1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Савдо-сотиқда йўл қўйиладиган гуноҳлар

09:10 / 23.11.2023 3201 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёлғон қасам ичиш.

– Савдо молини ўтказиш учун ёлғон қасам ичиш энг катта гуноҳлардан биридир.

َنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «الْحَلِفُ مُنْفَقَةٌ لِلسِّلْعَةِ، مَمْحَقَةٌ لِلْبَرَكَةِ». رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ. وَلِمُسْلِمٍ: «إِيَّاكُمْ وَكَثْرَةَ الْحَلِفِ فِي الْبَيْعِ، فَإِنَّهُ يُنَفِّقُ ثُمَّ يَمْحَقُ».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир», дедилар».

Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Муслимнинг ривоятида:

«Савдода кўп қасам ичишдан эҳтиёт бўлинглар, чунки у ўтказади ва ўчиради», дейилган.

Баъзи бир савдогарлар ўз молини ўтказиш мақсадида ёлғон гапирадилар, ҳатто қасам ҳам ичадилар. Баъзи харидорлар унинг қасамига ишониб, молини сотиб олади. Ҳалиги савдогар савдоим юришди, деб хурсанд бўлади. Аслида эса ёлғон гапиргани, ёлғон қасам ичгани учун молининг баракаси ўчади. Миқдори кўпайганга ўхшагани билан баракаси бўлмайди. Фойдаси камаяди. Ҳатто бошқа томондан балолар ҳам етади.

Шунинг учун савдогар ростгўй бўлиши керак, қасам ичиб, молини ўтказишга уринмаслиги лозим. Ростгўйлик билан, бировни алдамасдан қилинган савдода барака бўлади, эгасига юқади, фойда беради.

Алдамчилик.

 – Савдода одамларнинг кўзини бўяш, алдамчилик каби ишлар ҳам ҳаромдир.

وَمَرَّ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم بِرَجُلٍ يَبِيعُ طَعَامًا، فَسَأَلَهُ: «كَيْفَ تَبِيعُ؟» فَأَخْبَرَهُ، فَأُوحِيَ إِلَيْهِ أَنْ أَدْخِلْ يَدَكَ فِيهِ، فَأَدْخَلَ يَدَهُ، فَإِذَا هُوَ مَبْلُولٌ، فَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: «لَيْسَ مِنَّا مَنْ غَشَّ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُمَا: فَقَالَ: «مَا هَذَا، يَا صَاحِبَ الطَّعَامِ؟» قَالَ: أَصَابَتْهُ السَّمَاءُ يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «أَفَلَا جَعَلْتَهُ فَوْقَ الطَّعَامِ كَيْ يَرَاهُ النَّاسُ»، ثُمَّ قَالَ: «مَنْ غَشَّ فَلَيْسَ مِنِّي».

 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таом сотаётган одамнинг олдидан ўтаётиб: «Қандай сотяпсан?» деб сўрадилар. У хабар берди. Шунда у зотга: «Қўлингни у(таом)нинг ичига киргиз», деб ваҳий қилинди. У зот қўлларини киргизсалар, ҳўл экан. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким алдаса, биздан эмасдир», дедилар». 

Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилишган. Муслим ва Термизийнинг лафзида: «У зот: «Эй таом эгаси, бу нимаси?!» дедилар. «Ёмғир теккан эди, эй Аллоҳнинг Расули», деди. «Одамлар кўришлари учун буни таомнинг устига қилсанг бўлмасмиди?! Ким алдаса, мендан эмас!» дедилар», дейилган.

Ушбу ҳадиси шарифдаги таом деб номланган ва савдога қўйилган мол буғдой бўлиб, унга осмондан тушган ёмғир тегса, шишиб, оғир бўлиб қолади. Шунинг учун сотувчи ўлчовда ботил йўл билан фойда кўради. Иккинчидан, ёмғир теккан буғдойни сақлаб бўлмайди. Шунинг учун бундай махсулотларни айбини айтмай сотиш алдамчилик ҳисобланади.

