1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

ХАВФ ВА РАЖО

05:00 / 28.02.2017 4750 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Руҳий тарбия соҳасида бу икки сифат деярли доимо бирга зикр қилиб келинган. Баъзи ҳолатларда иккисини бир нарса деб тушунилгани ҳам мулоҳаза қилинади.
Биз ўзимиз ўрганиб қолган услубга биноан аввал бу икки сифатни луғавий ва истилоҳий маъноларини, улар ҳақида келган оят, ҳадис ва асарларни ҳамда иккисининг фойдаларини алоҳида ўрганиб олиб сўнгра бошқа масалаларга ўтамиз.

ХАВФ

Хавф сўзи арабчада қўрқиш ва чўчиш маъноларини англатади. Хавфни Аллоҳ таолога нисбат берилганда, яъни, Аллоҳдан хавфи бор деганда, худди арслон ёки бошқа шунга ўхшаш нарсадан даҳшатга тушиш англанмайди. Балки, маъсиятлардан ўзини тортиш ва тоатларни ихтиёр қилиш тушунилади. Шунинг учун ҳам, ким гуноҳларни тарк қилмаса, хавф қилувчи эмасдир, дейилган.
Уламоларимиз ўз назарларидан келиб чиқиб хавфни турлича таърифлаганлар:
Роғиб: «Хавф гумон қилинган ёки маълум белгидан ёқмаган нарсанинг воқеъ бўлишини кутишдир. У омонликнинг тескарисидир. Бу нарса дунёвий ва ухравий нарсаларда бир хил», деган.
Журжоний: «Хавф ёмон кўрилган нарсанинг келишини ёки яхши кўрилган нарсанинг зое бўлишини кутишдир».
Яна бир гапга қараганда: «Хавф қўрқинчли нарсани эслаш оқибатида қалбнинг изтиробга тушиб ҳаракатланишидир».
Бошқа бир гапга баноан: «Хавф етадиган ёмонликдан ёки йўқоладиган яхшиликдан қалбнинг чўчишидир», деган.
Завф олий мақомотлардан биридир. У иймон учун лозим бўлган нарсалардан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида мўминларнинг хавфни мадҳ қилган.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, мендан қўрқинглар», деган (175 - оят).
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Одамлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар», деган (44 - оят).
Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида: «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар», деган (28 - оят).
Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, улардан ибрат олиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади. Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузулиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларни тўлиқ ўрганиб ҳам уларни яратган зот Аллоҳни танимаган ва ундан қўрқмаган одам ўта жоҳил ҳисобланади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидир», деган эканлар.
Имом Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳу: «Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб: «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар эканлар.
Шунингдек, Аллоҳ таоло фаришталарнинг хавфини ҳам мадҳ қилган.
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Улар устиларидаги Роббиларидан қўрқурлар ва ўзларига амр қилинган нарсаларни қилурлар», деган (50 - оят).
Аллоҳ таоло анбиёларнинг хавфини ҳам мадҳ қилган.
Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида: «Улар Аллоҳнинг элчилигини етказадиган, Ундангина қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган зотлардир», деган (39 - оят).
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қиларлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар.», деган (18- оят).
Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам хавф мадҳ этилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман. Аммо, ҳам рўза тутаман, ҳам оғзим очиқ бўлади. Ҳам намоз ўқийман, ҳам ухлайман. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким менинг Суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас», дедилар». Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло етти кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ Кунда соясига олур; Одил Имом, ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш, қалби масжидларга боғлиқ киши, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши, мансаб ва жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда, мен Аллоҳдан қўрқаман деган одам, садақани махфий қилиб, ҳатто чап қўли ўнг қўли қилган нафақани билмай қолган одам ва Аллоҳни холий қолиб эслаганда кўзидан ёши оққан одам», дедилар». Бешовлридан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Аллоҳ таолодан қўрқиб ўз шаҳватидан кечиш улкан фазилатдир. Гуноҳ ишдан қўрқиб ўзини четга олиш, охират азобидан қўрқиб, ўзининг оний лаззатидан воз кечиш катта жасоратдир. Аллоҳ таоло бундоқ бандани муносиб равишда мукофатлайди. Мансаб ва жамол эгаси бўлган аёл ўзи чақириб турганда, унинг чақириғига рад жавоб беришга фақатгина Аллоҳ таолодан қўрқиш монеъ бўлганда, дарҳақиқат, улкан қаҳрамонлик содир этилган бўлади.
Аллоҳ таоло Ўзи учун кечилган оний ҳаром лаззатни, жаннатдаги доимий ҳалол лаззатга алмаштиради. Бунинг учун мазкур қаҳрамонликни қилган одамни аввало қиёмат куни Ўз соясига олади.
Биз мусулмонлар бу ишни қилишга тайёр бўлишимиз керак, ёшларимизни ҳам шу руҳда тарбияламоғимиз зарур.
Аллоҳдан қўрқиб, У зотнинг розилигини истаб гуноҳ ишни қилишга қодир бўлиб турганда тарк этиш ҳам солиҳ амаллардан ҳисобланар экан. Аллоҳдан қўрқиб қилмоқчи бўлиб турган гуноҳидан қайтган банда нафақат охират савобига, балки бу дунёнинг яхшиликларига ҳам эришар экан. Банданинг ихлос билан ёмонликни тарк этиши ҳам, унинг бошидан мусибатни кўтаришига сабаб бўлар экан.

