1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳдан ҳаё қилиш нимани тақозо қилади?

21:02 / 09.05.2017 7012 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолодан ҳаё қилган банда нима қилиши лозимлигини қуйидаги ҳадиси шарифдан билиб оламиз.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё ила ҳаё қилинглар»  дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, алҳамдулиллаҳ, биз ҳаё қиламиз», дедик.

«Ундай эмас. Аммо Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш – бошни ва у ичига олган нарсани, қоринни ва у ичига олган нарсани муҳофаза қилмоғинг, ўлимни ва чиришни элсамоғингдир. Ким охиратни ирода қилса, дунё зийнатини тарк қилади. Ким ўшани қилса, ҳақиқатда Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлади», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий ҳаё шунчаки баъзи бир ишларни қилишдан уялишдангина иборат эмаслигини, балки улкан бир маънони ўз ичига олишини баён қилмоқдалар.

Демак, Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш фақат хаёлдан ўтказиб қўйиладиган нарса эмас. Бировнинг ҳузурида қисилиб-қимтиниб ўтириш ҳам эмас. Яна шунга ўхшаш қуруқ гап ва ҳатти-ҳаракатлардан ҳам иборат эмас.

«Аммо Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш – бошни ва у ичига олган нарсани, қоринни ва у ичига олган нарсани муҳофаза қилмоғинг, ўлимни ва чиришни элсамоғингдир».

Бош ўз ичига олган нарсалар кўз, қулоқ, бурун, оғиз ва тил эканини билиб қўймоқ лозим. Ушбу нарсаларни ёмонликдан сақлаш ила Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари юзага келар экан.

Қорин ўз ичига олган нарсалар жумласида озуқалар ва фарж ҳам бор. Демак, озуқанинг ҳалол бўлиши ва фаржни гуноҳдан сақлаш ила Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари юзага келар экан.

Демак, Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилиш У Зотнинг таълимотларига амал қилиб яшашдан иборатдир.

Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилиш – Ислом ақийдасига тўғри эътиқод қилиш ва мафкуранинг мукаммал бўлишидир.

Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилиш бошда жойлашган қулоқни Аллоҳ ҳаром қилган гап-сўзларни эшитишдан тийиш ва шариатга мувофиқ, маъруф гап-сўзларни тинглашга ишлатишдир

Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилиш бошда жойлашган оғизни Аллоҳ ҳаром қилган гап-сўзларни сўзлашдан тийиш ва шариатга мувофиқ гап-сўзларни  гапиришга ишлатишдир.

Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилиш бошда жойлашган бурунни Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳидлашдан тийиш ва шариатга мувофиқ нарсаларгагина ишлатишдир.

Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилиш қоринни ва унда жойлашган нарсаларни, аъзоларни ҳаромдан тийиш ва шариатга мувофиқ нарсаларга ишлатишдир.

Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилиш банданинг доимо ўлим ҳақлигини, ўзи ҳам бир куни ўлиши буюк ҳақиқат эканини, шунингдек, қабрда чириши ҳақ эканини эслаб юришидир.

Бу ишларни амалга оширган одамнинг Исломи гўзал бўлади ва икки дунёси бахт-саодатга кўмилади.

«Ўлимни ва чиришни эсламоғингдир».

Ўлимини эсламаган кимса ҳеч нарсадан ҳаё қилмайди. Қабрда чиришини эсламаган одам ҳеч нарсадан ҳаё қилмайди.

«Ким охиратни ирода қилса, дунё зийнатини тарк қилади».

Албатта, бу ерда Аллоҳ таоло ҳалол қилган зийнатларни эмас, Аллоҳ таоло ҳаром қилган зийнатларни тарк қилиш ҳақида сўз кетмоқда. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:

«Сен: «Аллоҳ Ўз бандалари учун чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» деб айт», деган (Аъроф сураси, 32-оят).

Ушбу оят эгниларига кийим киймай тавоф қилишни, ҳаж мавсумида яхши таом истеъмол этмасликни ўзларига русум қилиб олиб, «Бу Аллоҳнинг амри», деб юрган араб мушрикларининг қилмишлари нотўғри эканини билдириш учун нозил бўлган ва у орқали ҳаммага хитоб қилинган.

Модомики, Аллоҳ таоло ўша кийимларни бандаларга ҳалол қилиб қўйибдими, демак, ҳеч ким уни ҳаром қила олмайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло покиза таомларни бандаларига ризқ қилиб бериб қўйибдими, уларни ҳам ҳеч ким ҳаром қила олмайди. Зийнат кийимлари ва покиза таомлар иймонлилар учун бўлмай, ким учун бўлсин?! Бу ризқ-рўзга моддий дунёда бошқалар ҳам шерик бўлиши мумкин, аммо охиратда, ушбу ояти каримада таъкидланганидек, зийнат либослари ва покиза ризқ­лар фақат мўминларга хос бўлади.

Аллоҳ таоло Ўз зотига иймон келтирган бандаларига ҳеч қачон хушрўй кийим-бошларни ва покиза таомларни ҳаром қилмайди.

«Ким ўшани қилса, ҳақиқатда Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлади».

Бу дунёда охиратни ирода қилган одам дунёга у даражада қизиқмайди. Унинг бевафолигини яхши билади. Шунинг учун охиратни ўйлаб, бу дунё зийнатини тарк қилади. Ана ўша банданинг Исломи гўзал бўлади.

Ким бу ҳадиси шарифда айтиб ўтилган ишларни мукаммал қилган бўлса, Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилган бўлади. Ҳа, ҳар бир банда Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилмоғи зарур.