Ушбу ҳадисдан савдо-сотиқ борасида бир қанча фойдалар олинади:

1. Ислом дини савдо-сотиқ, иқтисодий ишларда ҳам ўз таълимотларига эга экани.

2. Масъул кишилар савдо-сотиқ ишлари шариатга мувофиқ боришини кузатиб туриши лозимлиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўрашлари ва қўлларини солиб, текшириб кўришлари шуни кўрсатади.

3. Савдо молида айб бўлса, уни харидорга айтиш ёки кўрсатиш лозимлиги. Айбини кўриб, билиб туриб олса, ўзининг иши.

4. Савдода алдамчилик қилиш савдогарни мусулмонлик доирасидан чиқариши.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Биздан эмасдир», деганлари «Менинг динимда эмас», деганларидир.

Энди бугунги катта-кичик савдогарларнинг қилаётган ишларига бир назар солайлик.

Савдонинг қайси тури бўлса, ҳаммасида харидорни яхшилаб алдаш услуби ишлаб чиқилган. Сотувчининг нима қилиб бўлса ҳам харидорни алдаб, молини ўтказиб олишдан бошқа ташвиши йўқ.

Бунда кўргазмага яхши, сифатли молни қўйиб, ёмонини тортиб ёки ўлчаб бериш энг осон услуб.

Аввалгиларга ўхшаб, «Ёмғир тегиб қолган эди», де­йиш қаёқда, зироат маҳсулотини бозорга олиб чиқиш учун узиб ёки териб олишдан олдин, томиридан сув ичиб, тўйиб олгунича атайлаб сув қўйилади. Маҳсулот тарози босадиган бўлганидан кейингина бозорга олиб чиқилади. Бундай маҳсулотни еган одамнинг эса мазаси қочиши шубҳасиз.

Бозорда шеригининг ширин анорини сўйиб, кўргазмага қўйиб, ўзининг аччиқ анорини пуллайдиганларга жуда кўпчилигимиз алданганмиз.

Озғин қўйнинг оёғидан тешик очиб, насос билан ичига ҳаво пуфлаб шишириб сотишар экан. Ўша қўйни бозордан сотиб олиб келиб, қўйхонага қамаб қўйиб, бир пиёла чойни ичиб бўлиб қараса, қўйнинг пучайиб ётганидан фиғони фалакка чиққан харидорларнинг ҳасратларига шерик бўлганлар ҳам орамизда йўқ эмас.

Қўйингки, бозор ҳеч бир инсон боласининг ақлига сиғмайдиган ҳийла-найранг, алдов, қаллоблик каби иллатларнинг уясига айланган. Ушбу нарсаларни касб қилиб олган алдамчилар ўзини мусулмонман, деб аташга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиданман, дейишга ҳақлари бормикан?!

Аллоҳ таолодан қўрқиш, алдамчиликни ташлаш керак. Алдамчилик билан топилган мол-дунё ҳаром бўлади, эгасига юқмайди, бошига битган бало бўлади. Энг асосийси, Аллоҳ таолодан қўрқмаган, алдамчиликни ўзига касб қилиб олган кимса қиёматда шарманда бўлади.

Ўлчовдан уриб қолиш.

 – Тарозидан ва ўлчовдан уриб қолиш мутлақо ҳаромдир. 

Аллоҳ таоло Мутоффифун сурасида марҳамат қилади:

«Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга. Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар. Ва агар уларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар» (1-3-оятлар).

«Вайл» сўзининг икки хил маъноси бор, бири «Вой бўлсин», иккинчиси эса дўзахнинг номларидан бири «Вайл», яъни «Ўлчовдан уриб қолувчиларга Вайл дўзахи бўлсин» деганидир.

Аслида бу икки маъно бир-бирини тўлдириб келади: «Вайл»га тушган одамнинг ҳолига вой бўлади, ҳолига вой бўлган одам «Вайл»га тушади.