Хавфнинг фойдаларидан:

1. Ҳақиқий хавф жаннатга олиб боради ва дўзахдан қутқаради.
2. Ҳақиқий хавф қиёмат кунидаги катта даҳшатдан омонликдир.
3. Ҳақиқий хавф иймон баркамоллиги ва Ислом гўзаллиги далилидир.
4. Ҳақиқий хавфнинг самараси Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва тоатидир.
5. Ҳақиқий хавф банда учун икки дунё саодатидир.
6. Ҳақиқий хавф қалб мусаффолиги ва нафс поклиги далилидир.
7. Ҳақиқий хавф қалб ҳидояти далилидир.
8. Ҳақиқий хавф инсонни маъсият ва ёмонликлардан сақлайди.
9. Ҳақиқий хавф амални Аллоҳ учун ихлос ила қилишга чақиради.
10. Ҳақиқий хавф мусулмонни барча махлуқотларга шафқат қилишга чақиради.
11. Ҳақиқий хавф мусулмонни гўзал ахлоқлар билан хулуқланишга ва манманлик ҳамда кибрни тарк қилишга чақиради.

Хавф ҳақида келган ривоятлардан намуналар: Ибн Ражаб Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Аллоҳ таоло мақомидан хавф қилган ва фарзларни адо этган мўминларга жаннатни ваъда қилди».
Зуннун Мисрий айтади: «Модомики одамларда хавф бор экан, улар йўлдан адашмайдилар. Қачонки улардан хавф кетса, албатта, йўлдан адашадилар».
Имом Байҳақий «Шуъабул Иймон»да Умар ибн Абдулазиздан ривоят қилади: «Ким Аллоҳдан хавф қилса, Аллоҳ барчани ундан қўрқадиган қилиб қўяди. Ким Аллоҳдан хавф қилмаса, ҳамма нарсадан қўрқадиган бўлади».
Имом Байҳақий Фузайл ибн Иёздан ривоят қилади: «Агар Аллоҳдан хавфда бўлсанг, ҳеч ким сенга зарар етказа олмайди. Агар Аллоҳдан бошқадан хавфда бўлсанг, ҳеч ким сенга фойда етказа олмайди».
Ибн Ражаб Абу Сулаймон Доронийдан ривоят қилади: «Дунё ва охиратдаги барча яхшиликнинг асли Аллоҳ азза ва жалланинг хавфидир. Хавфи бўлмаган ҳар бир қалб, хароба қалбдир».
Иброҳим ибн Суфён айтади: «Агар хавф қалбда жойлашса, ундаги шаҳват масканларини куйдиради ва ундан дунёни ҳайдаб чиқаради».