Яъло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ жойда шалворсиз ғусл қилаётган одамни кўриб қолдилар. Бас, минбарга чиқдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг:

«Албатта, Аллоҳ ўта ҳаёли ва ўта тўсингандир. Бирортангиз ғусл қилса, тўсиниб олсин», дедилар».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Бу гапларда одоб-ахлоқнинг олий даражаси ўз ифодасини топган. Мусулмонлар ичидаги мавжуд камчиликларни муолажа қиладиган ваъзхонлар ва хатиблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишлари керак. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам «Фалончининг фалон жойда қип-яланғоч ғусл қилаётганини кўрдим, шу ҳам иш бўлдими?!» демадилар. Бошқа шунга ўхшаган гапларни ҳам айтмадилар. Балки аввал Аллоҳ таолонинг ўта ҳаёли эканини эслатиб, мусулмонларни ҳам ўта ҳаёли бўлишга ундадилар. Аллоҳ таолонинг ўта тўсинган эканини эслатиб, мусулмонларни ҳам ўта тўсинишга ундадилар. Сўнгра асосий мақсадга кўчиб, тўсиниб олиб ғусл қилиш кераклигини баён қилдилар.

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тўрт нарса расулларнинг суннатларидандир: ҳаё, хушбўй сепиш, сивок ва никоҳ», дедилар».

Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган.

Ҳаё инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган сифатлардан биридир. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланган улуғ бир сифатдир. Ҳаё набийларнинг ҳаммаларига муштарак сифат бўлган нарсадир.

Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон ҳаёли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Яланғоч бўлишдан сақланинглар, чунки сиз билан қазои ҳожат ва эркак киши ўз аҳлига борган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиган шахслар бўлади. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни икром этинглар», дедилар».

Термизий «Одоб боби»да ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда «Сиз билан қазои ҳожат ва эркак киши ўз аҳлига борган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиган шахслар», деб айтилаётган нарсалар фаришталардир. У фаришталарнинг баъзилари кишини турли бало-офатлардан қўриқлаб турсалар, баъзилари қилган амалларини ёзиб турадилар. Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмонлар ўша фаришталарнинг риоясини қилиб юришлари керак. Шариат рухсат бермаган ҳолатларда ҳеч қачон авратларини очмасликлари лозим. Токи бу нарса фаришталарга озор бўлиб тушмасин.

Демак, мўмин-мусулмон инсон ўзининг собит ақийдасига асосланиб, ўзи билан доимий равишда бирга бўладиган фаришталардан ҳам ҳаё қилиши керак. Улар банданинг ҳар бир нарсасини кўриб, билиб, амаллари дафтарига ёзиб туради. Ана ўшандай зотлардан ҳаё қилинмаса, кимдан ҳаё қилинади?!

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бировни ҳаёси учун «Сен ҳаё қилиб, ўзингга зарар қиласан», деб итоб қилаётган кишининг олдидан ўтиб қолдилар ва:

«Уни ўз ҳолига қўй! Албатта, ҳаё иймондандир», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Демак, ҳаё иймоннинг баркамоллигидан келиб чиқадиган хулқдир. Иймон ўзини билган ҳар бир мўмин учун энг азиз ва қимматбаҳо нарсадир. Ҳаё ўша иймондандир. Ҳар бир мўмин-мусулмон ҳаёли бўлишга ҳаракат қилсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳаё иймондандир, иймон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодир, жафо дўзахдадир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ҳаёнинг бундан кўра улуғ васфи бўлмаса керак. Карамли ахлоқлар дини бўлган Ислом ҳаёни иймон даражасига кўтаргандир. Карамли ахлоқлар дини бўлган Ислом ҳаёни жаннатга киритадиган нарса даражасига кўтаргандир. Исломда ҳаёли бўлиш шунчалар юқорига кўтарилган. Бас, мусулмонлар ҳаёли бўлсинлар.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳаё ва камгаплик иймоннинг икки шўъбасидир. Ҳаёсизлик ва маҳмадоналик нифоқнинг икки шўъбасидир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Аллоҳ таоло ҳаёни иймонга боғлаб қўйгани бежиз эмас. Ҳаётда ҳам бу боғланиш очиқ-ойдин сезилиб туради. Кишининг иймон даражасини унинг ҳаёсидан билиб олиш мумкин. Аксинча, мунофиқлик даражасини ҳаёсизлик ўлчови ила ўлчаса бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳаёли бандаларидан қилсин! Омин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Зуҳд ва ҳаё китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазон ойи ҳам яқинлашиб қолди. Бу ойнинг улуғлиги кўпчиликка маълум. Бу ойда бажариладиган амалларнинг савоби бошқа ойларга қараганда кўпайтириб берилишини давоми...

3068 12:30 / 01.05.2019
Кўп вақтдан буён келмай юрган Асмаъий бир куни Ҳорун арРашиднинг ҳузурига кирди. Ҳорун унга .Ёнимдан кетганингдан кейин аҳволинг қалай бўлди, деди. У .Ер менга давоми...

1495 07:10 / 10.08.2019
.Таваккул, луғатда .вакола, вакил қилиш сўзидан олинган бўлиб, бир ишда бошқага суянишга далолат қилади. Яъни ўша ишда ўзи ожиз қолиб, бошқага эътимод қилиш давоми...

4047 15:06 / 19.10.2020
Доктор Мустафо Маҳмуд дейди .Аллоҳ таоло марака, жангдаги нусратни нафсни устидан нусратга эришиш билан боғлади. Бу ҳақда Ўзининг китобида баён қилиб .Толут аскар давоми...

3573 16:00 / 16.03.2023