнинг чегарасидан чиқса, аламли азобга дучор бўлади.

«Кофирларга эса аламли азоб бор».

Юқоридаги оятларда Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмон бандаларига нисбатан инояти, уларни гуноҳлардан қайтариши, уларга енгил йўлларни кўрсатиши зикр қилингандир.

Хувайла бинт Молик ибн Саълабадан ривоят қилинади:

«Эрим Авс ибн Сомит мендан зиҳор қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига шикоят қилиб бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақида мен билан тортишдилар:

«Аллоҳдан қўрқ, у амакингнинг ўғли», дедилар.

То ушбу Қуръон (оятлари) нозил бўлгунча бу ишда (у зотга шикоят қилишда) давом этдим: «Батаҳқиқ, Аллоҳ сен билан эри ҳақида тортишаётган аёлнинг сўзини эшитди...»дан фарзгача (фарз қилинган каффоратларгача)».

Шунда у зот: «Қул озод қилади», дедилар.

«Уни топа олмайди», деди.

«Икки ой кетма-кет рўза тутади», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, у қари чол, у қаёқдаю, рўза қаёқда», деди.

«Олтмиш мискинга таом берсин», дедилар.

«Унинг садақа қиладиган ҳеч нарсаси йўқ», деди.

«Шу пайт у зотга бир арақ (сават) хурмо келтирилди.

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен унга яна бир арақ (хурмо) билан ёрдам бераман», дедим.

«Жуда яхши қилдинг. Буларни олиб бориб, унинг номидан олтмиш мискинни таомлантир ва амакингнинг ўғлига қайтгин», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Кексалик эътиборидан намозни енгил ўқишга буюрилган.

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам:

«Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен фалончининг бизга (намозни) чўзиб юборганидан бомдод намозига чиқмаяпман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавъизада ўша кундагидек қаттиқ ғазаб қилганларини кўрмаганман. У зот:

«Орангизда (намоздан) бездирувчилар бор. Қай бирингиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил қилсин. Чунки ораларида заифлар, кексалар ва юмушлилар бор. (Бирортангиз) ўзи намоз ўқиганида эса хоҳлаганича чўзаверсин», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Демак, имом одамларга малол келадиган даражада намозни чўзиб юбормаслиги керак. Имом намозни чўзиб юборгани учун жамоатга боришни тарк қилган кишини эшитиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ундан эмас, имомдан қаттиқ аччиқлари чиққани шунга далолат қилади.

Имом намозга ўтар экан, қавм ичидаги энг заиф, ёши катта ва шошилиб турган кишиларга ҳам аҳамият бериши, намозни енгил ўқиши керак. Аммо бу енгиллик намоздаги амалларни чала қилиш ҳисобига бўлмаслиги лозим. Ушбу маъноларни имомликка ўтувчи ҳар бир киши доимо ёдида тутиши зарур.

Киши ёлғиз ўзи намоз ўқиганида уни хоҳлаганича чўзиши мумкин. Шунингдек, маълум кишиларга имомлик қилса, уларнинг намознинг узун бўлишига рози эканликларини билса, шунда намозни чўзиб ўқиш жоиз.

Кексаларга осонлик туғдириш учун уларнинг ўрнига ёшлар ҳаж қилишига рухсат берилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Хасъамлик бир аёл келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг ҳаж борасида бандалари зиммасидаги фарзи отамга у қартайиб, туяда ўтира олмайдиган бўлганида етди. Унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?» деди.

У зот: «Ҳа», дедилар.

Бу видолашув ҳажида бўлган эди».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шариф шариатга «ҳажжи бадал» деган тушунчанинг киритилишига сабаб бўлган. У муҳаддислар ва фуқаҳолар орасида «Хасъамия ҳадиси» номи билан машҳур. Уламолар гапни қисқа қилиш мақсадида ҳадиснинг матнини қайта-қайта такрорлаб ўтирмай, «Хасъамия ҳадиси»да келганидек», деб гапни давом эттираверадилар.

Ҳадиси шарифда зикри келаётган ҳодиса Пайғамбаримиз алайҳиссалом Минода ортларига Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳуни мингаштириб кетаётганларида содир бўлган. Хасъам қабиласидан бўлган ўша саҳобия аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чиққан ва туяларининг жиловидан ушлаб туриб, ривоятда келган саволни берган.

Шариатимизда кексаларни эъзозлашга ана шундай эътибор берилган. Шундай экан, жамиятнинг барча ­аъзолари кексалик ёшига етган зотларни эъзозлашлари, уларнинг ҳурматларини ўрнига қўйишлари, оғирларини енгил, узоқларини яқин қилишда ёрдамчи бўлишлари керак бўлади.

“Кексаларни эъзозлаш” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволНамоз ўқишни ва рўза тутишни 21 ёшимда бошлаганман. 12 ёшдан 21 ёшгача намоз ўқимаганман, рўзани эса баъзан тутиб турардим. Шу қолган намоз ва рўзаларнинг давоми...

2941 16:05 / 15.09.2020
Имом ибн Жарир Тобарий муфассирлар, муҳаддислар ва муаррихларнинг шайхи ва улуғ мужтаҳид имомдир. Бу зот вақтдан унумли фойдаланишда ҳамда таълим олиш, таълим давоми...

2030 14:10 / 20.02.2019
...Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобни башоратини беравер.Бир куни ўша олтинкумуш ларни жаҳаннам ўтида давоми...

2146 18:10 / 09.05.2019
Аллоҳ таоло ер юзида яратган махлуқотлари ичида одам фарзандига тил деб аталмиш улуғ неъматни ато қилди. Инсоннинг бошқа маҳлуқотлардан фарқи ҳам унинг гапира давоми...

1996 13:40 / 20.08.2019