УМАР РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ ХАВФЛАРИ

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг азобидан юқори даражада хавф қилиб турадиган инсон эдилар. У киши ўзларининг фазллари ва қилган амалларига ҳеч қачон суяниб қолмас эдилар. Доимо Аллоҳ таолонинг раҳим қилишини тилаб турар эдилар.
Абу Нуъайм «Ҳуля»да Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Агар бир нидо қилувчи осмондан нидо қилиб: «Эй одамлар! Албатта, сизларнинг барчангиз, фақат бир кишидан бошқангиз, жаннатга кирувчиларсиз!» деса, мен ўша одам эмасмиканман, деб қўрқаман.
Агар бир нидо қилувчи нидо қилиб: «Эй одамлар! Албатта, сизларнинг барчангиз, фақат бир кишидан бошқангиз, дўзахга кирувчиларсиз!» деса, мен ўша одам бўлсам, деб умид қиламан», деди».
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо розияллоҳу анҳу билан учрашиб қолди ва: «Эй Абу Мусо! Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган амалларининг холис қолиши хурсанд қиладими? Бошқа амалларингдан учма-уч чиқсанг. Яхшиси ёмони билан, ёмони яхшиси билан учма-уч бўлса? Сенинг фойдангга ҳам эмас, зарарингга ҳам эмас?» деди. Абу Мусо: «Йўқ! Эй мўминларнинг амири! Аллоҳга қасамки! Мен Басрага келганимда ботил кенг тарқалган экан. Мен уларга Қуръонни ва Суннатни таълим бердим. Улар ила Аллоҳнинг йўлида ғазот қилдим. Мен ўшалар ила У зотнинг фазлини умид қиламан», деди. Умар розияллоҳу анҳу: «Лекин мен ўз амалимдан; яхшиси ёмони билан, ёмони яхшиси билан учма-уч бўлиб, менинг фойдамга ҳам эмас, зараримга ҳам эмас бўлиб учма-уч чиқишни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган амалимни ўзимга холис бўлишини хуш кўраман», деди». Ибн Асокир ривоят қилган.
Ҳофиз Абу Бакр Абу Дунё ривоят қиладиларки, бир кечаси ҳазрат Умари Одил одатларича Мадинаи Мунаввара кўчаларини айланиб юрган эканлар. Мусулмонлардан бирларининг ҳовлиси ёнидан ўтиб кетаётсалар, ҳовли эгаси намоз ўқиётганини эшитибдилар.
Тўхтаб, қироатга қулоқ солибдилар. Уй эгаси «Ват Тур»ни ўқиб, «инна азаба роббика лавақеъ, ма лаҳу мин дафеъ»га етганда, ҳазрати Умар: «Каъбанинг Роббиси ила қасамки, бу ҳақ қасамдир», дебдилар, ва эшакларидан тушиб, деворга суяниб қолибдилар. Бир муддат шу ҳолатда туриб, сўнг уйларига қайтибдилар.
Шундан кейин бир ой касал бўлиб ётган эканлар. Йўқлаб келганлар у кишининг нима билан оғриётганларини билмас эканлар. Пок ва таъсирчан қалбларга Қуръон ана шундай таъсир кўргазган.
Етган неъматлар масъулияти хавфи
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзларига ва мусулмонларга берилган неъматлар масъулиятидан ҳам юқори даражада хавфда бўлар эдилар. У кишида молу дунё ила фахрланиш ўрнига унинг шукрини келтира олмасликдан, у билан ховлиқиб кетишдан хавф бор эди.
Имом Байҳақий Мисвар ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга Қодисия ўлжаларидан бир тўп ўлжа келди. У уларни ағдариб кўриб, уларга назар солиб йиғлай бошлади. Абдурраҳмон ибн Авф у билан бирган эди. Абдурраҳмон унга: «Эй мўминларнинг амири! Бугун хурсандлик куни. Бугун сурур куни» деди. У: «Тўғри. Аммо манави қай бир қавмга берилса, албатта, адоват ва ёмон кўришни қолдирган», деди».
Имом Аҳмад, Баззор ва Абу Яълолар Абу Синон Дуалийдан ривоят қилади: «У киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдиларига кирса бир гуруҳ аввалги муҳожирлар билан ўтирган экан. Умар занбил ёки жундан тўқилган идишга ўхшаш сафат номли идишни олиб келишга одам юборди. Уни Ироқнинг қалъасидан олиб келинган эди. Унинг ичида узук бор эди. Баъзи болалари уни олиб оғзига солган эди Умар ундан тортиб олди ва йиғлай бошлади. Унинг олдидагилар: «Сени нима йиғлатмоқда? Аллоҳ сенга фатҳни берган, душманингдан устун қилган ва кўзингни қувонтирган бўлса», дедилар. Умар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, дунё кимга фатҳ қилинса, албатта, Аллоҳ азза ва жалла уларнинг орасига қиёматгача адоват ва ёмон кўришни соладир», деганларини эшитган эдим. Мен ана ўшандан қўрқмоқдаман», деди».