Ислом ўзининг дастлабки кунларидан бошлабоқ, бировнинг ҳаққини ҳаромдан ейишга қарши қаттиқ уруш очган. У ўлчовдан оз-оз уриб қолувчиларнинг ҳам дўзахга тушиб, ҳоли вой бўлишини эълон қилган. Қуръони Карим бу масалани ушбу сураи каримадан бошқа сураларда ҳам кўтарган. Хусусан, Шуаъйб алайҳиссалом қиссасида у зотнинг қавмларининг энг катта айби ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш экани такрор-такрор таъкидланган. Ҳар сафар шу ҳақда сўз кетганда, Аллоҳ таоло ўша қавмни мазкур айби учун ҳалок қилгани ҳам такрорланган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўз ҳадиси шарифларида ояти карималарнинг маъноларини таъкидлаганлар. Жумладан, имом Ҳоким ва Табароний Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўлчовдан уриб қолмаслар. Набототдан ман қилинурлар ва қаҳатчилик ила тутилурлар», – деганлар. Бу «Ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш билан машғул бўлган қавмнинг юртидан барака кўтарилиб, очарчиликка дучор бўлурлар» деганидир.

Биринчи оятда ўлчовдан уриб қолувчиларга бериладиган жазо эълон қилиб бўлинганидан сўнг, энди келадиган оятларда улар мазкур қабиҳ ишни қандай шаклда олиб боришлари васф қилинади.

«Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар. Ва агар уларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар».

Ҳа, ўлчовда уриб қолувчилар асосан олибсотар савдогарлар бўладилар. Улар савдогарликларини ҳалоллик, поклик билан қилсалар, энг баракали касбни қилган бўлар эдилар, кўп фойда топар эдилар. Аммо улар очкўз, ебтўймас шахсларга айланиб қолганлар. Шунинг учун савдодан тушган фойдани еб тўймасдан, ўлчовдан ҳам уриб қолиб – ялаб тўймоқчи бўладилар.

Улар кишилардан нарса ўлчаб олаётганларида заррача ҳам камайтирмасдан, иложи бўлса, бир оз ортиғи билан ўлчаб олишга уринадилар. Ўзлари бировга ўлчаб ёки тортиб берганларида эса камайтириб берадилар. Ана ўшалар шу йўл билан фойда кўрмоқчи бўладилар. Кишиларга сездирмай, осон йўл билан молу мулк касб қилмоқчи бўладилар. Эҳтимол, улар бу беш кунлик ­дунёда қўлга тушмай, қилган жиноятларининг жазосини тортмай, қутулиб кетарлар. Аммо...

«Ана шулар албатта қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми?» (4-оят)

Қайта тирилтирилганларида ҳам...

«Буюк бир Кунда» (5-оят).

Қайта тирилтирилурлар.

 «У Кунда одамлар оламлар Робби ҳузурида тик турарлар» (6-оят).

Ҳа, барча халойиқ албатта қайта тирилтириладиган кун Улуғ Кундир. У кунда одамлар Роббул оламин ҳузурида тик туриб, бу дунёда қилган заррача амаллари ҳақида ҳам ҳисоб-китоб берадилар. Ана шунда бу дунёда ўлчовдан уриб қолганлар нима қиладилар? «Нима учун фалон куни ўлчов пайтида Пистончининг ҳақидан бунча нарсани уриб қолдинг?» деб сўралса, нима деб жавоб беришларини ўйлаб кўрмайдиларми?! Ана ўшанда вайл – дўзахга тушиб, ҳолларига вой бўлишини ўйлаб кўрмайдиларми?!

Юқоридаги оятларда савдода кишилар ҳақидан уриб қолувчи фирибгарлар ҳақида сўз юритилди. Тарозими, метрми ёки бошқача ўлчовми – барибир, улар кишилардан нарса олаётганларида тўлиқ, балки ортиқча оладилар, аммо харидорларга ўлчаб бераётганда кам берадилар. Улар бу ишни қиёматдан қўрқмаганларидан қиладилар. Шунинг учун ҳам келаси оятларда иш улар ўйлаганларидек эмас, балки бошқача бўлиши, ҳар бир нарсанинг аниқ ҳисоб-китоби борлиги баён қилинади.

«Йўқ! Албатта, фожирларнинг китоби «сижжийн»дадир» (7-оят).