РАЖО

Араб тилида «ражо» сўзи ноумидликнинг тескариси, умидворлик маъносини англатади. Фақат «ражо»да умидга хавф ҳам аралашган бўлади.
Уламолар «ражо»ни қуйидагича таърифлаганлар: Роғиб: «Сурур бағишловчи нарсанинг ҳосил бўлишини тақозо қилувчи ишонч ражодир», деган.
Муновий: «Ражо бир сабабни тақдим қилгандан кейин ундан келадиган манфаатни кутишдир», деган.
Абдул карим Қушайрий: «Ражо қалбнинг келажак маҳбубга боғланишидир», деган.
Бир қавлда: «Ражо Аллоҳ таолонинг фази карамидан умидвор бўлишдир», дейилган.
Арабларда бир нарсани орзу қилиб, ортидан дангаса бўлиш ва жиддий ҳаракат қилмасликка таманний дейилади. Ражо бунинг том тескарисидир. Унда бир нарсадан умидвор бўлгани учун унга эришиш йўлида жидди жиҳад қилинади.
Ражо ҳақида келган оятлардан намуналар: Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Албатта, иймон келтирганлар, ҳижрат қилганлар ва Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилганлар – ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматини ражо-умид қиладилар. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир», деган (218 – оят).
Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасида: «Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан ражо – умидвор бўлса, албатта, Аллоҳ белгилаган вақт келгувчидир. У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчидир», деган (5 – оят).
Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида: «Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар», деган (29 – оят).
Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида: «Йўқса, у кечалари ибодат қилиб, сажда этган, бедор ҳолида охиратдан қўрқиб, Робби раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгми?! Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар», деган (9 – оят).

Ражо ҳақида келган ҳадислардан намуналар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бамдод намозидан сўнг Билолни чақирдилар ва унга: «Эй Билол менга ўзингнинг Исломда қилган манфаатли ишларинингдан энг умидлисини айтиб бер. Бу кеча жаннатда, олдимда сенинг ковушингнинг шитир-шитирнгни эшитдим», дедилар. Шунда Билол: «Исломда қилган манфаатли ишларимдан энг умидлиси кечасими, кундузими қай соатда таҳорат қилсам, албатта, ўша таҳоратим билан Аллоҳ менга фарз қилган намозни ўқиганимдан бошқа нарса эмас», деди.
Муслим ва Бухорий ривоят қилган. Бухорийнинг лафзида: «жаннатда, олдимда сенинг ковушингнинг дупирини эшитдим», дейилган.

Абу Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг чоғида Билолни чақирдилар ва унга: «Эй Билол нима ила мендан олдин жаннатга кирдинг? Қачон жаннатга кирсам, албатта, олдимда сенинг шитир-шитирнгни эшитаман. Бу кеча ҳам жаннатга кирдим ва олдимда сенинг шитир-шитирингни эшитдим. Сўнг бир олтиндан бўлган тўрт бурчак ва баланд қасрга келдим: «Бу қаср кимники?» дедим.
«Бир араб одамники», дедилар.
«Мен арабман. Бу қаср кимники?» дедим.
«Қурайшлик бир одамники», дедилар.
«Мен қурайшликман. Бу қаср кимники?» дедим.
«Муҳаммад умматидан бир одамники», дедилар.
«Мен Муҳаммадман. Бу қаср кимники?» дедим.
«Умар ибн Хаттобники», дедилар.
Шунда Билол: «Эй Аллоҳнинг Расули! Қачон озон айтсам, албатта, икки ракъат намоз ўқидим. Қачон таҳоратим кетса, албатта, ўша вақтнинг ўзида таҳорат қилдим ва менинг зиммамда Аллоҳ учун икки ракъат намоз бор деб билдим», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўша икки нарса билан экан», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг юзта роҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашоротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳим кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта роҳматни кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига роҳмат кўрсатади», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларига, Уфайр номли эшакда мингашиб борар эдим. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй, Муоз, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи нимаю, банданинг Аллоҳдаги ҳаққи нима эканини биласанми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчилар», дедим.
У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи, уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, Унга бирор нарсани ширк келтирмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи эса, ким Унга бирор нарсани ширк келирмаса ўшани азобланмаслигидир», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, одамларга башорат берайми?» дедим.
У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уларга башорат берма, яна, суяниб қолмасинлар», дедилар». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган чоғда, Ўз ҳузуридаги, Арш устидаги китобга, албатта, раҳматим, ғазабимдан илгаридир», деб ёзди», дедилар». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.