Йўқ!!! Ундай қилмасинлар! Бу йўлларидан қайтсинлар! Ўзларини ўнгласинлар! Ва билиб олсинларки, албатта, улар каби фожирларнинг китоби охиратда, мазкур одамлар Роббул оламин ҳузурида тик туриб, ҳисоб берадиган Улуғ Кунда «сижжийн»да бўлади.

«Сижжийн» не эканини сенга нима билдирди?!» (8-оят).

Яъни «Сен сижжийн нима эканини қаердан ҳам билардинг. Унинг моҳияти шундай каттаки, сен уни идрок эта олмайсан. Билиб қўй!»

«У ёзилган китобдир» (9-оят).

«Сижжийн» луғатда «ўта тор» деган маънони англатади. Ушбу оятнинг таърифидан эса у фожир одамнинг бу дунёда қилган каттаю кичик амаллари ёзиб юрилган «номаи аъмол» китоби эканини билиб оламиз. У китобда бирор нарса, ҳатто зарра миқдорида бўлса ҳам, ёзилмай қолмайди. Унга ёзилган нарса эса асло ўчирилмайди. Ҳаммаси тўлалигича қиёмат куни банданинг ўзига кўрсатилади. Ана ўшанинг асосида банда ҳисоб-китобга тутилади. Қиёмат куни фожирларнинг номаи аъмоллари «сижжийн»да бўлар экан. Уларнинг ўзлари тор дўзахга асфаласофилин бўлганлари учун, уларнинг китоблари ҳам ана шундай васфга эга бўлар, ана шундай жойга қўйилар экан. Бундан барча кофир, фожир ва осийлар керакли хулоса чиқариб, фурсатнинг борида ўзларини ўнглаб олишлари керак. Қиёматдан қўрқиб, унга иймон келтириб, унга тайёргарлик кўриб яшасинлар. У кунни ёлғонга чиқарсалар бўлмайди.

Ҳозирги кунда юқоридаги оятларда келган гаплардан бехабар одамларнинг савдода тортиш ва ўлчаш ишларида қилаётган номаъқулчиликларини кўрган, билган одам қўрқиб кетади. Кўпчилик сотувчилар ҳар қандай тарозини одамларнинг ҳақидан уриб қолишга мослаб олиш бўйича устаси фаранг бўлиб кетганлар. Шунинг учун ҳам баъзи харидорлар ўзлари билан қўл тарозисини олиб юришга мажбур бўладилар.

Ўлчаб сотиладиган нарсалардан уриб қолишнинг хилма-хил усуллари ишлаб чиқилган. Мисол учун, эллик килограммлик қопларга қирқ беш қилограмм нарса солинади. Савдогар ишлаб чиқарувчи тарафдан тўлиқ эллик килограмм юк олган бўлса ҳам, харидорга сотишдан олдин махсус найча орқали бир неча килограмм гуруч, ун, шакар ва шунга ўхшаш нарсаларни бошқа идишга тўкиб олади-да, харидорга эллик килограмм, деб сотаверади.

“Бозор ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Анфол сурасида марҳамат қилади .Сизлар дунёнинг ўткинчи нарсасини ирода қиласизлар. Аллоҳ эса охиратни ирода қиладир. Ва Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта давоми...

2271 10:30 / 03.09.2019
Хурмо етиштириш Саудия Арабистонининг энг муҳим хўжалик тармоқларидан бири ҳисобланади. Маълумки, бугунги тиббиёт ва илмфан ҳам хурмонинг фойдали мева давоми...

6087 10:30 / 24.06.2019
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлоднинг соғлом бўлиб ўсишини таъминлаш борасида отаоналарни фарзандларини бадантарбия билан шуғуллантиришга тарғиб давоми...

2434 09:05 / 08.07.2019
Бундан бир неча йил олдин сизга оламолам қувончларни ҳадя қилиб, қиз фарзандингиз дунёга келган эди. Қаранга, ҳашпаш дегунча балоғат ёшига етиб қолибди. Унинг давоми...

4001 19:20 / 16.09.2019