Ражо ҳақидаги асарлардан намуналар

Абу Нуъайм ўзининг «Ҳулятул авлиё»сида Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Ҳошимданривоят қилинади: «Зуннун Мисрий дуосида қуйидагиларни айтганини эшитдим: «Эй Аллоҳим! Рағбатим Сенигина қасд қилур. Ҳожатимни Сендангина сўрарман. Талабим нажотини Сендангина ражо қилурман. Сўровларим калитлари фақат Сенинг қўлингдадир. Яхшиликни Сендан бошқадан сўрамасман ва Сендан ўзгадан ражо қилмасман. Фазлингни билганимдан кейин раҳматингдан ноумид бўлмасман».
Имом Шофеъий ўлим олдидаги беморликларида: «Қалбим моғор босиб, мазҳабим тор бўлганда, Ражони Сенинг афвингга нарвон қилурман», деган.
Суфён Саврий: «Ким бир гуноҳ қилса ва уни Аллоҳ таоло тақдир қилганини билиб У зотнинг мағфиратини ражо қилса, Аллоҳ унинг гуноҳини мағфрат қилур», деган.
Шоҳ Кирмоний: «Ражонинг тўғрилиги аломати, тоатнинг гўзаллигидадир», деган.

Ражонинг фойдаларидан:

1. Ражо банданинг ўз Роббисига қуллигини ва Ундан сўрайдиган ҳожатини изҳор қилишдир.
2. Ражо банданинг ўз Роббисидан Ундан эҳсон кутиши ва Унинг фазлидан кўз очиб юмгунча ҳам беҳожат бўла олмаслигини ҳис қилишидир.
3. Ражо банда учун уни Аллоҳ томон юришида карвонбошисидир. Ражо бўлмаса ҳеч ким юра олмасди.
4. Ражо бандани муҳаббат остонасига келтиради. Банданинг ражоси қанча кучли бўлса, унинг ражо қилган нарсаси шунча кўп рўёбга чиқади ва Аллоҳ таолога муҳаббати ва шукри шунча зиёда бўлади.
5. Ражо бандани энг олий мақомларга кўтаради. У шукр мақомидир. Шукр мақоми бандаликнинг хулосасидир. Банданинг ражо қилган нарсаси ҳосил бўлса, шукри ҳам юзага чиқади.

ХАВФ ВА РАЖО БИРГАЛИКДА

Исломий адабиёт ҳамда одатда хавф ва ражо бирга зикр қилинадиган бўлиб қолган. Чунки бу икки нарса бир бирига боғлиқ нарсадир.
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ражо ва хавф муқарраблар барча мақомларга учиб борадиган икки қанотдир. Иккиси охират йўлидаги қийин давонларни ошиб ўтишдаги уловдир», деганлар.
Ражо соликларнинг мақомларидан ва толибларнинг ҳолларидандир.
Агар сифат собит бўлиб туриб қолса мақом деб аталади. Агар вақтинчалик ва тез заволга учрайдиган бўлса сифатни ҳол дейилади.
Ражо ҳол, илм ва амалнинг қўшилишидан иборатдир. Илм самарасидан ҳол пайдо бўладиган сабабдир. Ҳол эса амални тақозо қилади. Мазкур уч нарсанинг жамланиши ражодир.
Бандага учрайдиган яхшилик ва ёмонлик ўтган, ҳозирги ва келаси замонда бўлади.
Ўтган замондаги нарса хотирага келса, эслаш бўлшади.
Ҳозирги замондаги нарса хотирга келса идрок, вужд ва завқ бўлади.
Келаси замондаги нарса хотирага келса ва қалбга ғолиб бўлса интизор ва кутиш деб аталади.
Агар интизор бўлаётган нарса ёмон бўлса, ундан қалбда алам пайдо бўлади ҳамда хавф деб номланади.
Агар интизор бўлаётган нарса яхши бўлса, ундан қалбда лаззат ҳамда роҳат пайдо бўлади ва мазкур ҳолатни ражо деб номланади.
Бас, ражо қалбнинг ўзи яхши кўрган нарсасига интизор бўлишидир. Бунда мазкур интизор бўлинаётган яхшиликнинг сабаби бўлиши шартдир.
Хавф Аллоҳ таоло билан банда орасидаги тизгиндир. Агар банданинг тизгини узилса ҳалок бўлади.
Яҳъё ибн Муозга: «Эртага одамларнинг энг омондагиси ким?» дейилганда,
«Бугун хавфи шиддатлиси», деб жавоб берган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, хавфнинг мадҳида келган ҳар бир нарса ражонинг ҳам мадҳидир. Ва акси ҳам тўғридир. Чунки бу икки нарса бир бири билан чамбарчас боғлиқдир. Ҳар бир кимса ўзига маҳбуб бўлган нарсани ражо қилиш билан бирга ундан маҳрум бўлишдан завфсираб ҳам туради.
Бас, хавф ва ражо бир бирига боғлиқдир ва бир биридан ажраши мумкин эмас. Иккиси жам бўла туриб бири иккинчисидан ғолиб бўлиши мумкин. Қалб бири билан машғул бўлиб бошқасидан вақтинчалик ғофил бўлиши ҳам мумкин. Аммо уларнинг иккиси бир биридан бутунлай ажраши мумкин эмас.
Бу ҳақиқат Қуръони Каримда ҳам ўз аксини топган.
Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида: «Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди», деган (90 - оят).
Уларнинг дуолари ғофиллик ила шуурсиз эмас эди. Балки улар чин дилдан ихлос билан, қўрқган ҳолларида дуо қилардилар.
Аллоҳ таоло «Сажда» сурасида: «Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қилурлар», деган (16 – оят).
Бу ерда Аллоҳнинг оятларига ҳақиқий иймон келтирган одамлар хос сифатлари билан ажралиб туришлари эслатилмоқда.
«Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур».
Мазкур мўмин бандалар кечасида бедор бўлиб, иссиқ жойини тарк этиб, таҳажжуд намози ўқиб, ибодат қилурлар.
«...Роббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар...»
Улар доимо масъулиятни сезиб турадиган ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлмайдиган кишилардир. Мўмин бандалар ҳар доим Аллоҳнинг азобидан қўрқиб ва Унинг раҳматидан умид этиб дуода бўладилар.
«...ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қилурлар».
Яъни, фақат маънавий ва жисмоний эмас, балки молиявий ибодат ҳам қиладилар.
Хавф ва ражо бирга бўлиши Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим (олди)да ётган ёш йигит олдига кирдилар ва: «Ўзингни қандоқ ҳис қилаяпсан?» дедилар.
«Аллоҳдан умидим бор, Эй, Аллоҳнинг Расули. Ва, албатта, гуноҳларимдан хавфдаман», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу икковлари мўмин банданинг қалбида, бунга ўхшаш ҳолатда жам бўлса, албатта, Аллоҳ унга умид қилган нарсасини беради ва хавф қилган нарсасидан сақлайди», дедилар». Термизий ривоят қилган ва, яхши, деган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ким бемор бўлса бориб кўрар эдилар. Қарими, ёшми, қулми, саййидми фарқ қилмас эдилар.
Манабу ривоятда ёш йигит ўлим тўшагида ётганида кўргани келганлари ривоят қилинмоқда.
Шу ерда, ўлим олдида ётган йигитдан:
«Ўзингни қандоқ ҳис қилаяпсан?» деб сўрадилар.
Йигит эса, чин мусулмон инсоннинг жавобини берди:
«Аллоҳдан умидим бор, Эй, Аллоҳнинг Расули. Ва, албатта, гуноҳларимдан хавфдаман», деди».
Чин мусулмон шундоқ бўлиши керак. Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлиб, У зотдан доимо яхшилик кутиши керак.
Ноумид бўлиш мусулмон шахсга ҳеч тўғри келмайди. Чунки, у умид қилса ҳар бир нарсага қодир, ғафуру раҳим бўлган Аллоҳдан умид қилади. Камолот сифатларига эга бўлган зот, Аллоҳ таолодан ҳар қанча яхшиликни ражо қилса бўлади.
Шу билан бир вақтда гуноҳларга бепарво бўлмай, улар туфайли Аллоҳнинг азобига дучор бўлишдан хавф қилиб туриш ҳам мусулмон инсоннинг бурчидир. Бепарво бўлиш мусулмон инсонга ҳеч тўғри келмайди.
Чунки, у бепарво бўлса, ҳар бир нарсанинг ҳисобини олиб турувчи, осийларнинг ҳар бир гуноҳига яраша жазосини берадиган, жаббору зул интиқом бўлган зот, Аллоҳдан бепарво бўлган бўлади. Шунинг учун банда доимо азобга дучор бўлиб қолмай, деган хавфда туриши керак. Ана ўшанда мурод ҳосил бўлади. Бу натижани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда таъкидламоқдалар:
«Бу икковлари (хавфу-ражо) мўмин банданинг қалбида, бунга ўхшаш ҳолатда жамъ бўлса, албатта, Аллоҳ унга умид қилган нарсасини беради ва хавф қилган нарсасидан сақлайди» демоқдалар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга қўлларида иккита китоб ила чиқдилар ва: «Бу икки китоб нималигини биласизларми?» дедилар.
«Йўқ! Эй Аллоҳнинг Расули, илло сиз бизга хабар берсангиз билишимиз мумкин», дедик.
Бас, у зот ўнг қўлларидагини кўрсатиб: «Бу оламлар Роббисидан бир китобдир. Унда аҳли жаннатларнинг исмлари, уларнинг оталарининг ва қабилаларининг исмлари бор», дедилар.
Сўнгра охиригача васф қилдилар. Кейин у зот ўнг қўлларидагини кўрсатиб:
«Бу оламлар Роббисидан бир китобдир. Унда аҳли дўзахларнинг исмлари, уларнинг оталарининг ва қабилаларининг исмлари бор», дедилар.
Сўнгра охиригача васф қилдилар ва: «Уларга ҳеч зиёда ҳам, нуқсон ҳам қилинмас», дедилар.
Шунда у зотнинг саҳобалари: «Эй Аллоҳнинг Расули, агар ишдан фориғ бўлинган бўлса, амал нимага?» дедилар.
«Маҳкам бўлинглар ва яқинлашинглар! Албатта, жаннат соҳибига аҳли жаннат амали ила хотима берилади. Гар қандоқ амални қилган бўлса ҳам. Албатта, дўзах соҳибига аҳли дўзах амали ила хотима берилади. Гар қандоқ амални қилган бўлса ҳам», дедилар.
Сўнгра Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қўлларидагини ташладилар-да:
«Роббингиз бандалардан фориғ бўлди. Бир гуруҳ жаннатда ва бир гуруҳ дўзахда», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Демак, банда доимо хавф ва ражо орасида бўлиши лозим.

ХАВФУ РАЖО ДАРАЖАСИ

Баъзида хавф афзалми ёки ражоми дея сўралади. Уламолар бу каби савол нотўғри бўлиб, худди нон афзалми ёки сув деганга ўхшайди дейдилар.
Бундай ҳолатда, албатта, очга нон, чанқаганга сув афзал деган жавоб берилади.
Агар иккиси жам бўлса, қай бири ғолтб эканига қаралади. Очлик ғолиб бўлса нон, чанқоқ ғолиб бўлса сув афзал бўлади.
Агар очлик ва чанқоқ баробар бўлса, нон ва сув иккиси ҳам барорбар бўлади.
Хавфу ражо қалб хасталиклари учун икки даводир. Уларнинг фазли ҳам мавжуд дардга қараб бўлади.
Агар қалбга ғолиб бўлиб турган нарса Аллоҳ таолонинг макридан омонлик ғурури дарди бўлса, унга хавф дориси афзал бўлади.
Агар қалбдаги дард Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумидлик ёки маъсиятга ружу қўйишлик дарди бўлса, унга ражо давоси муносиб бўлади.
Умуман бу каби масалаларда «афзал» сўзини ишлатишнинг ўзи ҳам дуруст эмас. Унинг ўрнига «муносиб» сўзини ишлатиш яхши бўлади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, одамларнинг кўпчилиги учун ражодан кўра хавф муносиброқдир. Чунки уларнинг ичида маъсият ғолиброқдир.
Ташқи ва ички, махфий ва ошкор гуноҳларни тарк қилган тақводир учун хавфу ражоси баробар бўлгани муносиб. Шунинг учун ҳам мўминнинг хавфи ва ражоси тортиб кўрилса, иккиси баробар келади дейилган.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўз фарзандларидан бирига: «Болагинам! Аллоҳ таолодан шундай хавф қилгинки, агар сен Унинг ҳузурига ер аҳлининг барча ҳасанотларини олиб борганингда ҳам уларни сенда қабул қилмайди деб билган. Аллоҳ таолога шундай ражо қилгинки, агар сен Унинг ҳузурига ер аҳлининг барча гуноҳларини олиб борганингда ҳам уларни сендан мағфират қилади деб билгин», деганлар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Агар, бир кишидан бошқа ҳамма одамлар дўзахга кирсин!» деган нидо қилинса, албатта, ўша одам мен бўлсам керак деган ражони қиламан. Агар, бир кишидан бошқа ҳамма одамлар жаннатга кирсин!» деган нидо бўлса, ўша одам мен бўлсам керак деган хавфда бўламан», деганлар.
Лекин ҳозирда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даражасидаги одамлар қани? Ҳозирги замоннинг одамлари учун хавф муносибдир. Шарти шулки, мазкур хавф ўз эгасини ноумидлик, мағфиратни орзу қилмаслик руҳиятида бўлиб амални тарк қилиш даражасига олиб бормасин. Бундай ҳолат ўз эгасини шаръий амалларни қилмасликка ва маъсиятларни тап тортмай қилишга олиб боради. Бу эса хавф эмас, балки умидсизликдир.
Хавф эса, амалга чорловчи, шаҳватларни жиловловчи, қалбни дунёга берилишдан қайтарувчи ва алдамчи ғурурни тарк қилишга чақирувчи кучдир.
Ўлимга кўзи етгунча бўлган даврда хавфнинг ғолиб бўлиши муносибдир. Ўлимга кўзи етгандан кейин эса, ражо ва яхши гумон муносибдир. Чунки, хавф амалга боис бўладиган қамчи каби нарсдир. Ўлим келгандан кейин амалнинг вақти тугайди. Бу пайтдаги хавф қалбга зарар қилади.
Аммо ражо руҳи унинг қалбига қувват беради ва ўзи ражо қилаётган Роббисига бўлган муҳаббатини кучлантиради. Аллоҳ таолога муҳаббат қилган ҳолда бу дунёни тарк қилиш улкан саодатдир.

Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан уч кун олдин: «Сиздан бирортангиз Роббисига яхши гумонда бўлмасадан, ўлмасин!» деганларини эшитдим». Муслим ривоят қилган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўлими олдидан ўғлига: «Менга ражо ва яхши гумон ҳақидаги хабарларни зикр қил», деганлар.
Сулаймон Таймий ўз ўлими олдидан ўғлига: «Болагинам! Менга рухсатлар ҳақида гапир! Менга ражони зикр қил! Токим Роббимга яхши гумон қилган ҳолимда рўбарў бўлай», деган.

ХАВФНИ ЖАЛБ ҚИЛУВЧИ ДАВО БАЁНИ

Аллоҳ таолодан хавф қилиш икки мақомга тақсимланади: Биринчи мақом У зотнинг азобидан хавф қилишдир.
Бу мақомдаги хавф барча халойиқ учун умумий бўлган хавфдир. Бу хавф аслида жаннат ва дўзахга, уларнинг тоатнинг мукофати ва маъсиятнинг жазоси эканига иймондан ҳосил бўладир.
Мазкур мақомдаги хавф ғафлат ва иймоннинг заифлиги туфайли кучсизланади. Аксинча хавф қилувчиларнинг ҳолини кўрганда, уларнинг мажлисида ўтирганда ёки хабарларини эшитганда кучланади.
Иккинчи мақом Аллоҳ таолонинг Ўзидан хавф қилишдир.
Бу мақомдаги хавф қалб арбоблари бўлган олимлар ва орифларнинг хавфидир.
Улар Аллоҳ таолонинг сифатларини ва мазкур сифатлар тақозо қиладиган ҳайбат ва хавфни англаб етган зотлардир.
Зотан Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида: «Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар», деган (28 - оят).
Улар Аллоҳ таолонинг «Оли Имрон» сурасидаги: «Аллоҳ сизларни Ўзидан огоҳ қиладир. Ва қайтиб бориш Аллоҳнинг Ўзигадир», (28 – оят) деган қавлининг сирини яхши биладилар.
Улар Аллоҳ таолонинг «Оли Имрон» сурасидаги: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг», (102 – оят) деган қавлининг сирини яхши биладилар.
Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бу оятдаги ҳақиқий тақвони: «Аллоҳга итоат этиб, исён этмаслик, уни эслаш ва унутмаслик, унга доимо шукр қилиб, куфр кетмаслик», деб таърифлаганлар.
Бу мақом олий мақом бўлиб, унда Аллоҳ таолонинг Ўзидан хавф қилинади. Яъни, Ундан тўсилиб қолишдан қўрқилади ва Унга қурбат ҳосил қилишдан умидвор бўлинади. Ушбу қўрқишдан мўминлар оммаси ҳам насибадор бўлиши мумкин. Ким маърифат чўққисини эгалласа, Аллоҳ таолонинг маърифатига эришса, Ундан ўз – ўзидан хавф қиладиган бўлади. Қандайдир муолажага ҳожати қолмайди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тариқатдаги кишининг кундалик вазифалари аниқ бўлади. Бунда у аввало кундалик фарз ва вожиб амалларга алоҳида эътибор беради. Ўзининг бурчи бўлган бу амалларни давоми...

5804 13:40 / 01.06.2019
Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, ҳар бир тариқатнинг ўз шайхидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган силсиласи бор. Мазкур силсилага кирувчи давоми...

4934 13:30 / 22.12.2018
5. Ёд кард..Ёд эт, ndash .зикр қил,. Зикр нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг кучли омиллардан бири ҳисобланади.Қуръон тиловатидан кейин банданинг тили давоми...

2974 15:04 / 17.11.2018
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади Билингки, албатта, дунё ҳаёти ўйин кулги ва кўнгилхушлик ҳамда зебзийнат, ўзаро фахрланиш, молмулкни ва болачақани кўпайтириш, давоми...

4393 17:02 / 02.12.2018